Июль ойида ўқиган китобларим

09.07.2019

Лев Толстой. Хаджи-Мурат. Москва, “Азбука-классика”, 2009

Авар халқи қаҳрамони Ҳожимурод (1818–1852) – Кавказ халқларининг подшо Русиясига қарши олиб борган озодлик ҳаракати етакчиларидан бири, имом Шомилнинг ноиби. Мард ва ўта қатъиятли саркарда сифатида чор қўшинига қарши кўплаб жангларда қатнашиб шуҳрат қозонган, хусусан, партизан урушида ҳарбий қобилиятини намойиш қилган. Имомлик ичидаги баъзи тартиблар, русларга қарши уруш тактикаси ва стратегияси борасида ихтилофлар, шунингдек, Ҳожимурод феълидаги такаббурлик оқибатида у билан Шомил ўртасида муносабат бузилган. 1851 йил 23 ноябрда Ҳожимурод руслар томонига ўтган, бироқ 1852 йил апрелда улардан қочиб, тоққа кетган. Нуха шаҳридаги отишмалар пайтида ўлдирилган.

“Ҳожимурод” (1896–1904) қиссасида авар ўғлонининг фожиали тақдири қаламга олинган. Асарда Ҳожимуроднинг руслар тарафга ўтиши ва улар билан бўлган сўнгги жангда қаҳрамонларча шаҳид бўлиши зўр маҳорат-ла тасвирланган. Улуғ гуманист Лев Толстой Ҳожимурод ва кавказликларнинг диний қарашларини ҳурмат қилган ҳолда, исломий одат ва амалларни ижобий талқин қилган. Ҳожимурод энг қийин дамларда, ҳатто руслар исканжасида эканида ҳам намозини тарк этмайди. Унинг қаҳрамонона ўлимига ҳатто рус офицерлари ҳам тан берган эди:

А все-таки молодчина был, сказал он. Дай я его поцелую.

Да, правда, лихая была голова, сказал один из офицеров.

 

22.07.2019

Абдулҳамид Кўчар. Қулликдан ҳурликка (Esaretten Hürriyete Bir Türkistanlının Hatıraları). Тошкент, “Муҳаррир” нашриёти, 2019

Китоб ўтган аср аввалида руслар зулми остида хонумонидан айрилиб, она юртини ташлаб кетишга мажбур бўлган марғилонлик Абдулҳамид Кўчар ҳаётидан нақл этади. Абдулҳамид Кўчар имонию жонини асраш учун 20 йил сарсонликда Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Сауд Арабистони орқали Туркияга етиб келган ва “Туркистонликлар жамияти”ни тузган. Унинг талотўпларга бой кечган умр йўли мазмунли, ибратлидир.

Сўзбошида тарихчи олим Сирожиддин Аҳмаднинг ёзишича, ХХ аср аввалида тахминан бир миллионга яқин киши нажот истаб Афғонистонга ҳижрат қилган. Сибирга сургун қилинганлар, Эрон, Покистон ва Шарқий Туркистонга кўчиб кетганлар бу ҳисобга кирмайди. Муҳожирлик ҳаёти ҳеч қачон осон кечмаган. Лекин туркистонликлар тиришқоқлиги, тадбиркорлиги билан ҳар ерда ўз ризқини ҳалолдан топа билган. Хотираларда ёзилишича, Афғонистондан тортиб, Ҳиндистон, Арабистон диёридаги бозорларда туркистонликлар савдо қилган. Мусофир киши исталган катта шаҳардаги бозордан тупроқдошларини топа олган.

Маълумки, Ўрта Осиёдаги хонликлар тугатилиб, миллий истиқлол ҳаракати парокандаликка учрагач, кўпчилик Афғонистонга ҳижрат қилади. Туркистоннинг муҳожиротдаги сиёсий-ҳарбий элитаси Кобул шаҳридан паноҳ топади. Абдулҳамид Кўчарнинг ёзишича, русларнинг пинҳона аралашуви билан Кобулдаги туркистонликлар ҳам тўрт гуруҳга бўлиниб кетади (Мубашширхон ал-Тирозий, Садриддинхон муфтий Муҳаммад Шарифхўжа, Шермуҳаммадбек ҳамда Бухоро амири Олимхон тарафдорлари). Кейинчалик амир Олимхоннинг ташаббуси билан гуруҳлар бирлашади. II жаҳон уруши бошланиши билан Туркистон мужоҳидлари қўмитаси тузилиб, ўлкани қайта эгаллаш режаси тузилади ва ҳарбий тайёргарлик бошланади. Туркия элчисининг аралашуви билан бу ҳаракат тўхтайди (чунки Германияга қарши иттифоқ кам сонли истиқлолчиларни осонликча маҳв этиши табиий эди).

Тақдирнинг ҳадясини қарангки, умри давомида юрти озодлигини истаган  Абдулҳамид ота 61 йилдан сўнг Марғилонга боради. Ўз юртида, қариндошлари бағрида Ўзбекистоннинг мустақил давлат бўлганини эшитади…

 

30.07.2019

Збигнев Бжезинский. Великая шахматная доска: Господство Америки и его геостратегические императивы. Москва, Издательство АСТ, 2018

Насл-насаби поляк бўлмиш америкалик сиёсатшунос, жамиятшунос ва давлат арбоби Збигнев Бжезинскийнинг “Буюк шахмат тахтаси” деб номланган китоби 1997 йили ёзилган. Унда АҚШнинг XXI асрдаги геосиёсий стратегияси баён қилинган. АҚШ 39-президенти Жимми Картернинг (1977-1981) миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлган муаллиф китобда жаҳон аҳолисининг асосий қисми яшайдиган, дунё табиий бойликларининг салмоқли улушига эгалик қилувчи, асрлар давомида инсоният тамаддуни бешиги бўлган Евросиёнинг истиқболдаги геосиёсий портретини чизади.

“Катта салтанат – СССР қулагач, АҚШ дунёда етакчиликни қўлга олди, деб ёзади муаллиф, – АҚШнинг энг муҳим стратегик мақсадларидан бири Марказий Осиё ва собиқ совет республикаларида (биринчи навбатда Россияда) ўз таъсир доирасини кенгайтиришдир”.

“Буюк шахмат тахтаси” Арастунинг “Сиёсат”, Макиавеллининг “Ҳукмдор”, Клаузевицнинг “Уруш ҳақида”, Ҳантингтоннинг “Тамаддунлар тўқнашуви” китоблари билан бир қаторда туради. Асар бир қанча вақт дунё геосиёсати борасида энг яхши манба деб саналган бўлса-да, кейинги йиллардаги кескин ўзгаришлар натижасида унинг қиммати хийла пасайди. Шунга қарамай, Бжезинский 1997 йилда башорат қилган кўплаб воқеалар чиндан ҳам рўй берди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *