Уйғон, эй кўзларим…

Усмонлининг 12-подшоҳи, Исломнинг 77-халифаси Султон III. Мурод Хон (1546-1595) — II. Салим Хоннинг ўғли, Қонуний Султон Сулаймоннинг неварасидир.

Даврининг энг буюк олимларидан илм олган Мурод Усмонлининг илк олим подшоҳларидан эди. У дунё тарихи, табиий илмларга оид асарларни туркчага таржима қилдирди. Бир қанча илмий ва маданий марказлар барпо эттирди. Мурод Хон Маккаи мукаррамадаги Масжидул ҳарамнинг деворлари ва сув йўлларини, Мадинадаги Масжидун набавийни таъмир эттирди. Макка, Мадина ва Манисада жомеъ, мактаб, мадраса ва Муродия куллиясини қурдирди. Истанбулдаги Византия даврида черков бўлган Фатҳия жомеъси Мурод Хон даврида масжидга айлантирилган.

Одатда, усмонли шаҳзодаларини ёшлигидан маълум касбларга ҳам ўргатишарди. III. Мурод Хон яхшигина соатсоз ва наққош бўлган. Хаттотлик билан ҳам шуғулланган. У ишлаган хат-лавҳалар Аясофия жомеси меҳробини безаган.

Тарихчилар уни Ҳаққа ва халққа яқин адолатли подшоҳ бўлган деб эслашади. Шунингдек, у бобоси Муҳиббийдан сўнг энг кўп шеър ёзган, форсий, арабий ва туркий девонлари бўлган шоир ҳам бўлган.

Султон Мурод Хон бир куни бомдод намозига туролмай қолади. Кун бўйи айбининг ҳасратидан хафа бўлган султон ҳисларини ўзининг энг машҳур шеъри билан ифодалайди:

УЙҒОН, ЭЙ КЎЗЛАРИМ

Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.
Азроилнинг қасди жонгадир, инон,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.

Сахарда уйғонурлар жумла қушлар,
Тилу диллари бирла тасбеҳ бошлар,
Тавҳид айлар тоғлар, тошлар, оғочлар,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.

Самовотнинг эшиклари очилар,
Мўминларга раҳмат суви сочилар,
Сахарда турганга ҳулла бичилар,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.

Бу дунё фонийдир, асло алданма,
Мағрур бўлиб, тожу-тахтга таянма,
Етти иқлим менинг дею, инонма,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.

Менинг, Мурод қулинг, айбимни афв эт,
Айбимни кечириб, гуноҳим раф эт,
Расулинг байроғи остида ҳашр эт,
Уйғон, эй кўзларим, ғафлатдан уйғон,
Уйғон, уйқуси мўл кўзларим, уйғон.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *