Керак, албатта. Қачондан, қандай услубда тарбия берилиши муҳим. Жинсий тарбия дарсларини боғчадан бошлаш ташаббуси эса абсурддан ўзга нарса эмас.
Бундан 18 йилча олдин ҳам Ўзбекистонда шу ташаббус илгари сурилган. Айрим амалий натижаларга ҳам эришилганди. Ўшанда айрим мактабларда хорижий ташкилотлар томонидан тайёрланган ва қойилмақом тарзда ўзбекча ўгирилган қўлланмалар тарқатилган, дарслар ташкил этилганди.
Бу ҳақда аввалроқ файласуф олима, Ayol.uz сайти асосчиси раҳматли Ҳафиза Насруллоҳнинг мақоласидан билгандим. Олима бундай оврупача тарздаги жинсий тарбия дарслари ўзбек болалари учун тўғри келмаслигини ёзганди.
Кейинроқ ўша қўлланма қўлимга тушгандан кейин ўқиб шокка тушгандим. Орасидан илк очган жойимда “Ўғил болалар ва қизлар учун машғулот: Сунъий олатга презерватив тақиш” деган мавзу ва тўғри тақишни ифодаловчи чизма расм бор эди.
Қўлланмада ёш йигит-қизларга бу ёш психологиясида аёл-эркак қизиқиши кучли бўлиши, мабодо жинсий алоқа бўлиб қолса, бола бўлиб қолишининг олдини олиш ҳақида ёзилган эди. Мана шундай тарбия керакми бизга?
Биздаги жинсий тарбия зинога умуман яқинлашмаслик, кўзни номаҳрамдан тўсиш ҳақида ўргатади. Тасодифий жинсий алоқада хомиладор бўлиб қолишдан қандай сақланиш ҳақида эмас. Бизда қизларга онаси, йигитларга отаси индивидуал жинсий тарбия беради. Боғча-мактабда интим мавзулар билан балоғатга етаётган ёшларнинг қичиғини келтириш шарт эмас.
Ундан кўра, дин олимлари, доктор ва психологлар билан биргаликда ота-оналар учун жинсий тарбия курслари очиш керак. Бола жинсий тарбияни биров ёки қарши жинс вакилидан, интернетдан олгандан кўра, ўз ота-онасидан олгани яхшироқ.