Автобусда кондукторнинг шанғиллаган овози эшитилди. Ўша томонга қарадим. Кўринишидан талаба йигит билан тортишяпти:
– Эрталаб шошилганда чўнтакка пул солиш эсдан чиқибди.
– Эркак киши, пулингга қараб кейин чиқсанг бўлмайдими?
– Опа, узр, телефонимда Click бор. Рақамингизни беринг, ўтказвораман.
– Клик-мликингни бошимга ураманми, пулни тўла!
Кондукторнинг олдига бориб, пулни мен тўлаб юборишимни айтдим.
– Йўқ, ўзи тўласин, булар ўзи шунақа. Доим шунақа қилади…
Йигит раҳмат айтди. “Рақамингизни айтинг, ҳозироқ клик қивораман”, деди. Йўқ дедим.
* * *
Ўзим ҳам бунақа ҳолатга тушганман. Яхшиямки, кондуктор олдимга келмаган. Дўстимга қўнғироқ қилиб бекатга пул билан чиқиб туришини сўраганман. Бир марта йўловчилардан бири мендан чипта учун нақд пул бериб турсам, пластик ёки телефонга ўтказиб юборишимни сўраган.
* * *
Биринчи марта Туркияга борганимда, транспорт билан боғлиқ тартиб-қоидаларни, карта сотиб олишни билмасдим. Биринчи марта метрога тушарканман, йўловчилардан жетонни қаердан сотиб олиш кераклигини сўрадим. Бир турк йигити “Кел, кел” деди-да, пластигини турникетга икки марта текизиб, ўтавер деди. Тушунмай, “қардош, неча пул бўлди?” деб чўнтак ковлаётгандим, йигит “керак эмас, соғ бўл” кетиб юборди.
Иккинчи марта трамвайга тушишда жетон оладиган жой қидирдим. Пул соладиган жойига ўн лиралик тиқсам, қабул қилмади. Нима қилсам экан, деб турсам, бир ўрта ёшли киши келди-да, “юр, қардошим” деб пластигидан ўтказиб юборди. Унга раҳмат айтиб, “пулингизни тўлай” дегандим, “йўқ, дуо қилиб қўйсанг бўлди” деди. Бир бошқача бўлиб кетдим.
Кейин ўзим ҳам транспорт пластик картасидан сотиб олдим. Бир марта автобусда менга ҳам бир талаба мурожаат қилди. Картасида пул қолмаган экан, тўлаб юбордим.
Бу табиий ҳолат, жанжал йўқ, тўполон йўқ, ортиқча хижолатлик йўқ. Ҳамма хурсанд. Юқоридаги воқеадан сўнг шу ёдимга тушганди.