Ислом Каримов вафот этиб, Шавкат Мирзиёевнинг сайлов кампанияси бошланган, “порталга ёзиш” “мода бўлган” пайтлар эди. Марғилонда эдим. “Бош Вазир Фарғонага ана келади, мана келади” деган гаплар юрарди. Бир педагог танишим айтиб қолди:
“Ўртоқ, ҳар куни кўча супуриш, белгиланган объектни обод қилишга чиқамиз. Бош Вазир келади, деб йўлларга гуллар экдик. Сўлиб қолди, яна экдик. Фалон мактабдаги ўқитувчи порталга ёзворибди:
“Ҳурматли Бош Вазир! Сиздан ягона илтимосимиз бор: илтимос, вилоятимизга тезроқ ташриф буюринг! Биз педагоглар, мана, бир ойдирки, болаларни ўқитмаяпмиз. Ҳар куни гул парваришлаяпмиз, ўт юляпмиз, дарахт оқлаяпмиз, йўлларни обод қиляпмиз. Илтимос, тезроқ келинг, биз ҳам мактабга қайтайлик!”
Ўша ўқитувчини душмандан олиб, хоинга чиқаришди, нимага ёздинг деб дашном беришди. Қарагин, ўртоқ, бизда ўз ҳақини талаб қилган ва бошқаларга ҳам яхшилик улашмоқчи бўлганнинг аҳволини…”
Дўстим билан бу мавзуда кўп сўзлашдим. Ўша пайти ўқитувчиларнинг пахтага чиқиши, шаҳардаги бузилаётган ва қайта таъмирланаётган объектларда мардикордек ишлаши, порталга шикоят ёзганларнинг муаммоларини ўрганиш ва улардан тушунтириш хати олишга ҳам юборилаётгани каби бир қанча кўнгилсиз ишлар ҳақида сўзлашдик. Юрагим ҳапқириб кетди:
“Наҳот шунча ишлар бўлади-ю, ўқитувчилар орасидан битта мард чиқиб, бўлар энди деёлмаса!”
“Дедик. Лекин директор “хоҳласанг – шу, аризангни ёзавер! Ўрнингга одам тайёр! Мана, коллежлар ёпиляпти, яқинда қисқартиришлар бўлади. Қани, қаерга бораркансан”, деди. Нима ҳам қилардик. Бошқа иш йўқ бўлса… Тирикчилигини ташлаб, ҳаммасига тупурган бир мард топилмади…”
Кейин интернетда сўкағон, урағон раҳбарлар ҳақида видео, аудиоҳужжатлар чиқди. Ҳокимлар қўл остидагиларининг онасидан сўкди, падарига лаънат айтди, чидаб бўлмас уят сўзлар билан ҳақорат қилди, ҳаромга тиқди, юзига урди. Таассуфки, биронта марди чиқиб, “сен ким бўлибсанки, мени ундай дейсан, отамдан, онамдан сўкасан?”, деганини эшитмадим.
Ўлганнинг устига тепган каби, мусибатзадаларга “ҳоромилар” дея мурожаат қилган вилоят ҳокими: “Мард бўлсанг, шундоқ чиқ-да, йўқолиб кет” деганда туман ҳокими: “Ким ҳороми? Ҳокимиятинг ҳам, креслойинг ҳам ўзингга сийлов” деб чиқиб кетиши керакмасмиди? Тошлоқ туманидан биронта мард расмий чиқиб, ҳокимдан бу сўзларига жавоб сўраши шартмасмиди?
Агар бу ҳодиса биронта Европа давлатида бўлганидами, оғзи бузуқ жаноб аллақачон тавбасига таянган ва жамиятдан тинмай кечирим сўраётган бўларди.
Биз муте яшаб ўрганиб қолибмиз! Бизга “Ҳaроми!” деган кимсага ҳам бош эгиб турадиган бўлиб қолибмиз. Оч қорним — тинч қулоғим! Яшасин Тирикчилик!