Алматида аввал 3 марта бўлганман. Чиройли шаҳар, яшил қалъа. Бу сафар “Go Viral” халқаро медиа фестивалида иштирок этиш таклифи бўлди. Ташкилотчилар йўлкира, яшаш ва овқатланиш харажатларини қопламас экан. Медиа оламидаги янгиликлардан баҳраманд бўлиш истаги устун келди. 3 кунлик фестивалда ўз ҳисобимдан иштирок этишни ният қилдим. Ҳар қандай харажатларни минималлаштиришга ҳаракат қилиб, изланишни бошладим.
Тошкентдан Алматига учоқ, поезд, автобус, такси билан етиб олиш мумкин. Мен борадиган кунлар учун энг арзон учоқ билети 1 500 000 сўм чиқди. Тошкентдан Алматигача бўлган 813 км масофани автобусда 17 соатда босиб ўтилади. Билет нархи 112 000 сўм. 17 соатлик йўлни автобусда босиб ўтиш ноқулай. Поездда кетишга қарор қилдим.
Негяяяя?
Алмати шаҳрига бориш учун Тошкентдан поезд билетларини қидирдим. Бор экан: тезюрар Тальго поезди. Ўзбекистон темир йўллари сайтига кириб, нархини билдим: энг арзон билет 328 824 сўм. Купе – 756 931 сўм, люкс – 1 091 103 сўм. Сайтда ёзилишича, чипта нархи билан бирга воситачилик йиғими ҳам олинаркан. МДҲ давлатларига қатнайдиган поездлар учун 70 000 сўм. Жами 400 000 га яқин бўларкан. Қимматлик қилди.
Бор-ей деб Черняевкадан Чимкентга йўлга чиқдим. Таксида 1500 тенге (33000 сўм) билан Чимкент темирйўл вокзалига етиб олдим. Шу ердан айни Тошкент-Алмати поездидан Чимкентдан Алматигача билет олдим: 3800 тенге (83600 сўм). Тошкентда 400000 сўм бўлган билет Чимкент орқали менга 116 600 га тушди. Ўша рейс, ўша поезд, ўша вагонлар, ўша йўл. Тошкент-Чимкент ораси 130 км холос. Билет нархи эса камида 3 баравар арзон.
Чегарадан ўтиб, эҳтиёткорликни оширинг!
Тошкентдан Қозоғистонга чиқиш учун энг қулай чегара пункти Ғишткўприкдир (Қозоғистон тарафдан Жибек Жоли, собиқ Черняевка). Юнусобод бозоридан чегарагача таксилар (Дамас, 1500 сўм) ва автобуслар (1200 сўм) қатнайди. Ғишткўприк чегара пунктини кенгайтиришибди. Аввалгидек тор ўтиш йўллари, тирбандликлар йўқ. Ходимлар ҳам анча хушмуомала. Божхона ва чегара назоратидан 7 дақиқадаёқ ўтиб бўлдим. Қозоғистон тарафда миграция картасини тўлдириб, узун навбатга қўшилдим. Қозоғистон чегарачилари ё секин ишлашяпти, ёки қаттиқ текширишяпти. Сайлов ҳафтаси бўлгани учундир, балки. 40 минут деганда қозоқ чегара ва божхона текширувидан ўтдим.
Чегарадан ўтишингиз билан ғала-ғовур бошланади. Таксичилар, валютафурушлар тинмай сизга ўз хизматларини таклиф қила бошлайди. Эътибор бермасдан юриб кетаверинг. Пул алмаштириш керак бўлса, ўша ердаги ярим-расмий валюта алмаштириш шахобчаларидан фойдаланинг. Прейскурантни кўриб солиштиринг, ўзингиз ҳам калькуляторда ҳисоблаб олинг. Пулни ҳам санаб олинг. Йўлдаги саррофлардан пул алмаштирманг. Улар алдаб қўйиши мумкин.
Жибек Жолидан Қозоғистон ва Қирғизистоннинг турли ҳудудларига такси, маршрут ва автобуслар қатнайди. Бу ерга энг яқин катта шаҳар — Чимкентгача 120 км. Чимкентгача таксилар машина русуми ва қулайлигига қараб 1000-1500 тенге (22000-33000 сўм). Маршрутка 700 тенге (15400 сўм). Транспортга ўтиришдан аввал уни текширинг. Автобус ва маршрут таксилар ишончлироқ, ширкат маълумотлари бўлади. Таксичилар эса одатда, ҳозир юрамиз, деб ўтказиб олади-да, бир одамим ҳозир келади, деган баҳоналар билан яна пассажир излашга тушади. Шунинг учун машинани аввалдан текширинг, ўзингизга қулай бўлса, сўнг ўтиринг. Маршруткалар Чимкентнинг Колос бекатигача олиб боради. Таксилар манзилингизгача етказиб қўйиши мумкин.
Чимкент — ўтлоқ шаҳар
Поезд жўнашигача Чимкентни айланишга вақт бўлди. Аввало, телефон ва интернет учун симкарта сотиб олдим. Tele2 операторидан уланиш ва интернетли тарифга алмаштириш 2100 тенгега (46200 сўм) тушди. Бунга 4 ҳафтага бошқа йўналишлар учун 80 минут, 100 СМС, 10 ГБ интернет киритилган, Tele2 ва ALTEL операторлари орасида сўзлашув ва ижтимоий тармоқлар трафиги текин.
Чимкент Қозоғистоннинг майдони бўйича энг катта, аҳоли сони бўйича учинчи шаҳри. 2018 йил 19 июнга қадар Жанубий Қозоғистон (ҳозирги Туркистон) вилоятининг маркази бўлган. Ҳозирда республикага бўйсунувчи шаҳардир. Чимкентда 1 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тош шаҳарга (Тошкент) ёндош бу қалъанинг (қозоқча қала – шаҳар) маъноси “чим (ўтлоқ) шаҳар”дир. Шаҳар тарихда Чингизхон, Темур давлати, Қозоқ хонлиги, жунғарлар, Қўқон хонлиги, Чор Россияси таркибида бўлган.
Тошкентликлар Чимкентга кўпинча шопинг учун боришади. Шаҳарда озиқ-овқат, кийим-кечак ва хўжалик маҳсулотлари анча арзон. Чимкентдаги савдо-кўнгилочар мажмуалардаги бутунжаҳон бренд маҳсулотлари Тошкентдаги дўконлардан кўра анча чўнтакбоп. Акция, чегирма мавсумларида нархлар 2-3 бараваргача фарқ қилади.
Чимкентнинг Мустақиллик парки, Ордабаси майдонини айландим, Абдулҳамид Қаттоний номидаги жомеъ-масжидини зиёрат қилдим. Сайлов ҳафтасида Алмати ва Нур-Султонда ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтганди. Чимкент анча тинч бўлди. Лекин Ордабаси майдонида ҳали ҳам бир қанча полиция патруллари вазиятни назорат қилиб турибди.
Олмали шаҳар
Кечки рейс билан Алматига йўлга чиқдим. Янгигина “Тулпар-Тальго” поездининг 24-вагонидан жой тегди. Бу вагонлар Испания лицензияси асосида Нур-Султонда йиғилади. Поезд салони озода, кенг, баҳаво. Полга гилам тўшалган. Электрон таблодан поезднинг ҳаракат тезлиги ва маршрутларини кўриб кетса бўлади. Телефонни зарядлаш, компьютерда ишлаб кетиш учун шароит бор. Ичиш учун сувлар қўйилган. Вагонбондан намоз ўқиб олсам майлими, дегандим, бемалол деди. Вагон ичида жойнамозимни солиб, бемалол намоз ўқидим. Пассажирлардан ҳеч ким ёмон қарамади.
Эртаси куни соат 8:00 да Алмати-2 вокзалида бўлдим. Ташқарига чиқиб шаҳарни яёв кезишни бошладим. Одатда саёҳатда яёв кўп кезаман. Атрофни маза қилиб кузатиш имкони бўлади. Саёҳатнинг илк куни 27000 қадам юрибман. Жума — иш куни бўлса-да, Алмати кўчаларида транспорт ва одамлар камроқ. Аксар дўконлар, марказлар соат 10:00 дан иш бошлайди.
Алмати – Қозоғистоннинг энг катта шаҳри (1,8 миллион киши яшайди), илк пойтахти (1997 йилгача). Шаҳарда қозоқлар 59 фоизни, руслар 26 фоизни, уйғурлар 5,46 фоизни ташкил этади. Алматининг ЯИМи 2010 йили 18,8 млрд АҚШ долларини, ҳар бир киши бошига ҳисоблаганда 19 минг АҚШ долларини ташкил қилиб, Қозоғистоннинг ЯИМ ининг бешдан бир қисмини ташкил қилади.
Алматида кўриш керак бўлган масканлар: Мустақиллик монументи, Панфилов парки, Арбат кўчаси, Марказий масжид ва Ислом маданият маркази, Кўктепа, Медеу, Чимбулоқ.
Go Viral 2019
Go Viral – Қозоғистон, Марказий Осиё ва АҚШнинг медиа, маданият, бизнес ва технология соҳасида фаолият юритувчи инноваторлари, креатив профессионалларини жамлаган халқаро фестивал. Унда ахборот оламининг энг янги трендлари муҳокама қилинади. Иштирокчилар ўз ғояларини тақдим этади. Биргаликда ишлаб, муваффақият қозониш сирлари ўрганилади.
Бу йилги фестивалда Қозоғистон, Марказий Осиё ва АҚШдан 50 нафардан ортиқ спикер, 2000 иштирокчи қатнашди. Сессиялар, воркшоплар, чиқишлар, савол-жавоблар, кинонамойиш, перформанс шаклида ўтказилган дастурларда сунъий интеллект, рақамли дунёда яшаш, янги медиа қурилмалар, сторителлинг, санъат технологиялари, data science, медиа тадбиркорлик, стартаплар ва бошқа мавзулар кенг муҳокама қилинди.
Мен тадбирнинг Медиа бўлимидаги дастурларда қатнашдим. Унда “Ижтимоий тармоқлардаги визуал трендлар”, “Youtube каналида муваффақиятга эришиш сирлари”, “Сайёҳлик блогерлиги”, “Ижтимоий тармоқ кучидан қандай фойдаланиш керак?”, “Рақамли коммуникация трендлари” каби мавзулардаги қизиқарли муҳокамаларда иштирок этдим.
Хостел: арзон, қулай ва кўнгилдагидек
Алматида борадиган манзилларимга яқин, яхши шароитга эга, асосийси чўнтакбоп бўлган тураржой қидиришни Тошкентданоқ бошлагандим. Бунда менга Booking.com сайти ёрдамчи бўлди. Сайт орқали сизга энг мос бўлган меҳмонхона, уй ва хостелларни қидириш мумкин. Табиийки, меҳмонхоналар қиммат. Саёҳатчилар учун энг маъқули — хостеллар.
Алмати марказий масжидига яқин хостелга жойлашдим. Озода, тинч, ёқимли жой экан. Янги ювилган сочиқ, оппоқ ёстиқжилд, кўрпажилд беришди. Хонада каравот, шкаф, ёзув столи, кондиционер, текин Wi-Fi мавжуд. Ювиниш, кир ювиш, дазмол қилиш, овқат тайёрлашга шароит бор. Хостел ҳудудида чекиш, уй ҳайвонларини олиб кириш тақиқланган. Бир кунлик нархи 2000 тенге (44000 сўм). Бунақа шароитдаги хостелни 44000 сўмга Тошкентдан топиш амри маҳол. 6 кишилик хонада биринчи кеча бир ўзим ухладим.
Алматида энг арзон хостеллар 900 тенгедан (19800 сўм) бошланади. Лекин шароити ва қулайликлари сиз хоҳлагандек бўлмаслиги мумкин. Хостелни буюртма қилишдан олдин у ҳақдаги маълумотлар, фотолари билан танишинг, қўноқларнинг мулоҳазаларини ўқиб чиқинг.
Медеу ва Чимбулоқ
Алматига келган сайёҳларнинг энг севимли жойлари Тянь-Шань тоғларининг Орқа Или Олатовида жойлашган Медеу спорт мажмуи ва Чимбулоқ тоғ-курорт масканидир. Медеу — шаҳар марказидан 20 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 1691 метр баландликда жойлашган дунёдаги энг катта сунъий яхмалак майдонига эса қишки спорт ўйинлари комплексидир. Сунъий яхмалак билан қопланадиган майдони 10,5 минг квадрат метр; 12,5 минг ўринли стадиони бор. Ёзда бу ерда концерт ва маданий тадбирлар ўтказилади.
Медеугача Алматидан автобуслар қатнайди. Шу ердан Чимбулоқ тоғ-курорт масканига замонавий гондола ва осма йўл орқали чиқиб бориш мумкин. 4000 тенге (88000 сўм) тўлаб, денгиз сатҳидан 3200 метр баландликда жойлашган Талгар довонигача чиқиб олиш мумкин. Жуда гўзал манзара. Арча ва қарағайзорлар оралаб, юқорига кўтариласиз. Пастда ёз: жазирама; ўртароқда баҳор: эндигина гуллар очилмоқда; юқорида қиш: қор ҳали эримаган.
Ҳиндистондан келган йигитлар қийқираб, қор ўйнаб расмга тушишмоқда. Кимдир қорбобо ясамоқда, кимдир оппоқ қорларга қараганча, хаёл сурган, кимдир яқинига телефон қилиб, мақтаниш билан овора.
Мен тоғнинг кун тушиб, эриб қолган тарафидаги чўққига чиқишга қарор қилдим. Ярим йўл қорли, ярми қуруқ. Чўққидан Алмати шаҳри яққол кўринади: шаҳар устидаги смог манзарани бузади. Айни ёз пайтида, 15 июнь куни чўққида қор ёға бошлади. Таърифлаб бўлмас манзара. Ҳар фасл бир ерда!
“Комби-2” ва “Комби-1” осма йўлларидан тушганимиздан сўнг қаттиқ жала ёғиб, чақмоқ чақа бошлади. Бундай пайтда гондола йўлини ишлатиб бўлмас экан. Чақмоқ зарар бериши мумкин экан. Чимбулоқ-Медеу гондола йўли очилишини ярим соат кутдик.
Оңай! (Ўнғай! Осон!)
Алмати шаҳар транспорти (автобус, метро, троллейбус, трамвай) аллақачон электрон билет тизимига ўтиб бўлибди. Автобусларга махсус карталарни ўқийдиган Оңай! тизими ўрнатилган. Аввалдан пул солинадиган картани автобусга чиққанда бу қурилмага бир текизиб қўйсангиз бўлди. Картадан пулни автомат тарзда ечиб олади. Талабалар, ўқувчилар, пенсионерлар учун бундай карталарни олишда чегирмалар мавжуд. Энг қизиғи, мана шу карта тизимини ривожлантириш учун яхши йўл танлашибди. Йўлкира нархи карта билан тўласангиз 80 тенге (1760 сўм), ҳайдовчининг олдига бориб, нақд тўлаб, билет олсангиз 150 тенге (3300 сўм). Мобил телефон орқали йўлкирани тўлаб, кодини қурилмадан тасдиқлаш ҳам мумкин. Автобусда кондукторлар йўқ. Кузатганимдан маълум бўлдики, ҳеч ким йўлкирадан қочмади, ёшу қари бирдек картасини қурилмага текизиб, йўл ҳақини адо қиляпти. Ҳар замонда текширувчилар пул тўламаган “қуён”ларни ов қилиб туришаркан.
Алмати метроси қурилиши 1988 йили бошланган бўлса-да, 2011 йили очилган. Ҳозирча битта линияда 9 та бекат мавжуд.
Алматида электрон самокатлар миниш урфга кирибди. Шаҳарда самокат минганлар велосипед ҳайдаганлардан кўп экан.
“Тошкент кўрган”
Алматида Мухтор Авезов номидаги драма театри ҳамда болалар ва ўсмирлар театрига тушдим. Қозоқча спектакллар томоша қилдим. Премьераси бўлган, ҳозирги жамиятдаги муаммолар, аборт мавзуси танқид қилинган ёш режиссёрнинг “Одамзот” фалсафий спектаклида зал тўлди, ўтган аср аввалидаги қатағонлар одамлар тақдирини қандай ўзгартиргани ҳақидаги “Соф муҳаббат” спектаклида эса зал тўлмади. Алматида журналистлар учун театрга кириш текин экан.
Маълумки, ХХ аср бошларида кўплаб қозоқ ёшлари Тошкентдаги олий ўқув юртларида таълим олишган. Тошкент ўша даврдаги энг катта таълим ва маданият шаҳри бўлган. “Соф муҳаббат” спектакли бош қаҳрамони ҳам Тошкентда таълим олиб, янги билимлар, ғоялар билан танишади ва овулига қайтади. Ўша давр зиёлиларига хос бўлган европача кийим билан қайтган қаҳрамонга овулдошлари “Тошкент кўрган” (биздаги шаҳар кўрган олифта) деб пичинг қилишади. Қозоқ дўстларимнинг айтишича, яқин-яқингача ҳам шаҳар кўриб, хулқи бироз ўзгарган кишиларга “Тошкент кўрган” атамаси қўлланган экан. Так-што, бизам Тошкент кўрган жигиттерданмиз.
“Чол, кет!”
Халқ орасида Назарбаев ва янги ҳукуматдан норозилар ҳам кўп. Бир бекатга катта қилиб “Токаев не мой президент. Шал кет!” (Тоқаев менинг президентим эмас. Чол, кет!) деб ёзиб қўйишибди. Қозоғистоннинг ёши катта, давлатдан имтиёз олган ёшлар қисми эса, Назарбаевни яхши кўради, мамлакатнинг ҳозирги ҳолатини унинг номи билан боғлайди, “ҳурматли Елбошимиз ундай қилганлар, бундай қилганлар” деб мақтайди.
9 июнь куни Қозоғистон Республикаси Президентлиги учун навбатдан ташқари сайлов бўлиб ўтган эди. Асосан Нур-Султон ва Алмати шаҳарларида минглаб одамлар намойишга чиқиб, сайловни адолатсиз, нодемократик, натижалар эса олдиндан маълум дейишганди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, рухсатсиз ўтказилган митингларда 500 киши ушланганини билдирилди. Сайлов ва ундан кейинги кун интернет тўсиб қўйилган ва ижтимоий тармоқларга киришда муаммолар бўлган. Сайловда Президент Нурсултон Назарбоев томонидан қўллаб-қувватланган Қасим-Жўмарт Тоқаев яққол фаворит бўлса-да, мухолифатдан қўйилган номзод, асли журналист Амиржан Қўсанов етарли қаршилик қилди. Лекин ҳали сайлов натижалари расман эълон қилинмай туриб, Қўсанов Тоқаевни Президентлик билан табриклагани мухолиф номзодга овоз берганларнинг норозилигига сабаб бўлди. Президент Қасим-Жўмарт Тоқаев намойишчиларни диалогга чақирди.
Қўрқув салтанати
Алматида Хитойдан келган қозоқлар билан гаплашдим. Иккиси Қозоғистон фуқаролигини олган. Бири Хитой фуқароси. Гап айланиб, Хитой ҳукуматининг “қайта тарбиялаш лагерлари”га уланди. Улардан атайлаб, бунақа хабарлар ростми, деб сўрадим. Улар қизарганча, бошларини сарак-сарак қилиб, “йўқ, билмаймиз” ишорасини беришди… Бечоралар қўрқиб кетишди. Бўлмаса мен, бир қирғиз ва бир қозоқ дўстим-у, Хитойдан келганлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди орамизда.
Бишкекда ҳам Хитойдан келган қирғизлар кўп. Кўплари таълим 100% бепул бўлган халқаро қирғиз-турк “Манас” университетида ўқишади. Жуда эҳтиёткор. Хитой агентлари уларнинг ҳатти-ҳаракатларини шу ерда ҳам кузатиб бораркан. Ўзи-ку майли, мамлакат ташқарисида. “Нотўғри ҳаракат” қилишса, у ёқдаги қариндошларига зарар бўлар экан.
“Сизларда ҳам шунақа бўлган, шекилли. Мен 4-5 йил аввал Андижонга борганимда таксида сиёсат ҳақида гапирсам, таксист бундай сўзларни айтиб бўлмайди, зарар келтириши мумкин, деганди” деб қолди қирғиз суҳбатдошларимдан бири. “Жуда ундай қўрқинчли бўлмаган, лекин умумий ҳадикиш бор эди. Худога шукр, у даврлар ўтиб кетди” деб жавоб бердим.
Инсон эрки, фикр озодлиги — улуғ неъмат. Энг ёмони — қўрқув остида яшаш. Шунисидан асрасин!
Масжиддан кўра черков кўп
Алмати шаҳрида 30 та масжид фаолият юритмоқда. Шаҳарда православ, католик, лютеран, баптизм, методизм мазҳабларидаги ибодатхоналар умумий сони мусулмон масжидларидан кўпдир. Алмати шаҳрининг рамзларидан бирига айланган Марказий масжид 1999 йили эски Татар масжиди ўрнига янгидан қурилган.
Марказий ва бошқа масжидларда ёз мавсумида мактаб ўқувчилари, аёллар ва эркаклар учун махсус “Диний саводни ошириш” бепул курслари ташкил этилган. Унда мактаб ёшидаги қиз болалар ва ўғил болаларга алоҳида, ҳафтанинг олти кунида 3 соатдан Қуръон алифбоси, имон, фиқҳ, дуо, ахлоқ, сийрат, мултимедиа дарслари; аёл қизларга фиқҳ, ақида, Қуръон, тажвид курслари; эркакларга Қуръон ва тажвид курслари ўтилмоқда.
Алматида сўнгги марта 2011 йили бўлгандим. Бу сафар келганда диндорлашув бироз камайгандек, қозоқ қизларининг кийиниш маданияти менга кўра, тубанлашгандек кўринди. 8 йил аввал кўчада рўмолли опа-сингилларимизни кўпроқ кўрган эдим.
* * *
Чимкент, Алмати ва Бишкекда оддий одамлар билан гаплашганимда ҳаммаси Ўзбекистондаги ҳозирги ислоҳотлардан, янги президентдан хурсанд бўлаётганини айтишди. Қўшнилар орасида яхши таассуротга эга бўляпмиз. Имижимиз анча ошган.
* * *
Уч кунлик Алмати саёҳатимга жами 680 000 сўм (80$) сарфладим. Бунга Тошкент-Алмати-Тошкент йўлкираси (116600 + 112000), икки кечалик хостел (88000), Чимбулоқ осма йўли (88000), кундалик овқатланиш (190000), шаҳар ичидаги транспортлар (40000), симкарта ва интернет (46200) харажатлари киради. Харажатларни бундан-да минималлаштириш мумкин. Мен яна 6000 тенгега (132000 сўм) болалар учун “Роҳат” фабрика дўконидан шоколадлар, чегирма бўлаётган “H&M” ва “Defacto” брендларидан иккита спорт футболкаси (2500+3000 тенге = 121000 сўм) олдим.
Дарвоқе, Алматининг Сайран вокзалидан Тошкентга автобуслар қатнайди. Билет нархи 5000 тенге (112000 сўм). Автобуслар ҳар куни соат 17:00, 18:00 ва 19:00 да юради. Йўлингиз бехатар бўлсин!
Мен эса шу ердан Бишкек томон йўналиб, саёҳатимни давом эттираман.
Тошкент – Чимкент – Алмати
13-16 июнь, 2019 йил