“Андин сўнгра не бўладур?”

1995 йилнинг кузлари. Ташқарида шамол гувиллар, осмонни булут қоплагани учун қоронғулик янада қўрқинчли кўринади. Хуфтон намозига эртароқ чиқсам, масжиддаги оқсоқоллар китоб ўқиттиришарди. Шу кеча “Ибодати Исломия”нинг “Қиёмат аломатлари” мавзусига келгандик. Ўқий бошладим. Аввал кичик аломатлари ҳақида сўз борди.

Жамоат тинчгина тинглаб ўтирар, эски ўзбек арабий ёзувида бўлган бу китобни ўқиб бериш мен учун ҳам завқ, ҳам дарс эди. Катта аломатлар бошланди. Эски ўзбекчада ёзилган бу китоб Ислом фиқҳи, ақидаси ҳақидаги дастлабки маълумотларни берувчи савол-жавоб тарзидаги манба бўлиб, авваллари эски мактабларда ўқитилган. Қиёмат аломатлари “Андин сўнгра не бўладур?” сўроғи билан давом этарди.

Жамоат жон қулоғи билан тинглар, ичкарида пашша учса билинарди. Ташқаридан эса гувиллаган шамол овози эшитиларди. Қиёмат олдидаги даҳшатлар қисми бошланган, оқсоқоллар бошларини сарак-сарак қиларди. Навбатдаги “Андин сўнгра не бўладур?” сўроғидан кейин чироқ ўчиб қолди.

Шунда муаззинимиз Ҳасанбой тоға шартта “Андин сўнгра свет ўчиб қолодур! Шамни ёқинглар!” деб ҳаммани қўрқув ичидан олиб чиққан эди.

Ҳасанбой тоғани маҳалла аҳли яхши эслайди. Овози йўғон бўлгани учун азонни шу киши айтарди. Баъзида маҳалла тадбирлари ҳақида ҳам микрофонни ёқарди-да, “Аҳли маҳалла, фалон-фалон масалаларни ҳал қилгани масжидда йиғиляпмиз, келинглар” дея эълон берарди.

Ёш бола бўлсам ҳам, Ҳасанбой тоға мени маъракаларга олиб кетар, ўзининг олдидан жой берарди.

Жаҳрмасжиднинг эски устунлари (масжидда ҳозир намоз ўқилмайди), имомимиз, “Устоди аввал”дан саводимни чиқарган Абдулҳай махсум, муаззин Мирзажон тоға; Ҳазрати Мулланинг аҳил жамоати (масжид ҳозирда пойабзал устахонасига айлантирилган); Қўрхона масжидининг нақшлари (масжид бузилиб, ўрнига чойхона тушган); бир куни шўхлик қилиб азонни эрта айтиб юбориб, ҳайдалишимизга бир баҳя қолган Хўжаэгиз бурилишидаги масжид (ҳозир нонвойхона, чойхона); Қозиён деворидаги ёзувлар (ҳозир намоз ўқилмайди), Девонбегида “шайтон мазамматлари” деган китобни ўқиб берганларим (ҳозир намоз ўқилмайди), Сафилтўда масжидидаги Мусо қори аканинг мутаассир маърузалари (ҳозир намоз ўқилмайди) — болалигимнинг азиз хотиралари. Булар уйимиздан атиги 1 километр радиусдаги маҳаллий масжидлар эди. Кейин ҳаммаси ёпилди… Ғалати замонлар бошланди…

Самимий даврлар, ичида кири йўқ чоллар, дуогўй оқсоқоллар, қулфи йўқ масжидлар — ўша даврларни доим қўмсайман, ҳозирда изларини ҳам топа олмай, шунақа муҳит қидираман. Болалиги менинг болалигим каби ўтмаётган болаларга куйинаман…

Ўша савол: “Бундин сўнгра не бўладур?”

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *