Олий Мажлис Қонунчилик палататаси депутати Дониёр Ғаниевнинг ёзишича, кеча парламент қуйи палатасида “Давлат тили тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Иккинчи ўқишда таклиф этилаётган лойиҳада “Давлат тили тўғриси”даги лойиҳани янги қонун сифатида қабул қилиш ва 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган тарихий қонунни бекор қилиш таклиф қилинган.
Миллий Тикланиш партиясининг баъзи аъзолари қонунчилик техникасини рўкач қилиб, лойиҳани янги қонун тарзида қабул қилиш таклифини маъқуллашди, лекин либераллар давлат тили тўғрисидаги қонунни янги қонун тарзида қабул қилинишига қарши чиқишди. Овоз бериш натижаларига кўра, лойиҳани янги қонун тарзида қабул қилиш таклифи депутатлар томонидан маъқулланмади. Палата спикери Қонун лойиҳаси муҳокамасини вақтинча тўхтатиб, лойиҳани қайта кўриб чиқиш учун қўмитага қайтарди.
Сўнгги йилларда матбуотда 1989 йили қабул қилинган “Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ҳақида”ги Қонуни ташаббускорлари, “меъмори”, уни ёзган одам дея фалончи-фалончиларнинг исмлари айланмоқда. Лекин Қайта қуриш даври матбуот саҳифаларидан шу мавзуни анча йиллардан бери ўрганишларим натижасида эски тарихда ўша фалончилар исмини деярли учратмадим.
Биринчи раҳбар даврида Қайта қуриш ва Мустақиллик йиллари тарихи исталганча ёзилди, хоҳлаганча ўзгартирилди. Ваҳоланки, ўша тарихни ўз кўзи билан кўрган, шиддатли жараёнларда иштирок этган зиёлилар ҳали тирик (афсус, кўплари вафот этмоқда). Тарихчилар ўша давр, жумладан давлат тили ҳақидаги Қонуннинг қабул қилиниш жараёни ҳақида ҳам ҳаққоний воқеликни ёзмасалар, бу миллатга хиёнат ҳисобланади. Бу қонун ташаббускорлари ким эди? Кимлар қарши эди? Кимлар фикрини ўзгартирганди? Қонун қай тарзда қабул қилинди? Халқимиз булар ҳақида билишга ҳақли.
Ўзбекистон собиқ СССР республикалари ичида биринчи (ёки биринчилардан) бўлиб ўз миллий тилига Давлат тили мақомини берди деган фикр тил ҳақидаги мақола ва мулоҳазаларда жуда кўп учрайди. Бу — янглиш фикр. Аслида охиргилардан бўлиб деса ҳам бўлади.
Масалан, 1922 йилда қабул қилинган Грузия ССР конституциясида грузин тилини расмий равишда давлат тили деб киритилган. 1978 йили қабул қилинган Арманистон ССР Конституциясининг 72-моддасида арман тили, 1978 йили қабул қилинган Озарбойжон ССР Конституциясининг 73-моддасида озарбайжон тили давлат тили экани таъкидланган. Ўзбекистондан аввал Эстония, Литва, Латвия, Тожикистон (1989 йил, 22 июль), Молдавия (1989 йил, 1 сентябрь), Қозоғистон (1989 йил, 22 сентябрь), Қирғизистон (1989 йил, 23 сентябрь) давлатлари ўз миллий тилларини давлат тили деб эълон қилиб, қонун қабул қилишган. Украинлар биздан 7 кун кейин (1989 йил, 28 октябрь), белоруслар 1990 йил 26 январь куни, туркманлар 1990 йил 24 май куни ўз миллий тилларини қонунлаштиришган.
Аввалроқ Болтиқбўйида эришилган миллий тил тантанаси Ўзбекистондаги жараёнга катта туртки берган. Ўша даврнинг кўзга кўринган деярли ҳар бир зиёлиси бу ҳақида ўз фикрини билдирган. Ҳукуматга яқин зиёлилар расмий идорадан бирон аниқ фикр чиққунча сукут сақлаб, сўнг жараён тезлашгани, бошқа республикаларда бу ҳолат ижобий якун топгани, аксарият халқ ва зиёлилар бу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлагани учун гапира бошлашган. Айримлари аввалроқ бу қонун лойиҳасига қарши чиққан ёки рус тилини ҳам қўшиш (ёки алоҳида статусда киритиш) тарафдори бўлган бўлса, охирги босқичда фикрини ўзгартирган.
Бугун айрим депутатлар таклиф этган “Давлат тили тўғриси”даги янги Қонунни қабул қилиш эса абсурд ҳамда тарихий ҳақиқат юзига оёқ қўйишдир. Зеро бу Қонун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига қўйилган дастлабки устун эди.
Суратда: Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганидан сўнг ўтказилган митинг. 1989 йил, ноябрь. А.Жумаев сурати