Истанбул оҳанрабоси

Истанбулга учинчи марта келишим. Бу шаҳарни яхши кўраман. Ҳар доим оҳанрабоси тортади. Бу сафар Осиё тарафини ҳам зиёрат этдим. Истанбулнинг Онадўлу тарафида Оврўпа қисми каби тарихий масканлар кўп эмас. Асосан иш ва яшаш учун мўлжалланган бинолар жойлашган. Истанбул ҳар йил энига ўсиб бормоқда. Тобора атрофдаги тепаликлар эгалланиб, иншоотлар билан тўлмоқда.

Ускудардан Европа қисмининг кўриниши

Ўтган йили Босфор бўғозини сайр этарканман, Осиё тарафидаги тепаликларнинг энг юқорисида муҳташам масжид бино қилинаётганини кўргандим. Бу сафар ҳали битмаган ушбу жомеъни яқиндан кўриб, танишиш учун йўлга чиқдим. Йўл-йўлакай Ускударнинг гўзал маҳаллаларини кўриб кетдим.

Мармара университетининг Илоҳиёт факультети жомеъ масжиди

Чамлижа жомеъ масжидига кетаверишда турк масжидлари услубига ўхшамаган замонавий масжидга кўзим тушди. Автобусдан тушиб, жомеъни зиёрат қилдим. Мармара университетининг Илоҳиёт факультети жомеъ масжиди замонавий услубда қурилган. 2 қаватдан иборат.

Мармара университетининг Илоҳиёт факультети жомеъ масжиди гумбази

Мажмуа таркибида китоб-қаҳвахона мавжуд бўлиб, шу ернинг ўзида ҳам китоб харид қилиш, ҳам бир финжон қаҳва устида бемалол мутолаа қилиш мумкин. Бу ерда асосан дин, тарих, адабиёт ва маданиятга оид китоблар жамланган. Ҳазрат Исмоил ал-Бухорийнинг 17 жилдлик «Саҳиҳи Бухорий» китоблари, Ибн Синонинг 10 дан ортиқ номдаги академик асарларини кўриб хурсанд бўлдим. Ўзбекистонда ҳам ушбу асарларнинг янги нашрлари тез орада дунё юзини кўришига умид қилдим.

Мармара университетининг Илоҳиёт факультети жомеъ масжиди китоб-қаҳвахонаси

 

Истанбулда нега масжид кўп?

Истанбулда масжидлар кўплиги ҳақида аввал ҳам ёзганман. Айниқса, шаҳарнинг тарихий Айюб ва Фотиҳ туманларида ҳар қадамда тарихий масжидларга кўзингиз тушади. Қизиқ. Нега масжид бу қадар кўп?

Тарихчиларнинг айтишича, турк султонлари замонида бирон масжид қуриш учун халифага маълум қилинаркан. Халифа эса битта шарт билан янги масжид қуришга розилик бериб, унинг харажатларини бўйнига оларкан. Ўша шарт: агар бирон маҳалла ёки кўча жомеъсида бомдод намозига келган жамоат масжид ва унинг ҳовлисига сиғмасагина унинг яқинига яна янги жомеъ барпо этилади.

Мармара университетининг Илоҳиёт факультети жомеъ масжиди хонақоси

Ҳозирда бу шарт ишламаса-да, Истанбулда янги масжидлар қурилиши давом этмоқда.

Чамлижа жомеъ масжиди шу номдаги тепаликда жойлашган. Истанбулнинг энг баланд ери бўлгани учун бу ерда телевизион антенналар ўрнатилган бўлиб, улар жомеъ ҳуснига халақит бераётгани учун бошқа ерга кўчирилмоқда экан. 6 минорали бу жомеъ Туркиядаги энг катта масжид бўлиши кутилмоқда. Жомеъ ўз бағрига бир вақтнинг ўзида жами 60 000 (хонақоҳда 25000 киши, ичкари ҳовлида 12500 киши, ташқари ҳовлида 22500 киши) намозхонни сиғдира олади. Майдони 15000 кв.м. Минораларининг баландлиги 107 метр. Асосий гумбаз баландлиги 72 метр, диаметри 34 метр. Мажмуа таркибида мадраса, музей (11000 кв.м.), санъат галереяси (3500 кв.м.), кутубхона (3000 кв.м.), ўқув марказлари, конференциялар зали (1000 кишилик), 3500 автомобилга мўлжалланган ерости паркинги бўлиши режалаштирилган.

Янги қурилаётган Чамлижа жомеъ масжиди

Маълумки, Истанбул сейсмик фаол минтақада жойлашган. Муҳташам мажмуа сейсмик фаолликка бардош бериши билан бирга, фавқулодда ҳолатларда 100000 кишига бошпана бўлиши ҳам белгиланган. Мажмуа шу йилнинг сўнггига қадар очилиши кутилмоқда.

Чамлижа тепалигидан Истанбулнинг Осиё қисми манзараси

Чамлижа тепалигидан Истанбулнинг гўзал манзараси намоён бўлади: бўғоздан ўтаётган кемалар, муҳташам масжид миноралари, тобора тепаликларга чиқиб кетаётган бинолар… Бу ерда парк барпо этилган бўлиб, у ерда дам олиб, пикник қилиш ҳам мумкин.

Буюк Селимия масжиди

Ускудардаги энг машҳур ва қадимий жомеълардан бири Буюк Селимия масжидидир. Подшоҳ Селим III тарафидан 1801-1805 йилларда бино этилган. Масжидда турк халифалари ҳирқаси сақланади. Масжид ташқи ҳовлисидан Истанбулнинг Европа қисми гўзал манзарасини кўриш мумкин.

 

Денгиз келинчаги — Қиз минораси

Мармар денгизининг кичик бир оролида жойлашган Қиз минорасининг (Kız Kulesi) қачон барпо этилгани ҳақида турли қарашлар мавжуд. Баъзи тарихий ривоятларга кўра, минора эрамиздан аввалги 411 йилда Афина ва Спарта ўртасидаги жангларидан сўнг, Босфор бўғозида солиқлар ва божхона назоратини ўрнатиш учун қурилган. Бошқа ривоятга кўра, император Константин даврида мудофаа минораси сифатида қурилган. 1453 йили Константинополь фатҳ этилганидан сўнг ҳам минорага зарар етмаган.

Қиз минораси

Усмонийлар даврида минора маёқ сифатида ишлатилган. Маълум муддат қалъа ўлимга маҳкум қилинган маҳбусларни вақтинча сақлаш жойи бўлиб ҳам хизмат қилган. ХХ асрнинг иккиннчи ярмида минорадан мудофаа ва денгиз транспорти бошқарув пункти мақсадида фойдаланилган. Ҳозирда бу ерда ресторан фаолият юритмоқда.

Қиз минораси

Қиз минораси ҳақида халқда турли афсоналар юради. Уларнинг бирида айтилишича, турк султонинг севимли қизи 18 ёшга кирганда вафот этиши ҳақида башорат олади. Султон қизи 18 ёшга киргунича минорани битиришни мақсад қилади. Қиз 18 ёшга кирган куни султон унга мева тўла сафат совға қилиб, Қиз минорасига элтади. Сават ичида заҳарли илон бўлиб, қиз унинг заҳридан вафот этади. Бошқа афсонага кўра, қиз яшаб қолади. Унинг қўлидаги заҳарни шимиб олган шаҳзода қизнинг ҳаётини асраб қолади.

Қиз минорасидан тарихий яриморолнинг кўриниши

Яна бир ривоятга кўра, тутқундаги севгилисини кўргани ҳар куни бўғозни сузиб ўтадиган йигит, бир куни маёқ ўчириб қўйилгани учун йўл тополмай денгизга чўкиб кетади. Тўлқинлар унинг жасадини қалъа қирғоғига олиб келиб ташлайди. Буни кўрган қиз минорага чиқиб ўзини ташлайди ва у ҳам чўкиб кетади.

Қиз минорасидан шаҳар манзараси

Қиз минорасига Ускудар ва Ўртакўйдан кичик кемалар қатнайди. Миноранинг юқори қисмидаги кузатув майдонида Истанбулнинг ҳар тарафини Осиё ва Европанинг ўртасида туриб кузатиш мумкин.

 

Аясофия кимники?

Минг йиллар давомида дунёнинг энг катта православ черкови, Истанбул фатҳидан (1453 йил 29 май) 1935 йилга қадар жомеъ масжид, ҳозирда музей бўлган Аясофия Истанбулнинг марказида жойлашган.

Аясофия жомеъ масжиди

Византия меъморлигининг энг буюк ушбу ёдгорлиги 532-537 йилларда  меъморлар траллик Анфимий ва милетлик Исидор томонидан қурилган. Ибодатхона баландлиги 77 метр, гумбаз диаметри 31,5 метр. Гумбаз асосига 40 та дераза ишланган. Проконнис, Нумидия, Кариста ва Иераполдан  олиб келинган рангли мармар ва кошинлар билан безатилган. Ибодатхона қурилишида 10000 нафар ишчи ишлаган.

Аясофия музейи

Ибодатгоҳ масжидга айлантирилганидан сўнг унга исломий меъморий элементлар қўшила бошланган. Унинг илк минораси Султон Фотиҳ Меҳмед даврида, шимоли-шарқидаги минора Боязид II даврида, қолган икки минора Селим II ва Мурод III даврида меъмор Синон тарафидан қурилган. Мурод III даврида мармардан ясалган улкан минбар, Маҳмуд I даврида 1739-1742 йиллари меҳроб ўрнатилган.

Аясофия жомеъ масжиди минбари

Хонақоҳ деворларида Қуръони карим оятлари билан биргаликда Аллоҳ, Муҳаммад (с.а.в.), 4 халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али) ва Ҳазрати Алининг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн исмлари доира шаклида 7,5 диаметрли паннолар XIX асрда ўрнатилган. Булар хаттот Мустафо Иззат Афандининг (1801-1877) асарларидир. Бу паннолар 1930 йиллардаги реставрацияда олиб ташланган. 1951 йили Мендерес тарафидан жойига қайтарилган.

Аясофия пештоқлари

Ҳозирда музей ичида исломий ёзув ва нақшлар билан биргаликда христианча расм ва иконалар мавжуд. Ибодатхона масжидга айлантирилганидан сўнг черков безаклари устидан сувоқ қилиниб, расм ва иконалар ёпилган. 1931 йилги реставрация ва 1935 йилги Отатурк қарорномасига кўра, музейга айлантирилганидан сўнг сувоқлар шилиниб, фреска ва мозаикалар ўз ҳолига қайтарилган.

Аясофия хонақоси

Ҳозирда Аясофия музейининг кичик бир қисми масжид сифатида фаолият юритмоқда. Орадан 85 йил ўтиб, 2016 йил июль ойида масжидда бомдод намози учун азон айтилди. 2016 йил октябрь ойида жомеъга имом хатиб тайинланди. Бу воқеаларга нисбатан Греция давлати норозилик изҳор қилди.

Аясофиянинг ибодат учун қайта очилган кичикроқ қисми

Аясофияни христиан ибодатхонаси сифатида қайта тиклашга уринишлар кўп бўлиб туради. 2007 йили америкалик бир гуруҳ сиёсатчилар “Аясофияни озод қилиш кенгаши”ни (Free Agia Sophia Council) тузиб, бу масалани сенатгача олиб чиқишганди.

Аясофия гумбази

Аясофия масжиди

Аясофия масжиди меҳроби

Аясофия жомеъ масжиди

Дунёнинг энг кўп зиёратчи ташриф буюрувчи музейлари орасида 8-ўринда турувчи ушбу мажмуага кириш билети 40 TL (11,4 $).

 

Турк дунёси ёш ёзувчилари учрашуви

Истанбул сафаридан асосий мақсад Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси ташкил этган «Турк дунёси ёш ёзувчилари учрашуви»да қатнашиш эди.

Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон Қозоғистон, Қирғизистон, Кипр, Косова, Македония, Ироқ, Эрон каби давлатлар ҳамда Олтой, Бошқирдистон, Татаристон, Чувашистон, Гагаузия, Хакасия, Қорачой-Черкесия, Қрим, Доғистон каби ўлкаларидан жами 58 нафар ёш ёзувчи ва шоирлар, мутахассислар қатнашган ушбу учрашувда туркий дунё ёш ёзувчилари бир-бирлари билан танишиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбирда турк дунёсининг уста шоир ва ёзувчиларидан Али Оқбош (Туркия), Анор (Озарбайжон), Тўлен Абдик (Қозоғистон), Исмоил Бўзқурт (Кипр), Усмон Чевиксўй (Туркия) иштирок этиб, ёш ижодкорларга маҳорат дарслари ўтдилар. Докторлар Рамазон Қўрқмас (Туркия), Мустафо Курт (Туркия), Комил Оқарсув (Туркия), Ҳусайн Ўзбай (Туркия), Танер Гучлутурк (Косова) маъруза билан қатнашишди.

«Турк дунёси ёш ёзувчилари учрашуви» очилиш маросимида нутқ сўзлаб, портал ҳақида маълумот бердим ва барча ижодкорларни ҳамкорликка чорладим.

Тадбирнинг маҳорат дарслари қисмида ҳикоя шўъбасида иштирок этдим. Туркиялик ёзувчи,  Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Усмон Чевиксўй ушбу жанрнинг хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Усмон Чевиксўй 20 га яқин ҳикоя, роман ва дарслик китоблари муаллифи. Баъзи ҳикоялари ўзбекчага таржима ҳам қилинган. Усмонбейдан “турк адабиётида сиз энг севиб ўқиган 5 та ҳикоя қайси?” деб сўрадим. Унинг жавоби:

  1. Ömer Seyfettin. Pembe İncili Kaftan (Умар Сайфиддин. Қизил дурли кўйлак).
  2. Refik Halit Karay. Eskici (Рафиқ Холид Қорай. Ямоқчи).
  3. Sait Faik Abasıyanık. Hişt, Hişt! (Саид Фоиқ Абасиёниқ. Ҳишт, ҳишт!)
  4. Tarık Buğra. Oğlumuz (Тариқ Буғро. Ўғлимиз).
  5. 5. Tarık Buğra. Havuçlu Pilav Meselesi (Тариқ Буғро. Сабзили палов масаласи).

Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси, устоз Анор жуда камгап, саволларга аниқ ва лўнда жавоб берар экан. Устозга қуйидаги савол билан мурожаат қилдим:

— Ҳурматли устоз. Ўзбекистонда сизнинг роман ва ҳикояларингизни севиб ўқишади. Ижодкор учун ўзининг ҳар бир асари қадрли. Лекин у қайсидир китобини қийналиб, берилиб, керак бўлса кўз ёш билан ёзади. Сизнинг ҳам мана шундай – юрак қони билан ёзилган асарингиз қайси?

— Ёзувчининг асарлари унинг болалари кабидир. Бир-биридан айириш жуда қийин. Тўғри айтдингиз. Баъзи асарлар юрак қони билан ёзилади. 1981 йили 100 кун ичида ҳам отамдан, ҳам онамдан айрилдим. Ўша дамларда қалбим қийналиб, меҳрибонларим ҳақида “Сизсиз” деган ҳужжатли қиссамни битдим.

 

* * *

Ускудардан Истанбул Европа қисми манзаралари

Истанбулда йўл ҳаракати қоидаларига унчалик ҳам амал қилмасликлари ҳақида аввал ҳам ёзгандим. Айниқса, шаҳарнинг гавжум жойларида бу ҳол яққол сезилади. Ҳам пиёдалар, ҳам транспорт эгалари кўпинча йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунмайдилар. Бунинг бир қанча сабаблари бор: аҳоли ҳаддан зиёда кўп, шаҳар марказида аҳоли оқимига туристлар ҳам қўшилади, ички йўллар жуда тор, икки қитъани боғловчи мавжуд кўприклар транспорт оқимини камайтиролмаяпти (шунинг учун ҳам янги кўприк ва сув ости туннеллари қурилмоқда) ва ҳ. Шаҳарда доим транспорт тирбандлиги (трафик) юзага келади. Истанбул транспорт тирбандлиги бўйича дунёда Жакартадан кейин иккинчи ўринда туради. Шундай бўлса-да, бирон марта йўл-транспорт ҳодисасини кўрмадим. Шаҳарнинг ҳайдовчилари профессионал бўлиб кетишган. Истанбулда энг яхши транспорт метро ва трамвай: вақтида келади, вақтида манзилингизга етасиз. Бошқа транспортларда вақтни чамалаш мушкул.

 

* * *

Дунёдаги ҳеч бир тасвирга туширгич инсон кўзи билан кўргани, кенгликларни ҳис қилганини муҳрлай олмайди. Кўзингиз билан кўрилган ранглар, кенгликлар тасвирда умуман бошқача чиқади. Кўзнинг ҳис қилганларини аппарат ифода эта олмайди. Халқимиз бекорга “минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал” демайди. Тўғри гап: 100 марта ўқиб, томоша қилгандан бир марта кўз билан кўрган афзал!

Тошкент – Истанбул

14-18 август, 2017 йил

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *