2017 йил 17 январь. Ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар (олдин 5200 эди), умра квотаси 10000 нафар (олдин 6000 эди) қилиб белгиланди.
2017 йил 27 июль. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар ташкил этилди.
2017 йил. Ўзбекистон Ислом Академияси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Бухоро Олий мадрасаси, Самарқандда Калом ва Ҳадис мактаблари, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби, Қашқадарё вилоятида Абу Муъин ан-Насафий номидаги ақида илмий мактаби, Фарғонада Ислом ҳуқуқи мактаби очилди.
2017 йил 14 сентябрь. Тошкент ислом институтида докторантура тизими ташкил этилди.
2017 йил 30 сентябрь. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилди.
2017 йил 30 сентябрь. Диний-экстремизм фаолиятига адашиб жалб қилинган шахслардан 16 мингдан зиёди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари «қора рўйхати»дан чиқарилди.
2017 йил 5 октябрь. Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширилди.
2017 йил 2 ноябрь. Ўзбекистондаги масжидларда овоз кучайтиргичлар орқали азон айтила бошланди.
2017 йил 6 ноябрь. Ўзбекистонда “Ҳалол” стандарти жорий қилинди.
2017 йил 11 ноябрь. Тошкент халқаро аэропортида мусулмонлар учун намозхона очилди.
2017 йил 13 ноябрь. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида пуллик ўқув курслари ташкил этилиши ҳақида буйруқ қабул қилинди.
2017 йил 6 декабрь. Ўзбекистонда илк бор исломий “AzonFM” онлайн радиоси фаолият бошлади.
2017 йил 28 декабрь. 2018 йилдан бошлаб Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларида 3 кун дам олиниши белгиланди.
2018 йил 1 январдан ҳар бир меҳмонхонада Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз (меҳмонхона номерларининг энг камида 10 фоизида) ва қибла кўрсаткичи (меҳмонхона номерларининг энг камида 30 фоизида) бўлиши шарт этиб белгиланди.
2018 йил. Республикамиз бўйлаб Қуръон мусобақалари ташкил этилди. Апрель ойи охирида Республика босқичи ғолиблари эълон қилинди. Олий ўрин соҳибига Президент совғаси сифатида “Лаcетти” автомашинаси топширилди.
2018 йил 28 март. Ўзбекистонда илк бор Мусҳафи шариф “Ҳилол нашр” нашриёти томонидан чоп этилди.
2018 йил апрель ойидан “Маданият ва маърифат” каналида “Сўраган эдингиз”, “Қуръони каримни ўрганамиз”, “Олтин силсила”, “Битиклар мутолааси” деб номланган диний кўрсатувлар эфирга узатила бошланди.
2018 йил май ойида “Ҳадиси шариф билимдони” танлови ўтказилди.
2018 йил 14 июнь. Ўзбекистоннинг яқин 20 йиллик тарихида илк марта Ўзбекистон Республикаси Президенти халқни расман ҳайит байрами билан табриклади.
2018 йил, июнь. Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формаси ҳақидаги қарор лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Қарор иловасининг 9-бандида белгиланган мактабда бош кийим таъқиқи кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. regulation.gov.uz сайтида бу бандга қарши 500 дан ортиқ фикр билдирилди.
2018 йил 23 июнь. Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси таълим соҳасидаги амалдорларни ўқувчиларга рўмол ўраш эркинлигини бериш орқали миллий анъаналар ва диний қадриятларни ҳурмат қилишга даъват этиб, мақола эълон қилди. Кейинроқ мақола сайтдан ўчирилди.
2018 йил 11 июль. Халқаро Пресс-клубда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита ўринбосари Нурииймон Абулҳасаннинг болаларнинг масжидга чиқиши ҳақидаги мулоҳазалари кўпчилик диндорларнинг норозилигига сабаб бўлди.
2018 йил 12 июль. BBC хабарига кўра, февраль ойида ишдан олинган Айдарбек Тулепов ўрнига Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига янги раис ўринбосари тайинланди.
2018 йил июль. “Маданият ва маърифат” каналидаги 4 та диний кўрсатувлар эфирга узатилиши тўхтатилди.
2018 йил 26 июль. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазири Русланбек Давлетов мамлакатимиз қонунчилигида соқол ва ҳижобга тақиқ қўйилмагани ҳақида Вашингтонда гапирди.
2018 йил июль. Интернетда номаълум шахс томонидан номини қораловчи мақола қўйилиши ортидан Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов, 40 кун бомдод намозини жамоат билан ўқиган 14 болага ҳомийлар велосипедларини тақдим қилган Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳим Пўлатов ва яна бир қанча имом-хатиблар ишдан олинди.
2018 йил 12 август. “Ўзбекистон24” каналида ДХХ билан ҳамкорликда тайёрланган “Ҳужрадаги зулмат” фильми эфирга узатилди. Унда ноқонуний хусусий диний таълим фаолияти танқид қилинди.
2018 йил 15 август. Ўзбекистонда ягона мактаб формаси Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори билан тасдиқланди. Унда ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозимлиги, мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.
2018 йил. 3 сентябрь. Диний соҳадаги чиқишлари билан машҳур бўлган 6 нафар Фейсбук фаоллари ҳибсга олинди…