12 яшар пайтларим. Омон-омон, ҳамма диний илм олган, ҳар маҳаллада масжидлар очилган даврлар… “Муаллими соний”ни битириб, Қуръонга тушгандим. Ўзимизча китоб кўрган бўлдик.
Масжидимизда тўрт киши имомлик қиларди. Катта имом, ёшроқ илм аҳли, кўзойнакли қари қориака ва бир ҳожибобо. Бош имомимиз жуда ақлли, доно киши эди. Қарилик юзасиданми Қуръондаги баъзи оятларнинг маҳражларини чиқара олмасди. Айниқса, ҳар намоздан сўнг ўқиладиган “Оятал курсий”даги “юҳийтуна”ни “юҳайтона” деб ўқиганда ғашим келарди (Аллоҳ кечирсин).
Ўзимча имомнинг хатосини тўғриламоқчи бўлдим. Ёш боламан, имомга хатосини тўғридан-тўғри айтиб бўлмайди. Бунинг устига “Устоди аввал” ва “Ибодати Исломия”дан таълим берган устозимиз. Ўйлаб-ўйлаб йўлини топдим. Намоздан кейин имомни холи топдим-да, гапни бошладим:
– Домла, бир нарсани сўрамоқчийдим. “Оятал курсий”да ёш қориака “юҳийтуна” дейди, кўзойнакли қорибобо “юҳайтуна” дейди (ҳақиқатда шундай ўқирди). Қайси бири тўғри? (Табиийки, сиз “юҳайтона” дейсиз, дея олмадим)
Имомимиз ёш қориники тўғри деди. Кейинроқ яна кузатдим. Домла “юҳайтона” дейишда давом этди. Қариликка йўйдим. Аллоҳ икки домламизни ҳам раҳмат қилсин! Динга, маърифатга роса хизмат қилдилар! Болалик, ўсмирлигимнинг энг гўзал дамлари шу нуроний қарияларнинг насиҳати, гўзал суҳбатлари билан мароқли кечган.
Кейинчалик бошқа жойларда хато ўқиган имомни холи топиб, тўғриламоқчи бўлдим. Хатони тўғрилашим ёқмади. Сиз кимсиз ўзи? Ундай-бундай деб қайта саволга тутишди. Қироати абгор бўлса, кейин намозни қайта ўқиб оладиган бўлдим.
Университетда ўқиш, журналистика ишлари бошланди. Ўз соҳамиз ёки яқинларимизнинг бирон бизнеси ёки иши юзасидан баъзи хатоларни ўзига айтадиган бўлдим. Тўғрисини айтаман, кўпчилигига ёқмади. Ўзини оқлашга сабаб излай бошлашди. Баъзиси ўзи маслаҳат сўраб, фикримни эшитгач, мени соҳани тушунмасликда айблади. Мен билмайдиган объектив-субъектив сабаблардан баҳс қилди.
Билдимки, танқид гарчи асосли бўлса ҳам инсоннинг нафсига ёқмас экан. Сен танимаган, бирон манфаат бирлаштирмаган одамни танқид қилиш осон. Чунки орада андиша йўқ. Истаганингча ёза, айта оласан. Энг қийини яқинингни, билган одамингни танқид қилиш: “прямой” айтишга истиҳола қиласан, кўнглига олмасмикан, хафа бўпқолмасмикан, қандай бўларкин, дейсан. Юмшатиб, ўраб-ўраб айтасан. Шунда ҳам тушунса-тушунди. Акс ҳолда сенам “ана улардан”га айланишинг ҳеч гап эмас.
Инсоннинг энг яхши дўстлари бўлади. Лекин улар жуда кам. Уларга ичингда нима бўлса, “прямой” айтасан, ҳеч қандай чекловсиз, воситасиз. Хафа бўлармикан, тўғри тушунармикин демайсан. Керак бўлса, койийсан, урушасан. Шукрки, улар тўғри қабул қилади. Раҳмат ҳам айтади. Ойна каби доим тўғрилаб туришингни таъкидлайди. Мана шунақаларидан қўймасин!