Қишнинг қаҳратон кунларида иссиқ уйдан чиқиб, қиздирилган машинада ишга бориб, иссиққина кабинетда ўтириш; илиққина супермаркетдан харажат қилиб, бутиклардан кийиниш… — ҳаёт шу билан қизиқ эмас.
Газу электрдан холи совуқ уйга қўлбола печка ўрнатиб, қорда қолиб кетган ўтинни ёқа олмай тутатиш, исиниш учун қўлни қўлга ишқалаш; музли йўл оралаб велосипедда юриш; қаҳратонда 20-30 дақиқа автобус ёки маршрутка, Дамас кутсанг-у, бўш жой қолмай унга чиқа олмаслик; арзони қурсин дея мундоқроқ машинага чиқиб олиб, довонда айни қор савалаётган пайти ўчиб қолган машинани итариб юриш; олиб-сотарга қолиб кетмай деб сахарлаб деҳқон бозордан қўллар музлаб харажат қилиш; тирикчилик экан дея бор иссиқ кийимларни кийиб, шишиб бозорда савдо қилиш; бурунни торта-торта икки қават муздаккина кўрпага ўраниш… —
Бу ҳолатни кўрган одамгина неъматлар қадрига етишни ўрганади. Бу ҳолатни бошдан кечирган кишигина бировни “дангаса”, “ҳадеб нолийверадиган”, “ношукр” дея айблашдан олдин чуқур ўйга толади. Шу ҳолатда яшаб кўрган инсонгина барча айбни фуқарога тўнкашдан олдин унинг сабаблари ҳақида бош қотиради… Агар эски чориғини унутмаган бўлса…