Суҳбатдошимиз: Давронбек Тожиалиев
1984 йил, 15 февраль куни Марғилон шаҳрида туғилган.
1990-93 йилларда Марғилон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги 3-ўрта мактабда, 1993-2000 йиллари “Истиқбол” гимназиясида таълим олган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетида (2001-2005) ва Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факултети магистратурасида (2005-2007) таълим олган. АҚШ, Германия, Туркия, Польша, Қозоғистон давлатларида малака оширган.
Илк иш фаолиятини:
– 2001 йил сентябрь ойидан “Маърифат” газетасида мухбир бўлиб бошлаган.
– 2011 йили Нью-Йорк шаҳрида чоп этилган биринчи ўзбек газетаси — “Ватандош”нинг бош муҳаррири бўлган.
– 2004 йилдан бери www.ziyouz.com портали бош муҳаррири.
Давронбек Тожиалиев ташкил этган www.ziyouz.uz сайти 2012-2014 йилларда UZ Миллий домени Интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида биринчи ўринни эгаллаган, -2013 йили ўтказилган “Миллий Интернет танлови” – MIT.Uzда ғолиб бўлган.
2013 йили Интернет-журналистика йўналишида халқаро “Олтин қалам” Миллий мукофотини қўлга киритган.
У Германия ҳамда АҚШ элчихоналари томонидан ўтказилган журналистлар ижодий танловларида ҳам ғолиб бўлган.
400 дан зиёд мақола ва бадиий таржималари матбуотда ҳамда Интернетда чоп этилган.
Энг яхши савол эгасига ўзларини муносиб совғаларини ҳадя этадилар!
— Ziyouz.com сайтини ташкил этишдан мақсадингиз нима эди?
— Бундан 13 йил аввал портлани ташкил этарканман, ундаги илк мақолада мақсадларни шундай баён қилган эканман: “Ziyouz порталини ташкил этишдан мақсад инсонларга ҳақиқий маънода зиё улашишдир. Зеро, зиё деб жисмнинг ўзидан чиққан ёруғликка айтилади. Илм зиёдир, маърифат зиёдир, иймон зиёдир, сабр зиёдир. Бекорга халқимиз илм-маърифатли, иймон-эътиқодли инсонларни зиёли деб атамайди. Улар илм-маърифат орқали инсонларга зиё улашадилар ва икки дунё саодатига эришадилар. Жамиятни фақат маърифат зиёсигина залолатдан сақлаб қолади. Ҳақиқатни англаш, билиш ва уни тарқатиш билан инсон зиёга эришади. Қалбида зиё бўлган зотлар ҳеч нимадан қўрқишмайди. Уларнинг йўлларини зиё ёритади. Зиё уларни улуғликка етаклайди.
Ҳозирги замонда ёшларимизнинг илм-маърифатдан оғиб кетишаётганлари, ўткинчи орзу-ҳавасларга берилиб, ҳақиқатни унутаёзганлари бор гап. Информацион дунёда тараққий этган технология инсонни дангаса қилиб қўяяпти. Инсоният тобора илм-маърифатдан, зиёдан бебаҳра қолмоқда. Ота-боболаримиз эришган илмий-маърифий ютуқларга бугун эришиш эртакка айланиб улгурган. Башарият фақатгина бугунги куни билан яшашга ўрганиб қолмоқда…
Илм-маърифатнинг орамиздан кўтарилиши даҳшат эмасми? Нега ёшлар орасида кучли тафаккур эгалари кам? Навоийлар, Улуғбеклар бизнинг ёшимизда эришган илм чўққиларининг 10 дан бирига биз ҳам етдикми? Нима учун 10 ёшгача Қуръони каримни ёдлаб мукаммал билиш, минг-минг мисра шеърни ёддан айтиш, маълум кашфиётларни ёш бўлатуриб амалга ошириш, жуда кўп тилларни мукаммал билиш ва унда бемалол ижод қилиш каби ҳолатлар оддий ҳодиса эмас? Нега уйимизда кутубхоналаримиа йўқ? Нега илм, китоб талаш эмас? Нима учун кутубхоналаримиз гавжум эмас, бозорларимиздек? Олган кийимимизни мақтаймизу, нега янги ўқиган китобимиздан, олган билимимиздан мақтамаймиз? Биз — ёшлар нега дангаса бўлиб қолдик? Турли хил компьютер ўйинлари, видео билан ҳамнафас ўсаётган кичик ёшлилардан кейин нимани кутиш мумкин? Нима учун илмга рағбат сўниб бормоқда? Бу каби минглаб саволлар зиё истаган кўнгилларни доимо безовта қилиши аниқ. Зеро, бизнинг мақсадимиз ҳам ёшларимизни илмга, зиёга чорлашдир.
Сайтимизни қизиқарли хабарлар, маърифий мақолалар, шеъру ҳикоялар, китоблар, борингки зиё билан тўлдириб бориш бизнинг вазифамиздир. Берилган материаллар сизларда ҳам қизиқиш уйғотиб, озгина маърифий зиё улашган бўлса, ўзимни бахтиёр ҳис этардим”.
— Сайтга жойлаштирилаётган материалларнинг, хусусан, асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи қандай ҳал этилган?
— Порталга киритилаётган мақолалар ва китобларни жойлашда муаллифлик ҳуқуқига амал қилишга ҳаракат қиляпман. Аксарият китоблар муаллифларнинг рухсати билан жойланяпти. Адабий ва илмий журналлар билан ҳамкорлигимиз бор. Уларда чоп этилган мақолалар бизда ҳам эълон қилинади. Муаллифларнинг ўзлари ҳам китобларини юбориб, сайтда эълон қилишимни истаяптилар. Баъзан улар юбораётган китоб ва мақолаларни жойлашга улгурмай ҳам қоляпман.
Бундан ташқари айнан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар бир сайтга «Ушбу манбалардан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади» деган огоҳлантиришни ёзиб қўйганман. Оригинал китоб шаклидаги электрон китобларни эса техник жиҳатдан фақатгина компьютерда ўқиш учун мўлжаллаганман, уларни принтерда чоп этиш техник жиҳатдан мумкин эмас.
— Ҳаммадан яшириб ёзган ҳикоянгиз борми?
— Яшириб ёзган ҳикоям йўқ. Агар ёзган нарсам ўзимга ёқса, уни албатта, бошқаларга ҳам улашгим келади.
— Энг олий орзуингиз?
— Албатта, Яратган Зотни рози қилиш.
— Қилган энг катта хатоингиз?
— Менга Аллоҳ яширган хатоларингни ўзинг ошкор қилма, деб тарбия беришган.
— Ҳозирги Ўзбекистон Президенти мана шундай тажрибали ёшларга катта қизиқиш билдиряпти. Ўзбекистон ичида Давронбекдек тажрибали муттахассис кам топилса керак. Агар сизга Ўзбекистон ҳукумати вазирликдан иш таклиф қилса, қабул қилармидингиз?
— Агар менга маъқул шароит (ижодий эркинлик, бюрократиядан холи, аниқ вақт ва режага асосланган иш) яратиб беришса, хизмат қилишга тайёрман.
— Ҳаётда энг қадрлайдиган нарсангиз?
— Иймон. Кишида иймон бўлса, унда бошқа барча яхши хислатлар ҳам намоён бўлади.
— Германияда бўлганингизда сизни ҳайратга солган нарса нима бўлди?
— Германияда бўлганимда мени энг ҳайратга солган ҳолат давлат ва фуқаронинг ўзаро ишончи бўлди. Фуқаролар давлат мулкини кўз қорачиғидек асрайди. Давлат мулкига хиёнат қилиш оғир жиноят ўлароқ қабул қилинади.
Берлинга келган куним метрога тушмоқчи бўлдим. Икки қаватли бинони кўрсатишди. Кирдим. Биринчи ва иккинчи қаватдан, остки қаватдан ҳам метро юраркан. Битта бекат, лекин линиясига кўра, ҳар хил қаватдан поезд келаркан. Энг қизиқ жиҳати метрога киришда бирон турникет ёки тўсиқ мавжуд эмас. Худди супермаркетга киргандек кираверасиз. Назоратчилар ҳам йўқ. Мен биринчи куни метро бепул бўлса керак, деб роса айланибман. Кейинги кун немислардан сўрасам, табассум қилишди-да, метрога қаердан пул тўлаш кераклигини ўргатиб қўйишди. Метро келадиган станциялар ичида танга ташласангиз сизга кунлик ёки бир марталик билет чиқариб берадиган қурилмалар бор экан. Ихтиёрий равишда шу ердан билет оласиз. Шу билан чиқиб кетаверасиз. Метро вагонида ҳам ҳеч ким билет текширмади. Шундай бўлса-да, немислар давлатни “алдашга” уринишмас экан.
— Журналистикага қизиқишингизга нима сабаб бўлган?
— Бу саволга “Парвона” газетасида жавоб берган эканман (10.10.2013): “Журналистикага ёшликдан қизиққан бўлсам-да, абитуриентликнинг биринчи йили Иқтисодиёт университетига топшириб, ўқишга кира олмаганман. Кейинги йили эса яхшироқ тайёргарлик кўриб, ўзим қизиққаним халқаро журналистика факультетига ўқишга кирганман. Журналистиканинг машаққати журналистнинг холис ва мамнун қила оладиган фикрни айта олишида деб ўйлайман. Маълумки, бирон воқеада, албатта, икки томоннинг манфаати ётади, яъни бирёқлама фикр бўлмайди. Журналист ана шу икки томонни ҳам хафа қилмасдан уларга бирдек маъқул бўла оладиган фикрни айтиши, ифодалай олиши керак деб ҳисоблайман. Маҳмудхўжа Беҳбудий таълим берганидек “Бир кишини тўғрисинда хат ёзилур экан, ўшал одамни ояндаги дўст ва ё душман, яхши ва ямон бўлиши ва аҳволини тағйир топилиши эҳтимолини ёдға тутиб, хулоса ҳар бир ишға дастуриламал ҳикмат бўлғон – «Хайрул умури-авсатуҳо» (Амалларнинг яхшиси ўртачасидир) ҳадиси шарифиға амал лозимдур”. Менимча, журналист ана шу ўрта йўлни танлаши керак. Касбимизнинг машаққати ҳам шунда. Бунинг учун эса журналист топқир ва билимли бўлиши керак деб ўйлайман. Қайси касбни танламанг фидойи бўлиб, ўз ишингизни яхши кўрмасангиз, кўзлаган мақсадингизга ета олмайсиз. Сайт орқали қилаётган ишларим кимгадир маънавий озуқа бераётганидан, ўқишга иштиёқманд инсонларга кўмак бўлаётганидан мамнун бўламан.
— Ziyouz.uz сайтини TAS-IX тармоғига ўтказиш ниятингиз борми?
— Сайт 2011-2014 йилларда tas-ix тармоғида ишлаган. Харажати жуда кўпайиб кетгани учун хорижий серверга кўчирилган. Ҳозирча TAS-IXга қайта ўтказишга моддий имкониятим йўқ.
— Сиз учун энг азиз ва ёқтирган инсонингиз ким? Уларни нима учун ҳурмат қиласиз?
— Оила бу — вужуд, тана. Ундан бир аъзони аро тасаввур қилиш қийин. Ҳар бирлари азиз. Лекин дунёда онадан азизини топиб бўлмас экан. Оила аъзолардан бошқалардан устозлар ва яқин дўстларим бор. Уларнинг илми ва хулқи учун ҳурмат қиламан.
— Саҳобаи киромлардан сизга энг ёқадиганлари ким?
— Саҳобалар — умматнинг йўлчи юлдузлари. Уларни бир-биридан айириб бўлмайди. Барчалари биз учун азиз. Ҳазрати Умардан кўп таъсирланганман: у зотнинг адолати, керак бўлган пайтдаги қаттиққўллиги, Ҳақ учун ҳеч ким ва ҳеч нимани аямаганлиги, у зот туфайли бир қанча энг муҳим ҳукмлар олинган оятлар нозил бўлганлиги…
— Болалигингизда энг эсда қолган ва сизга ҳақиқий болалик ҳиссини туйишга ёрдам берган воқеа қайси?
— Менинг болалигим қайта қуриш йиллари ва мустақилликнинг бошларида кечган. Бу давр халқимизнинг янги давр шамолларидан илк нафас олиб, ўзини, ўзлигини, динини англай бошлаган пайтлар эди. Болаликнинг энг ажиб хотиралари ҳам шу жараёнлар билан боғлиқ.
Илк намоз ўқишни ўрганганим, ҳар намозни интиқлик билан кутганларим, ажиб ҳаяжон ичида намоз ўқиганим… Аввалига ота-онам ўргатгандек намоз ўқий бошладим. Кейин дуоларнинг ҳаммасини ёдлаш қийин бўлганидан китобга қараб ўқидим. Ўша пайтлар жудаям мароқли эди. Намоз вақти киришини интиқлик билан кутардим. Ҳатто намозларни вақтидан аввал ўқиб олганимда, дадам: “Ҳозир нимани ўқидинг”, десалар. “Пешинни”, дердим. “Ҳали азон чақирмади-ку!” Кейин яна бирга ўқийверардик.
Кейин масжидга чиқа бошладик. Бизнинг тенгқур ёшлар ўша пайтда ҳаммаси Исломга қизиққан, энг камида “Муаллими соний”дан таълим оларди. Биргалашиб масжидга чиқардик. Эрталаб ким бомдодга эрта турса, бошқа болаларни уйғотар эди. Кейин масжидга борардик. Айниқса, чоллар бизни жудаям яхши кўришарди. гарчи қироатимиз яхши бўлмаса-да, намоз сўнггида бизга Қуръон ўқитишарди. Қизиғи, биз 7-8 яшар болалармиз-у, лекин бизни ўзлари билан наҳорги ош-у маъракаларга олиб кетишарди. Давранинг азиз меҳмони бўлиб ўтирардик. Чунки имомимиз бизни яхши кўрганидан олдига олволарди. Менга энг ёққани чолларнинг суҳбатлари эди. Бизга ўзлари билган диний, ҳам дунёвий таълимни беришдан, бизга тушунтиришдан эринишмас эди. Айниқса, маҳалламиз, опоқдадаларимизнинг қилган ишлари ҳақидаги гўзал суҳбатлар бизга шижоат бағишлар эди… Ҳозир ўша нурли қарияларнинг 1-2 нафари қолди, холос. Қолганлари ўтиб кетишди, Аллоҳ уларни раҳмат қилсин. Ўшанда ҳақимизга кўп дуо қилишган эди.
— Сиз севган ва тавсия қиладиган 3 та китоб қайси?
— Қуръони карим, ҳадиси шарифни санаб ўтирмайман. Зеро, булар ҳар бир мусулмоннинг ҳаёт тарзига муҳрланиши керак деб ўйлайман.
Ўзбек адабиётидан “Ўткан кунлар”ни мароқ билан ўқийман. Қодирийнинг жасоратига тан бераман.
Жаҳон адабиётидан Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”и, Румийнинг “Маснавий”сини тавсия қиламан. Буларни шеър ёки дидактик асар деб эмас, ундаги мантиқ, ҳикматни англаб мутолаа қилинса, кўнгилдагидек натижа беради.
Атоуллоҳ Искандарийнинг “Хислатли ҳикмат”ларининг Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳ шарҳидан кўп нарса олдим.
— Сиёсатга аралашмай, у билан қизиқмай яшаш сизнингча қанчалик тўғри ёки нотўғри? Фуқаронинг сиёсат билан муносабати қандай бўлиши керак?
— Жамиятимизда янглиш бир фикр шаклланган: “яхши яшамоқчи бўлсанг — сиёсатга аралашма”. Одатда сиёсат билан қизиқиш, дунёдаги ва юртимиздаги сиёсий жараёнларни кузатиб бориш, бу ҳақда шахсий фикр билдириш каби фуқаролик ҳуқуқини ҳам сиёсатга аралашиш дея тушунишади. Бу нотўғри тушунча. Ҳар бир фуқаро мамлакатнинг сиёсий аҳволидан хабардор бўлиши керак. Зотан, фуқаронинг хавфсизлиги, жамиятнинг иқтисодий барқарорлиги айнан сиёсат билан боғлиқ.
— Сайтингиз нотижорат сайт. Сир эмаски, уни сақлаш, тўлиқ фаолиятини таъминлаш, ҳимоялаш ва ривожлантириб бориш маблағ талаб этади. Мана шу харажатларни молиялаштириш манбалари нима?
— Бу саволни кўпчиликдан эшитишга тўғри келади. Сайт ҳеч қандай иқтисодий манфаат келтирмайди, десам негадир ишонгилари келмайди. Лекин ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо сайт ортидан топган маънавий фойдани айтиб адо қилиб бўлмайди. Портал маълумотларини тайёрлаш жараёнида кўп нарсаларни ўрганаман. Мана шу камтарона хизматим юртимиз Интернет фойдаланувчилар, билимга чанқоқ ёшларимизга оз бўлса-да фойда келтираётган бўлсам, мақсадимга эришаяпман деб ҳисоблайман.
Бу йилдан Яндекс рекламани жойладим. Шу харажатларни қоплаб турибди.
— Телевидение журналистларига нима етишмайди деб ҳисоблайсиз?
— ТВ журналистларимизга журъатдан ҳам кўра, тажриба етишмайди. Уларни нуфузли телерадиокомпанияларда ўқитиб, ўшалардек шароит, техника билан таъминланса, бизда ҳам ТВ анча жонланади. Ички цензура ҳали ҳам бордек, назаримда.
— Инсон бирор-бир ютуққа эришишида қобилиятнинг қанчалар ўрни бор? Ҳозирги кунда қобилият сўзининг ёнига имконият сўзи ҳам қўшилган. Сизнингча, қайси бирининг ўрни катта?
— Гапингизда жон бор. Қобилият бўла туриб, имконият, қўллаб-қувватлов бўлмаса ютуққа эришиш камдан-кам бўлади. Буюк олимлар ҳаётини ўқисангиз бунга амин бўласиз. Аввало ота-она, устозларнинг қўллаб-қувватлови фарзанднинг камолотида муҳим ўрин тутади. Тарихда бой кишилар даврнинг қобилиятли ёшларини ўз қўлловига олиб, уларнинг ўқиши, камолоти учун сармоя сарфлаганлар. Натижада кучли олимлар етишиб чиққан.
— Ижтимоий тармоқлар ичида ҳозирги кунда энг ривожлангани Фейсбукдир. Uz доменли яхши ишлайдиган сайтлар, тармоқлар яратиш вақти келмадимикин?
— Янгидан велосипед яратиш ҳеч қачон фойда келтирмаган. Фейсбук — улкан балиқ. Бошқаларни фақат ютади. Зотан бир неча ўнлаб миллий ижтимоий тармоқлар очилди-ю ёпилди. Ишлаётганлари ҳам гавжум эмас. Ундан кўра, мана шу Фейсбук майдонидан хайрли мақсадларда фойдаланавериш керак.
— ОАВ га тўла эркинлик берилишининг қандай фойда ва зарарлари бор?
— Агар ОАВ ва давлат қонун ва этика доирасида фаолият юритса, бундан фақат фойда бор.
— Китобхонлик ва маърифат улашишда беқиёс меҳнат қиляпсиз. Ҳавасдаман. Кўпгина хорижий сафарларда бўлгансиз. Ўша давлатлардаги китобхонлик даражаси билан юртимиздагини солиштирилса, қандай ишлар ёки лойиҳалар қилиш лозим деб ўйлайсиз?
— Бу ҳақда мақола ёзган эдим: Энг китобхон миллат бўла оламиз(ми)!?
— Коррупцияга ечим нимада деб ўйлайсиз?
— Ҳақиқий маънода қонун устуворлиги ва коррупция учун аёвсиз жазо чоралари уни йўқотиш учун ечим бўла олади, деб ўйлайман.
— “Сизнинг муҳаббатингиз” ҳақида бирор хотира улашсангиз.
— 04.12.2004. Дунёдаги энг яхши кўрган инсоним билан роса йиғлашдик. Ҳа, мен жонимдан ортиқ севган инсоним мени мендан-да кучлироқ севади, буни унинг ҳар нафасидан сезиб тураман. Унинг сўзлари мени янгидан ҳаётга келтиради. Телефон қўнғироғимни қанчалик интиқлик ила кутишини, мени ўйлаб йиғлашини, мени деб ҳатто тунларидан бедор қолишини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Мен унга совға қилган арзимас нарсани ҳам ҳаммага достон қилади, уни мен берганим билан фахрланади, менинг ҳар бир муваффақиятларимдан боши кўкка етади.
Ундаги муҳаббатни сўз билан таърифлашнинг иложи бормикан? Меҳр-муҳаббатнинг бундан ортиқ кўриниши бормикан? Мен эса уни у ардоқлагандек ардоқлай оламанми? Нега менсиз яшай олмаслигини, ҳафтада атиги бир мартагина қиладиган қўнғироғимни интизор кутишини ҳис қилмайман? Ёки мени ўйлаб егани ичига тушмаётганлиги, мудом йиғлашини нега тушунмайман? Нега бир оғиз ширин сўзимни ундан қизғонаман?
Ахир унинг шаънига тонналаб олқиш ёғдирса арзийди-ку! Ёки шундайин ишбилармон бўлиб кетдимми? Баҳонани қаранг: “Ишлар кўпайиб кетиб телефон қила олмадим”. У ёқдан жавоб келади: “Ўтган ҳафтадан бери телефонга зор термуламан. Ҳар бир қўнғироққа илинж ила қулоқ тутаман, чоршанба кутдим, шанба кутдим… телефон ҳам кўзимга дунёдаги энг ёмон махлуқдек кўриниб кетди”. Ва ниҳоят душанба куни телефон қиламан: гўшакдан унинг дунёда тенгсиз овози эшитилади. У йиғлар эди… Мен ҳам йиғладим…
Мен сизни ҳаммадан яхши кўраман – ОНАЖОН!!!
— Илк хорижий сафарингизда сизни ҳайратга солган воқеа қандай бўлган эди?
— Илк хорижий сафарим Польшага бўлган. Варшаванинг марказий кўчасида кетяпман. Ўша кунлари Руминия Республикаси президенти Варшавага келган эди. Узоқдан икки давлат байроқлари илинган президент кортежи кўринди. Улар чорраҳага яқинлашганида қизил чироқ ёнди. Президент кортежидаги барча машиналар тўхтаб, яшил чироқ ёниши билан яна йўлда давом этишди. Мен бундан жуда ажаблангандим.
— Омадга қай даражада ишонасиз?
— Биз тушунган кўп омадларнинг остида қаттиқ меҳнат ётади. Меҳнат қилган омадга эришади. Баъзилар тушунчасидаги фавқулодда омад эса шунчаки тасодиф холос.
— Қачон ўзингизни ожиз ҳис қиласиз?
— Ўлим олдида.
— “Аёл кишининг бахти – оиласида”, дейишади. Эркакники-чи?
— Эркакнинг ҳам бахти оиласида. Оиласидан бахт топмаган эркак ҳеч қачон кўчадан бахт тополмайди.
— Агар сиз Пайғамбаримизни (с.а.в.) кўриш бахтига муяссар бўлганингизда биринчи бўлиб нима деган бўлар эдингиз?
— Ассаламу алайка я Ҳабибаллоҳ, дея олсам, дердим. Ул зотни кўрганда тиллар, кўнгиллар қай ҳолатга тушишини тасаввур ҳам қилолмайман.
— Интернет тармоқларида ўтирган (бекорчи) ёшларга муносабатингиз қандай? Қолаверса ёшларга интернет тўловини қимматлаштириб, TAS-IX тизимини ривожлантирса бўлмайдими?
— Интернет тўловининг арзон ёки қиммат эканлиги мавжуд муаммоларни еча олмайди. Тарбияни оиладан бошлаш керак. Оилада яхши тарбия кўрган бола ҳеч қачон бекорчи бўлмайди. Кўпинча, мана, интернет чиқиб болалар ўқимай қўйди, дейишади. Лекин айни шу интернет асрида ҳам 7-8 ёшида Қуръонни тўлиқ ёдлаган, ёш бўлишига қармай илм-фанда катта ютуқларга эришаётган, турли тилларни ўрганаётган болалар чиқмоқда ва уларнинг сони аввалги авлодга нисбатан кўпроқ. Демак, ёшларнинг дангасалиги сабабларини интернетдан эмас, оиладан, тарбиядан қидириш керак.
— Ҳаётдаги шиорингиз?
— Ҳазрат Румийнинг “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!” ҳикматини доим эслаб юраман.
— Сизни бу даражага етишингиз ким сабабчи бўлган?
— Ота-онам.
— Фарзанд тарбиясида энг катта аҳамият берадиган нарса нима?
— Фарзанд тарбиясидаги энг муҳим нарса ўзингизни тарбиялашдир. Инсон ўзини тарбияламай туриб фарзандга тарбия бера олмайди.
— Агар бирон танловда иштирок этиб, шу танловда ғолиб бўлсангиз, сизга совринга 2 та чипта берилса, ким билан ва қаерга борган бўлар эдингиз?
— Дейлик совринга Ҳажга икки кишилик чипта беришди. Энг катта орзуларимдан бири онам раҳматлини Ҳажга олиб бориш эди. Ўзим бир неча марта, онам 24 марта (санаб юрардилар) тушда Ҳажга бордик. Охиратларини обод қилсин. Ўша иккинчи чиптага отамни олиб Ҳажга борардим.
— Кўп давлатларда бўлгансиз, у ердан олган таасуротларингиз асосида Ўзбекистонда ёшлари учун фойдали қандай лойиҳа таклиф эта оласиз?
— Таълим учун scholarship ажратадиган хусусий фондларни очиш керак. Масалан, менда пул бор. Халқим учун хизмат қилмоқчиман. Шунингдек, бизнесим учун келажакда яхши кадрларга эҳтиёжим бор. Ўқувчи-талабалар орасидан энг қобилиятлиларини танлов асосида танлаб оламан-да, фонд маблағлари асосида уларни ўқитаман. Моддий қўллаб-қувватлайман. Кейинчалик улар халқимга ва менинг бизнесимга катта фойда келтиради.
— Зиёуз сайтида олдин форум, танловлар бўлган экан. Ҳозир ҳам танловлар ўтказиб турибсиз лекин, назаримда ўша пайтдаги танловлар жуда кенг қамровли бўлган. Яна шундай танловлар ўтказиш ниятингиз борми?
— Ҳа. Форумда жуда яхши танловлар ўтказар эдик. Кейин ҳам мақолалар, таржима танловлари ўтказдик. Форумнинг муваффақияти унинг оммавийлигида эди. Форумимиз оммавий бўлган пайтлари Фейсбук каби ижтимоий тармоқлар йўқ ёки оммалашмаган эди. Ҳозир форумларнинг вақти ўтди. Ижтимоий тармоқлар трендга чиқди. Эртага яна бошқа тармоқлар трендга чиқиши табиий.
Яқинда, “Энг яхши ҳикоялар-2” танловини бошлаймиз. Иншааллоҳ фаол иштирок этасизлар, деган умиддаман.
— Саводхонлик даражамиз ҳақида нима дейсиз?
— Биз бир асрда 4 та имлони кўрган (араб-лотин-кирилл-лотин) дунёдаги кам сонли миллатлардан биримиз. Имло борасида ҳалигача камчиликларимиз, ҳал этилмалар муаммоларимиз бор. Буларни тўлиқ ҳал этмагунча юқори саводхонлик ҳақида ўйлаш мушкул.
— Ҳаётда топганларингиз ва йўқотганларингиз.
— Аслида узоқ жавоб бериладиган савол. Йўқотганларимдан топганларим кўп бўлди. Аллоҳ мени яхши инсонларга учратди. Улардан кўп нарсани ўргандим. Энг асосийси, Аллоҳ ёшликнинг шаҳват тўла ҳаётида хаёлни илмга буриб қўйди. Ана шу катта топганим бўлди. Энг катта йўқотганим — онам. Мусофирлик билан бўлиб, ёнларида кўпам туролмадим…
— Ҳаваскор журналистларга қандай тавсиялар бера оласиз?
— Меҳнат қилмасдан машҳурлик ва муваффақиятга интилманг. Аввало қатъий бир режа тузиб олинг. Сиз тақдим этмоқчи бўлган лойиҳа аввал қилинмаганига эътибор қаратинг. Чунки, бир хил нарсани такрорлашдан фойда йўқ. Маълумотларнинг сифати ва сонини кўпайтиринг. Интернет техникаси ва озроқ журналистик саводхонлигингизни оширинг. Бир нарсани ёдда тутинг. Интернет-лойиҳани ишга тушириш учун катта маблағ талаб қилинмайди. Муҳими, уни бошлаш ва давомийлигини таъминлашдир.
— Қайси хислатингиздан ўзингиз қониқмайсиз?
— Илтимосларга оқибатини ўйламасдан хўп деб юбориш.
— Келажакдаги журналистик фаолиятингизни қандай тасаввур қиласиз?
— Келажакда халқимизга холис хизмат қиладиган, эркин ва профессионал янгиликлар ва таҳлил хизмати ташкил этиш ниятим бор.
— Агар суҳбатдошингиз журналист бўлса, унга берадиган энг муҳим саволингиз қандай?
— Журналистнинг кимлигига боғлиқ. Мутахассислигига кўра, савол берардим. Масалан, қаршимда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот котиби бўлса, ундан Андижон шаҳар ҳокимининг оғзидан чиққан уят сўзларга муносабатни сўрардим.
— Агар журналистлар ошкора фаолият юритганда ўша ҳокимнинг таъзирини бериш мумкинмиди?
— Агар бизда журналистика очиқ-ойдин бўлганда оғзизўр ҳокимларнинг тилидан бундай мараз сўзлар асло чиқмасди.
Ривожланган давлатларда чиновниклар журналистлардан ўлгудек қўрқади. Бирон ножўя ҳаракат ёки сўзи орқали журналистлар сабаб шарманда бўлиш ва ишидан ажралишдан қўрқади.
— Илм, Китоб, Пул. Сиз учун ҳаётда қайси бири энг керакли?
— Илм. Керакли илмни пухта эгалласангиз, китоб ҳам келади, пул ҳам.
— Ютуқлар ва омадлар дӯстлар сонини оширдими? Дўстлар ҳам баъзан панд бериб қўйдиларми?
— Дўстларнинг кўпайишида ютуқ ва омаднинг таъсири йўқ, назаримда. Аллоҳ менга кўпроқ холис дўстларни йўллади. Манфаат сабабли дўст бўлганлар ўша манфаат битганга қадардир.
— Ўзингизга ёқмайдиган камчилигингиз?
— Ёшлигимда аниқ фанларни яхши ўрганмаганман. Ёшликда китоб, илм ўқишни ғанимат билиш керак. Улғайиб, елкангиздаги масъулият ортиши билан ўқишга вақт ва имкон ҳам аввалгидек бўлмайди.
Мактабдаги аниқ ва гуманитар фанларни ёшликда яхшилаб ўқиб олиш керак. Бу сизнинг келгуси ҳаётингизда жуда асқотади. Ёшлигимда математиканинг тенгламалари, тангенс-катангенслари нимага керак деб эътиборсиз бўлардим. Энг катта камчиликларимдан бири ёшликда математикани яхши ўқимаганимдир.
— Олий маъҳад ва мадрасаларда Қуръон ва араб тили курслари очилмоқда. Масаланинг қизиқ томони шундаки, 60 та ўринга бир неча юз одам кўз тикиб турибди. Табиийки, уларни имтиҳон асосида қабул қилиб бўлмайди. Сизнингча, бу масалани қандай қилиб адолатли ҳал қилса бўлади?
— Маълумки, бизда етишиб чиқаётган қориларнинг барчаси ҳам мадраса ёки Тошкент Ислом институтига кира олган эмас. Ҳужжати йўқлиги учун масжидларда имом, ноиб, муаззин, намоздан кейин Қуръонни ўқиб берувчи қори бўлолмаётган йигитларимиз бор. Аввало шуларга имкон бериш керак. Токи қўлларида бир ҳужжат бўлсин, шу билан динимизга қўрқмасдан хизмат қилсинлар. Балки бундан кейин ўринлар ҳам ошиб қолар. Масжидлар ҳузурида ҳам Қуръон курслари очилади, деган эди муфтий ҳазратлари. Яхшиликни умид қилавериш керак.
— Минглаб китобларнинг электронлаштириш жараёни қандай кечган?
— Чин дилдан истаб, имкон борича ҳаракат қилинган. Аксарият китобларни ўзим скан қилганман. Охирги йилларда муаллифларнинг ҳам ўзлари йўллашяпти. Ҳалигача скан қиламан. Зерикарли иш. Лекин йўлини топганман. Скан қилиш билан параллел равишда яхши ҳужжатли ёки бадиий фильм томоша қиламан ёки аудиокитоб эшитаман. Агар китоб қизиқарли бўлса, скан қилиш жараёнида кўз югуртириб чиқаман. Китобни варақлаш ҳам инсонга мароқ беради. Ҳеч бўлмаганда мундарижасини ўрганасиз. Миянгизга нимани қаердан топиш мумкинлиги ҳақидаги информация жойлашади.
— Ҳозирги кунда порталдаги китобларнинг ҳажми қанча бўлди?
— Тозаланиб, ҳажми қисқартирилиб, сайтга жойланган китоблар сони: 9454 та, 60 ГБ.
— Ватан, тинчлик, ёки муҳожирлик, нотинчлик… булар ҳақида кўп ўқиганмиз, деярли ҳар кун бу сўзлар ёзилган сатрларга кўзимиз тушади. Лекин, ҳаловатли сокинлик ҳақида шундай бир гап айтингки, уни ман статусимга қўяй. Бу статусга қарасам сизни, сизни эслаганда эса мана шу гапингиз билан кўнгилга тарбия берайин.
— Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
— Ҳаётда сизни яна ҳам кучли бўлишга ундаган воқеа қайси?
— Ёш бола эдим. Бир кун холамларникига бордим. Гап орасида холамнинг эрлари мени суҳбатга тортдилар. Шукр ҳақида гап кетди. Ёш боламан, шукрнинг моҳиятига ҳали тўлиқ ертмасдим.
Шунда менга тушунтирган эдилар:
“Мана бу шкафларни кўряпсизми?” (улар уста эдилар)
“Ҳа”.
“Қаранг. Барчасида бир хил ерида тортқич, очгич, илгичи бўлсин, нуқсонсиз бўлган, лекин шундоқ кўрганда кўринишда бир-биридан жуда катта фарқ қиладиган нечта шкаф ясаш мумкин?”
“Билмайман”.
“Нари борса 10 та ясай оларман. Яна кимдир 20 та ясаши мумкин. Давронбек, дунёда нечта одам бор?”
“… миллиард”.
“Уларнинг ҳаммасида бурун бор, кўз, қош, киприк, оёқ-қўл… Лекин нимага ҳаммаси бир-бирига ўхшамайди?”
“…”
“Чунки уларни Аллоҳ яратган. Аллоҳнинг қудрати мана шунда. Шунақа қудратли зот бизларни бус-бутун қилиб яратиб қўйгани учун шукр қиламиз…”
Шу гап бир умр эсимда қолган…
— Волидаи мухтарамангиздан сизга мерос бўлиб қолган ва сизни доим олдинга ундаб тургувчи сўзлар қандай?
— Онам вафот қилишларидан олдин кўп насиҳат қилдилар. Уларнинг баъзиларини ўзларининг кундаликларига (онам кундалик ёзардилар) битиб қўйгандим. Худо хоҳласа, ўша битикларни ҳам тақдим этиш ниятим бор.
— Ота-онангиздан сизга қолган энг катта мерос қайси?
— Маънавий меросни санаб тугатиб бўлмайди. Моддий мерос сифатида менга теккан энг азиз совға — 19-асрга оид, сулоламиздаги илмли кишилар ўқиган ва сақлаб келган Қуръони каримнинг қўлёзма нусхасидир.
— Бизнинг мамлакатимиз, халқимизнинг энг катта ютуғи, бошқалардан ажралиб турувчи жиҳати нимада деб ўйлайсиз?
— Ўзимиздагидек ўзаро меҳр оқибат, самимийликни дунёнинг бошқа еридан топиш қийин. Сахарги тўйлар, маросимлар, ифторликларда файз бор. Гарчи қориларимиз жаҳон миқёсида ўрин ололмаётган бўлса-да, Рамазон хатмларидаги файз умуман бошқача. Шунингдек, Ўзбекистонда тотли мева еб юрган одам бошқа жойнинг меваларига кўниколмайди. Ўзбекистонда бўлган меҳмонлар энг кўп меваларимизни эслашади.
— Ҳаётингизда қийин пайтлар бўлганми? Бугунги ютуқларингиз ана ўша қийин кунларга қилган сабрингиз ва ҳаракатларингиз меваси деб ўйлаганмисиз?
— Албатта, яхши нарсаларга осонлик билан эришиб бўлмайди. «Зиё истаган қалблар учун» лойиҳаси илк бор интернетга жойланган пайтларда домен ва хостинг тўловлари анча қиммат бўлганлиги боис (мен эса стипендияга яшайдиган талаба эдим) сайтни narod.ru портали таркибида суб-домен орқали бошқарардим. 2006 йили Ziyouz портали расман «мустақилликка эришди». Турли бепул, лекин хархашали ҳостинглардан қочиб, мустақил равишда www.ziyouz.com номи остида янгидан фаолият бошланди. Дастлаб Россиядан олинган хостинг 50 Мб ҳажмда эди. Ойига эса 1000 Мб траффик бериларди. Бу траффик эса ойнинг 10-15 кунида тугаб қолар, қолган кунлари сайт ишламай турарди. Кейинчалик яна бошқа хостингга ўтганман.
Порталда ишлаш мен учун — ўзим ёқтирган машғулот. Бу мени тарбиялаган шу халқ учун холис хизматимдир. Лекин молия сабаб бўлиб битмай қолган лойиҳаларим ҳам бўлган. Чунки, бир ўзим ишлаганим боис кўп нарсаларга улгуролмаяпман. Лекин аста-секинлик билан бўлса-да, битмай қолган лойиҳаларни амалга ошириб, тақдим этишга ҳаракат қиляпман.
Портални дастлаб ташкил этган йилларим «бекорга вақтингни сарфлаяпсан, ундан кўра пуллик иш қилсанг бўлмайдими», деганлар кўп бўлди. «Сен тенгилар аллақачон машина олиб, участка қурди. Сен бўлганг қопдек сумкангни кўтариб, ҳалиям кутубхонанинг чангини тозалаяпсан…» дейдиганлар ҳозир ҳам бор.
— Хоббийингиз нима?
— Луғат варақлаш.
— Доим мутолаа қилиб юрадиган, ҳар сафар ўқиганингизда ўзингиз учун янги фикрлар, ғоялар оладиган китобингиз қайси?
— Тафсири Ҳилол (электрон версияси).
— Журналистикани мустақил ўрганиш мумкинми?
— Баъзи давлатларда журналистика факультетлари йўқ. Ҳозир имконият кўп. Мустақил ўрганса бўлади. Онлайн курслар ҳам талайгина. Лекин бир устозни ушлаш самаралироқ.
— Ўзбек журналистикасини ислоҳ қилишга сизни бош қилишса, ишни нимадан бошлар эдингиз?
— Соҳадаги эскича фикрлайдиган кадрларни алмаштиришдан.
— Агар бирор ким “қандай мавзуда бўлмасин, қайси китобни ўқишни тавсия қиласиз” деганда хаёлингизга биринчи қайси китоб келади?
— “Саодат асри қиссалари”. Жуда силлиқ китоб. Алоҳида билим талаб қилмайди. Исломдан бегона кишилар ҳам бемалол ўқиши мумкин.
— Моддий тарафдан қийналган пайтингизда бошқа касб танламаганингиздан афсусланганмисиз? Таваккалчимисиз?
— Ҳеч қачон афсусланмаганман. Аввал шароит яратиб, сўнг таваккул қилувчиман.
— Касб тақозоси билан бошқа давлатга кўчиб кетиш имкони бўлса нима қилардингиз?
— Агар ўзим қизиққан соҳа бўлса, яхши шароит бўлса, борардим. Лекин доимийга эмас.
— Дунёдаги барча ўзбекларнинг бирлашиши учун қандай йўл тутишимиз керак?
— Аввало дунёда яхши имижга эга бўлишимиз керак. Ҳозирча дунё оммавий ахборот воситаларида террорчилар(имиз) билан “машҳур” бўлдик. Илм, технология, кашфиётлар соҳасида ўзимизни кўрсатсаккина дунёда миллат сифатида олдда кўринамиз. Миллатнинг локомотивлари — зиёлилар. Зиёлилар дунёга чиқиб, ўзини кўрсатса, бирлашув ҳам албатта бўлади. Илм бизни бирлаштирмаса, бошқаси жипслаштиролмайди.
— Инсонларда китобга, илмга бўлган қизиқишни ошириш учун мамлакатимизда қандай ислоҳотларни амалга ошириш лозим деб ўйлайсиз?
— – республикамиздаги мавжуд барча кутубхона, музейларнинг тўлиқ онлайн каталогларини тузиб, интернетда мунтазам ишлашини йўлга қўйиш керак. Токи, ўқувчи, қаердан қандай манбани топиш мумкинлигини билсин.
– ўзбек Wikipediaсини ривожлантириш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, ёшларни рағбатлантирган ҳолда жалб этиш керак. Wikipedia — очиқ энциклопедия. Токи биз Ўзбекистон ҳақида ҳаққоний ахборотларни жойлашни бошламас эканмиз, бу манба ҳам нохолис ахборот майдонига айланиб қолиши мумкин.
– ўзбек тилида чиққан энциклопедия ва луғатларнинг электрон вариантини тайёрлаб, интернетга жойлаш керак (худди Яндекс словары каби). Токи ўқувчи ўзига керак бўлган сўз ва атамаларни қийналмай топа олсин.
– мавжуд онлайн кутубхоналар фаолиятини рағбатлантириш лозим.
– барча газета, журнал, бюллетень ва ахборотномаларнинг сайтлари ташкил этилиб, барча мақолалари ва архиви жойланиши керак.
– маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган мумтоз адабиёт, тарихимизга оид китобларнинг аудио вариантларини ишлаб чиқиш ва интернет орқали тақдим этиш.
– Онлайн танлов, викториналар ташкил этиш. Бу орқали ёшларни китоб ўқишга ўргатиш мумкин. Саволларга жавоб топиш асносида улар кўп маълумотларни ўрганадилар. Маънавиятни тарғиб этишга масъул ташкилотлар мана шундай тадбирларга хомийликни зиммаларига олишса, икки томонга ҳам манфаатли бўлади.
— Ижодкорлар кўпинча тунда ёки сукунатда ижод қилишади. Сиз мақола ёзишда, таржима қилишда нимадан илҳом оласиз?
— Мен мақола ёзишим учун нимадир туртки бўлади. Ўзимдан ўзим ўтириб, ҳозир фалон мавзуда ёзиб ташлайман дея олмайман. Ёзсам ҳам кўнгилдагидек чиқмайди. Турткини эса жамиятдан оламан, кундалик воқеалар, янгиликлар туртки беради. Бунда одатда вақт ва маконнинг аҳамияти бўлмайди.
— Қайси тилларни биласиз?
— Ўзбек, рус, инглиз, турк ва баъзи туркий тилларни биламан. Араб ва форс тилларида луғат билан ўқий оламан.
— АҚШ ва Германия элчихоналари танлови ғолиби бўлган экансиз. Бу қандай танлов эди?
— Бу ўша давлатларга тегишли мавзудаги мақолалар танлови эди. Ушбу мақолаларим билан ғолиб бўлган эдим:
Германияда Ислом: кеча ва бугун
— Билл Гейтс йилига 50 та китоб ўқир экан. Уоррен Баффет бир кунда 300 бет китоб мутолаа қилади! Китоб ўқиш учун машҳур миллиардер бўлиш шарт эмас, албатта! Ўзбекистонда энг кўп китоб ўқийдиган инсон кимлиги билан қизиқиб кўрганмисиз? Дарвоқе, ўзингиз йилига нечта китоб ўқийсиз?
— Наполеон дақиқасига 2000 та сўзни ўқий олган. Бальзак ярим соатда 200 бет китоб ўқиган. 95 % инсонлар дақиқасига 210 сўз ёки 2 дақиқада 1,5 саҳифа китоб ўқийдилар. Баъзи генийлар 1 дақиқада 4000 та сўзгача ўқий олганлар. Бунда ўзига хос вертикал ўқиш техникасидан фойдаланишган, дейишади. Бундан ўқиш техникаси мен учун ҳам қизиқ.
Ишимиз сабаб деярли ҳар куни бирон китобни варақлашга тўғри келади. Нимадир албатта ўқийман. Алоҳида, яхлит, катта, яхши китобни тушуниб ўқисам ойига 2 та китоб ўқишим мумкин. Шунда йилига 24 та бўлади.
Ўзбекистонда энг кўп китоб ўқийдиган инсон кимлигини билмас эканман.
— Ҳаётда мағлубиятга (омадсизлик) учраганмисиз? Бундай вақтларда нима қилиш керак?
— Ҳа, албатта, мағлубиятсиз, танқидсиз келажак йўқ. Ҳар бир мағлубият остида гарчи сизнинг наздингизда у асоссиз бўлса-да, бир фойда ётади. www.ziyouz.comнинг шу даражага етишида мағлубият ва танқидларнинг ўрни катта. Зеро, фақатгина мақтов эшитавериш инсонни дангаса қилиб қўяди, у ўсишдан тўхтайди.
— Вақтингизни қандай тақсимлайсиз? Уни тўғри сарфлаш йўлида қандай маслаҳатлар бера оласиз?
— Мен одатда узоқ муддатли режалар тузмайман. Лекин кунлик режамни тузиб оламан. Бунда албатта қоғоз-қалам(ручка)дан фойдаланаман. Онлайн дастурлар ҳам бор албатта. Лекин табиий нарса билан ёзиб-ўчиришга нима етсин. Ишга кетаётиб бажаришим керак бўлган ишларни режалаштираманда, ишга келиб, кундаликка ёзиб қўяман. Шу асосда ишни ташкил қиламан. Агар ортиқча вақтингиз бўлса, кундалик ёзиш ҳам зарар килмайди. Бу кейинчалик ишларни янада тўғри тақсимлашга ёрдам беради. Инсон унутувчан. Ҳаётимиздаги кўп ишлар хотирадан ўчиб кетади. Кундаликни ўқиб шу воқеаларни эсга оласиз, фикр қиласиз.
— Баъзида ҳамма нарсадан ва ҳаммадан кўнглингиз тўлмай қолган пайтингиз бўладими? Ким ёки нимадан таскин топасиз?
— Инсонда бунақа кайфият бўлиб туради. Бунинг энг яхши давоси — Қуръони каримни эшитиш ёки ўқишдир.
— Инсоннинг тақдири ўз қўлида дейишади. Тақдири илоҳий эса Аллоҳ таоло томонидан битиб куйилган. Бунга сизнинг шахсий фикрингиз қандай?
— Бу жуда нозик масала. Аллоҳ таоло ўз илми ва иродаси билан ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб яратган. Яратганнинг илми, муқаддас сифатлари чексиз. Уни инсон тасаввур ҳам этолмайди. Аллоҳ таолонинг бандаларининг ҳамма ишини, маҳлуқотларга боғлиқ нарсаларни аввалдан билиб уни тақдир қилган. Яъни, Аллоҳ таоло ўз илми билан банданинг ҳар бир ҳаракатини билади. Бунда ихтиёр банданинг ўзига берилган.
Аллоҳ бандага уларни ажратиб олиш учун ақл неъматини ҳам берган.
Қазои қадарни баҳона қилиб масъулиятдан қочиш мумкин эмас. Бир ўғри ҳазрати Умарга «қазои қадар шу экан, ўғрилик қилибман, нега энди қўлимни кесасиз» деганида, у киши «Сенинг ўғрилик қилганинг қазои қадар бўлса, менинг бу жиноятинг учун қўлингни кесишим ҳам қазои қадардир» деганлар.
— Ўзбек тилимиз, маданиятимиз, урф-одатлар ва менталитетни сақлаб қолишда ТВдаги айрим кўрсатувлар ва уларнинг шевада гапирувчи бошловчиларини тартибга солиш бўйича қандай таклифингиз бор?
— Албатта, тилимиз софлигини сақлашда ТВнинг ўрни беқиёс. Афсус сўнгги йиллардаги киноларимиз, баъзи каналларимиздаги шоулар сабаб тилимизнинг софлигига анча путур етди. Матбуотда бўлгани каби ТВда ҳам тил бўйича муайян стандартларни қабул қилиш керак ва шунга кўра амалиётга жорий қилиш лозим.
— Устозларингиз ҳақида ҳам эслаб ўтсангиз.
— Мактабдаги устозларимиз жуда тиришқоқ бўлишган. Илмга рағбат қилишимизда кўмакчи бўлишган. Мактаб пайтида муаллимларимнинг фидойиликлари боис илмга меҳр янада ошди. Сурайё опа деган муаллимимиз «ўзингиз ўқиган китоблар рўйхати, унинг қисқача мазмуни ҳақида кундалик ёзиб боринг», дердилар. Ҳар дарс аввалида изоҳли луғатдан биз билмаган камида иккита сўзни ёдлаб келишимизни талаб қилардилар. Бир куни муаллимамиз бир ўқувчи билан уйларидан икки қоп китобни ўзлари кўтариб келиб, ўқувчиларга тақдим этгандилар…
Университетда ҳам кўп яхши домлалардан таълим олдим. Барчаларидан Ўзи рози бўлсин.
— Инсон муваффақиятга эришиши учун туғма қобилиятнинг ўзи етарлими?
— Агар туғма қобилият ҳам сайқалланиб турмаса, бир жойда қотиб қолади. Барчасига меҳнат билан эришилади.
— 30 йилдан кейинги Интернетнинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?
— Бундан 30 йил кейин ҳамма техника, воситалар интернетга мослашади. Ҳатто қоғозлар ҳам “ақлли” бўлади. Ҳозирги газета қоғозидан бироз қалин қоғоздаги янгича газеталарда ҳодисаларнинг видеосини томоша қилишингиз, фотоларини рангли тарзда кўришингиз мумкин бўлади. Журналистика касбининг имкониятлари кенгаяди. Энди ҳамма журналист бўлиши мумкин…
— Бир вақтлар мендан биринчи ўқитувчим ким бўласан деб сўраганида аскар деб жавоб қайтаргандим. Бунга жавобан ўқитувчимиз “йўқ, сен генерал бўлишинг керак” дегандилар. Афсус шунча йил тўпланган билимим Россияда ишлашдан бошқасига етмади. Агар сизда қайтадан туғилиш имкони бўлганида қайси давлатни ва қайси касбни танлаган бўлардингиз?
— Аввало илмингизга яраша иш топмай, яхши қилмабсиз. Балки Россияда ўқиган соҳангиз бўйича иш топарсиз. Ўзи мададкор бўлсин.
Қайтадан туғилиш имкони… Одатда имконсиз нарсалар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламан. Аллоҳ берган тақдирга розиман.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг бир ҳикматини шарҳларкан, ушбу ҳадисни келтирадилар:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бирингизга бирор жиҳатдан ризқни(нг келишини) сабаб қилса, ўзи учун ўша нарса ўзгармагунча тарк қилмасин”, дедилар”. (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти)
Бундан банда ўзига ризқ топиш учун сабаб бўлиб турган нарса (касб)ни то у фойда бермайдиган бўлиб қолмагунича тарк қилмаслиги англанар экан.
Шайх ҳазратлари айтганидек, мусулмон инсон ўзига ризқ келиб турган эшикни ёпиб, бошқа эшикка ўзини уришга шошилмайди. Бир ҳунардан иккинчисига ўтавермайди. Ўзига ризқ келишига сабаб бўлаётган ишга меҳр қўяди, ихлос қилади ва барака топади.
Уламоларимиз: “Бир нарсага уч марта уриниб, фойда кўрмаган одам бошқа ишга уринса бўлади”, деган эканлар.
Севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик ҳам суҳбатларидан бирида бу ҳақда шундай деган эди: “Иқтидор, зеҳннинг ҳам исрофи бор. Кимгадир Аллоҳ таоло математик бўлиш зеҳнини бердими, энди у шу иқтидорини камолга етказсин. Бой бўламан деб бозорга чиқиб кетмасин. Акс ҳолда у мана шу Аллоҳ берган иқтидорни исроф қилган бўлади. Чунки Аллоҳ бу иқтидорни ҳаммага ҳам бермаган”.
Раҳматли Шайхимиз ҳозирги даврнинг кўпгина муаммолари ушбу таълимотларга амал қилмаслик натижасида келиб чиқаётгани, осон йўл билан кўпроқ бойлик орттириш илинжида ўзи яхши биладиган ва таъминлаб турадиган ишини ташлаб, қарз олиб “бизнесмен” бўлишга интилган, иши юришмай, баттар қарзга ботиб, фоиз тўлаб юрувчилар кўпайганини куюнчаклик билан таъкидлаган эдилар.
Озроқ ризқ келтириб турган ўз ишидан нолувчи азиз дўстим, неча йил таълим олиб, малака оширган, ўзингиз яхши билган ҳалол касбингизга меҳр қўйинг, ихлос билан ҳаракат қилинг. Ўзидан астойдил сўранг, баракасини беради, иншааллоҳ!