Суратдаги отахонни марғилонликлар жуда яхши танийди. Эсимни танибманки, маҳаллага “Пупуууп” деб келиб, ёш болаларнинг кўнглини овлаб, арзимаган пулга пичоқ чархлаб кетадиган Чархчи тоға.
Ғанижон ота — ажойиб кашфиётлар эгаси. Отахон Урал велосипедини бир зумда механик йўл билан чархловчи аппаратга айлантирарди. Велосипедини миниб, маҳаллага келар, иккита махсус қозиқ билан велосипедни турғизиб, рулга чархни улар, велосипед занжирини чархга тортиб айлантирарди.
У келиши билан маҳалла болалари тоғани ўраб олар, отахон гоҳ “пупуууп” қилиб, гоҳ ширин сўзлар билан болаларнинг кўнглига йўл топарди. Бир зумда унинг келгани хабари маҳаллага тарқалиб, одамлар пичоқ, чопқи, қайчиларини олиб чиқар, отахон нозик ҳаракатлар билан пичоқ тиғини ўткирлаб берарди. Одатда нарх белгиламас, одамлар рози бўлиб, қанча беришса, оларди.
1995 йил эди. Юртимизда диний эркинликлар кенг қулоч ёзган. Масжидлар очилган, деярли ҳамма диний таълим оларди. Маҳалламиздан 3 та оила ўз машинасида Ҳажга ҳам бориб келганди. Ғани тоға ҳам маҳаллага келмай қўйди. Анча вақт ўтгандан кейин уни кўриб, хурсанд бўлдим:
— Тоға, нега келмай қўйдингиз? Хафа қилдикми?
— Йўғей, нега хафа бўламан? Сафарда эдим.
— Зўр-ку, қаерга бордингиз?
— Велосипедимда Ҳажга бормоқчи эдим, Эрон чегарасидан қайтаришди…
Отахоннинг дарди ичида эди. Ҳажга боришга пулим йўқ, велосипедда борсам деярли пул кетмас экан, дерди. Йўл бўйи пичоқ чархлаб тирикчилик қилиб кетгани, сафар азобларини ҳикоя қилиб берди. “Майли, тоға, кейинги сафар ўтказворишар” дея далда берган бўлдим.
Ғани тоға маҳаллага келмай қолса, у яна Ҳажга кетибди, деган гаплар тарқаларди. Кейинчалик унинг велосипедда яна йўлга чиққани, бир сафар Туркиядан, охирги марта эса Туркманистон чегарасидан қайтаришгани ҳақида эшитдим.
Ўтган йили Рамазонда “Марғилонликлар” гуруҳида Ғани тоғанинг расмини жойлашди. Ҳали ҳам Байтуллоҳга етишолмаганини айтган эди. Кечаги ҳафта хушхабар келди — Чархчи тоғанинг ярим асрлик орзуи рўёбга чиқибди. Хурсанд бўлдим.
Умрангиз қабул бўлсин Ғани тоға! Умрингиз узоқ бўлсин!
Казо-казолар даврини суриб ўтиб кетаверади. Халқнинг хотирасида эса мана шундай оддий инсонлар қолади!