Шанба куни Нигора Умарова таклифи билан “Турон” давлат ҳарбий театрининг “Чачвон” спектаклига тушдим.
Шароф Бошбековнинг “Меҳр ва маузер” асари асосида Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган спектаклда бош ролни Илмира Раҳимжонова ижро этган.
Спектакл воқеалари 1925 йили Ургутда бўлиб ўтади.
Режиссёр қалтис ва зиддиятли мавзуларни саҳнага олиб чиққан:
– Қўрбошиларнинг Миллий Истиқлол учун кураши;
– Ўзимиздан чиққан сотқинлар;
– Босқинчиларнинг кирдикорлари;
– Миллатлараро муносабатлар;
– Маҳаллий халқ орасидаги жаҳолат;
– Миллий қадриятлар ва динга бўлган муносабат…
Сайфиддин Мелиев зиддиятли вазиятлар учун муносиб ечим топа олган.
Томошабин 1 соату 20 дақиқа давомида спектакл ичига сингийди, қаҳрамонлар билан бирга яшайди, қизиласкар қўмондони Максимнинг (Эркин Бозоров ижро этган) ҳаракатларидан дарғазаб бўлиб, Қўрбоши йигитларидан 17 ёшли Юсуфнинг ахлоқи сабаб иймонга келган Мариянинг калимаси ва илк намозидан кўнгли эрийди…
“Чачвон”ни мана шундай ҳаяжон билан кўрасиз.
“Турон” театр саҳнаси ва зали катта эмас. Узоғи 100-150 кишига мўлжалланган. “Чачвон”га элликка яқин томошабин кирди. Саҳна безаклари ва нурлар, актёрларнинг ёнгинангизда туриб рол ижро этиши таъсирни оширади.
“Биз 2 киши келса ҳам спектаклни ижро этамиз. Мақсадимиз енгил мавзулар орқали пул ишлаш эмас, ҳақиқий театр нималигини оз сонли бўлса-да, санъатни севиб, тушунадиган мухлислар учун кўрсатишдир”, дейди режиссёр Сайфиддин Мелиев.
“Турон” театрида спектакллар шанба ва якшанба куни соат 18:00 да ижро этилмоқда. “Чачвон” спектакли 8-15 декабрь 18:00 да қўйилади. Театр студияси эски Авиасозлар маданият саройи 3-қаватида жойлашган (Дўстлик метроси, 148, 44, 72-автобуслар келади). Қўшимча маълумотни +99897 4110208 ва +99890 9530208 рақамларидан олишингиз мумкин.