Шоолим ака билан илк бор 4 йил аввал ўзбек зиёлилари ўқиши шарт бўлган, жаҳоннинг диний ва дунёвий йўналишдаги энг сара асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этишни мақсад қилган “Фонус” лойиҳаси доирасида учрашган эдим (афсус, миллат учун жуда фойдали бу лойиҳа тўхтаб қолди).
Илк танишувданоқ Шоолим ака ўзининг хокисорлиги, тавозеси, илм аҳлига муҳаббати билан менда яхши таассурот қолдирганди. Кейинчалик бу лойиҳа юзасидан яна бир неча марта учрашдик. Ўз соҳасида илми, дунёқараши етарли бўлса-да, Шоолим ака фақат тинглар, савол берар ва ташаббусларни қўллаб-қувватларди.
Кейинчалик билсам Шоолим ака 90-йилларда “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган бир қанча диний китоблар безакчи-рассоми (жумладан, Қуръони карим таржимаси, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол” китоблари) бўлган экан. Ўша китоблар орқа тарафини кўрсангиз, Усмон Шомансур деган номни кўрасиз. Бу ўша бизнинг Шооолим ака бўлади.
Шоолим аканинг Абдулқосим мадрасасидаги ҳужрасида жуда кўп суҳбатлашганмиз. У киши рассом, хаттот ва нозик безак ишлари устаси эди. Дунёқараши кенг, миллатнинг маънавий юксалиши учун жонкуяр инсонлардан эди.
Ҳар сафар хориждаги бирон тадбирга боришдан олдин мадрасага борар, Ўзбекистондан ёдгорлик бирон совға сотиб олиш баҳонасида ака билан гурунглашардик. Шоолим ака санъат асари учун арзимаган нархни айтар, “ака, бу қўл ишингиз учун кам нарх, яна қўшай” десам, “шу мени қониқтиради” деб ортиқча пулни олмасди. Кейинчалик билсам, бу ишлар мен бергандан 2-3 баравар қиммат сотиларкан.
2017 йили Астанада менга Қозоғистон Маданият вазирлигининг медали ва Туркия тарих вақфининг нишонини беришди. Ишонинг, энг кўп қувонган Шоолим ака бўлди. Тошкентга келганимдан кейин ўзи ясаган бежирим қути ва ташрифқоғозсолгични ҳадя қилди. Бироз хижолат бўлгандим, Шоолим ака: “Оз бўлса-да бу ҳадяни қабул қилинг. Сиз миллат учун керакли инсонсиз”, деди. Медал ва нишондан ҳам кўра Шоолим аканинг бу самимиятига хурсанд бўлдим.
Шоолим ака 2017 йили деярли тўлиқ “Ойнинг энг яхши мақоласи” танловини ўтказди. Танлов орқали жуда кўп яхши мақола ва таржималарни тўплади ва эълон қилди. Энг қизиғи, ҳар ой у танлов ғолибларига қимматбаҳо санъат асарларини ҳадя қиларди.
Ўзи ҳам мазмунли мақолалар ёзар, таржима қиларди-ю, лекин кўпам эълон қилавермасди. Сўнгги йилларда бир қанча мазмунли мақола ва ҳикоялар Шоолим Шомансур таржимасида тақдим этилди. Кўпчиликни йиғлатган, раҳматли қудаси Шуҳрат Қаюм ўқиб берган ҳикояни ҳам Шоолим ака таржима қилган экан.
Фейсбукда ёзганларидан бирида шу ҳикоя ва мақолаларни китоб қиляпман деганди. Раҳматлининг бу режасини ўғиллари албатта амалга оширадилар, деган умиддаман. Ўғилларини ҳам биламан: ўзи ўхшаган тавозели этиб тарбия қилган.
Бир-бирларига муҳаббат қилганлар жаннатда ҳам бирга бўладилар, дейилади. Бугун Шоолим ака севганлари ҳузурига кетди, иншааллоҳ. Биз ҳам сизни яхши кўрамиз, Шоолим ака! Аллоҳ шаҳодатингизни қабул қилсин!