Нефрит каби товланувчи, тоғлар орасидаги Урунғоч кўли ҳақида аввал кўп эшитгандим. Суратларини кўриб, хўп илҳомлангандим. Кеча ўша тарафларга бориш насиб этди.
Кўлгача Тошкент шаҳар марказидан 150 км йўл босиш керак. Иложи бўлса, бақувват, тоғ йўлларига чидамли автомобилда борилгани маъқул. Акс ҳолда шаҳар автомобилининг “ходовой”ларига зарар етиши мумкин.
Кетишда бензобакни тўлдириб олиш эсдан чиқмасин. Тоғ йўлида автомобил қийналиб ҳаракат қилади, кўпроқ ёқилғи сарф қилади.
Чорвоқ сув омбори юқори қисмидан ўтадиган йўл текис, маназарага бой. Агар сахардан сўнг йўлга чиқсангиз, юқоридан сув омбори ва водийнинг кўриниши тиниқ бўлади. Куннинг иккинчи ярмида эса, ис гази ва бошқа омиллар туфайли манзара хиралашади.
Йўл-йўлакай Сижжак, Қорабулоқ, Нанай, Полвонак, Майдонтол, Қўшбулоқ, Тепар, Такаёнғоқ, Жузжурек тоғ қишлоқлари манзарасидан баҳра оласиз. Айниқса, Пском дарёси водийси жуда гўзал.
Иложи бўлса, ўзингиз билан овқат олволинг. Тоғ қишлоқларида ҳам гўжа, айрон ва нон-сув сотилади. Кабобдан эҳтиёт бўлиш керак деган хулосага келдим: йўл ёқасида, Нанайдаги маҳаллий кабобхона эгасининг айтишича, баъзида тоғдан тўнғиз овлаб обкелишаркан. Шу ерда тўнғиз кабоб ҳам пишираркан.
Нанайдан ўтиб, асфалт йўл тугаб, тошли-тупроқли тоғ йўли бошланади. Тезликни пасайтириб, автомобилни аяб, секин-аста ҳаракат қилинади. Тахминан 35 километр мана шундай йўл давом этади. Йўлнинг айрим участкалари жуда хароб. Эҳтиёт бўлиш керак. Ҳар қалай йўлни тоғдан тушган тош ва тупроқдан тозалаб қўйишибди.
Урунғочга 16 километр қолганда Экология қўмитасининг пости мавжуд. У ерда қаерга кетаётганингиз, ҳужжатларингиз сўралади. Экологик қонун-қоидалар тушунтирилади.
Сафарга чиққанингизда паспортингизни олвоганингиз маъқул. Урунғоч кўли чегара зонасида жойлашган. Айтишларича, аввал кўлга киришда чегарачилар пости бўлган, у ерда келувчиларни регистрация қилишган. Ҳозир бу пост олиб ташланган. Шундай бўлса-да, чегара зонасида паспортингиз ёнингизда бўлиши зарар қилмайди.
Ниҳоят, тоғ йўлининг ўнқир-чўнқирларидан кейин Урунғоч нафаси сезилади. Машина йўлининг сўнгги нуқтасига 500 метр етмасдан автотураргоҳ мавжуд. Автомобилингизни шу ерда қолдирсангиз ҳам бўлади. Бўлмаса пастроқда ҳам жойлар бор.
Бу ёғи Кичик Урунғоч кўлигача 2 километрлик масофа қолди. Шу ердан йўл танламас “Нива”лар кўлгача киши бошига 10000 сўмдан олиб чиқиб қўяди. Мен эса пиёда боришни тавсия қиламан. Ўрмон манзара, тоза ҳаво, булбуллар сайраши, булоқлар, шалолалар, сўлим табиат, ўсимликлар – табиийликка нима естин!
Шу ерда ўрмон хўжалиги пост жорий этибди. Бир ҳафтадан бери ҳудудга кириш пулли бўлиб қолибди: киши бошига 11150 сўм. Квитанция ва чек беришяпти.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан давлат ўрмон хўжалигидан рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланганлик учун ҳар бир киши учун бир суткага энг кам иш ҳақининг 0,05% миқдорида тўлов белгиланган экан.
Тоққа (кўлга) кўтарилишда узун қора кўзойнак, енги узун кийим, бош кийим кийишни унутманг. Қуёш терингизни куйдириши мумкин. Агар “загар” олмоқчи бўлсангиз – бемалол. Терингиз куйгач, 1-2 кун роса ачиштиради, бир ҳафтадан сўнг тулашни бошлайди.
Тоғнинг сўқмоқ йўллари хавфли. Бўлса, махсус таёқ, бўлмаса, ўзингизни тутиб турувчи таёқ олвосангиз тоққа чиқишда ва айниқса, тушишда қийналмайсиз.
Ярим соатлар пиёда юриб Кичик Урунғоч кўлига етиб келдик. Кўл денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган. Суви тўлган пайтда узунлиги уч юз эллик метр, эни етмиш саккиз метр атрофида бўлади. Ҳозир суви анча қочибди.
Кичик кўл манзараси мен фотоларда кўрганимдек эмасди. Одам кўпайганигами, кўлнинг суви қочганигами, тасаввуримдан анча кичиклигигами – шу ерга шунча ердан мана шуни кўраман деб келганмидим деган хаёл ўтди.
Лекин яна 1.7 километр узоқдаги Юқори Урунғочнинг нариги соҳилига ўтгандаги гўзаллик, сокинлик ва яшилликни кўриб, бу хаёллар учди-кетди.
2019 йил 8 октябрда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган, майдони 43 гектар бўлган “Урунғоч” табиий кўли ва унга туташ ҳудудлар давлат гидрологик табиат ёдгорлиги дея эътироф этилган.
“Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлигининг асосий вазифалари сифатида кўл ва унга туташ ҳудудларни ўзгартиришсиз сақлаш, тоғ экотизими ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш ва такрор кўпайтириш, экологик туризмни ташкил қилиш, илмий ва экологик-маърифий ишларни амалга ошириш, аҳолининг экологик таълим ва тарбиясига кўмаклашиш қайд этилган.
Тоғ сўқмоқлари бўйлаб ўрмалаб, Юқори Урунғочга ҳам етиб келдик. Кичик кўлдан тахминан 20 баравар катта ушбу сув ҳавзаси денгиз сатҳидан 1500 метр баландда жойлашган.
Табиат жуда гўзал: ҳамма ёқ ям-яшил, кўл атрофи фақат тоғ. Қаршингизда қорли чўққи.
Кўл суви 7-8 даражада бўлиб, унда чўмилса бўлади, лекин сув ичида 1 дақиқадан кўпроқ туришнинг имкони йўқ: чақиб олади.
Карантиннинг юмшаши сабаб бу ерга келувчилар сони ошган. Кўлдаги экология қўмитаси хизматчисига кўра, ўтган якшанба куни 500 киши келган.
Юқори Урунғочнинг шарқий соҳили тошли бўлиб, ташриф буюрувчиларнинг аксарияти яқинлиги учун шу ерга келади. Одам кўплиги учунми шарқий соҳилнинг қирғочлари бироз хиралашган. Атрофда баклажка, тиббий ниқоб ва овқат қолдиқларининг ташлаб кетилгани дилни хира қилади.
Кўлнинг ғарбий соҳилигача 1,5 киломер тоғ сўқмоқлари бўйлаб ошиб ўтишга тўғри келди. Юқорида кўлнинг яна ҳам мафтункор манзараси намоён бўлади.
Тоғдан тушиб, соҳилга тушишимиз билан тоғлар орасидан табиий филтрланиб чиқаётган мусаффо булоқ сувидан роҳатланиб ичдик. Иссиқда сувсаганимиз учун, сувнинг чучук ва енгиллиги туфайлими 2 литрча ичиб юборсам-да, яна ичгим келаверди.
Ғарбий соҳил жоннинг ҳузури экан: одам деярли йўқ, қорли чўққидан эриб тушаётган муздаккина сувли Урунғоч дарёси, қумли соҳил, салқин дарахтзор, кўм-кўк ўтлоқлар, майин шабада, тоғ ялпизининг муаттар бўйи… Ҳар қандай юқори технологияли рақамли ҳаётдан холи (телефон сигнали тутмайди) табиий муҳит. Палатка тутиб бир-икки кун қоладиган жойлар экан.
Бундай жойларда одам ўзини хотиржам ҳис қиларкан. Муздак сувда таҳорат қилиб, Яратганнинг фарзини адо этишда ҳам ҳузур туяркан киши. Худди, намоз ўқишни энди бошлаган пайтларингиздагидек, қанийди тезроқ азон чақирса, қанийди намоз тугамаса…
Бир олам таассурот, янги энергия билан 5 километр тоғ йўлидан пиёда тушиб, автомобилга ўтирганча, яна сершовқин шаҳар томон йўлга тушдик.