Тошкентдан атиги 50 км узоқликда шаршаралар водийси бор. Товоқсой шаршаралар водийсида қирққа яқин шалола бўлиб, ундан 7-8 таси катта шаршаралар ҳисобланади. Анчадан бери бораман деб ният қилган эдим. Насиб кеча экан.
Шаршараларга бориш учун Бўстонлиқ туманидаги Товоқсой қишлоғига бориш керак. У ерга тур орқали гидлар билан, шунингдек, шахсий машинада бориш мумкин. Поезд ёки Ғазалкентга кетадиган маршруткалар билан борса ҳам бўлади. У ҳолда Ғазалкентга етмасдан “Хонбалиқ” мажмуаси олдида тушиб қолиб, шу ердан Товоқсой шаршаралар сўқмоғигача 5 км пиёда юриш ёки такси кира қилишга тўғри келади.
Мен энг арзон йўлини танладим. Тошкент марказидаги Салар темир йўл бекатигача пиёда бордим. Ўтган йили карантин бўлиб, бундай яшиллик мавсумида тоққа чиқиш мумкин бўлмаганиданми, кунлар яхши исиганиданми бекатда тумонат одам. 7-8 йилдан бери шу ердан тоққа қатнайман: бунақа тумонатни кўрмагандим. “Ҳа, майли, вагонда жой мўл бўлади, бемалол кетаман”, деган хаёлда вагон эшигидан амаллаб ичкарига кириб олдим. Ичкарида ҳам тумонат одам, аввалги бекатларда ҳам роса одам чиққан шекилли, ўтиришга умуман жой йўқ. Вагон бурчагидан жой топдим, манзилгача туриб кетишга тўғри келди.
Товоқсой шаршараларига бориш учун Аранчидан кейинги Паргос бекатида тушилади. Вагондан тушиб, чап тарафдаги кўчага кирилади. Озгина юрилгандан сўнг ўнглаб кетилса, масжид чиқади. Шу ердан тўғрига, сой бўйлаб автомобил йўли билан юрилади. Товоқсой ГЭСининг 2 та канали устидаги кўприкдан ўтилгандан сўнг яна сой бўйлаб қишлоқ ичидан тўғри кетилади. Қишлоқ охиридаги кичик темир кўприк олдидан шаршараларга олиб борувчи сўқмоқ бошланади.
Паргос бекатидан шу сўқмоққача 5 км ни қийналмай юриб қўйибман. Тоғ бағридаги қишлоқлар маза-да, тоза ҳаво, атроф гўзал — томоша қилиб кетасан.
Дарвоқе, бугун Товоқсой дараси бўйлаб югуриш мусобақаси бўлаётган экан. 100 га яқин спортчилар шу ерда стартни кутиб туришибди.
Шаршаралар ва каньонлар сари олиб борувчи сўқмоқ сой бўйлаб ўтади. Деярли адашиб қолмайсиз. Сойни мўлжал қилиб юрсангиз, адашмайсиз. Шунингдек, MAPS.ME иловасини ҳам юклаб олинг. У ерда трекинглар ва асосий шаршаралар белгиланган.
Сўқмоқнинг бир неча еридан сойнинг бошқа қирғоғига сакраб ўтишга тўғри келади. Хавотирланманг, сой анча саёз, энг чуқур жойи тиззангиздан келади. Ҳар эҳтимолга қарши оёғингиз ҳўл бўлишига тайёр туринг. Лекин қуёшда тез қурийди. Сойдан ўтаётганда телефонингизга эҳтиёт бўлинг. Сакраётганингизда сойга тушиб кетиши мумкин.
Сўқмоқнинг асосий қисми тупроқ йўлдан ўтади, баъзи жойлари лой бўлган, кам қисми эса тошли. Трекинг таёғи ёки йўлдан ўзингизга мос таёқ олвосангиз, бу йўлларда қийналмайсиз.
Йўлда дастлаб кичикроқ шаршараларни учратасиз. Илк учрайдиган нисбатан катта шалола Пастки шаршара бўлиб, ҳали узоқ манзилда сизга яхши кайфият бағишлайди. Яна озроқ тепалаб юрсангиз, маҳаллий аҳоли Жакузи деб номлаган шаршара чиқади. Сал юқорироқда баландлиги уч метрли Ҳовуз шаршара чиқади. У шаршарадан оқиб тушган сув ҳовуз ҳосил қилгани учун шундай номланган.
Ҳовуз шаршарадан сой бўйлаб юқорига чаплаб юрилса, дарахзор орасидаги Дўстлар шаршараси келади. Бу ерда сув зинасимон тарзда 8 метр юқоридан пастга шовиллаб тушмоқда. Кўпчилик шу ерда салқинда дам олиб, тамадди қилиб оларкан. Дўстлар шаршарасини Катта Товоқсой шаршарасига олиб борадиган йўлнинг ўртаси деса бўлади.
Олдинда бизни жудаям гўзал шаршара кутмоқда. Қиз сочлари деб номланган бу шаршара кичик каньон орасида жойлашган бўлиб, у ерга пастдан ва юқоридан бориш мумкин. Пастдан сой бўйлаб боришни маслаҳат бераман. Қиз сочлари шаршаралар водийсининг энг гўзал шалолаларидан бири. 20 метр юқоридан тушаётган сув каньон тошларига урилиб ғоят гўзал манзара ҳосил қилади.
Шу ердан бироз қияроқ сўқмоқ билан юқорига чиқиб асосий сўқмоққа қўшилиб олса бўлади. Шу ердан асосий шаршарага иккита сўқмоқ келади. Бири юқоридан шаршаранинг ўнг томони бўйлаб боради. Мен сой бўйлаб бориладиган ўнг томондаги иккинчи сўқмоқни таклиф қиламан. Чунки бу сўқмоқ орқали юрилса, яна иккита ажойиб шаршарани кўриш мумкин. Тошгул ва Зинапоя шаршараларини кўриб бўлганингиздан сўнг бироз тин олинг.
Шу ергача чиқадиган йўл унчалик баланд бўлмагани учун сизни чарчатмайди. Юқоридаги Катта Товоқсой шаршараси томон чиқадиган йўл тепароқ бўлгани учун бироз ҳолингиз қуриши мумкин. Лекин орқага қайтмасликни ва машаққат бўлса-да, чиқишни тавсия қиламан. Чунки юқоридаги манзара жуда чиройли. Чиққанингиздан асло афсус қилмайсиз.
Товоқсой тоғларига баҳор Чимён тарафлардан кўра анча эрта келади. Ҳозир бу ерлар жуда кўм-кўк. Атрофда гуллар очилган, дарахтлар гуллаган. Тепаликка чиққунча лолазор экан. Тоғ лолалари баҳри дилингизни очади, чарчоғингизни олади.
Товоқсойнинг буюк каньонлари ҳам кўринди. Айримлар бу жойларни АҚШдаги Колорадо дарёси оқиб ўтадиган Катта Каньонга ўхшатишади. Баландлиги 30-40 метрлик тик қояларнинг усти ясси. Ўртадан эса Товоқсой дарёси келиб, каньонга қуйилади ва энг баланд шаршарани ҳосил қилади.
Шаршарани дастлаб каньонлар остидан томоша қилгим келди. Тошли сўқмоқ бўйлаб каньонлар остига тушдим. Менга қўрқинчли бўлмади, лекин акрофоблар (баландликдан қўрқувчилар) учун тавсия қилмаган бўлардим. Йўловчилардан бири тинмасдан ўзига-ўзи овозини чиқариб “пастга қарама, пастга қарама” деб кетарди.
Каньон остидан юқорига боққанда шаршаранинг баландлиги унчалик билинмас экан. Лекин ўзгача таровати бор. Кўриб кўзингиз қувнайди. Яратганга шукрона айтасиз.
Тош сўқмоқ орқали яна орқага қайтиб, энди каньонлар устига чиқдим. Бу ер ясси бўлиб, юриш осон. Лекин қирғоққа кўпам яқинлашишни тавсия қилмайман. Каньоннинг 90 даражали тик қоялари юқоридан қараганда анча ваҳимали ҳамда ҳимоя тўсиқларига эга эмас.
Дарё ўзанини айланиб ўтиб, Катта Товоқсой шаршарасининг оғзига етиб бордим. Айтишларича, ҳозир сув камроқ пайти экан. Сойнинг иккинчи ўзанида сув деярли йўқ.
Шаршаранинг чап тарафидаги каньонлар устидан унинг ҳақиқий маҳобати гавдаланади. 40 метр баландликдаги Катта Товоқсой шаршараси Тошкент вилоятидаги энг баланд шаршара ҳисобланади.
Товоқсой қишлоғидаги сўқмоқнинг бошланишидан шу ергача 6 км экан. Лекин биласиз, тоғдаги йўл билан текисликдаги йўл анча фарқ қилади. Паргос станциясидан шу ергача 11-12 километрни йўлдаги тўхталишлар, фотога олишлар билан 3,5 соатда босиб ўтибман. Тушишга эса бироз камроқ вақт кетди.
Хўш, бу сафардан нималарга эришдим? Тоза ҳаво, мўл-мўл кислород, бир олам таассурот. Қулоқларим дам олди: қушлар сайраши, шарқироқ сой, шаршара овози. Бурнимга яшиллик, гуллар ҳиди ўтирди. Кўзим гўзал манзаралардан завқ олди. 43000 қадам пиёда юрдим. Тахминан 33 км. Организмдаги кераксиз ёғлар эриди. Енгилладим, кайфиятим аъло.
Кўпчилик тоққа чиқиш, мана шундай гўзал жойларга сайр қилиш бойларнинг иши деб ўйлайди. Лекин ундай эмас. Бугунги саёҳат учун ҳатто 1 доллар ҳам кетмади. Электричкада бориш-келиш атиги 9000 сўм бўлди. Муҳими хоҳиш-истак. Имкон бор. Истакка етиш учун озроқ ҳаракат қилса етарли.
Келгуси сафарларда кўришгунча!
Тошкент – Товоқсой
11 апрел, 2021 йил