Илк бор таровеҳ намозига дадам олиб чиққандилар. Ёш бола эдим. Масжид тўла одамлар, орқада ёш болалар, таровеҳ намози, тасбеҳлар, болаларнинг қиқир-қиқири… Дадам нима қилсалар ўшани қайтаряпман. Қарасам ёнимда турган мен тенги бола намоз дуоларини ўқияпти. Таъсирландим, намоз ичида уни секингина туртдим-да, сўрадим: «намоз ўқишни биласизми?». Ҳалиги болакай жавоб ҳам бермади. Намунча кеккаймаса, деб ундан хафа бўлгандим. Ўша бола эса қаҳрамоним эди.
Кейин маҳалла болалари билан чиқадиган бўлдик. Дадам билан чиққаним ҳар тугул яхши экан. Дадам турганларини билиб ўзимни сипо тутардим. Болалар билан эса, болаларча қилиқлар, қитиқлашлар, ҳиринг-ҳиринглар, ҳар ракат сўнгида катталарнинг танбеҳлари…
* * *
1996 йил. Марғилон шаҳридаги барча жомеъ масжидларда, баъзи маҳалла масжидларида таровеҳ хатми Қуръони карим билан адо этиларди. Қорилар кам бўлгани учун хатмлар 5-6 кунлик бўлар, хуфтон намози 19.00 да бошланиб, таровеҳ ва витр тунги 12 дан ошганда тугар эди. Кунига 6-7 порадан ўқиларди.
Илк бор хатмга Хонақоҳ жомеъ масжидига чиққандим. Биринчи қатор халталар билан тўла экан. Кейин билсам, бу халталар ичида сув, қуруқ чой ва туз бўлиб, ўқилган Қуръондан табаррук бўлади деб олиб келиб қўйишган экан.
Хатмни раҳматли Собиржон қори дада табаррукан очиб, дастлабки икки ракаатни ўқиб берганди. Хатмнинг дастлабки куни 8 пора ўқилди. Қорилар жуда тез ўқишарди, шундай бўлса-да, руку бўлишини, сажда ояти келишини (қорилар сажда оятини секинлаб, паст овозда ўқишарди, намоз ичида қиёмдан саждага кетиб, туриб яна ракат давом эттириларди) кутиб турардик. Хатмнинг сўнгги кунига 2 пора қолдиришган эди.
Қиш пайти бўлгани билан хонақоҳда намозхонлар кўплиги учун исиб кетар, сўнг озроқ ҳаволаниш учун ташқари чиқар, музлаб қолгач, яна хонақоҳга қайтардим. «Хонақоҳ»нинг кичик ҳужралари ҳам, тарихий устунлари бор асосий хонақоҳ ҳам намозхонлар билан тўла бўларди. Ҳозир эски масжид қолмаган. Ўрнига янгидан бино қилинди.
Қорилар кам бўлгани сабаб хатмлар бир кунда бошланмасди. Қориларнинг вақти ва навбатига кўра, бир масжиддан сўнг бошқа масжидларда ўқиларди. Ўша йили 4 та масжидда хатмда иштирок этгандим. Хўжа Эгиз масжидида Абдужалил қори хатмга ўтарди. Қори ака сокин, тажвид билан ўқирди. Чечен шогирди эса тезлаб юборарди.
* * *
2001 йили хатмни Тошкентдаги «Кўкча» жомеъ масжидида адо қилдим. Раҳматуллоҳ қори дада гўзал қироат билан хатмга ўтардилар, маъруза ҳам қилардилар. Масжиднинг иккинчи қаватига аёллар чиқишарди. Намоздан сўнг эркаклар тарқалгандан сўнг улар туришарди.
Кейинги йиллари «Хўжа Аҳрор Валий»га чиқдим. Баҳодир қори аканинг қироати гўзал эди. Кўпчиликни йиғлатарди. Бир сафар Пайғамбар алайҳиссаломни эслаб дуо қилганда бутун хонақоҳ ҳўнграб йиғлаганди. Бир куни жамоатдан дуони Баҳодир қориака қилсин, деган таклиф тушганда раҳматли Анваржон домланинг бироз жаҳли чиққанди. Баҳодир қори ака «Қиёмат» сурасини ўқиётганда масжиднинг иккита катта чироқлари отиб юборганди…
Ўша йиллари «Хўжа Аҳрор Валий»да кетма-кет икки марта хатм бўларди. Бошқача файзи бор эди бу жомеънинг.
2007 йил Тошкент Ислом маданияти пойтахти бўлиб, Ҳазрати Имом мажмуи қад ростлади. Намозгоҳ майдонида очиқ осмон остида таровеҳ ўқиш ўзгача завқли бўлганди. «Минор» масжидидаги илк таровеҳ ҳам кўпчиликнинг ёдида.
2010-2014 йилларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қайси масжидга борсалар, ўша жомеъга бориб, маъруза эшитиш насиб этди. Одатда, шайхнинг қайси масжидда бўлиши рўйхати islom.uz‘да эълон қилинар, мухлислар ўша жомеъга оқиб боришарди. Шайх келган масжидда ичкарида ва ҳовлида умуман жой қолмасди. Ташқарига саф тортиларди. Аллоҳ рози бўлсин, халқимиз шайх ҳазратларидан кўп нарсаларни ўрганди. У зот ўша даврнинг маънавий муаммолари ҳақида ҳақ-рост сўзларди.
2015 йили Тошкентнинг катта масжидларида, айниқса, «Минор» масжидида намозхонлар ташаббуси билан ифторлик дастурхони ташкил этилди. Бу ифторликлар худди Ҳарами шарифдаги ифторликларни эслатиб юборди, дейишганди имомлар. Лекин буни ҳам кўп кўришди. Бир кунда ҳамма масжидларда ифторлик қилишни тақиқлаб қўйишди. Шу ва бундан кейинги 1-2 йилда болаларнинг масжидга киришига ҳам рухсат берилмади.
Сўнгги йилларда хатмнинг охирги куни Тошкентнинг катта масжидларида 10-20 минглик катта жамоат йиғилиши билан эсда қолди. Юқоридан дрон тасвирлари дунё медиасида ҳам ёритилди.
* * *
2014 йили Рамазонни Туркияда ўтказиш насиб этди. Таровеҳ намозини Анқаранинг энг катта масжиди – Кожатепе жомесида адо этдим. Нафсиламри, барибир ўзимизнинг жомеларга етмас экан. Таровеҳда Қуръон тиловатидан ҳузур ила баҳраманд бўламан дегандим. Аммо Анқаранинг энг катта жомесида тезликда ўқилган таровиҳдан ватандагидек завқ ололмадим. Айтишларича, 1000 дан ортиқ масжиди бўлган пойтахт Анқаранинг атиги уч-тўрт жомесидагина таровиҳ намози хатми Қуръон билан адо этиларкан.
Лекин Истанбулдаги “Фотиҳ” жомеъсида ўқилган хатми Қуръонли таровеҳ гўзал таассурот қолдирди.
2015 йили Америка Қўшма Штатларининг бир қанча мусулмон жамоалари билан таровеҳ ўқиш насиб этди.
* * *
Сўнгги йилларда ўзим таровеҳ хатмларида Ҳасанхон ва Ҳусайнхон қори Яҳё Абдулмажид, Абдулбосит қори ва Абдулқодир қори акаларнинг (ҳозир Бодомзордаги жомеъ масжидида) қироатидан завқ-ла баҳраманд бўляпман. Аллоҳ ҳифзларини бундан-да гўзал айласин!
Шайх ҳазратлари раҳимаҳуллоҳ бекорга айтмаган эканлар: «Ҳарамайндан ташқари дунёнинг ҳеч бир ерида Ўзбекистондаги таровеҳ ва хатмлардаги файзни топиб бўлмайди». Дарҳақиқат, юртимизнинг қаерида таровеҳ ўқимай, барчасидан фақат гўзал таассуротлар қолган. Ушбу ойдаги ифторликлар, қадр кечаларидаги гўзал хотиралар ҳам доимо эслашга арзигулик!
Барчамизга Рамазонни гўзал тарзда ўтказиш, эслаб юриш насиб этсин!