Блогерлар чемпионати-2018: Саралаш босқичи хулосалари

2018 йилги блогерлар чемпионатида ҳам ҳакамлик қилиб, бугун ёшлар аввалгидан кўпроқ фикрлаб, уни қоғозга тушира олаётганидан мамнун бўлдим. Аввалига чемпионат муддати яна 20 кунга чўзилганидан норози бўлдим. Бу ҳақда ҳакамларнинг фикрини билмасданоқ ташкилий қўмита ўзлари ҳал қилиб юборишди. Норози бўлганим, аввало, шу муддат ичида режалаштирган ишларимга таъсиридан эди. Майли, шу муддат ичида бир қанча яхши мақолалар ҳам ўқидим. Лекин, бемаза қовуннинг уруғи ҳам кўп бўлди.

Ижодкор яхши ҳикоя ёзиши мумкин, газета ва журналга дўндириб мақола битар, телевидениеда барчани ўзига лол қилиши мумкин. Лекин айнан шу маҳорати билан блогингда муваффақиятга эришолмаслиги ҳам ҳақиқат. Блогингнинг қатъий, катта талаблари йўқ. Муҳими ҳавола этилаётган материал интернет ўқувчисига тез ва қулай етиб боришидир. Ҳозирги интернет ўқувчиси қисқа, лўнда, тушунарли (ортиқча изоҳлардан холи), интерактив, визуал ахборотни хуш кўради.

Аввалига блогпостларни баҳолашга жуда қийналдим. Чунки аниқ бир баҳолаш мезони йўқ эди. Мен аввало янги, оригинал фикрга, мавзунинг долзарблиги, ижтимоий аҳамиятига, сўнгра блогернинг маҳорати, талқиннинг ўзига хослиги, имловий хатолари, интерактивлигига эътибор қаратдим. Ўзим учун компьютерда алоҳида рўйхат тузиб олдим. Менга энг ёққанларини рўйхатнинг аввалига, нисбатан кучсизларини қуйига қўшиб бордим. Ўқиган блогпостларим сони 50 дан ошганда ушбу рўйхат асосида баҳо беришни бошладим. Албатта баҳолар нисбий, материалларни бир-бирига солиштирган ҳолатда балл белгиладим.

Саралаш босқичи давомида иштирокчиларнинг ишларига 5 марта 5 балл, 5 марта 4,5 балл, 32 марта 4 балл, 61 марта 3,5 балл, 81 марта 3 балл, 52 марта 2,5 балл, 69 марта 2 балл, 37 марта 1,5 балл, 37 марта 1 балл, 8 марта 0,5 балл белгиладим (барча ишларнинг ўртача баҳоси – 2,57 балл).

Бугун сўнгги блогпостни баҳолаб бўлгач, менинг талқинимга кўра 1-босқичнинг энг яхши блогпостлари рейтингини эълон қилмоқчиман. Албатта, бу умумий рейтингдан фарқ қилади. Чунки турли касб ва дунёқарашдаги 23 нафар ҳакамнинг фикрлари бир жойдан чиқмаслиги табиий.

Саралаш босқичида менга энг ёққан блогпостлар 20 талиги:

1. Азиза Қурбонова. И. Т. – нафратланаман, кечирим сўрайман (Азизанинг аввал бирон мақоласини ўқимаган эдим. Профессионал иқрорнома кўринишидаги бу блогпост мен учун чемпионат кашфиёти бўлди).
2. Шукуржон Исломов. Нима(га) керак маънавият? (Шукуржон ҳар доимгидек ўз услубида. Бу сафар “маънавиятчи”ларнинг пўстагини қоқди).
3. Маъмур Аҳлиддинов. «Жимлик дунёсида» адашган мусулмонлар (Маъмур ака билан бирга “Маърифат” газетасида дизайнер бўлиб ишлаганмиз. У пайтлар қалами борлигини билдирмасди. Унинг мен ўқиган илк блогпостида долзарб мавзуни кўтарган).
4. Фаррух Жабборов. (П)ахтахонадан мактуб
5. Шаҳноза Тўрахўжаева. Бу мавзуда ёзиш оғир, ўқиш ҳам. Лекин жим туриб ҳам бўлмайди
6. Зиёвуддин Қурбонов. Ўзбекистонда “авиацион мафия” фаолиятига қачон чек қўйилади?
7. Умида Бўтаёрова. Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг диний ва дунёвий таълими (Чемпионатда жуда кўп влогларни кўрдим. Лекин Умида Бўтаёрованикидек фойдалисини учратмадим).
8. Исроил Тиллабоев. Ўқитувчини бухгалтерликдан қутқаринг!
9. Лочинбек Йўлдошбоев. Ҳаётнинг оқ-қора ва рангли кўринишлари (Яхши фотоблог экан, мавзуни тақдим этишдаги диди маъқул келди).
10. Муҳрим Аъзамхўжаев. Оммавий тадбирлар ҳақида
11. Рашид Усмонов. Рамазон ойида тўғри таомланиш бўйича фойдали маслаҳатлар
12. Гулбаҳор Абдуллоҳ. Иффатга қўйилган ҳайкал ёхуд жўнатилмаган мактуб
13. Санжар Саид. Она – қотил, айбдор эса – ҳамма!
14. Фозил Жабборов. «Яшаб бўлмай қолди-ку!»
15. Жавоҳир Иззатуллаев. Мўътадил ислом, радикализм ва бошқа мулоҳазалар
16. Бекзод Қодиров. Дубайдан гапирамиз… Ўзбекистонлик мигрантлар учун Амирликларда қандай муаммолар бор?
17. Иброҳим Азиз. Экскурсоводми, эксКЎРСАВОД?
18. Музаффар Қосимов. Нобел мукофоти эгалари амалга оширган энг муҳим кашфиётлар
19. Замира Юсупова. Кимё қийин фанми?
20. Нозим Ашуралиев. «Дада, мен кам таъминланганманми?» ёхуд болалик орияти

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *