Фейсбукда Ислам Капарзо отли “тарихчи”нинг видеомурожаатига кўзим тушди. Унинг иддаосига кўра, 1 май куни биз “Халқлар дўстлиги” майдонида кўтарилган қизил байроқни оккупантларники дея хато қилибмиз, “ул зоти мубораклар” ўзбек давлатининг туғилишига доялик қилиб, оммавий саводсизлик домидаги халқнинг ҳарф танишига сабабчи бўлган экан!
“Туркистонда 1914 йилда 5-6 фоизгина аҳоли саводли (94 фоиз аҳоли саводдан маҳрум!) бўлган эса, Луначарский дастури шарофати билан 1939 йилга келиб 98 фоиз аҳоли савод чиқарди. Ўша сиз айтган оккупантлар оммавий саводсизликни тугатиш билан шуғулланганлар”, – дейди “тарихшунос”.
Чор босқинига қадар ўзбек халқи қолоқ, саводсиз, илмсиз бўлган деган чўпчакни кўп замонлардан бери эшитиб келамиз. Капарзо ҳам шу мавзуда лоф уриб, ХХ асрнинг аввалида халқимизнинг 94 фоизи саводсиз бўлганини даъво қилмоқда. Бу ҳазил рақам эмас! Бу тахлит иддао халқнинг устидан ошкора кулиш деб аталса тўғри бўлади. Тарихий ҳақиқат хусусида қуйида сўз юритамиз, аммо бу даъво оддий мантиқ қаршисида ҳам чок-чокидан сўкилиши аниқ. Негаки, 94 фоиз аҳолиси ўқиш-ёзишни билмайдиган миллат ўз генофондидан мосуво бўлиб, халқ сифатида йўқликка юз тутмоғи даркор!
Хўш, 1939 йилгача уч қайта имло ва ёзувни ўзгартириб, халқни дахмазаларга гирифтор этиб ҳам пировардида 98 фоизлик саводхонликка эришиш мумкинми? Сираси, “тарихчи”нинг бу даъвосига тарих нима дейди?
Атоқли адибимиз Хуршид Даврон 1989 йили “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган “Тарих мезони ҳақиқатдир” номли мақоласида ёзишича, 1897 йили ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосан тожикларнинг 99,5; қирғизларнинг 99,4; туркманларнинг 99,3; ўзбекларнинг 98,4; қозоқларнинг 97,9 фоизи саводсиз бўлган(!) дея хулоса берилган. Бу ҳисоб-китоб эса ўлкада ташкил этилган рус-тузем мактабларида таълим олган болалар сонига нисбатан олингани энди сир эмас.
Туркистондаги эски мактаб ва мадрасаларда таълим олаётган ёшлар, отинбибилар қўлида хат-савод чиқараётган хотин-қизлар эса умуман “саноқ”қа қўшилмаган. Ваҳоланки, 1897 йили Самарқанднинг ўзида биттагина рус-тузем мактаби фаолият юритгани ҳолда, 21 мадраса, 83 мактаб ёки Бухорода ўша йилларда 103 мадраса бўлгани маълум.
Татар олимлари тарихий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Туркистон мустамлакага айлантирилгандан сўнг маориф иши орқага кетган деган қатъий хулосага келганлар. Буни Туркистон генерал-губернаторларидан бири бўлган Н.Куропаткиннинг ўз кундалигига битган “Биз маҳаллий аҳолини 50 йил давомида тараққиётдан, мактаб-маорифдан ва рус ҳаётидан четда сақладик”, деган сўзлари ҳам тасдиқлайди.
Профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг ёзишича, шўро давридаги деярли барча илмий манбаларда 1917 йил Октябрь тўнтаришига қадар Ўзбекистон аҳолисининг 1,5-2 фоизигина саводли деган ёлғон маълумот кўрсатилган. Ҳолбуки, 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Россия маркази аҳолисининг саводхонлик даражаси ҳам бор-йўғи 21 фоизни ташкил этган. Сўнгги даврда олиб борилган тадқиқотларга кўра, 1913 йил Туркистон ўлкасида 7665 мактаб ва мадраса фаолият кўрсатган. Шу рақамнинг ўзи ўлкамиз аҳолисининг саводлилик даражаси расмий маълумотларда қайд этилганига қараганда анча баланд бўлганини тасдиқлайди.
Профессор Исматулла Абдуллаевнинг таъкидлашича, ўша даврларда миллий мактаб ва мадрасаларни битирганлар саводлилар қаторига қўшилмаган. 30-йилларда саводсизликни битириш учун “зарбдор” кураш бошланган кезларда ҳам араб хатида ўқийдиганларни алайно-ошкор саводсизга чиқарилган.
Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол 1989 йили бундай дея куюниб ёзган эди: “Биз бир минг уч юз йиллик алифбомиздан айрилдик (Уни сизники эмас, арабники дейишди. Мантиқни қаранг: бизга ўн уч аср хизмат қилди-ю, бизники бўлмай, фақат арабники бўладими?) Боболаримиз қўли билан битилган минглаб, ўн минглаб китобларимиз оловга отилди, ерга кўмилди. Юзлаб тарихий обидаларимиз бузиб ташланди. Буюк тарих, қадимий маданият яратган халқни тўқсон саккиз фоиз бесавод эди деб эълон қилишди. Агар шу гап рост бўлса, шаҳарларимиздаги юзлаб мадрасаларда кимлар ўқиган? Биргина Шарқшунослик институтида сақланаётган юз мингга яқин қўлёзма ва китобларни кимлар ёзиб, кимлар мутолаа этган? Лекин биз уялмасдан, ашула қилиб айтиб юравердик:
“Ким эдик тарихда бизлар – номи йўқ, қашшоқ, гадо…”
Жаноб Исломжон Капарзо! Мен Марғилон шаҳрида туғилганман. Сиз айрича эҳтиром билан тилга олган ўша истилочи олимлардан бири Владимир Наливкиннинг тан олиб ёзишича, 1875 йилда биргина Марғилонда 57 та мадраса, 433 та мактаб, 42 та отинойи мактаби, 21 та қорихона, 243 та масжид, шунингдек, 2 та яҳудий мактаби бўлган. 1897 йили Марғилонда 36490 аҳоли истиқомат қилган. Демак, хомчўт қилиб кўрамиз. Ҳозирда олий ва ўрта-махсус таълим муассасасига тўғри келадиган 57 та мадрасада ўртача 50 нафардан, 475 та мактаб ва отинойи мактабида 30 нафардан ўқувчи таҳсил кўрган деб ҳисобласак, шаҳарнинг ярим аҳолиси илм-савод билан банд экани аён бўлади. Шунча мадрасаю мактаб томошагоҳ бўлмагандир, шунча толиби илм ўқишга варрак учиргани ёки лайлак ҳайдагани бормагандир! Эҳтимол, улар орасида катта оға тилини билмаган “саводсиз”лар кўп бўлгандир. Лекин ўша мактаб-мадрасаларни битирган толиби илмлар фаннинг бошқа йўналишларида “маданият олиб келган”лардан кўра саводлироқ бўлганига ишонаман.
Мустамлакачилар ҳимоячисига бел боғлаган “тарихчи” оппоқ бўёқда тасвирлашга уринган йиллар давомида ўзбек алифбоси ва имлоси икки марта ўзгариб, саводхонлик масаласи янада мураккаблашди. Аввалига минг йиллар давомида фойдаланиб келинган араб алифбоси ислоҳ қилинди, сўнг лотин ёзувига ўтилди. 1939 йили эса кирилл ёзуви жорий этилди. Халқимиз атиги 15 йил ичида 3 марта ёзув алмаштирди! Имло борасида “тажриба қуёни”га айлантирилган биз каби жафокаш миллат рубъи маскунда бошқа учрамаса керак!
Хўш, рус забонини билмайдиган аҳолини ёппасига саводсизга чиқарган, аслида эса, унинг минг йиллик ёзуви, таълим тизимини йўқ қилган, қисқа муддат ичида 3 карра алифбо алмаштириб, халқни саросар этган, яна уялмасдан “биз бу халқни саводли қилдик, ўлкага маданият олиб кирдик” дея кўкрак керган истилочиларнинг ворисларию “адвокат”лари яна нима истайди? Уларга ҳайкал қўяйликми?! Ё ота-боболаримиз қонига беланган ўша машъум алвон байроқни бош майдонимизга тикайликми?!