Бир валломат таксист билан суҳбатдан:
— Ана кеча BBCдан кўрсатди. Монголиянинг пойтахтида аҳолининг ярми яшаяпти экан. Пойтахтининг ҳавоси жуда зарарли бўлиб кетибди. Турли касалликлар келиб чиқяпти экан. Ҳукуматнинг аҳолини Тошкентга келишини чеклаши нормал. Нима қилади бу ерда? Бориб ўзининг вилоятини гуллатсин!
— Чеклаш билан ҳеч нарсага эриша олмайди. Чеклашдан аввал шароит яратиш керак. Агар вилоятда Тошкентдаги каби шароит бўлганида, пойтахтдаги каби инфраструктура шаклланганида эди, ҳеч ким бошини суқмас эди. Ҳукуматнинг вазифаси бошқа ҳудудларда ҳам яшаш ва ишлаш учун керакли шароитларни яратишдир. Энг оддийси, электр, газ таъминоти муаммо бўлган ҳудудларга инвестор ҳам кирмайди…
— Барибирам-да. Ўзи одам ҳам кўпайиб кетяпти. Биласиз, нима кўпайса, қадри тушади. Ўтган йили қаранг, саримсоқ роса пул бўлганди, бу йил одамлар молгаям олиб бермади. Олмани қаранг, баҳорда ҳам сувтекин бўпкетди. СССР пайтида одамларимиз ҳам “золотой” эди. Ўзбек деса Иттифоқда ҳамма ҳурмат қиларди. Россияга бориб, мардиколрлик қилган биронта ўзбек бўлмасди. Аҳоли ҳам 15 миллион эди холос-да. Ҳамма нарсамиз етарди. Ҳозир 33 миллионмиз. Ҳар йили кўпайяпмиз. Хитой ҳам бекорга туғилишни чекламайди. Биз ҳам чеклашимиз керак. Бир оилага иккита фарзанд етади-да…
Амаки мени олишдан олдин яхшигина тутатиб олган экан. Оғиз тўлдириб гапирар экан, машинани карбонат-ангидриднинг нохуш ҳиди тутиб кетди. Яхшиям орқада ўтирганим. Аста таксистдан сўрадим:
— Нафас олсам майлими?
— Нега?…
Яхшиям таксидан тушиб қолдим. Бўлмаса амаки уйланиш ва бошқа нарсаларни ҳам тақиқлашдан тоймасди 🙂
* * *
Сўнгги икки йилда турли-туман, бўлар-бўлмас таклифлар билдириш урф бўлди. Мазмуни унча муҳим эмас. Асосийси, ҳаммадан илгари нимадир таклиф қилиб қолиш. Инобатга олиниш-олинмаслиги бошқа масала. Тақиқлар бўйича ҳам таклифлар кўпайиб қолди. Ёшларни, аёлларнинг четга чиқишини тақиқлаш ва ҳ.
Юқоридаги таксистнинг таклифлари ўша аравасида қолиб кетишига умидворман.