Яссавий юрган йўлларда

Анчадан бери Жанубий Қозоғистонни, Туркистон ва Сайрамни кўриш, зиёрат этиш ниятим бор эди. Аллоҳ насиб этиб, бехос йўлим очилди. Ўзбек-қозоқ чегараси ҳақида жуда ваҳима қилишарди: ҳар бир буюмингни текширишади, навбат катта, 2 соатда чиқасан ва ҳ. Аллоҳга таваккул қилиб, йўлга чиқдим.

Алҳамдулиллаҳ, чегаралар ҳам анча осон бўлиб қолибди. 1 соатга мўлжаллагандим, икки давлат чегарасидан 20 минутга қолмай ўтдим. Паспортдан бошқа ҳеч нарсамни текширишмади.

Чегарадан ўтишингиз билан таксистлар туришади. Алмати, Чимкент, Сайрам, Туркистон ва бошқа шаҳарларга шу ернинг ўзидан тўғридан-тўғри транспорт мавжуд. Пулни ҳам шу ерда алмаштириб олиш мумкин. Овора бўлиб доллар олиб юрманг, бу ерда сўмни ҳам алиштиришади. 1 қозоқ тангаси = 24 ўзбек сўми. Пул алмаштиришда эҳтиёт бўлинг. Кўчадаги саррофлардан алмаштирманг. Сал юрсангиз ярим-расмий пул алмаштириш пунктлари бор. Шулардан алмаштириш ишончлироқ.

Таксига ҳам дарҳол ўтириб олманг. Аввал машиналар тураргоҳига бориб, кузатинг, нархни билинг, ўзингизга қулайроқ ва тезроқ кетадиганига чиқинг. Таксида 2000 танга билан Туркистонга етиб олдим.

Туркистон шаҳри дарвозаси

Менга Чимкент ва Қизилўрда трассаси маъқул келди. Кўп жойлари янгиланибди, йўл-йўлакай таъмирлаш ишлари кетяпти. Йўл давомида бирон марта “ямага” дуч келмадик. Трассанинг ҳар 15 километрида транспортларни таъмирлаш учун чуқур йўлак ва бепул ҳожатхоналар ташкил этишибди. Йўл белгиларига катта эътибор қаратишган. Ҳар бир шаҳар, қишлоқ, дарё, кўл йўл кўрсатгичида белгиланган. Йўлдаги қайрилиш, меҳмонхона, АЁҚШ, ҳожатхона ва бошқа зарурий масканларга қанча метр қолгани йўл белгилари орқали кўрсатилган. Трассадаги онлайн тезлик ўлчагич узоқдан қанча км/соат тезликда ҳаракат қилаётганингизни кўрсатиб, огоҳ қилиб туради.

Дарвоқе, агар шахсий машинангиз билан сафарга чиқсангиз, Қозоғистон чегарасига ўтишингиз билан кундуз куни ҳам чироқни ёқиб юринг. Акс ҳолда 10000 танга штраф тўлашингизга тўғри келади. Камарни ҳам тақиб олинг. Йўлларда иложи борича, белгиланган тезликда юринг. Трасса четида ГАИ ходими кўринмайди, лекин улар машиналарида айланиб юришади. Агар йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ амал қилаётган бўлсангиз, хотиржам юраверинг. Қоида бузмасангиз, тўхтатишмайди.

Ўзбекистон чегарасидаги Жибекжолы (Ипак йўли) постидан Туркистон шаҳригача масофа 270 км. Туркистон 2017 йил турк дунёсининг маданий пойтахти бўлгани учун шаҳарда катта ободонлаштириш ишлари бажарилибди. Шаҳарнинг марказий проспекти бокс бўйича Сидней олимпиадаси (2000) чемпиони чимкентлик Бекзат Саттарханов номида экан.

Ҳазрати Султон мажмуаси. Дарвоза. XIX аср

Туркистонда ўзингизни бегона ҳис қилмайсиз. Қозоқча ёзувларни айтмаса ҳаммаси ўзимизникидек: уйлар, юзи иссиқ одамлар, машиналар (шимолдан фарқли ўлароқ, энг кўп тарқалган машина русуми Нексия экан). Қозоғистон Республикаси статистика қўмитасининг маълумотларига (2015) кўра, Туркистон шаҳрида истиқомат қилаётган 253 000 аҳолининг 36 фоизи ўзбеклардир (1897 йили ўзбеклар 79 фоизни ташкил этган). Маҳаллий қозоқ аҳолининг айтишича, шаҳарнинг ярим аҳолиси ўзбеклардир. Ҳали ўзбекча тушунмайдиган кишини учратмадим. Лекин шаҳарда биронта ўзбекча ёзувни кўрмадим. Қонунга кўра, ёзувлар давлат (қозоқ) ва расмий (рус) тилда бўлиши керак экан.

Сафар қиларканман, одатда, пиёда кезишни яхши кўраман. Пиёда юрганда кўп нарсаларни кузатишга, ўрганишга имкон бўлади. Одамлар, уларнинг кундалик ҳаёти билан йўл-йўлакай танишиб борасиз. Сафарнинг илк куни ҳам 12 км пиёда сайр қилдим. Ўзимни даштларда пой-пиёда кезиб, дунёнинг ярмини олган Темур аскарларидек ҳис қилдим.

Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси

Дарвоқе, Жанубий Қозоғистон халқи Амир Темурни жуда яхши кўради. Туркистон яқинидаги бир шаҳар, бир қанча кўчалар Темур номи билан аталади. Менимча, Қозоғистоннинг энг муҳташам тарихий ёдгорлиги ҳам Амир Темур қурдирган Ҳазрат Аҳмад Яссавий хонақоҳидир. Бу тарихий ёдгорлик Темур қурдирган ва сақланиб қолган энг катта мажмуа ҳисобланади. Мен хонақоҳни расмда кўриб яхши тасаввур қилмаган эканман. Мажмуа ҳақиқатда муҳташам экан. Мақбара, масжид ва мадрасасини ўз ичига олган мажмуани Амир Темур шахсан лойиҳалаштирган, ўлчовларни чизиб бергани манбаларда келган. 1385 йили қурилиши бошланган мажмуа 1405 йили – Темур вафоти билан тўхтаб қолади. Мажмуанинг фақатгина кириш меҳроби тугалланмай қолган холос.

Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси. Ён тарафдан кўриниши

Мажмуанинг кириш қисми меҳроби баландлиги 37,5 метр, деворининг қалинлиги 2 метр. Хонақоҳ девори қалинлиги 3 метр. Асосий гумбазнинг баландлиги 44 метр, диаметри – 20 метр. Мажмуа ичида мақбара, масжид, кутубхона, катта ва кичик сарой, 35 та ҳужра, қудуқхона, ошхона мавжуд.

Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси. Орқа тарафи

Мажмуа хонақоҳига улкан той-қозон ўрнатилган. Бу улкан қозон Амир Темур буйруғи билан табризлик уста Абдулазиз ибн Шарафиддин томонидан 1399 йили Туркистон яқинидаги Қарноқ қишлоғида қуйилган. Қозоннинг вазни 2 тонна, сиғими 3000 литр, диаметри 242 см, баландлиги 162 см. Қозонни тайёрлашда мис, рух, олтин, кумуш, бронза, қўрғошин ва темир металларидан фойдаланилган. Той-қозоннинг ичида ҳеч қандай ёзув йўқ. Ташқи қисмига Қуръони каримдан оятлар, ҳадиси шариф, қозоннинг Амир Темур буйруғи билан Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси учун қуйдирилгани ҳақида ёзув ва устанинг исми ёзилган.

Той-қозон

Тарихий манбаларда келишича, ушбу улкан қозонда ҳафтада икки марта ҳалим пиширилган, у илм толиблари, бева-бечораларга тарқатилган. Той-қозон 1935 йили Ленинграддаги Эрмитаж музейига олиб кетилган, 1989 йили Туркистонга қайтарилган. Ҳозир қозоннинг усти қаттиқ плёнка билан ёпилган. Бир вақтлар қозоннинг ичига танга ташлаш урфга киргандан сўнг шундай қилишга мажбур бўлишган.

Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси гумбази

Темурнинг меъморлик қобилиятига яна бир марта тан бердим. Менимча, Темур қурдирган ушбу мажмуа олдида янги қурилган масжидларимиз ғариб бўлиб қолар экан.

Хожа Аҳмад Яссавий ва Робия Султон бегим мақбаралари

Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси яқинида Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султон бегим мақбараси жойлашган.

Робия Султон бегим мақбараси

Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасидан 120 метр жанубда “Хилват” ерости масжиди жойлашган. XII асрда қурилган, XX аср ўрталаригача фаолият юритган ушбу масжид яссавий сўфийларининг зикр мажлислари ўтадиган маскан ҳам бўлган. Хожа Аҳмад Яссавий 63 ёшга тўлгандан сўнг умрини мана шу масжидда ўтказган. “Девони ҳикмат” ҳам шу ерда ёзилган.

“Хилват” ерости масжиди

Масжид 18 та хонадан иборат бўлган. Бу ерда жамоатхона, масжид, хўжалик хонаси, хаммом, таҳоратхона, ошхона, чиллахона мавжуд.

“Аҳмад Яссавий” жомеъ масжиди

“Ҳазрати Султон” мажмуаси яқинида “Хожа Аҳмад Яссавий” жомеъ масжиди қад кўтарган. Бу жомеъ 2015 йили турк миллатидан Қозоғистон халқига ҳадя сифатида Туркия диёнат ишлари бошқармаси ва Диёнат вақфи томонидан қурилган.

“Аҳмад Яссавий” жомеъ масжиди ички қисми

* * *

Сафарнинг учинчи куни қадимий Ўтрорга йўл олдик. Асосий зиёрат жойимиз Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбоб мақбараси бўлди. Мақбара Туркистондан 70 километр узоқликда, дашт ичида жойлашган.

Арслонбоб мақбараси

Арслонбоб ҳақида халқ оғзаки ижодида бир қанча афсоналар юради. Улардан бирида айтилишича, Амир Темур Аҳмад Яссавий мақбарасини қураркан, пойдевор йиқилаверади. Сўнг Темурнинг тушига Хожа Аҳмад Яссавий кириб, “Аввал устозим Арслонбобни обод қил” дейди. Амир Темур Арслонбобга мақбара тиклагандан сўнг, Туркистондаги мажмуани қуришни бошлайди.

Соҳибқирон Темур тиклаган мақбара сақланиб қолмаган. Ҳозирги мақбара 1909 йили қурилган. Мақбара ичида Арслонбоб, унинг шогирдлари Қарғабоб ва Лочинбоб қабрлари жойлашган. Мақбара айвонининг ўнг тарафида масжид бор.

Мақбара атрофи қабристон бўлиб, у ерда ҳам янги-янги мақбаралар пайдо бўлган. Яссавий сўфийларидан Қурбон ота (1620-1710) ва партия ва давлат арбоби Ўзбекали Жонибек (1931-1998) мақбаралари шулар жумласидандир.

Қурбон ота ва Ўзбекали Жонибек мақбаралари

Бу ерга зиёрат мақсадида борилса майли, лекин туризм мақсадида боришни тавсия қилмайман. Чунки йўли текис эмас, йўналиши ҳам ноқулай; чўлнинг ўртасида жойлашгани учун шамол; қишда совуқ ва ёзда иссиқ; тарихий ёдгорликлар деярли қолмаган.

“Арслонбоб” жомеъ масжиди

* * *

Худди Ўзбекистондагидек, Қозоғистонда ҳам сўнгги 30 йилда турли мозорлар, мақбара ва зиёратгоҳлар кўпайди. Улардан баъзиларининг тарихий асоси ҳам йўқ, халқ ривоятлари асосида бино қилинган мозорлар зиёратчиларнинг севимли масканларига, мозор эгаларининг эса мўмай бизнесига айланган. Ишонувчан баъзи авом халқ бу масканларга бориб, “мулла”ларнинг “ривоят” ва “тавсия”ларига лаққа тушмоқда.

Туркистон шаҳридан 35 км шимолда Уккоша ота зиёратгоҳи жойлашган. 90-йилларгача бу ерда мақбара бўлмаган. 1990 йили мақбара тикланган. Маҳаллий аҳоли 22 метрли қабр эгаси саҳоба Уккоша бўлганлигига ишонади. Афсоналарга кўра, Уккоша ота жудаям ботир бўлган, унга қилич ҳам, ўқ ҳам таъсир қилмаган эмиш. Фақатгина намоз вақтида кучсиз бўлиб қолар эмиш. Уккошанинг душманлари уни намоз вақтида калласини олиб, масхара қилмоқчи бўлганда калла пастга юмалаб бир чуқурга тушиб кетганмиш. Шу ердан булоқ отилиб чиққан эмиш. Бу булоқ ерости йўллари орқали Маккаи мукаррамадаги Зам-зам булоғига туташармиш.

Қудуқ устига ўтовга ўхшаган бино қурилган. Қудуқнинг чуқурлиги 22-25 м. Қудуқ билан ҳам боғлиқ бир қанча хурофотлар мавжуд. Қудуқда доим ҳам сув бўлавермайди. Қудуқнинг суви гуноҳларни ювармиш, агар қудуқдан сув чиқса, ниятлар ушалармиш.

Саркарда саҳоба Уккоша ибн Миҳсон эса ҳеч қачон Туркистон тупроқларига келмаган. Баъзи тарихий манбаларга кўра, саҳобанинг қабри (бошқа манбаларда мақоми) Туркиянинг Қаҳрамонмараш ва Газиантеп шаҳарлари орасидаги Нуртоғи туманидадир.

* * *

12-13 сентябрь кунлари Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университетида “Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгресси”да қатнашдим.  Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон давлатларидан, Бошқирдистон, Татаристон, Гагаузия, Қрим ўлкаларидан 34 адабий нашр муҳаррирлари иштирок этди. Ушбу конгрессда илк бор Ziyouz адабий портали ҳам иштирок этди ва порталнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Маросимда Евросиё Ёзувчилар уюшмасининг “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси 2016” мукофоти буюк ўзбек шоири ва ёзувчиси Шукруллога тақдим этилди. 96 ёшли Шукрулло домла конгрессга кела олмагани учун совринни топшириш ваколати менга топширилди.

“Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” мукофоти

“Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” мукофоти ҳар йили туркий дунёнинг энг ҳурматли ва уста шоир-ёзувчиларига тақдим этилади. Бу мукофотга 2011 йили Али Оқбош (Туркия), 2012 йили Анор (Озарбайжон), 2013 йили Тўлен Абдик (Қозоғистон), 2014 йили Исмоил Бўзқурт (Кипр), 2015 йили Умар Султонов (Қирғизистон)  сазовор бўлган.

Конгресс доирасида профессор Эргўбек Қулбек билан танишдим. У умр бўйи китоб йиққан, 350000$ га жой сотиб олиб, 40000 китобли “Туркий халқлар кутубхонаси” ва туркология музейини ташкил этган, ўзи яшайдиган 3 қаватли уйни болалар боғчасига берган қозоқ зиёлиси.

Эргўбек Қулбек Сарсенўғли 1952 йили туғилган. Филология фанлари доктори, профессор. 60 дан ортиқ китоблар муаллифи.

Профессор Эргўбек Қулбек

Эргўбек Қулбекнинг айтишича, у ташкил этган “Туркий халқлар кутубхонаси” ҳозирда академик, профессорлар ва талабаларнинг севимли масканига айланган. Кутубхонада асосан туркологияга оид китоблар, шунингдек, 20 дан ортиқ туркий тилдаги китоблар жамланган. Ноёб китоблар сони ҳам мингдан ошади.

8 йилдан бери фаолият юритаётган кутубхонага давлат ҳам ёрдам беришни бошлабди: беш нафар кутубхоначига ойлик тайинлаб, кутубхона фаолиятини юритишга ёрдам беряпти экан.

“Авваллари ўзбек, қирғиз, туркман, татар, бошқирд шоир-ёзувчилар билан турли семинар ва тадбирларда учрашганда улардан китоб сўраб олар, менга яна жўнатишларини сўрардим. Турли тиллардаги журналларга обуна бўлардим. Ўзбекистондан “Адабиёт ва санъат” ва “Шарқ юлдузи” келарди. Шу тариқа китоблар бир уйга сиғмай қолди. Ҳозир ҳам ҳар йили туркий тилли давлатларга сафар қилиб, багаж-багаж китоб олиб келаман” дейди Қулбек оға.

Кутубхонада 4000 дан ортиқ ўзбекча китоб мавжуд экан.

* * *

Ҳозир Қозоғистонда Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг “Келажакка назар: жамият онгининг янгиланиши” мақоласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Мақолада Президент XXI асрда мамлакат тараққиётининг асосларини белгилаб берган. Унга кўра, Қозоғистонни энг ривожланган 30 давлатлар орасига киритиш асосий масала этиб белгиланган. Тараққиётга эса руҳий, илмий, маданий юксалиш, янгиланиш орқали эришишга асосий эътибор қаратилган.

Тарихий-маданий-этнография маркази. Туркистон

Менга Назарбоевнинг баъзи таклифлари ёқди:

– ҳар бир қозоқ энг камида 3 та тил билиши керак, инглиз тилини оммавий ўрганиш керак;

– 2025 йилгача тўлиқ лотин ёзувига асосланган қозоқ алифбосига ўтиш;

– “Янги гуманитар билимлар. Қозоқ тилида 100 янги дарслик” лойиҳаси. Бунда тарих, политология, социология, фалсафа, психология, маданиятшунослик, филология каби соҳаларга оид дунёда энг яхши дея тан олинган 100 та китоб-дарслик танлаб олинади ва қозоқ тилига таржима қилинади. 2018/2019 ўқув йилида ушбу янги китоблардан фойдаланилади. Бу лойиҳани амалга ошириш мақсадида  “Миллий таржима бюроси” очилади. 5-6 йилдан кейин бу лойиҳа албатта самарасини беради.

– “Замонавий Қозоғистонинг энг нуфузли 100 кишиси” лойиҳаси. Бунда мустақиллик йилларида ўз соҳасида улкан муваффақиятларга эришган қозоғистонликлар ҳақида маълумот берилади. Бу ёшлар учун мотивация вазифасини бажаради. Буни вилоятларда ҳам алоҳида ташкил қилиш режалаштирилган.

* * *

Сафарнинг тўртинчи куни Туркистон билан хайрлашиб, кўҳна Сайрам сари йўл олдим. Туркистон шаҳри вокзалидан Чимкент шаҳрига маршрутда 800, таксида 1000 тангага етиб олиш мумкин.

Сайрам аввал Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам туманига қарашли қишлоқ эди. 2014 йили Чимкент шаҳрига қўшиб юборилган. Археологлар Қозоғистоннинг энг қадимий шаҳарларидан ҳисобланган Сайрамнинг (тарихда Исфижоб, Сарём, Мадинатул байзо, Еттикент, Ўрунгкент номлари билан аталган) ёшини 2000 дан ошишини айтадилар. Қишлоқ марказида Амир Темур томонидан қурдирилган Абдулазиз-боб мақбараси сақланган (Абдулазиз-боб Сайрамга Исломни олиб келган араб фотиҳларидан).

Абдулазиз-боб мақбараси. Сайрам

Сайрамни машҳур қилган яна бир сабаб бу ерда Хожа Аҳмад Яссавийнинг туғилганидир. Аҳмад Яссавий илк таълимни Сайрамда Шайх Шаҳобиддин Исфижобийдан (Оқота бобо) олган. Сайрамда Хожа Аҳмаднинг бобоси (Маҳмудхон ота), отаси (Иброҳим ота) ва онаси (Қорасоч момо) мақбаралари жойлашган.

Иброҳим ота зиёратгоҳи. Сайрам

Сайрам Қозоғистоннинг ўзбеклар истиқомат қиладиган энг катта қишлоғи бўлган. 50000 аҳолининг 95 фоизи ўзбеклардир. Қишлоқда 11 та ўзбек мактаби, ўзбек драма театри (2003 йили очилган) фаолият юритади. Сайрам музейига киришни ҳам тавсия этаман. Бу маскан Сайрам тарихи ва бугуни ҳақида бой экспонатларга эга.

Чимкентдан Жибекжолы (Черняевка) постигача таксилар 1000 тангага ташлаб қўяди. Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан ҳам жуда тез чиқдим. Қозоқ божхоначилари баъзи йўловчиларнинг юклари ва баъзиларнинг чўнтакдаги пулларини ҳам текширмоқда. Мени текширмай, тез ўтказиб юборишди.

Бу ердан илк марта ўтаётганларга эслатма: чегарадан чиқишингиз билан турадиган саррофлардан пул алмаштирманг, улар валютани шаҳарга қараганда арзонроқ нархда сотиб олади. Ундан кўра, шаҳарда банкда алмаштирганингиз бехавотирроқ. Чегарадан чиқишингиз билан таксистлар ҳам ёпишишга ҳаракат қилишади. Улар ҳам сиздан кўпроқ пул ундиришга ҳаракат қилишади. 500 метр пастга тушсангиз, маршрут-Дамаслар бор. 1500 сўмга Юнусободга (Универсам) етиб олишингиз мумкин.

11-14 сентябрь, 2017 йил

Тошкент – Туркистон – Сайрам – Чимкент – Тошкент

3 thoughts on “Яссавий юрган йўлларда

  1. Аввало салом алайкум Давронбек! Сафар хотираларингизни мазза қилиб ўқидим. Жуда мазмунли ёзилган. Фотоларингиз ҳам мукаммал даражада. Мен ҳам 2018 йилнинг 30 сентябрдан – 8 октябргача велосипедда Тошкентдан Туркистонга Шаулдер, Ўтрор- Арслонбоб йўли орқали сафарга чиққан эдим. Йўл хотираларим, Ўтрор тарихига бағишланган қисми “Дунё ўзбеклари” интернет газета сайтида босилди. Саломат бўлинг. Ҳурмат билан Мирёқуб Қобилов.

  2. укиб мазза килдим шундок яхши нарсаларни ёзибсиз,илмингизни оллох зиёда килсин.хамма истак хохишларизни Oллох ижобат килсин.

  3. Ассалому алейкум Давронбек. Макола яхши чикибди, рахмат! Арслонбоб макбарасини 1909 йилда кайта тиклаган Мусопир угли Холмирза Туркистоний мени бобом буладила. Якинда бориб келдик, Туркистонда котта курилишлар булмокда яна икки йилдан кейин бундан-да гузал булади!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *