Давлат тили ва фитна иси…

Адашмасам, 2013 йили Россия давлат телеканали Ўзбекистонда қийналаётган рус пенсионерлари ҳақида лавҳа тайёрлаб, бу ерда рус аҳолисига нисбатан шароит яхши эмаслигини, уларнинг пенсияси 1 та тортга аранг етиши ҳақида провакацион лавҳа тайёрлаган эди. Ўшанда мамлакатимизда яшаётган европа миллатига мансуб аҳолидан бу лавҳага нисбатан яхшигина резонанс, қаршилик бўлганди.

Афсуски, сўнгги йилларда яна шунга ўхшаган хабарлар билан миллий низо қўзғашга ҳаракатлар бошланмоқда. Аввалига маҳалладаги ўзбек актрисаси жанжали, кечаги Шерзод Қудратхўжаев иштирокидаги фақат “керакли” жойлари қирқиб олинган видео, ундан олдинги мактаб формаси билан боғлиқ “муаммо”лар кўрсатилган лавҳа (европа миллатига мансуб ўқитувчи ва ўқувчиларга эътибор қаратилиши), уларга ижтимоий тармоқ вакилларининг муносабати… Кимдир, анау ерда ўтириб, кузатиб, “сабаб” йиғаётгандек, гўё.

Ҳозирги замон оломони – ижтимоий тармоқ хўрандалари. Энг катта хўрак – қисқа ролик. Исталган воқеликдаги ейишли кадрларни маҳорат билан бир жойга йиғ ва тармоққа от. Ана сенга томоша! Хўрандаларга унинг аввали нима бўлган, асли қандай бўлгани фарқи йўқ! Ўйлашга вақт йўқ! Бу ёғи кетди. Оломон керак бўлса, миллатчилик, шовинизмга ҳам ўтади.

Кеча тарқалган роликда Қудратхўжаевнинг муомала маданиятига қўшилмайман. Воқеанинг аввали нима бўлганини билмаганим учун хулоса қилолмайман. Лекин раҳбар ходим ҳар қандай вазиятда ҳам босиқлик билан мунозара қилиши лозим эди.

Давлат тилини билиш ўзи яшаб турган мамлакат, жамиятга ҳурмат ифодасидир. Қудратли давлатлар ўз тилини билишни қонун-қоида даражасига кўтарганлар. Бир нечта дипломат, бизнесменларни биламан. АҚШ, Туркия, Корея, Япония, Германиядан Ўзбекистонга келишган. Гарчи уларга ўзбек тилини ўрганишга у қадар эҳтиёж бўлмаса-да (афсуски, шундай: дипломатия ва бизнесда русча, инглизча муомала устунроқ) тилимизни жуда тез ўрганишди. Баъзи миллатдошларимиздан яхшироқ гапиришади.

Давлат тили ҳақидаги қонунимизда ўзбек тилини ўрганиш мажбурияти ёки рағбатлари тўғрисида банд мавжуд эмас. Жамиятда давлат тилининг мавқеини ошириш учун уни ўрганишга рағбат ва имтиёзларни жорий қилиш керак, назаримда. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги қонунга мувофиқ “Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар”. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади”. Қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат тилини билиши, ўрганиши шарт дейилмаган. Шунингдек, бирон давлат идорасига ишга кириш ёки расмий тайинловларда давлат тилини билиш шарти қўйилмаган. Давлат тили ёки бошқа тилларга менсимасдан, хусумат билан қараш, таҳқирлаш, масхара қилиш тақиқланган.

Баъзида матбуотда “Биз қардош давлатлар орасида биринчилардан бўлиб, миллий тилимизга давлат тили мақомини бердик” деган чиқишларни кўриб қоламан. Горбачев бошлаб берган ошкоралик сиёсати туфайли совет мамлакатлари ўз давлат тилларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлдилар. Давлат тили ҳақидаги қонун Марказий Осиёда Тожикистон (1989 йил 22 июль), Қозоғистон (1989 йил 22 сентябрь) ва Қирғизистондан (1989 йил 22 сентябрь) сўнг 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Совети томонидан ҳам қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни матбуотда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик зиёлилар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини қўллаб-қувватладилар. Баъзи зиёлилар рус тилига ҳам давлат тили ёки расмий тил мақомини беришга, ҳеч бўлмаса Қонунга рус тилининг миллатлараро мулоқот тили бўлишини қўшишга уриндилар. Қонунда рус тилига давлат ёки расмий мақом берилмади. Лекин унинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рус тилини СССР халқларининг миллатлараро муомала тили сифатида ривожлантириш ва ундан эркин фойдаланиш таъминланади. Миллий ва рус, рус ва миллий тилларда мулоқот қилишни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилади” деб белгилаб қўйилди. 1995 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиш киритилиб, бу банд олиб ташланди.

Қозоғистон ва Қирғизистонда миллий тилларга давлат тили мақоми, рус тилига расмий мақом берилди (ҳозир ҳам амал қилади). Қозоғистон Республикаси Конституциясига кўра, давлат идоралари ва маҳаллий бошқарув органларида қозоқ тили билан биргаликда рус тилидан фойдаланилади. Қирғизистон Республикаси Конституциясига кўра, Республикада рус тили расмий тил сифатида фойдаланилади.

Хулоса ўрнида: энг катта фитналар дин, эътиқод ва миллият атрофида амалга оширилади. Кўринган ҳар нарса ҳақиқат эмас. Фикрлайлик, акс ҳолда ўрнимизга бошқалар фикрлайди!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *