7-8 йил аввал ҳам Уйғуристондаги дўстлар билан ёзишиб турар, ижодий ҳамкорлигимиз бор эди. Улар жуда эҳтиёткор эди: Хитойдаги уйғурлар ҳаёти, сиёсат, дин ҳақида гапиришмасди. Бир марта электрон почта орқали Шарқий Туркистон деб ёзганимда, улар бундай атамани қўлламаслигимни, бу термин Хитойда тақиқланганини, бунинг учун жавобгарликка тортилиш мумкинлигини айтишганди. Орада ziyouz.com Хитойда блокланди. Сўнгги 3-4 йилда дўстларим билан алоқа узилди. Уларнинг тақдири ҳақида яхши гумондаман…
ХХ аср уйғур шеърияти билан 90-йиллар журналлари орқали Эмин Усмон таржимасида танишдим. Кейинчалик ўша уйғур шоирларининг таржимаи ҳолларини топиб, ўқидим. Кўпи “миллатчилик”да айбланиб, Хитой қамоқхоналарига тушган. Тақдирни қарангки, таржимон ва ёзувчи Эмин Усмоннинг ҳам жасади қамоқхонадан чиқди…
Ўтган йили Шарқий Туркистоннинг энг улуғ олимларидан Абдулаҳад Барот Махсум (1932-2018) болаларга Қуръони карим ўқитгани учун ҳибсга олиниб, ичкарида шаҳодат топганди. Унинг ўлими бир неча ойлар сир тутилди. 2018 йил февраль ойида Қуръони каримни уйғурчага таржима қилган 82 ёшли олим Муҳаммад Солиҳ (1936-2018) ҳам Хитой зиндонларида қурбон бўлганди…
Абдурраҳим Ҳайитни 5 йил олдин Ютубдаги ижролари орқали танигандим. Дардли шеърлар ижрочиси. Уйғур халқининг яна бир қаҳрамон шоири, Хитой қамоғи асирларидан Абдураҳим Ўткир (1923-1995) қаламига мансуб “Йўқ-йўқ” шеъри Абдурраҳим Ҳайит ижросида янада дардли, таъсирли эди. Уни ўша пайтдаёқ ўзбекчага табдил қилиб, сайтда ёйинлаган эдим:
Дедим: “Занжир турар”, деди: “Бўйнимда”,
Дедим: “Ўлим бордир”, деди: “Йўлимда”,
Дедим: “Билагузук”, деди: “Қўлимда”,
Дедим: “Қўрқармисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Дедим: “Нечун қўрқмассан?”, деди: “Тангрим бор”,
Дедим: “Яна ким бор?”, деди: “Халқим бор”,
Дедим: “Яна йўқми?”, деди: “Руҳим бор”,
Дедим: “Шукронмисан?”, у деди: “Йўқ-йўқ”.
Ўтган йили Абдурраҳим Ҳайит ҳам Хитойнинг “қайта тарбиялаш” концлагерига тушгани ҳақида, яқинлари у ҳақда бирон маълумот ололмаётганлари ҳақида ўқигандим. Кеча Абдурраҳим Ҳайитнинг ҳам Чин зиндонида ўл(дирил)гани хабари берилди. Аллоҳ раҳмат қилсин!
Метин Уйғур чинорининг шохлари бир-бир синдирилмоқда… Ўзи саломат қилсин!
PS. Ушбу хабар бутун дунё бўйлаб тарқаб кетиб, баъзи давлатлар (Туркия ҳукумати) расмий баёнот билан чиққандан сўнг Хитойдан хабар келди: Абдурраҳим Ҳайитнинг Хитой қамоғидан туриб, ўлмагани ва саломатлиги ҳақидаги видеоси тақдим этилди. Видеодаги овозлар менда шубҳа уйғотди, монтажга ўхшади. Ҳар не бўлса-да, мазлумларга Ўзи нажот берсин!