Мактаб формаси ва рўмол масаласи янги ислоҳотлар бошланишидан аввалги даврларда ҳам долзарб ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Халқ таълими вазирлигининг бу мавзудаги қарор лойиҳаси эълон қилиниши билан яна муҳокамалар авжига чиқди. Бу сафар анча шовқин-суронли бўлди.
Қарор иловасининг 9-бандида белгиланган мактабда бош кийим таъқиқи ҳар томонлама мантиқсиздир. Боланинг бошида касаллик бўлиб, уни яшириш учун бош кийим кийиши мумкин. Минг йиллардан бери шаклланган миллий анъаналаримизга кўра ҳам қиз бола балоғатга етиши билан бошига рўмол ўраган, шу ҳолатда мактабга борган. Диндор бўлмаган оилаларда ҳам қиз боланинг рўмолига қаттиқ турадиган ота-оналар кўп.
Мен 11-синфгача сочимни калга олдириб, дўппи кийиб юрганман (худога шукр, бошимда касллик йўқ). 1999 йилга қадар мактабда оқ дўппига ҳам индашмаган (мен марғилон дўппи киярдим). Рўмолда келадиган қизлар ҳам бор эди. Мендан ўрганиб, ҳеч қайси синфдошим дўппили бўлиб кетмади, рўмолли синфдошимиз «йўлдан уриб» бошқа қизлар ҳам «ўраниб» олишмади.
Тошкент шаҳридаги мактабларга гап йўқ. Қишда иссиққина дарсхоналарда маза қилиб таълим олишади. Вилоятларда, чекка туманларда-чи? Лой кечиб мактабга қатнайдиган, совуқ хоналарда дирдираб дарс олаётган болалар кам дейсизми? Бечоралар энди музхона-дарсхонада шапка, телпакларини ҳам ечиб ўтиришсинми?
Германияга борганимда мусулмонлар боғча-мактабига таклиф қилишди. Энг қизиғи у ерда христиан дини вакилларининг болалари ҳам таълим олишарди. Муслима қизлар рўмолда, бошқа дин вакиллари бошяланг эдилар. Диний дарсларда ноисломий эътиқод эгалари қатнашмасликлари мумкин. Ўзи имом, ҳам исломий марказ директори бўлган иорданиялик раҳбарнинг айтишича, шу пайтгача, болалардан таъсирланиб, бошқа дин вакиллари Исломга ўтишгани йўқ.
Худди шунга ўхшаш ҳолатни АҚШда кузатдим. Америкадаги христиан, яҳудий мактабларига мусулмон болалари ҳам боришади (овқатлари кошер бўлгани учун мусулмонлар кўпроқ яҳудий мактабига беришаркан). Бу мактабларда диний дарсларга мусулмон болаларнинг кириши шарт қилинмаган. Лекин мактаб раҳбарияти айни шу дарслар пайтида мусулмон болаларининг таълим олиши учун исломий имом ва олимларни таклиф қилмоқда. Шундай қилиб, баъзи христиан, яҳудий мактабларида исломий билимлар ҳам ўргатилмоқда.
Бу давлатларда диний бўлмаган мактабларда ҳам қиз болаларнинг ҳижобига рухсат этилган. Бундай рўмолли қизларнинг катта муваффақиятларга эришиб, давлат раҳбарлари билан учрашганлари, қизларнинг ҳижобини таъқиб қилганларнинг жиноий жавобгарликка тортилганини оммавий ахборот воситалари орқали кўрдик. Бош кийим кийиш ёки киймаслик – кишининг шахсий ҳуқуқи. Бу орқали уни таъқиб қилиш ноқонунийдир.
Мен аслида таълим жараёнида қатъий форма кийилишига унчалик ҳам қўшилмайман. Бу нарса СССР ва Шимолий Корея каби авторитар давлатлардаги ҳолатни эслатади. Тавсиявий характерга эга бўлган, халқаро инсон ҳуқуқлари ва жорий қонунларимизда белгиланган шахс ҳуқуқларини поймол қилмайдиган тарзда этикет жорий қилиш мумкин. Лекин уни мажбурлашга қаршиман.
Майли, ўқув юрти ички тартибларига кўра, тўқ шим, юбка, оқ кўйлак, кофта кияверсин, лекин бошига нима кийиш ёки киймасликни фуқаронинг ўзига қўйиб бериш керак. Хоҳласа рўмол, хоҳласа дўппи, кепка, шапка… кийсин, хоҳласа киймасин. Бу унинг ҳуқуқи. Рўмолли қизлар, дўппили болалар бошқаларнинг “ахлоқига таъсир этиши” эса – сафсата.