Болалар қалби жуда тоза, табиатан меҳрибон бўлади. Уларнинг фитрати соф, ғуборсиз.
Бугун болаларимни олиб, тоққа чиқдик. Табиат бағрида яйрадик. Дўлана, наъматак, тоғолча, ёнғоқ, ёввойи бодом ғарқ пишибди. Болалар ўз қўллари билан териб еди.
Каклик, бургут кўрдик. Чўпоннинг қўй ва эчкилари ёнгинамиздан ўтиб кетди. Кичкинам уларни обдон кузатди. Қўзилаган экан. Янада қизиқ туюлди.
Чўпоннинг баҳайбат ити бўри билан ёқалашганми, бўйнида жароҳати бор, бир оёғи оқсоқ. Ўтирган жойимизга келиб қолди. Аввалига болалар ҳадиксиради. Уларга бу чўпон ити эканини, жаҳлини чиқармаса, зарарсиз эканини тушунтирдим.
Бироздан сўнг, ит сурувни ҳайдадида, ёнимизга яна келиб, мўлтираб туриб олди. Қорни очга ўхшайди. Аксига олиб, унга берадиган нарсамиз қолмаганди. Қизим нонимиз борку, берайлик деб қолди. Жонавор жуда оч экан. Битта нондан кейин болалар итни ўз ширинликлари билан сийлашди.
Ит қорни бироз қорни ором олгач, бошини икки марта сарак-сарак қилиб, яна сурув томон шошилди. Қизим “ана ит бизга раҳмат айтяпти” деди.
Қайтиш олдидан фотиҳа қилиб бўлгач, “қани болалар Аллоҳдан нимани сўрасанглар, омин деб сўранглар” дедим. 9 ёшли ўғлим “дадамга хайрли уй бергин” деди, 6 ёшли қизим коронавирус тезроқ кетишини тилади. 3 ёшли қизимнинг дуоси мени лол қолдирди: “Оллоҳим, қўйлар оч қолмасин!”