«Янги китоб» нашриёти ва ziyouz.uz портали ҳамкорликда кичик тадқиқот ўтказди. Юртимиз зиёлиларидан айни кунларда қандай китоб ўқиётгани сўралди ва 120 дан зиёд жавоб олинди. Шу тариқа ўзига хос маълумотлар захираси жамланди. Атоқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, адабиёт ва бошқа соҳа вакиллари – миллатимиз зиёлиларининг жавоби билан танишиб, турфа китоблар, уларнинг мазмун-мундарижаси ҳақида билиб олиш мумкин.
Шукрулло, Ўзбекистон халқ шоири:
— «Бўш қоп тик турмас» деганларидек, ёзувчининг иши фақатгина ижод қилиш эмас, у муттасил ўқиши, ҳаётни ўрганиши, жаҳондаги воқеа-ҳодисалардан, адабий жараёндан бохабар бўлиши ҳам керак. Ҳозир фақат китоб мутолааси билан бандман. Акмал Саиднинг «Ҳазрати Занги Ота», Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Руҳий озуқа махзани», Ғиёсиддин Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарларини, Ҳалима Худойбердиеванинг янги китобини ўқияпман.
Умарали Норматов, филология фанлари доктори, профессор:
— Мен шу кунларда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» номли романини ўқияпман. Бир қарашда асар учун танланган мотив ғарбча бўлса-да, романни ўқиб, чинакам ўзбекона руҳни ҳис қилдим.
Наим Каримов, филология фанлари доктори, профессор:
— Бу йил Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан адиб асарларини, қолаверса, Фёдор Раззаковнинг «Коррупция в политбюро. Дело «Красного узбека» асарини мутолаа қиляпман.
Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
— Ойбек домланинг «Болалик» асарини қайта ўқияпман. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» китоби столимда турибди. Ўткир Ҳошимовдаги тилнинг тозалиги, руҳнинг софлиги менга ёқади. Деярли ҳар куни болаларга оид китобларни ўқишга, варақлашга тўғри келади. Афсуски, бугунги болаларимизнинг китобхонлик даражаси мақтагулик эмас. Уларнинг сўз бойлиги жуда кам, 1200-1300 та, холос…
Иброҳим Ғафуров, адабиётшунос:
– X-XI аср араб ёзувчиси Усома ибн Мункизнинг «Ибратли китоб» номли улуғ асари бор. Уни машҳур арабшунос олимимиз, филология фанлари доктори Исматулла Абдуллаев ўзбек тилига ўгирган. Китоб Ғафур Ғулом нашриётида 1980 йили нашр қилинган. Бу асарни ўша пайтда ўқиган эдим, бугун яна қайта қўлимга олдим. Муаллиф ҳозирги Туркия, Сурия, Фаластин ерларида Х асрда салбчиларга қарши курашган йирик қаҳрамонлардан бири. Ўша кезлар бошидан кечирганлари, салбчиларга қарши қандай кураш олиб борганини хотиралар тарзида ёзиб қолдирган. Мен ўқиётган яна бир китоб инглиз олими Тёрнернинг «Символ и ритуал» асаридир. Муаллиф Марказий Африка халқлари орасида кўп йиллар яшаб, ҳаёт тарзини чуқур ўрганган. Маросимлар, расм-русумлар, рамзлар, тимсоллар нимани англатиши ҳақида ажойиб илмий китоб ёзган.
Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоири:
— Ҳозир Шайх Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си таржимаси билан бандман. “Маҳзанул асрор” ва “Лайли ва Мажнун” чоп этилди. Бошқа достонларни ҳам худо хоҳласа 2018 йилгача тамомламоқчиман.
Ваҳоб Раҳмонов, адабиётшунос олим:
– Яқинда рафиқам Янглиш Эгамова билан Тошкентда бўлиб, Ўсарали Нишонов ва Санобар Нишонованинг уйида меҳмон бўлдик. Баҳонада китоб айирбошладик: биз уларга, улар бизга китобларини туҳфа этди. Рафиқам Гётенинг «Муҳаббатнома»сини, мен «Мумтоз сўз сеҳри» китобимни совға қилдим. Ўсарали Нишонов «Ўқитувчи» нашриётида узоқ вақт ишлаган. Меҳнатларим зое кетмасин деб китоб чиқарибди. Номи «Қалб даъвати» бўлиб, адабий-танқидий мақолалар, қисса ва ҳангомалар, таржималардан иборат. Мен шуни ўқияпман. Рафиқам эса Санобар Нишонованинг «Ортда қолган йўл» қиссалар тўпламини мутолаа қиляпти.
Йўлдош Солижонов, филология фанлари доктори, профессор:
— Исажон Султоннинг яқиндагина нашр этилган 2 жилдли сайланмасини ўқияпман. Муаллиф замонавий инсон мавқеини чуқур англаб, бадиий таҳлил эта олиши мени ғоят мамнун этмоқда.
Эркин Малик, ёзувчи:
– Айни пайтда Чингиз Айтматовни ўқияпман. Нечанчи марта мутолаа қилаётганимни ўзим ҳам билмайман. Чингиз Айтматов асарлари ёд бўлиб кетган, лекин барибир ўқийвераман. Мен у кишидан илҳом оламан. Мисол учун, ёзишдан тўхтаб қолсам, Чингиз Айтматовга мурожаат қиламан. Диалогларини эмас, асосан тасвирларини ўқийман. Жуда самимий! Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Айтматов китобларини чиқаришга тўғри келган эди. Ўшанда Чингиз оға Стокҳольмда элчи бўлиб ишларди. Одил Ёқубов орқали Айтматовга мурожаат қилдик (Одил ака муаллифлик ҳуқуқи бўйича идора бошлиғи эди). У киши Чингиз акага қўнғироқ қилиб, «Ўзбекистонда сизнинг китобларингизни чиқармоқчимиз, қаламҳақини қандай ҳал қиламиз?» деганида, Айтматов хат ёзиб юборган (бу мактуб менда турибди). «Ўзбекистон шароитида қандай лозим бўлса чиқараверинглар, мен розиман», деб ёзилган ўша хатда.
Қудрат Дўстмуҳаммад, ёзувчи, иқтисод фанлари номзоди, профессор:
— Шу кунларда Аҳмад Заки Валидийнинг «Бўлинганни бўри ер» деб аталган китобини ўқияпман. Уни ziyouz.com сайти кутубхонасидан кўчириб олдим. Бу китоб ХХ аср бошларида туркий халқлар мустақилликни қўлдан бермаслик учун Россия империализмига қарши қандай курашганини ҳужжатлар асосида ҳикоя қилиб беради.
Аҳмад Заки Валидий буюк инқилобчи, сиёсатчи, тарихчи ва ҳақиқатда ҳам, закий, яъни зийрак, ақлли, нозик дидли инсон, гўзаллик ошуфтаси бўлганига ишонч ҳосил қилиб турибман. Рус босқинига қарши ҳам мафкуравий, ҳам қуролли курашатуриб, советларнинг «Ўлим машинаси»ни доғда қолдирган, Аллоҳ берган бу дунёда саксон йил яшаб ўтган инсон экан, жойи жаннатларда бўлсин.
Валидийнинг бу китоби ўзбек тилига 1997 йили қисқартириб таржима қилинган экан, рус тилидаги тўлиқ нашрини ва бошқа асарларини («Туркистон тарихи» номли китоби ҳам бор экан) топиб ўқиш ниятим бор.
Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон халқ шоири:
— Сўнгги бор Алишер Мирзонинг «Мусаввир» романини, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Лолалар» ҳикоясини, Дилбар Маҳмудованинг халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳақидаги «Ҳалима» китобини, Энахон Сиддиқованинг янги китобини ўқидим. «Китоб олами» газетасининг сўнгги сонидаги барча материалларни ўқиб чиқдим. Ёшлар ижодини мунтазам кузатаман. «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларини доим ўқиб тураман.
Абдуҳаким Фозилов, русийзабон ёзувчи:
— А. Устименконинг «Лист с неровными краями» асарини ўқияпман.
Омон Матжон, Ўзбекистон халқ шоири:
— Чингиз Айтматовнинг ҳикоя ва қиссаларини қайта ўқиб чиқяпман. «Жамила» қиссасини илк бор 1960 йили ўқиган эканман.
Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари:
— Умуман олганда юртимизда чиққан 15000 дан ортиқ диний-маърифий китобни ўқиб чиққанман. Ҳар куни аҳолидан тушаётган диний-маърифий саволларга жавоб бериш жараёнида 10 дан ортиқ китоб кўраман. Бир кунда 50-100 та саволга ёзма ва оғзаки жавоб беришга тўғри келади. Фатво китобларидан «Фатовои Оламгирия», «Фатовои Қозихон», «Хулосатул фатово», тафсир китобларидан «Тафсири Насафий», «Баҳрул улум», ҳадис китобларидан Суютийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», фиқҳ китобларидан «Ал-мавсуъ ал-фиқҳия» (30 жилдли исломшунослик энциклопедияси), «Мухтасар ул-виқоя», «Ҳидояи шариф» китоблари кундалик кўрадиган манбаларимдир.
Баҳодир Йўлдошев, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти:
— Жастин Мароццининг «Тамерлан. Завоеватель мира» (Москва, 2004) китобини ўқияпман. Муаллиф асарда буюк Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига янгича нигоҳ билан қараган. Абдулла Қодирий ҳақидаги илк роман – Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» («Академнашр», 2017) ҳам яхши таассурот қолдирди.
Бахтиёр Исабеков (Ўрдабекли), филология фанлари номзоди, доцент:
— Мен ҳозирги кунларда таниқли журналист Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» номли романини ўқияпман, «Академнашр» 2017 йили чоп этган. Бу – Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илк роман бўлиб, ҳажми ҳам салмоқлигина – 500 саҳифа атрофида. Романни ўқиб тугатгач, ХХ аср бошларидаги Туркистон тарихига оид китобларни топиб ўқимоқчиман.
Анатолий Бауэр, русийзабон ёзувчи:
— Абдуҳаким Фозиловнинг «Уникальное подпространства» қиссасини ўқидим.
Тоҳир Малик, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
– Шу кунларда ҳинд адиби Рабиндранат Тагор ҳикояларини мутолаа қиляпман. Ҳисоблаб кўрсам, унинг ҳикояларини бундан эллик йил муқаддам ўқиган эканман.
Шодмон Отабек, ёзувчи ва публицист:
– Чингиз Айтматовдан «Сиз кўп ёзасизми?» деб сўраганларида «Йўқ, мен кўп ўқийман», деб жавоб берган экан. Одил ака Ёқубов раҳматли «Ёзувчиларимизнинг энг катта қусури, касали – улар китобни кам ўқийди», деган эди. Бундан икки-уч ҳафта муқаддам Алишер Мирзаевнинг «Мусаввир» номли романини ўқиб чиқдим. Нафақат рассом бўламан деган инсон, балки ҳар бир зиёли ўқиб чиқиши керак бу китобни. Ашурали Жўраевнинг Ботир Зокировга бағишланган «Юрак бўронлари»ни мутолаа қилдим. Ғафур Ғулом нашриёти чоп этган Павел Чернишнинг «Почему мы стареем», Носир Муҳаммаднинг тарихий мавзудаги «Сирли зарварақлар»и, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф»и, Абдусаид Кўчимовнинг «Мен шоирман, истасангиз шу» китобларини ўқидим. Тоҳир Малик қаламига мансуб икки томли «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи»ни ўқиб «Ҳуррият» газетасида тақриз эълон қилган эдим. Мана энди «Тоҳир Малик гурунглари» китобини қўлимга олдим.
Маҳмуд Йўлдош, психология фанлари доктори:
— Яқинда ўқиб тамом қилган китобларим: Радий Фиш. Жалолиддин Румий, Жамол Камол таржимасида; «Мустабид тузумнинг Ўзбекистон бойликларини талаш сиёсати: тарих шоҳидлиги ва сабоқлари» («Шарқ», Тошкент, 2000). Бугун тамом қилаётган ва энг катта таассурот қолдирган китобим: Отто Вайнингер. «Пол и характер» (Москва, 2011 йил, 500 бетли асар).
Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Тўғрисини айтсам, иш, учрашувлар, югур-югурлар билан бўлиб фақатгина пьесалар ўқишга вақт бўляпти, холос. Сўнгги марта Қамчибек Кенжанинг «Палахмон» романини ўқигандим. Бахтиёр Ҳайдаровнинг «Инсоннома», «Бахт нима?» китобларини доим варақлаб тураман.
Ҳалима Худойбердиева, Ўзбекистон халқ шоири:
— Чингиз Айтматов қиссаларини қайта ўқиб чиқишни бошламоқчиман. У кишининг асарлари қон-қонимга сингиб кетган.
Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ шоири:
— Кечагина Иқбол Мирзонинг болалар учун кичик шеърлари тўпланган «Эркатой эрка той» китобини ўқидим. Аввалроқ «Турон қавмлари», Шукур Қурбоннинг «Эркин Воҳидов сабоқлари» китобини тугатгандим. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғотут-турк» асари янги нашрини («Мумтоз сўз» нашриёти) ҳайрат билан мутолаа қиляпман. Боболаримиз ишлатган сўзлар, туркий тилнинг ажойиботлари мени яна ўзига тортди. Янги нашрда сўзлар изоҳи такомиллаштирилибди.
Олимжон Салимов, Ўзбек миллий академик драма театри режиссёри:
— Кечагина Хайриддин Султоновнинг «Умр эса ўтмоқда» ҳикоялар тўпламини ўқиб чиқдим. Аввалроқ Алишер Мирзонинг «Каллахоналик йигитча», «Мусаввир» романларини, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Бозор» романини ўқиб чиққандим. Ишим тақозоси билан ҳар куни пьесалар ўқийман.
Афзал Рафиқов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Ҳозир Баҳриддин Насриддиновнинг ўтган асрда яшаган шоир ва драматург Хуршид ҳақидаги китобини ўқияпман. Навоий асарларининг 10 жилдлигини доим ўқиб бораман.
Владимир Васильев, шоир ва ёзувчи:
— Жасур Исхаковнинг «Сны о Ташкенте» асарини ўқидим.
Галина Востокова, ёзувчи:
— Даниэль Васильевнинг «Званый и избранный» асарини ўқияпман.
Аҳмад Муҳаммад Турсун, ёзувчи:
— Ҳозир Имом Ғаззолий ва Имом Термизий ҳақларида катта китоб ёзяпман. Ёзиш жараёнида турли тарихий асарларни, Имом Шамсиддин Заҳабийнинг «Машҳур даҳолар сийрати», Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид дин» китобларини ўқияпман.
Қозоқбой Йўлдошев, филология фанлари доктори, профессор:
— Айни дамда турли қўлёзмаларни ўқиш билан бандман, аммо уларнинг аксари пичоққа илингудек эмас. Охирги вақтларда менга манзур бўлган асар Сойим Исоқнинг «Қиёматга қолмаган қасос» романи бўлди.
Иброҳим Ҳаққул, адабиётшунос:
— «Ситораи Моҳи Хоса»да дам оляпман. Ўзим билан Лев Толстойнинг «Иқрорнома»сини олиб келдим. Сўнгги кунларда Юсуф Хос Ҳожиб қалами мансуб «Қутадғу билиг» асарининг усмонли туркчага қилинган таржимасини ўқияпман.
Усмон Азим, Ўзбекистон халқ шоири:
— Айни пайтда Апулейнинг «Метамарфоза» асарини ва Гоголнинг «Невские проспекты»сини ўқияпман.
Бахтиёр Тўраев, фалсафа фанлари доктори, профессор:
— Айни пайтда Чингиз Айтматовнинг «Тавро Кассандра» асарини қайтадан ўқимоқдаман. Бу асардан чиқариладиган бош хулоса шуки, бугунги хатти-ҳаракатларимиз билан келажак учун масъулмиз. Бугун қадамимизни тўғри ташласак, келажакда рўй бериши мумкин бўлган балою офатларнинг олдини оламиз.
Хосият Бобомуродова, шоира:
– Столимда ҳар куни бир кўриб оладиган китоблар туради: Алишер Навоий, Лермонтов, Плутон, Цицерон, Афлотун, қадимий ҳикматлар… Яқинда Н.И.Вавиловнинг «Беш қитъа»сини йиғлаб ўқидим (Дилором Ёрматова таржимаси). Жаҳон мамлакатларини кезиб ўсимликлар оламини кашф этган улуғ олимнинг изтироблари… Охир-оқибатда совет турмасида оч-наҳор ўлган инсоннинг кундаликлари…
Кўнглим байрам қилсин деб «Чолиқуши», «Қора ва қизил», «Сўна», «Ёш Вертернинг изтироблари», жаҳон шоирлари ва ўзимизнинг ижодкорлар асарларини қайта-қайта ўқийман. Ҳаётимни китобларсиз тасаввур қила олмайман. Китоблар менинг ҳаёт тарзимга айланиб бўлган. Бутун умрим сўзлар жанги аро кечди. Китоблар – ҳаётим… Шодликларим, изтиробларим, бахтим, бахтсизлигим қоғозларга кўмилган.
Шароф Бошбеков, драматург:
– Эркин Аъзамнинг «Гули-гули»сини қўлимга олдим. Аввал ўқиган бўлсам ҳам такрор мутолаа қиляпман. Қайта-қайта мурожаат қиладиганим эса турли маълумотномалар, атлас, луғатлар. Эсимдан чиқиб кетмаслиги учун ҳам уларга қайта-қайта кўз ташлаб тураман. Бу ижод жараёнида керак бўлади.
Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчи, журналист, филология фанлари доктори:
— 2017 йилнинг дастлабки кунларидан яна қодирийхонлик бошланди. Ҳали туганича йўқ.
Тошкент тарихига доир манбаларга қизиқяпман — жой номлари, воқеалар…
Ҳалима Аҳмедова, Йулдош Эшбек, Орзиқул Эргашнинг янги китоблари столим устида. Ўқишим учун китобларни алоҳида жавонга териб қўяман, лекин китоблар тартибга риоя «қилишмайди».
Кейинги икки ой унумли кечди: «Жаҳон адабиёти» журналининг кейинги 3 йил мобайнида эълон қилинган ҳикояларини ўқидим. Яна: Варлам Шаламовнинг «Новая проза» ҳикоялари, Жон Рокфеллернинг «Мемуары» (1909 й.), Евгений Чазовнинг «Здоровья и власт» хотиралари, Маша Траубнинг «Я никому ничего не должна» романи, Оноре де Бальзакнинг «Гобсек» повести, Иван Толстойнинг «Отмытый роман Пастернака» тадқиқоти, Андрей Платоновнинг «Счастливая Москва» романи, Михаил Докучаевнинг «Я охранял Брежнева и Горбачева» хотираномаси, Томас Вулфнинг «Жажда творчества» китоби, Мария Залесскаянинг «Вагнер» китоби.
Талабалик кезлари бир инсондан ҳарчанд илтимос қилмай Отто Скорцени ҳақидаги китобни ўқишга бермаганди. Бегона юртда бир кутубхонага кириб қолдим. Бу ноёб одамга бағишланган 4 та китоб қаторлашиб турибди! Кутубхоначи аёл керак бўлса яна топиб берамиз деб илтифот кўрсатди. Биттасини олиб ўқидим, холос.
Айни кунларда 2 та ёстиқдай китобни алмашиб-алмашиб ўқияпман: 1. Салмон Рушдий. «Дети полуночи (765 бет). 2. Лаврентий Берия. «Спасенные дневники и личные записи» (861 бет).
Икром Отамурод, шоир:
— Рус шоири Константин Бальмонтнинг «Стихотворения и поэмы» ва француз шоири Гийом Аполлинернинг «Стихотворения» китобларини ўқияпман.
Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири:
— Айни пайтда венгер файласуфи Ева Анчелнинг «Этос и история» китобини қайтадан ўқияпман. Биринчи марта ўтган асрнинг 90-йилларида ўқиган эдим. «Этос» атамаси қадимги юнон фалсафасида «инсон ахлоқи ва унинг амалий иши ўртасидаги боғлиқлик» ёки эркинроқ, яъни ўзимнинг таърифимча, «маънавий тартиб» маъносини англатади. Этос инсоннинг ҳар бир иши юзасидан у бу ишни нимадан келиб чиқиб, нима учун қилди, деган саволларга жавоб излайди. Бу асарни яна қайта ўқишга эҳтиёжимга келсак, бугун дунё, инсоният шунчалик мураккаблашдики, англаш тобора қийин кечмоқда. Саволларимга жавоб изламоқчиман. Ўзимизда кечаётган жараёнларни, жуда кўп одамларнинг қилмиш-қидирмишини тушунишга уринмоқчиман. Бу миллатни бугунги маънавий аҳволини, маънавий тартибини ҳам англашга фойда берармикан, деб ўқияпман.
Маъсума Аҳмедова, ёзувчи:
— Машҳур фин ёзувчиси Арто Паасилиннанинг «Қуён йили» романини ўқияпман. Скандинавия адабиёти, хусусан, фин адабиёти мени анчадан буён қизиқтириб келади. Воқеалар автомобиль ҳалокатида яраланган қуён билан Финландия бўйлаб саёҳатга чиққан бир журналист номидан ҳикоя қилинади. Фин адабиётига хос сарказм, юмор Арто Паасилинна ижодида ҳам яққол кўринади. Қатъий сюжетдан чекинмай, персонажларининг ҳаётини ёрқин, жонли тасвирлаши китобхонни ўзига жалб қилади. Айни шу жиҳатлари билан бу адибдан кўп нарсаларни ўрганса бўлади.
Сотим Аваз, ёзувчи:
– Камина шу кунларда ҳазрат Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарини қайта мутолаа қилдим. Ҳар сафар нимадир янгилик оламан ундан. Навоий бундай деган: «Мол улдирким, эл баҳра топғай». Мол деганда мулкни назарда тутган. Мен амин бўлганим, китоб – мангулик сўқмоғи. Мутолаа одамни камол топтиради. Китобга эътибор бўлган юрт юксалади. Яқинда «Мангулик сўқмоғи» номли китобим чиқиш арафасида. У айнан китобга муносабат, китобхонлик, матбаачиликдан ҳикоя қилади. Яқинда «Гўрўғлининг ўлими»ни ўқидим. Анчадан буён достон ўқимагандим ўзи. Зўр ёзибди Ислом Ҳамро. Қаҳрамонлар, характерлар, тасвир, услуб, ҳамма-ҳаммаси маромида. 108 ёшли Ҳайитгул момонинг айтимлари асосидаги бу достон жудаям таъсирли. Зўр китоб бўлибди.
Турсун Али, шоир:
— Достоевскийнинг «Иблислар» романини, Орзиқул Эргашнинг «Шоҳсанам» қисса ва ҳикоялар китобини ўқияпман.
Шерқўзи Ғозиев, актёр, табиб:
– Ҳозир рўзадорман. Асосан беморларни кўриш билан овораман. Улардан ортган пайтимда интернетга кириб, Фейсбукдаги ҳикояларни ўқийман. Янгиликлар билан танишаман. 2005 йилдан 2010 йилгача Ибн Сино бобомизнинг ҳамма асарларини қайтадан ўқиб чиқдим. Ҳиндистон ва Тибетга оид кўпгина китобларни мутолаа қилдим. 2016 йил ноябрь ойида «Тибет услубида самарали муолажалар» деган китобни ёзиб тугатдим. Ҳозирча нашрга берганим йўқ. Буни институт ва коллежлар учун қўлланма сифатида ёзганман.
Орзиқул Эргаш, ёзувчи:
— Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романини қайта ўқиб чиқдим. Андрей Платоновнинг «Жон» қиссасини ўқияпман.
Абдулҳамид Исмоил, ёзувчи:
— Рамазони шариф эмасми, Қуръони каримнинг 14-порасини, «Саҳиҳ ал-Бухорий»ни ўқияпман. Бундан аввал Кантнинг «Тоза шуур танқиди», Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»и билан қиёсан Навоийнинг «Лисон ут-тайр»ини, ундан олдинроқ Патрик Модианонинг «Кўримсиз дўконлар кўчаси» китобини ўқигандим.
Ҳабиб Темиров, ёзувчи:
– Рус олими ва ёзувчиси Викентий Вересаевнинг «Пушкин в жизни» китобини ўқияпман. Унда машҳур шоирнинг ҳаёти ва фаолияти кунма-кун ҳужжатлар асосида ҳикоя қилинган. Асар икки томдан иборат. Адади: 1.700.000. Иккинчи китоб: Гюстав Флобер қаламига мансуб «О литературе, искусстве писательском труде». У «Бовари хоним» муаллифининг дўстларига мактублари ҳамда мақолаларидан иборат. Ҳар иккаласи ҳам ниҳоятда ажойиб, бебаҳо асарлар.
Келдиёр Хўжаёров, продюсер:
— Муслимбек Йўлдошевнинг «Мўминга бегона баҳор» (Абдумўмин Ўтбосаров ҳаёти ҳақида) китобини ўқиб чиқдим. Ҳозирги кунда «Буюк юрт алломалари» номли китобни ўқияпман (тузувчи: Убайдулла Уватов, тарих фанлари доктори, профессор).
Ўктам Мирзаёр, «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири:
— Владимир Набоковнинг 4 жилдли «Танланган асарлари»ни ўқиб бўлдим. Айниқса, «Машинка» номли ҳикояси жуда маъқул келди. Шукур Холмирзаев «Танланган асарлар»ининг 2-жилдини ўқидим. «Омон овчининг ўлими» ҳикояси қалбимга ўтирди. Азим Суюннинг 2 жилдли шеърий тўпламини бошладим. Бўш пайтларда кўпроқ луғат ўқишни ёқтираман.
Ашурали Жўраев, «Ўзбекистон» НМИУ директорининг биринчи ўринбосари:
– Севимли асарларимдан бири «Дунёнинг ишлари»ни қайтадан ўқияпман. Ўткир Ҳошимов ижодини жудаям ҳурмат қиламан. Ҳар сафар мутолаа қилганимда ўзгача ҳис-туйғулар оғушида бўламан. Яна қўлимдаги китоблардан бири – Чингиз Айтматов ва Мухтор Шахановнинг «Чўққида қолган овчининг оҳу зори». Бебаҳо асар!
Қулман Очилов, ёзувчи, журналист:
— Олмон адиби Ҳайнриҳ Бёллнинг (1917-85) «Глазами клоуна» («Масхарабоз») романини ўқияпман. Энг ёққани — самимияти, тилининг содда-беғуборлиги, оҳанги. Таржима қилаётган жойларим ҳам йўқ эмас: «Мария мени тарк этганидан буён вокзал билан мусофирхонани тез-тез чалкаштириб юборадиган бўлиб қолдим: портье олдида саросимаю талвасада чиптамни қидирсам, перронда вагон оғасидан меҳмонхонадаги бўлмамнинг калитини сўрайман…»
Ҳайнриҳ Бёлль Иккинчи жаҳон уруши йиллари олмон фашистлари сафида қирғинбаротларда иштирок этган. Қўли қонга ботган. Бошида «В темноте» («Рутубат») ҳикоясига шунчаки кўз югуртирган эдим. Кейин интернетдан бошқа асарларини топиб ўқишга тушдим. Адиб Нобель мукофотини беҳуда олмаган экан.
Абдумажид Азим, шоир:
— Бобониёз Қурбоннинг «Шамолнинг сурати» эссе-хотирасини, Турсунбой Адашбоевнинг «Хуфёна жанг» китобини ўқияпман.
Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:
— Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол», Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг «Тафсири Ирфон» китобларини ўқияпман. Шунингдек, Абдуллоҳ Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқияпман. Мен бу китобни 10 ёшимдан ҳар баҳор ва кузда қайта ўқийман. Бу йил сал кечикдим. Яна Навоийни ҳар куни қўлимга оламан.
Шуҳрат Ризаев, «Жаҳон адабиёти» журналининг бош муҳаррири:
— Яқинда Ян Парандовскийнинг «Сўз кимёси» номли китобини ўқидим. Китобда турли даврларда қалам тебратган ёзувчиларнинг ижодий фаолияти ўзаро таққосланиб, ёзувчилик маҳорати ҳақида яхлит тадқиқот яратилган.
Абдулҳамид Парда, шоир, таржимон:
— Камина бирйўла бир неча китоб ўқийман. Сўнгги ўқиган китобларимдан Йўлдош Эшбекнинг «Қизғалдоқлар очилди» шеърлар тўплами («Ўзбекистон» нашриёти, 2016 йил) манзур бўлди – бу китобга тақриз ёзиб тугатдим ҳисоби. Шу кунларда Нажмиддин Комиловнинг «Маънолар оламига сафар» (Навоий ғазалларига шарҳлар) китобини ўқишга ҳаракат қиляпман. Нажмиддин ака Навоийнинг қатор ғазалларини атрофлича таҳлил қилгани ҳолда айрим ғазалларни қисқача баён қилиб қўяқолганидан афсусдаман, лекин шунисига ҳам шукур. Иброҳим Ҳаққулнинг мақола, эссе, суҳбатлар тўпламларини қайта-қайта ўқишдан эринмайман. Фейсбукда ёш тожик шоирларининг шеърларини лоақал маъносини англаш учун «Девони Фоний»ни (ўзбекча насрий баёни билан) вақти-вақти билан ўқияпман. Фейсбукда қатор шоирларнинг шеърларини ўқиб бораяпман. Шу кунларда, Худо қувват берса, Дантенинг «Илоҳий комедия»сига жиддий киришмоқчиман.
Маҳмуджон Эшонқулов, карикатурачи рассом:
— Сўнгги бор Саъдулла Сиёевнинг «Яссавий», В. Шишковнинг «Саркаш дарё» романларини ўқидим. Кичик асарларни ҳар доим журнал, газета ва интернетдан ўқиб бораман.
Муҳиддин Раҳим, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири ўринбосари:
— Энг охирги ўқиган асарим Фёдор (Фарҳод) Раззоқовнинг «Коррупция в политбюро. Дело «Красного узбека» деган салмоқлигина китоби бўлди. Шуниси мақтовга лойиқ: муаллиф Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятини Шўро салтанатининг 1917 йилдан 1983 йилгача бўлган салкам 70 йиллик тарихи билан уйғун ёритган. Ф.Раззоқов асли диёримиз фарзанди бўлгани сабаб ўзбек халқига ҳам, Рашидов шахсига ҳам меҳр билан ёндашган. Аммо у менда собиқ Иттифоқнинг парчаланишидан қайғуга ботгандек ҳам таассурот қолдирди. Социализмнинг ҳали захира имкониятлари кўп эди, бироқ Андропову Горбачёвдек глобалистлар уни Ғарбга арзонгаров сотиб юборди, деганга ўхшаш даъволар бор. Бу гаплар публицистик асарга ярашаверар балки, аммо асл ҳақиқат-чи, қандай бўлган эди у? Бу саволнинг жавоби Ф.Раззоқовникидан қийинроқ, назаримда…
Зулфия Мўминова, шоира:
— Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат», Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романларини ўқияпман.
Ҳалима Аҳмедова, шоира:
— Кнут Гамсуннинг «Пан» романини ўқияпман. Асардаги ёруғ, тиниқ манзаралар ичидаги сукунат мени ўзига тортди. Америкалик шоира Эмили Дикинсоннинг шеърларини қайта ўқияпман. Сўнгги пайтларда тасаввуфий асарларга кўп мурожаат қиляпман. Ҳаким Термизий асарларини ўқиб чиқдим. «Тазкират ул-авлиё»ни ҳар куни ўқийман. Бу китоблар дилни хираликлардан қутқараркан.
Дилмурод Қуронов, филология фанлари доктори, профессор:
— Яқинда «Бобурнома»ни қайта ўқиб чиқдим. Бундан ташқари, янги дарсликлар ёзиш жараёнида чет эл олимларининг адабиётшунослик назариясига оид китобларини ўқияпман.
Абдулла Улуғов, филология фанлари номзоди, доцент:
— Б.Кузнецовнинг «Альберт Эйнштейн» номли илмий-назарий очеркини ўқияпман.
Каримберди Тўрамурод, ёзувчи:
— Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуфнинг «Исломга бағишланган умр» китобини яқинда ўқиб тугатдим. Китоб устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти, одоби, хислатлари, турмуш тарзи ҳақида. Муаллиф акалари ҳақидаги хотираларини гўзал бир услубда битибдиларки, бу усул Ҳазратнинг ҳикоя қилиш усулларидир. Китобни ўқиган киши ўзи учун Шайх ҳазратларини бошқатдан кашф қилиши шубҳасиз.
Айни кунларда Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз?» номли китобини мутолаа қилаяпман. Аммо муаллифдан узр сўрайман, китобини «дабдала» қилдим. Сабаби мен китоб ўқиётганимда зўр ибораларни яшил маркер билан, қаттиқ қайтариш учраган лавҳаларни қизил билан, фарзандларим ҳам албатта ўқиши керак бўлган жумлаларни эса сариқ билан бўяб қўяман. Бу китобнинг ичи «лолақизғалдоқ» бўлиб кетди.
Раҳимбой Жуманиёзов, филология фанлари номзоди, доцент:
— Мен бадиий адабиётдан кўра, илмий, фалсафий китоблардан озиқланаман, аниқроғи руҳланаман. «Сержило тафаккур дурдоналари» Машриқу Мағрибзамин алломаларнинг ҳаёти ва ҳикматлари жо бўлган китобни қайта ўқишда давом этмоқдаман.
Амир Худойберди, шоир:
— Сўнгги ўқиган китобим — Афлотуннинг «Қонунлар»и.
Илҳом Зойир, Ғафур Ғулом номидаги НМИУнинг бош муҳаррири:
— «Афсунгарлар туҳфаси» номли китобни ўқияпман. Унда жаҳон адабиётининг энг сара ҳикоялари жамланган. Тўпламни Ваҳоб Рўзматов таржима қилган.
Раҳимжон Раҳмат, ёзувчи:
— Кейинги пайтда тарихий мавзудаги илмий ва публицистик мақолаларни қизиқиб ўқияпман. Хусусан, Ватанимизнинг кейинги уч юз йиллик тарихи ҳақидаги ёзувлар мени қизиқтиради. Аниқроғи, нима учун Туркистон халқлари маҳдудлик оқибатида мустамлака ўлкага айланди деган саволга жавоб излайман. Бизнинг ҳам Хитой ва Россия каби буюк, бой ва қудратли мамлакатимиз бўлиши керак эди-ку, нега ундай бўлмади?! Жадид зиёлиларининг публицистикасини ўқийман — изтиробли саволларимга жавоб излайман.
Яна, Чўлпон, Фитрат, Қодирий ва бошқа жадид зиёлиларининг фожиали тақдири қизиқтиради мени. Шуларнинг тақдири тимсолида Ватанимиз тақдири ва тарихини англаб етгим келади. Тарих деганда конкрет шахсларнинг тақдирини тушунаман. Охирги ўқиган асарларим жадидлар публицистикасидир.
Шу кунларда Эрих Фромм асарларига такроран диққат қилиш ниятим бор. Фромм асарларида замонавий шахс ва жамиятнинг иллатлари чуқур таҳлил этилган.
Тенгдошларим — Назар Эшонқул, Улуғбек ва Исажон Султон ижодини изчил кузатиб боришга ҳаракат қиламан.
Норқобил Жалил, шоир:
— Чўлпон ҳазратларининг «Кеча ва кундуз» ини икки ойдан бери… ўқияпман. Тагамаса деб ўтирибман. Ана, сизга шоҳ асарнинг қадри, қиммати! Беш кундан бери эса машҳур ўрис адиби Василий Шукшиннинг «Иккинчи сеансга чипта» (2016, Ўроз Ҳайдарнинг таржимаси) китобини ўқияпман. Сибир қишлоқларининг содда, тўпори (ўзимизнинг Шукур Холмирзаев асарлари қаҳрамонларига ўхшатаман) оддий одамлари ҳаётидан лавҳалар… Қулман Очил ва Набижон Боқийнинг қисса ва йўл-очеркларини ҳам ўқидим. Иккаласиям насримизда зўр янгиликлар ясашига шубҳам йўқ.
Исломжон Ёқубов, адабиётшунос:
— Алишер Мирзонинг «Мусаввир», Асад Дилмуроднинг «Заррадаги олам» китобларини ўқиб чиқдим.
Абдуқаюм Йўлдошев, ёзувчи:
– Шуҳрат Ризаевнинг 2015 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган «Баҳодир Йўлдошев театри» китобини мириқиб ўқияпман. Номидан билиниб тургандир, китоб театр санъатимиз дарғаларидан бири Баҳодир аканинг ҳаёти ва ижодий лабораторияси ҳақида. Шуҳрат ака самимий меҳр, эҳтиром билан битган мақолалар, бадиалар, қайдлар кўз олдингизда фидойи Ижодкор Шахс сиймосини гавдалантиради.
Назар Эшонқул, ёзувчи:
— Освальд Шпенглернинг «Закат Европы» («Европанинг сўниши») фалсафий трактатини қайта ўқияпман. Бу асар Гётенинг «Фауст» асари таҳлили асосида ёзилган бўлиб, ХХ аср Европасига хос бўлган маънавий-маърифий эврилишлар, ўзгаришлар, инсоният тамаддуни, тақдири ҳақидадир. Трактат 1918 йили ёзилган бўлса-да, ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ.
Карим Баҳриев, ёзувчи, журналист:
— «Рисолаи азиза» (Сўфи Оллоёрнинг «Саботул ожизин» асарига шарҳ) китобини ўқияпман.
Фахриддин Низом, шоир:
— Айни пайтда Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» тазкираси, ёзувчи Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» романи ва инглиз тилида ижод қилган тринидадлик шоир, Нобель мукофоти соҳиби Дерек Уолкоттнинг (1930- 2017) «White Egrets» («Оқ қарқаралар») шеърий тўпламини ўқияпман.
Тазкира мутасаввиф алломаларнинг ибратли ҳаёт тарзи ва баъзан тайёргарлиги йўқ ўқувчининг ақлига сиғмайдиган ҳайратомуз фикр-мулоҳазаларидан, роман эса қатағон даврида қамоққа олинган ёзувчининг ажал комида туриб ҳам жонини омон сақлаб қолиш ўрнига ижод ҳақида қайғуришидан ҳикоя қилади.
Шоир Дерек Уолкоттнинг «ҳар доим ўзинг туғилиб ўсган миллат қаторида бўлиш, ҳатто муҳаббат ҳаққи-ҳурмати учун ҳам унинг қаторидан чиқмаслик»ни шиор қилиб олгани, шеърлари руҳига ҳам ушбу позиция – турим сингдириб юборилгани ҳайратлантиради. Ташбиҳлари, образлари тиниқ, одамга завқ беради.
Рустам Мусурмон, шоир:
— Миртемирнинг 4 жилдли асарларини, Сирожиддин Рауфнинг «Сиз менга кераксиз» шеърлар тўпламини ўқидим. Кортасарнинг «Другое небо» ҳикоялар тўпламини ўқияпман.
Собир Ўнар, ёзувчи:
— Нажмиддин Комиловнинг Навоий ғазаллари таҳлилига бағишланган «Хизр чашмаси» китобини ўқияпман.
Муҳаммад Исмоил, шоир:
— Мирзо Бобур бобомизнинг қизи Гулбаданбегим қаламига мансуб «Ҳумоюннома» асарини ўқияпман. Бу китоб аввал ҳам чоп этилган. 2016 йил «Ўзбекистон» нашриётида яна қайта чиқди. Форс тилидан Аҳмад Қуронбеков таржимаси. Барчага ўқишни тавсия қилар эдим. Шунингдек, Абдуқодир Жийлонийнинг «Раббонийликни англаш» китобини ўқимоқдаман.
Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари:
— Эркин Воҳидовнинг янги чиққан “Танланган асарлар”ини ўқияпман. Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр”ини, Абдулла Ориповнинг “Илоҳий комедия”дан таржималарини қайта ўқидим. Кўҳна япон шеъриятидан таржималар қилдим.
Луқмон Бўрихон, ёзувчи:
— Томас Маннинг «Иосиф ва биродар»лари асарини Шарқ достонларига қиёсан ўқимоқдаман.
Тоҳир Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
– Аваз Муқон тахаллуси билан ёзадиган муаллифнинг (асл исми Болтавой Шодиев) «Чўпон» номли романини ўқиб тугатиш арафасидаман. Ҳажми катта бўлмаган ихчамгина роман. Чиройли ёзилган экан. Қисқача мазмуни бундай: ўзбек чўпон йигити интернет орқали италиялик Севиля деган қиз билан танишиб қолади. Бир-бирларига ёзишади. Ахийри йигит Италияга бориб, қизнинг оиласи билан танишади. У ерда ўзбек ресторанини очади. Қиз эса бизнинг менталитетимиз, урф-одатларимизни ўрганади. Икки ёш қурадими-қурмайдими – билмадим, чунки асарни ҳали ўқиб тугатганим йўқ (кулади).
Мунаввара, шоира:
— Стендалнинг «Қизил ва қора» романини ўқияпман.
Равшан Хонниёз, бизнес-консультант:
– Мен мутолаа қилаётган китоб В.Довганнинг «1000 лет после смерти» («Ўлимдан кейин 1000 йил»). У бахт, бойлик, ривожланиш, муваффақиятга эришиш йўли ва ғолиблар академияси ҳақида.
Баҳодир Каримов, филология фанлари доктори, профессор:
— Саид Аҳмаднинг «Қоракўз Мажнун» ҳикоялар тўпламини қайтадан ўқиб чиқяпман. Ундан олдин Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» фалсафий романини мутолаа қилган эдим.
Жаббор Эшонқул, фольклоршунос олим:
— Германиялик олим Карл Райхлнинг «Туркий халқлар эпоси» номли китобини қайта варақлаяпман. Олим билан шахсан танишман. Уйимизда бир неча бор меҳмон бўлган, мен уникида. Бу китобда ўзбек фольклор материалларига суянган ҳолда жамики туркий халқлар эпосига янгича бир муносабат мавжуд. Карл Райхл асли инглиз адабиёти мутахассиси. Бир пайтлар Оксфордда шу фандан дарс берган. Жеймс Жойс, Беккет, Кафка, Камю каби адиблар ижодини яхши билади. Ғарб адабиёти мутахассиси бўлган олимнинг фольклорга ёндашуви тамомила бошқача бўлади. Бу китоб инглиз тилида Америкада чоп қилинган. Туркча ва русча таржималари ҳам мавжуд. Менга илгари туркчаси билан танишиб чиққандим. Ҳозир эса русча вариантини кўраяпман. Таржимада нималар ўзгарди экан, шуни билиш учун.
Иккинчи китоб А. Афанасьевнинг «Славян халқлар мифологияси» («Славянская мифология») китоби. А. Афанасьев рус, умуман, дунё фольклоршунослигида катта ўринга эга олим. Бу китобда фольклорга, айниқса, маросим фольклорига доир жуда муҳим масалалар кўтарилгани, улар тил тарихи билан боғлиқ ҳолда ёритиб берилгани билан қадрлидир.
Бадиий китоблардан Нажиб Фозил Кисакўрак, Рауф Парфи, Лорканинг шеърий китобларини ўқияпман. Бу китобларни ора-сира тез-тез варақлаб тураман. Одатим шундай, ўқиган китобларни қайта ўқигим келаверади.
Эркин Абдураҳмонов, “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази директори:
– Бизнес-психолог Тонни Крэбб қаламига мансуб “БезУмно занят” китобини мутолаа қилмоқдаман. Бугунги кун кишиси онгида доимий банд бўлиш, бунинг ортида яхши даромад кўриш муваффақият белгиси, бахт-саодатнинг бир кўриниши деган тасаввур шаклланиб қолмоқда. Бир вақтнинг ўзида бир қанча масалаларни ҳал этиш билан доимо банд бўлиш, афсуски, самарадорлик белгиси эмаслиги, яхши даромад кўриш билан тўлақонли ҳаёт кечириш, ҳузур-ҳаловат кўриш ўртасида ниҳоятда катта тафовут борлигини муаллиф ҳаётий воқеалар, шахсий кузатишлари ва илмий изланишлари натижалар ёрдамида ёритишга ҳаракат қилган. Муаллиф келтирган далиллар, бугунги тезлик замонида доимий бандлик уммонидан қандай чиқиш йўллари хусусидаги мулоҳазалари бу мавзуга тўқнаш келган ўқувчига фикрлаши учун яхши манба бўла олади. Бугун ноширчиликда оммалашган нобадиий “нон-фикшн” номи билан юритилаётган адабиёт турига кирган мазкур китобни ўқиш фойдадан холи бўлаётгани йўқ.
Ислом Ҳамро, шоир:
– Икки кун аввал Шароф Рашидовнинг «Кашмир қўшиғи» асарини яна бир марта ўқиб чиқдим. Ҳақиқатан ҳам жуда гўзал севги достони! Айни пайтда эса Абдулҳамид Исмоилнинг Абдулла Қодирий бобомиз ҳақидаги «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» романини ўқияпман.
Исмоил Шомуродов, ёзувчи:
– Ҳозирда қўтир кўнгил болалик туйғуларини ҳис этиши учун «Булбулигўё» китобини (эртаклар), ёшлик ҳаяжонларини қайта туйиш учун «Зардўшт таваллоси»ни (фалсафий фикрлар, исёнкор ғоялар, ноанъанавий қарашлар) қайта мутолаа қилиш илинжидаман. Бироқ, беҳуда… Энди болаликдаги сеҳр олами ўрнига эртакларимизда даҳшатлар ифодалангандай, Ф.Ницше эса қуруқ сўзбозлик қилгандай… Шундан бир фикрга келдим: бугунги кун адабиёти ҳиссиз эмас, балки бизнинг ахборотга мослашган кўнглимиз даққилашган, холос.
Рисолат Ҳайдарова, «Шарқ юлдузи» журнали бўлим бошлиғи:
– Мен кеча оқшом инглиз адибаси Шарлотта Бронтенинг «Жен Эйр» романини ўқиб тугатдим. Анча илгари унинг «Ўқитувчи» романини мутолаа қилган эдим, лекин менда катта таассурот қолдирмаган (ҳолбуки, адабиётшунослар бу асарни адиба ижодида муҳим босқич деб ҳисоблайди). «Жен Эйр» эса менга ёқди, «Ўқитувчи»дан кўра анча мукаммал ва юксак экан.
Адиба ўша давр романчилиги учун хос бўлган ифода услубига зоҳиран риоя этса-да (масалан, асар воқеалари бош қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинади, воқеалар, албатта, яхшилик билан тугайди), ботинан мавжуд романнавислик услубларига қарши исён кўтарган. Бу аёл руҳияти тасвирида, унинг хатти-ҳаракатларида, ҳатто табиат тасвирида, қаҳрамонларнинг муҳаббати изҳорини кўрсатишда, инглиз ижтимоий ҳаётини атрофлича ёритишга уринганида кўринади.
Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири:
— Ҳозир Жалолиддин Румий «Маснавий»лари асосида устоз Ҳамидулла Болтабоев нашрга тайёрлаган «40 ривоятга 40 шарҳ» китобини роҳатланиб ўқияпман. Олдинроқ устозимиз Абдулла Ориповнинг «Биринчи муҳаббатим» китобини, Орзиқул Эргашнинг ҳикоялари ва қиссалари ўқиб чиққандим.
Даврон Ражаб, «Жаҳон адабиёти» журнали шеърият бўлими мудири:
— Ҳозирги кунда Ойбек асарлари билан қизиқиб қолдим. Севимли адибимизнинг уй-музейига қилган ташрифимиз туртки бўлди. Буни қаранг, аввал бормаган эканман. Мен шу пайтгача устоз адибнинг фақат шеърларинигина билар эканман. Ҳозир у кишининг таржималари ва «Навоий» романини ўқияпман… Гарчи Ҳерман Ҳессенинг «Чўл бўриси» романини мутолааси якунланмай қолган бўлса ҳам.
Исажон Султон, ёзувчи:
— «Билгамиш» достонини ўқияпман.
Алишер Нарзулло, шоир:
— Рамазони шариф шарофатидан Қуръони каримни қайта ўқимоқдаман. Бадиий адабиёт намуналаридан Нодар Думбадзенинг «Эллада»сини ўқидим. Бу ҳикоя одамийлик, Ватан соғинчи, буюк йўқотиш ва инсон изтироблари… ҳақида. Кўнглим қаттиқлашиб бораётганини ҳис эта бошлаганда доим шу асарни қўмсаб қоламан. Ҳар гал ўқиб тугатганимда кўнглим аза чиққан уйдек ҳувиллаб қолади.
Сирожиддин Рауф, «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири:
— Муборак Рамазон кунларида Аҳмаджон Чориев нашрга тайёрлаган «Ҳазрати Султон Мирҳайдар маноқиби (тарихи)»ни ўқияпман. Китобнинг бадиияти, тарбиявий аҳамияти жуда юксак. Шу кунларда итальян шоири Петрарка ва рус шоири Андрей Вознесенский ижодини, айниқса, улар ёзган сонетларни қиёсий ўқиб, ўрганиб чиқяпман. Вознесенский шеърларида Петраркага хос шаклий уйғунлик бор. Раҳматли Нодир Норматовнинг «Зулайхо дарахти» романини қайта ўқидим. Ундаги тасвир, бадиийлик, тилнинг гўзаллиги мени ҳайратга солди.
Шокир Долимов, таржимон:
— Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ижтимоий одоблар», Алихонтўра Соғунийнинг «Тарихи Муҳаммадий» китобларини рус тилига, Жоанн К. Роулингнинг «Гарри Поттер и дары смерти» китобини ўзбекчага таржима қиляпман.
Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи:
— Француз драматурги Жан Доминик Боббининг «Скафандр ва капалак» романини такрор, Лев Толстойнинг «Тирилиш»ини илк бор ўқияпман.
Абдуғафур Искандар, «Турон замин зиё» нашриёти директори:
— Айни пайтда Ҳаёт Шодмоннинг «Энадарё» шеърлар тўпламини ўқияпман. Сал олдинроқ Улуғбек Ҳамдамнинг «Адабиёт – кўнгил кўзгуси» китобини ўқиб чиққан эдим.
Муҳаммад Шариф, ёзувчи:
— Албер Камюнинг «Вабо» романи ва «Бегона» қиссасини ўқиб тугатганимга икки-уч ҳафта бўлди. Бу китобни иккинчи марта ўқишим. Роман ва қиссани илк бор талабалик пайтим рус тилида ўқиганман, жуда катта таассурот қолдирган эди. Ўзбек тилида қайта ўқиб, ёдимдан кўтарилган манзаралар ёки рус тилини ўша пайт жуда яхши билмаслигим туфайли кўздан қочирилган деталлар ўрнини тўлдирдим. Лекин бир нарсага амин бўлдимки, рус тилида чала тушуниб мутолаа қилган бўлсам-да, Мерсо персонажини, унинг туйғуларини тўғри илғаган эканман. Ўзбек адиблари бу қиссасига турлича муносабат билдирган, Мерсонинг характери турли баҳсларга сабаб бўлган. Мен эса бу қиссани яхши кўраман.
Бир ҳафта олдин, каллаи саҳарлаб дарвоза тақиллатиб қолди. Чиқсам, ҳурматли ёзувчимиз Набижон Боқийнинг шахсан ўзлари. «Йўлим Юнусободга тушганди, кириб ўтдим, тезда мана бу китобни ўқиб чиқинг, ҳижжалаб ўқинг», дея қўлимга Максим Горкийнинг «Россия бўйлаб» (По Руси) китобини тутқазди. Ҳозир шу китобни ўқияпман. Тўғриси, мактаб дарслигига киритилган «ўта коммунистик» ғояга бурканган асарларидан кейин Горкийга қизиқишим йўқ эди. Набижон ака берган китобдаги илк ҳикояни ўқибоқ фикрим буткул ўзгарди. Хуллас, ҳозир Горкийни ўзим учун қайта кашф қиляпман.
Лазиз Тангриев, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ директори:
– Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид дин»ини ўқияпман. Дунё миқёсида машҳур китоблардан бири. Унда ислом дини қоидалари, илмларни тартиблаштириш, шариат аҳкомларини тартибга солиш масалалари ёритилган. Динга қандай амал қилиш керак? Шариатда нималар муҳим? Хуллас, ислом динини тўлиқ ўрганмоқчи бўлган одам албатта бу китобни ўқиш керак. Бир мартада тушуниш қийин. Бу китобни ҳатто уламолар ҳам беш-олти марта ўқиши керак, менимча. Бугун ҳамма турли масалада тортишади, биров у, биров бу дейди, имом Ғаззолийни ўқимайди. Бу зот минглаб ҳадислар, улуғ саҳобалар ҳаёти асосда Қуръони карим сураларини ўрганиб, жуда катта илм қилган. Керакли китоб. Мен, шунингдек, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» китобини қайта ўқияпман. Булгаковнинг «Уста ва Маргарита»сини русчада мутолаа қиляпман.
Бобур Бобомурод, шоир:
– Мен Амир Темур ҳақидаги асарларни йиғиб, ўқиб-ўрганяпман… (Яздийдан ҳозирги кунгача бўлган муаллифларни). Тожикистондан китоблар олиб келгандим, форс-тожик шеърияти намуналарини тожикчада ўқияпман.
Гулбаҳор Саид Ғани, «Ферганская правда» газетаси бош муҳаррири:
— Охирги мутолаа қилган йирик асарим Исажон Султоннинг «Озод» романи бўлди. Кўпроқ шеърлар ва кичик ҳажмли асарлар ўқидим. Айни дамда Марина Цветаева шеърларига ошноман. Илмий иш баҳонасида «Янги Фарғона» газетасининг 1935 йилдаги сонларини ўқидим. Баҳонада Ғулом Ғафур деган ёзувчини кашф қилдим. Унинг ҳикоялар тўпламини ўқиб чиқдим.
Шарифжон Аҳмедов, ёзувчи ва таржимон:
— Орадан кўп вақт ўтиб, бирданига уч асарни такроран, қиёсий мутолаа қиляпман: Андрей Платоновнинг «Джан» повести (1934), Алексей Черкасовнинг «Хмель» (1963) ва Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» (1967) романлари. Биринчи асарда Назар Чагатаев унутилган ва овлоқларда хору зорликда сўнгги кунларини кечираётган ўз қавмини саодат сари элтишга уринса, «Хмель»да дажжол пошшо тузумидан қочиб, тайганинг қўлетмас ичларида қўним топган қадимчи-староверлар ўзларининг маҳдуд турмушлари билан андармон бўлади. «Ёлғизликнинг юз йили» сюжетлари эса кўпларга таниш бўлса керак. Турли давр ва бўлакча адабий анъаналарга тааллуқли бу асарларнинг тамоман ўзига хос муҳитларидан умумий интилиш ва ҳамоҳанг кайфиятларни излаб топиб, ҳар учаласини бир тадқиқотда бирлаштириш режаларини ўйлаяпман…
Бахтиёр Олломурод, журналист ва ёзувчи:
– Лев Толстойнинг «Тирилиш» романини қайта ўқияпман. Мамлакатимизда виртуал қабулхоналар очилди. Жуда яхши бўлди. Дейлик, суд ходимларининг муносабати кўнгилдагидек эмас. Ҳалиям бюрократия учрайди… Ўзгаришлар бор, аммо кўнгилдагидек эмас. «Тирилиш»да қаҳрамон маҳбуслар аҳволини енгиллаштириш учун турма бошлиқларининг олдига киради, лекин шундай жавоб бўлади: «Сиз уларнинг ёнини олманг, улар ниҳоятда семириб кетяпти. Ўзингиз туппа-тузук дворян оиласи вакили бўлатуриб, нега исқирт одамларнинг ёнини олиб юрибсиз!». Бизнинг суд-ҳуқуқ тартибот органлари бундай фикрни ошкора айтмаса ҳам гоҳида муносабати ўхшаб кетади-да! Ана шу жиҳат «Тирилиш»ни қўлимга олишга ундади.
Хосият Рустамова, шоира:
— Яқинда Жек Лондоннинг «Мартин Иден»ини, билмадим, нечанчи марта ўқиб тугатдим. Ҳозир Булгаковнинг «Уста ва Маргарита»сини ўқияпман. Соғинган китобларим булар.
Наргиза Розиқова, «Бекажон» газетаси муҳаррири:
– Бальзакнинг «Горио ота» асарини иккинчи марта ўқияпман. Талабалигимда мутолаа қилгандим. Оталар ва фарзандлар ҳақидаги асар. Отанинг қизларига чексиз муҳаббати қадрланмайди. Ҳар бир фарзанд ўқиб, хулоса чиқариши керак бўлган ажойиб роман.
Бахтинисо Азимбоева, руҳшунос:
– Мен айни пайтда Дипак Чопранинг «Исцеления души» китобини ўқияпман. Аюрведа медицинасининг Цегун услубини тадқиқ этяпман. Нуқтали массаж услуби, йога, медитация ҳақида ўқиб, ўрганяпман.
Ҳусейин Байдемир, Эрзурум (Туркия) университети доценти, туркийшунос:
— Ўтган ҳафта Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар» романини ўқиб чиқдим. Бу ҳафта Ибн Баттута ёзган машҳур саёҳатномани ўқимоқдаман. Бу саёҳатнома тарихда «Риҳла» номи билан ҳам машҳур. Асар XIV асрда ёзилган. Асарда Ўрта Осиёдан, Олтин Ўрда давлати фуқароси бўлмиш ўзбеклардан ҳам баҳслар кетади.
Маъруфжон Йўлдошев, Эгей университети (Туркия) доценти:
— Ҳозирда Ибн Халдуннинг Шарқ фалсафасининг дурдоналаридан бири сифатида эътироф қилинган «Муқаддима»сини ўқияпман. Ҳар соҳада жуда қизиқарли фикрлар баён қилинган. Алломанинг адабиёт ва тил билан боғлиқ илғор фикрлари ҳозир ҳам қимматини йўқотмаган.
Эрдон Эсонов, Тошкент шаҳридаги «Шайх Зиёвуддинхон» жоме масжиди имом-хатиби:
— Ҳозир Ваҳба Зуҳайлийнинг «Тафсири Мунир»ини ўқияпман. Аввалроқ Александр Дюманинг «Иф қалъаси маҳбуси» романини тугатган эдим.
Ғафур Шермуҳаммад, ёзувчи:
— Исажон Султоннинг «Генетика», Абдуқаюм Йўлдошнинг «Йўл» асарларини ўқидим.
Мубашшир Аҳмад, ношир, исломшунос:
— Айни пайтда Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» китобини ўқияпман.
Аъзам Обидов, шоир, таржимон:
— Эврил Туроннинг турк бирлиги, миллатпарварликка даъват этадиган «Ўлмас қоялар», «Туманли кунлар» асарларини; Эмин Усмоннинг «Томир» асарини ўқияпман. Яна олмонча шеърлар, олмон адиблари ҳаёти ҳақида маълумотлар билан танишяпман.
Санжар Назар, «Академнашр» нашриёти директори:
— Шу кунларда турк ёзувчиси Фарук Демирелнинг «Санчиқ» ҳикоялар тўпламини ўқияпман. Жамиятдаги муаммолар, инсоннинг оғриқли кечинмалари ажиб бир тарзда юмор оҳангида баён этилиши менга маъқул келди.
Назокат Азим, «Сўғдиёна» газетаси бош муҳаррири:
— Айни дамда Кэндзабуро Оэнинг «Эхо небес» деган китобини ўқияпман. Хиросимага атом бомбаси ташланганидан кейин япон оилаларида ногирон (ақли заиф) болаларнинг дунёга келгани, ота-оналарнинг изтироблари… Бош қаҳрамон адабиётшунос аёл, инглиз адабиёти бўйича доктор. Асарни чуқурроқ тушуниш учун Фланнери О’Коннор ижоди билан ҳам бироз таниш бўлган маъқул. Оғир асар. Икки кун олдин ўқиб тугатганим Жожо Мойеснинг «Бир плюс бир» асарини эса “ямламай ютдим”. Шунчаки дам олиш учун дуруст. Икки болали хизматкор аёл билан омади қочган бойваччанинг муҳаббати — ҳеппи энд…
Ботир Эргашев, шоир:
— Рамазон – покланиш ойида Аҳмад Лутфий Қозончининг «Саодат асри қиссалари» асарини бешинчи марта ўқиб чиқяпман. Бундан аввал Чингиз Айтматовнинг «Сомон йўли» қиссасини ўқигандим.
Умид Бекмуҳаммад, тарихчи ва публицист:
– 8 май куни Санкт-Петербург-Урганч йўналишидаги самолётда 48 килограмм китоб, газета-журналлар олиб келдим. Улар орасида Михаил Лермонтов ва Лев Толстойнинг 1889 йили нашр этилган сайланмалари, кўплаб бадиий, тарихий, фалсафий китоблар, «Загадки истории», «Секретные архивы», «Совершенно секретно», «Секретные материалы», «Тайны и загадки», «Невыдуманные истории», «Запретная история», «Война и отечество», «Историк», «Ступени», «Загадки ХХ века», «История», «Мир криминала», «Биография», «Секреты и архивы», «Архивы ХХ века», «Тайны СССР» каби журналлар бор. Айни пайтда фақат журналларни ўқиб чиқишга улгурдим.
«Есенин глазами женщины» китобини таржима қилиш учун шоир Болтабой Бекматовга, «Достоевский глазами современников» тўпламини эса Темур Тангрибергановга топширдим. Юқорида тилга олинган бошқа китобларни ҳам кимдир таржима қилишни хоҳласа, қайтариб бериш шарти билан тақдим этишим мумкин.
Фароғат Худойқулова, шоира:
— Абдураззоқ Самарқандий «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» китобини, Луқмон Бўрихоннинг «Тун қаъридаги шуъла» қисса ва ҳикояларини, Ахтамқул Каримнинг «Қароғимда гуллайди Ватан» шеърий тўпламини ўқидим.
Абдулазиз Муборак, шоир:
— Шукур Холмирзаев «Танланган асарлари»нинг 1-жилдини, Маҳмуд Асъад Жўшоннинг «Рамазон ва тақво» китобини, Чингиз Айтматов қиссаларини қайта-қайта ўқияпман. Охирги ўқиган китобим Набижон Боқийнинг «Чингиз афандига мактублар»идир.
Аброр Мухтор Алий, исломшунос:
— Имом Суютийнинг «Итқон» деган асарларини ўқиб тугатдим. Бу китоб Қуръони каримга оид илмлар борасида сўз юритади. Айни пайтда Абдулмажид Туркмонийнинг «Диросотун фий усулил ҳадис алаа манҳажил ҳанафия» (Ҳанафийлик манҳажига кўра ҳадис усулида дарслар) китобини мутолаа ва таржимаси устидаман. Бу асар бизнинг ҳанафий мазҳабимиз асосчиси Имом Абу Ҳанийфа раҳимаҳуллоҳнинг, у зотнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммадларнинг, улардан кейин ҳанафийлик мазҳаби усулларини жамлаган Ийсо ибн Абоннинг асарларидан «Ал Ҳужажул Кабир» ва «Ал Ҳужажус сағир»ни ўз ичига олади. Китоб энг ишончли ва эътиборли ҳанафий уламоларнинг мутақаддимларидан бошлаб мутааххирларигача барчаларини усуллари борасида сўз юритади. Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» асарини ҳам ўқияпман. Бу китоб маънавият, ахлоқ ва инсоний қадриятлар борасида жуда ажойиб услубда сўз юритади. Шеъриятдан Хайрулла Ҳамидовнинг «Суянчиқ» асарини мутолаа қиляпман. Нажиб Фозилнинг «Зиндондан Маҳмудга мактуб»ини таржимаси устида ҳам ишлаяпман.
Алишер Назар, шоир, журналист:
— Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавийнинг «Ғийбат ўзи нима?» номли рисоласини ўқидим. Китобда замон одамларининг бутунлай ғийбатга мубтало бўлиб қолгани, ғийбат арзимас гуноҳ саналиб қолгани, ваҳолакни, ғийбат зинодан-да оғирроқ гуноҳлиги ҳақида сўз боради. Китоб ўзига хос услубда ёзилган. Урду тилидан Ёрқинжон Фозилов таржимаси.
Исмоил Муҳаммад Юсуф, «Ҳилол-нашр» нашриёти раҳбари:
— Рамазон ойи муносабати билан Шайх Абдуллоҳ Иззиддиннинг «Рўза ойининг улуғлигини даъватчи ва авомларга эслатиш» китобини ўқияпман. Бундан аввал Шайх Муҳаммад Саид Муҳаммад Ҳасан ал-Бухорийнинг «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёлларнинг вирдлари (вазифалари)» китобини ўқигандим.
Нодир Жонузоқ, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири:
— Сўнгги дам олиш куни ёзувчи Орзиқул Эргашнинг «Шоҳсанам» номли китобидаги иккита қиссасини ўқидим. Биринчиси — «Шоҳсанам», иккинчиси — «Олис юлдузлар». Очиғи, уларни берилиб, мароқ билан ўқидим. Ўқидим-у, биз кўпинча классик, донгдор ёзувчиларнинг асарларига талпинамиз-у, шундоқ ёнимизда юрган камтар, аммо яхши ёзувчиларнинг битикларини эътибордан четда қолдирамиз, деб ўйладим.
Айни пайтда ўз одатимга кўра уйда битта, ишхонада бошқа китобни ўқияпман. Албатта, уларнинг жанри фарқ қилади. Уйда таниқли рус ёзувчиси, кинорежиссёр Василий Шукшиннинг «Иккинчи сеансга чипта» номли («Ўзбекистон» нашриёти, 2016) ҳикоялар тўпламини ўқияпман. Таржимон – истеъдодли шоиримиз Ўроз Ҳайдар. Гарчи ҳикоялардаги воқеалар Россиянинг олис посёлкаларида рўй берса-да, бот-бот ўзимизнинг қишлоғу овулларимиздаги одамларнинг нафасини туйгандай бўласиз. Шукшиннинг бир қарашда оддий, сокин ҳикоялари жозибасига асир тушганингизни сезмай қоласиз. Ана шу оддийлик ва сокинлик қаърида улуғвор инсоний қудрат, жасорат, халоскор эътиқод бор эканини ҳис қиласиз.
Ишхонада Ўзбекистон халқ ёзувчиси, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири Эркин Аъзамнинг «Эрталабки хаёллар» номли китобини ўқияпман. Салкам олти юз бетлик бу тўпламдан устоз адибнинг долзарб мавзудаги мақолаю сафарномалари, фиқралари, адабий қайдлари, хотира ва суҳбатлари ўрин олган.
Шаҳноза Тўрахўжаева, журналист:
– Яқинда Жорж Оруэллнинг «1984» асарини ўқиб тугатдим, ҳозир «Галатепага қайтиш» (Мурод Муҳаммад Дўст), «Эдварда» (Кнут Гамсун, асарнинг асл номи «Пан», Муҳиддин Омон уни шу ном билан таржима қилган негадир), «Муҳокамат ул-луғатайн» («Академнашр» нашриётида чиққан янги нашри, Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқинида) китобларини ўқияпман. Зулхумор Мирзаеванинг «ХХ аср ўзбек адабиётининг Америкада ўрганилиши» номли китоби навбат кутиб турибди.
Рустам Жабборов, журналист, адиб, таржимон:
— Мен ҳозир хизмат тақозосидан «Ўзбекистон маданий мероси Шарқ қўлёзмалари институти тўпламларида» (Санкт-Петербург, Россия) китобини ўқияпман. Тўғрироғи шу китобнинг русча матни таржимаси билан шуғулланяпман. Жуда қизиқ китоб. Унда Россияда сақланаётган ва бир пайтлар ўзимиздан олиб чиқиб кетилган қадимий қўлёзмалар ҳақида маълумотлар ва уларнинг каталоги ўрин олган.
Аброр Зоҳидов, «7х7» газетаси бош муҳаррири:
– Охирги ўқиган китобим – яқинда тақдимоти ўтказилган «Саробга алданганлар қисмати». Бу тўплам экстремизм йўлига кириб кетганлар, ёт ғояларга адашганлар ҳақида бўлиб, китоб уларнинг панжара ортидан йўллаган мактубларига асосланган. Лекин шу кунларда яна одатга кўра классикага қайтсам керак. «Авлодлар довони»ни ўқимаганимга бир йилдан ошиб кетибди…
Нигора Умарова, филолог:
— Шу кунларда “Тафсири Ҳилол” ҳамда Татьяна Черниговскаянинг маърузалар тўпламини мутолаа қилмоқдаман. Олам ва одам ўртасидаги муносабатлар, Яратгувчи билан яратилмиш ўртасидаги алоқа, инсоннинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак?!.. “Қуръони карим”нинг шарҳлари тафсирланган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири Ҳилол”нинг барча жуъзларини Муборак ойнинг тун осудалиги ҳамда саҳардан сўнг ўқиб ўзимни қизиқтирган барча саволларга жавоб топмоқдаман. Қолаверса, ушбу китобдаги шарҳларни ўқиган китобхон шарқ мумтоз адабиётидаги мажозларни, тасаввуфнинг моҳиятини ҳам тўғри англай олади.
Йўл-йўлакай биолог, лингвист, семиотик и психолог Татьяна Черниговскаянинг мия фаолияти ҳамда унинг имкониятлари тўғрисидаги “Интернет, мозг и “жидкий мир” (“Интернет, мия ва “суюқлашган олам”, “Лекторий Прямая Речь” нашриёти, 2016 йил) китобини ўқиб чиқдим. Фикрлаши тор, мантиқий тафаккури ривожланмаган инсонларга нисбатан “ақлинг суюқлашиб кетибди” деган иборани кўп қўллашади. Олима сунъий онг, интернетнинг инсоннинг миясини фикрлаш қобилиятини “дангаса” қилиб қўяётганлиги, хотира ва унинг имкониятларидан фойдаланиш, инсон тафаккурини ривожлантириш хусусидаги психологик, биологик, нейролингвистик жиҳатдан қарашлари жамланган ахборот асридаги ўта долзарб китоб. Бугунги кунда “кимда кўп ахборот бўлса, дунёни бошқаради” эмас, “ахборотни таҳлил қилиб, уни танлай олиб, тўғри фойдалана оладиган инсон дунёни бошқаради” ақидаси ҳукм сурмоқда. XXI асрнинг “Ахборот қоронғу ўрмони”да машъал вазифасини бажара оладиган қўлланма.
Сўнг айнан шу нашриётда чоп этилган (“Лекторий Прямая Речь”) “Искусство и мозг” (“Санъат ва мия фаолияти”) маърузалар тўпламининг мутолаасини бошламоқчиман.
Нигора Тўхтаматова, «Ҳамкор-пресс» газетаси ходими:
– Айни пайтда андижонлик ёзувчи Абдумутал Абдуллаевнинг «Қақнус» номли қиссасини ўқияпман. Унда улуғ шайх ва авлиё Фаридиддин Атторнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Асарда инсоннинг камолотга, ҳаққа етишиш йўлидаги интилиш ва машаққатлари чиройли тасвирлаб берилган.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, Тошкент шаҳридаги «Ислом ота» масжиди имом-хатиб ноиби:
— Рамазон Қуръон ойи бўлгани учун ҳозир асосан Аллоҳнинг китоби Қуръони каримни ўқиш билан бандман. Шу билан бирга, Қуръондаги мўъжиза ва нукталар жамланган «Қуръонга доир 1000 та савол-жавоб» номли китобни ҳам варақлаб турибман.
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид, Тошкент шаҳридаги Хўжа Аламбардор масжиди имом-хатиб ноиби:
— Рамазон кирганидан бери фақат Қуръони карим билан бандман.
Бекзод Шукуров, «Жамият» газетаси бош муҳаррири:
— Охирги марта «Темур тузуклари»ни қайта ўқиб чиқдим. Айни пайтда Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» (Асрор Мўмин таржимаси) китобини ўқияпман.
Динара Дўлтаева, журналист:
– «Open my eyes so I can see marvelous things». Муаллиф Aлиса Аллан – Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси рафиқаси. У Африканинг қайсидир мамлакатида яшаган. Ўша ердаги аёлларнинг ҳаёти ҳақида ёзган. Билишимча, роман дунё миқёсида сотиляпти, янги чиққан асарлар орасида анча харидоргир. Уни дугонам Филиппинда сотиб олган. Менга эса муаллифнинг ўзи совға қилди. Ёлғон бўлмасин, ҳозирча бир саҳифа ўқидим. Столимда турибди. Албатта, охиригача мутолаа қиламан.
Шукуржон Исломов, блогер:
— Мен яқинда Набижон Боқийнинг «Хоразмлик немислар» асарини ўқиб чиқдим. Четдан сургун қилиниб Хоразмга келиб қолган меннонитчи немислар ҳақида ҳужжатларга ва кексаларнинг хотираларига асосланиб қизиқарли ёзилган. Бундан ташқари, Ури Дан «Операция Энтеббе» қиссасини ҳам. Угандада гаровга олинган исроиллик фуқаролар қандай қутқариб олингани ҳақида тарихий китоб. Иккаласиям электрон вариантда ўқидим.
Нуриддин Сирожидиннов, Тошкент Ислом университети битирувчиси:
— Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқиб, «Меҳробдан чаён»ни бошладим. Шунингдек, «Муштум» журналида ёзилган танқидий тахлилий мақолаларини қайта қайта ўқимоқдаман. Рамазон ойи киргани муносабати билан Маҳмуд Асъад Жўжон қ.с.нинг «Рамазон ва тақво» китобини ўқидим. Ҳозир Қуръони карим ўқиш билан бандман. Рамазондан кейин бир ой ичида «Меҳробдан чаён»ни тугатиб, Саид Ахмад асарларини бошламоқчиман. Айтганча, Ўткир Хошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асарини ўқиб мия дам олади.
Маъмура Қутлиева, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази бош муҳаррири:
– Эрих Фромм қаламига мансуб «Озодликдан қочиш» асарини мутолаа қиляпман (таржимон: Қодирқул Рўзматзода). Жамият ҳаётида рўй бераётган муҳим ўзгаришлар, муаммолар, инсон маънавий камолоти йўлидаги тўсиқлар, илмий тафаккур ривожига халақит бераётган эскича қарашлардан халос бўлиш асарнинг асосий ғоясини ташкил қилади. Эрих Фромм мазкур асари ҳақида «Озодликдан қочиш» – бу ўрта аср оламининг емирилиши туфайли келиб чиққан инсон ташвишлари феноменининг таҳлилидир», – деб ёзади.
Мазкур китоб фалсафий руҳда ёзилгани учун ҳам уни китобхон бир ўқишда тушуниши, моҳиятини англаши қийин. Мазмунан икки-уч қайта мутолаа талаб қиладиган «Озодликдан қочиш» асари яқин кунларда «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилади ва мен ушбу асарни барча китобхонларимиз ўқишларини тавсия қилган бўлардим.
Саъдулло Қуронов, адабиётшунос:
— «Замонавий ўзбек шеъриятида синтез» мавзусидаги диссертацияни ёзиш жараёнида Н.Дмитриеванинг «Сўз ва тасвир» номли монографиясини ўқияпман.
Мадина Мирзақобилова, талаба:
– Григори Робертснинг «Шантарам» китобини ўқиш билан машғулман. Бундан аввал Жо Моеснинг «После тебя» («Сендан сўнг») китобини мутолаа қилган эдим. «После тебя» китоби «До встречи с тобой» («Сен билан учрашгунга қадар») китобининг мантиқий давоми бўлиб, Лунинг кейинги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. «Шантарам» эса 20 йилга қамалган одамнинг 2 йилда қамоқдан қочиб, Ҳиндистонга боргани хусусида.
СЎРОВНОМА ТАШКИЛОТЧИЛАРИДАН:
Мана, жавоблар билан танишдингиз. Янги китоблар қаторида эски, дурдона адабиётлар ҳам қайта ўқилаётганига гувоҳ бўлдингиз. Зеро, «такрорлаш — билимлар онасидир». Қолаверса, бундай китобларга талаб, эҳтиёж асло сусаймайди!
Муддаомиз, китобга бўлган муҳаббат янада кучайсин. Орзумиз эса, Ўзбекистонимизни дунёдаги энг кўп китоб ўқийдиган мамлакатлар сафида кўришдир.
Дарвоқе, сўровномамиз тугагани йўқ. Жавобларингизни кутиб қоламиз.
Ҳурмат ила
Анвар Намозов, Давронбек Тожиалиев
Жавобларни тўплашда Саъдулло Қуронов ва Дилфуза Маҳмудова кўмаклашди. Уларга миннатдорлик билдирамиз.
PS. Сўровнома юзасидан фикр-мулоҳаза ва жавобларингизни davronbek@gmail.com манзилига юборишингиз мумкин.