Бахмал туманидаги Новқа қишлоғида учинчи бор меҳмон бўлишим. Илк бор 2006 йили новқалик дўстим Азизбекнинг таклифи билан бу гўзал масканга келган ва унинг табиатидан баҳри дилим очилганди. Ўшанда қишлоқдан тоғ лоласини излаб юқорига кўтарилган, тоғнинг пастки қисмларида зиёратчилар лолани териб кетгани сабаб, аранг Томчиқоқ чўққисидан тоғ лоласини топгандик.
Чўққининг устида турарканман, ният қилгандим: иншааллоҳ, бу ерларга онамни олиб келаман. Онам лолани жуда яхши кўрадилар. Ўша ердан туриб онамга қўнғироқ қилган, тассуротларимни баён қилиб, сизни ҳам шу ерларга олиб келаман, деб айтган эдим.
Волидамнинг дуолари ижобат бўлиб, 2008 йили онам ва синглимни олиб, яна шу ям-яшил қишлоқда меҳмон бўлдик. Онамга қишлоқнинг табиати, айниқса унинг жудаям самимий, меҳмондўст инсонлари маъқул келганди. Дўстим Азизбекнинг онаси билан бирга Калта чўққисига олиб борувчи шаршаралар дарасига боргандик. Оналаримиз шаршара ёқасида қолган, биз эса чўққи томон кўтарилгандик.
Онам раҳматли бу сафарни жуда кўп эслардилар. Айниқса, тоғ ёнбағрида ейилган кўк пиёзнинг таъми ҳали ҳам ёдимда, дердилар.
Ота-оналар одатда фарзанди учун жуда “иқтисодчи” бўлади. Бирон жойга сайр қилдирай, десангиз, рад этиб, турли баҳоналар келтиришади, “кел, қўй, нима қиласан, ҳали уй олишинг керак, ҳали бу каминг бор, шунга сарфла, кейин борармиз” дея сафарни ортга суришади. Аслида эса, уларнинг ҳам сайру саёҳат қилгиси, кўрмаганларини кўргиси келади, албатта. Буни фарзандга айтишга истиҳола қилади. Онаси ҳаёт бўлган эй дўстим, бугун сизда имкон бор. Борлигида онангизни айлатириб олинг. Ишонинг, бу волидангизга хуш ёқади, дили яйрайди, ёшаради, сизни дуо қилади, доим эслаб юради.
Ўшанда кун келиб, оилали, фарзандли бўлсам, уларни ҳам бу сўлим гўшаларга олиб келсам, деб ният қилгандим. Насиб экан, бу сафар оилам билан келдим.
* * *
Тошкентдан Новқа қишлоғигача масофа 270 километрни ташкил этади. Бу ерга келиш учун энг арзон транспорт автобусдир. Олмазор метро бекати тепасидаги Тошкент вокзалидан ҳар куни соат 14:00 да Бахмал тумани маркази Ўсмат шаҳрига автобус қатнайди. Нархи 34000 сўм. Кенг, қулай ўриндиқли, кондиционерли автобус сизни 4,5 соатда Ўсматга элтади. Ўсматдан Новқа қишлоғигача 5 км. Таксилар 4 минг сўмга ташлаб қўяди. Тошкентдан такси билан (60-70000 сўм), шунингдек Самарқанд ва Бухоро автобуслари орқали (30000 сўм) Ўсмат бурилишида тушиб, уёғига яна таксида (10000 сўм) Ўсматга етиб олиш мумкин.
Новқа қишлоғининг энг диққатга сазовор маскани Новқа ота зиёратгоҳидир. Зиёратгоҳнинг умумий майдони 1,5 гектар бўлиб, ҳудудда 19 асрга оид масжид, 18 асрга оид мақбара, 1000 лаб дарахтлар, 6 та булоқ бор. Асосий Бешпанжа булоғининг кўзлари ёнма-ён жойлашган. Худди 5 та панжадан чиқаётгандек булоқ суви қайнаб тошлар орасидан сизиб чиқади. Бешпанжанинг сўл тарафида алоҳида Етимбулоқ ҳам мавжуд. Мана шу булоқлар қишлоқда яшовчи 8200 нафар аҳолини ичимлик суви билан таъминлайди. Шунингдек, чорва ҳамда экин-тикин ҳам шу сувдан суғорилади. Булоқ суви табиий ҳовуз ва сойлардан ўтиб, қишлоқ аҳли ташкил этган қувурлар орқали аҳолига тарқатилади. Айтишларича, булоқнинг суви қишин-ёзин 18 даражани ташкил этади. Булоқ сувлари шифобахшлиги, тўйимлилиги билан машҳур.
Қишлоқ аҳолиси асосан деҳқончилик (сув бормаган ҳудудларда лалми деҳқончилик) ва боғдорчилик билан шуғулланади. Шунингдек, узумчилик, майизчилик, қуруқ мева етиштириш, сабзавотчилик, ҳунармандлик ҳам ривожланган. Тошкент ва хорижда ишлаётган ёшлар ҳам кўп. Қишлоқдаги эгарчи ҳунармандлар тайёрлайдиган “қизил эгар” улоқчи чавандозлар ва отбозлар орасида жуда машҳур. Қишлоқ усталари ясаган эгарларни нафақат юртимиз чавандозлари, қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон отбозлари ҳам ардоқлашади.
Бешпанжада майда (30-35 сантиметр) хонбалиқлар яшайди. Балиқлар аҳоли томонидан овланмаса-да, унчалик кўп эмас. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир неча йил олдин сел келиши ва балиқларнинг заҳарланиши туфайли булоқ ҳовузларида хонбалиқлар қирилиб, жуда оз қолган.
Зиёратгоҳ ҳудудида тахминан 500 йиллик азим чинор бўлиб, бир томирдан 6 та чинор ўсиб чиққан. Бу ер айниқса, май ойида жуда гавжум бўлади. Бу ерга нафақат атрофдаги туманлардан, балки бошқа вилоятлардан ҳам зиёратчилар келаркан. Шанба-якшанба кунлари одам кўпайганидан бу сокинликни ҳис этиш бироз мушкул. Шундай бўлса-да, табиатнинг бу гўзал мўжизаси оиламда катта таассурот қолдирди.
Кеча ҳузурни топа олмагач, эртаси куни бомдодни шу ердаги масжидда ўқиб, сўнг ҳеч ким йўқлигида табиатдан баҳра олишга қарор қилдим. Тоғ ёнбағрида, дарахтлар жуда ҳам кўп масканда жойлашган қишлоқда тонг отиши жудаям гўзал бўларкан. Қушлар, айниқса, булбулларнинг сайрашини эшитиб жуда маза қилади, одам. Тоза ҳаво (эрталаб ва кечқурун бироз совуқроқ), қушларнинг сайраши, товуқларнинг қичқириши, майин шабада, қимирлаб салом бераётган дарахтлар… Зиёратгоҳ булоғи атрофида ҳам ҳеч ким йўқ, мароқ билан томоша қиласиз, тафаккур этасиз. Атроф кўм-кўк, ҳаво мўл, чуқур-чуқур нафас оласиз, томир-томирингизга тоза кислород етиб боради.
Зиёратгоҳнинг қалин дарахтзори бўйлаб юқорига юрсангиз, тоққа чиқасиз. Саҳарда қуёш чиқишини кузатишнинг завқи ўзгача. Қуёш тоғлар ортидан кўтарилгани сабаб, уни бироз кутиб қолдик. Атроф уфқ, яшил ўтлоқзорлар, зангори осмон ранглари билан бирлашиб, ажиб манзара ҳосил қилади. Тоғлар ортидан қуёш аста мўралайди. Икки-уч дақиқада эса соянгиз кўрина бошлайди.
Мутахассисларнинг айтишича, ёз пайтида қуёш чиқишини кузатиш организмга фойдали экан. Қуёшдан дастлаб таралган нур нафас йўлларига, кўзга, терига фойдали бўлиб, бу инсондаги руҳий сиқилишларни енгишга ҳам ёрдам бераркан. Фақат эҳтиёт бўлиш керак. Қуёш кўтарилиши билан тараладиган дастлабки нурларгина фойдали (бу тахминан 10 дақиқача бўлади), қуёш чиқиб бўлгандан кейин унга қараш кўзга зарар келтиради. Ҳар эҳтимолга қарши қуёш кўзойнаги тақиб олишингиз ҳам мумкин. Шунда ҳам мутахассислар фақатгина қуёш чиқаётган тарафга эмас, атрофдаги объектлар, яшилликка ҳам термилиб завқ олиш фойдали бўлишини таъкидлашади.
Имом Нававийнинг “Ал-Азкор” китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолда ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
У зот қуёш чиқишини кузатишга бир кишини тайинлар эдилар. Ана шу киши қуёш чиққанининг хабарини берса: «Алҳамду лиллаҳиллазий ваҳаба ланаа ҳазал йавма ва ақолана фийҳи мин асаротина», деб айтардилар. (Маъноси: Бизга бу кунни берган ва хатоларимизни афв этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.) Ибн Сунний ривояти.
Қишлоқда тунда юлдузлар ҳам жуда аниқ кўринади. Мутахассислар тунда юлдуз ва ойни кузатиш ҳам кўзга фойдали эканини таъкидлашади. Ой тўлин бўлган шу тунларда осмонни кузатиш айни муддао.
* * *
Новқа қишлоғидан 6 километр шарқда Мўғол қишлоғи жойлашган. Тоғ ёнбағридаги ушбу қишлоқ ҳам табиати билан инсонни ром этади. Маҳаллий аҳоли Чинор ёки Боғи Мозор деб атайдиган маскан Мўғолдан ичкарида, тоғ тарафда бўлиб, зиёратгоҳи, тарихий масжиди, ажойиб табиати ва арчазорлари билан машҳур.
Зиёратгоҳдан тахминан 300 метр пастда, сой бўйида улкан чинор бўйлаган. Жиззах вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси туман давлат инспекторлари томонидан чинор 550 ёш дея рўйхатга киритилган. Ҳозир мавсуми шекилли, мана шу серсоя чинор остига кўпчилик йиғилиб “майовка” қилишаркан.
Денгиз сатҳидан 1435 метр баландликда, арчазор ўрмонлар бағрида 15 асрга мансуб Мир Саид Халилуллоҳ масжиди жойлашган. Масжиддан қибла томонда эса Амир Темурнинг пири Мир Саид Бараканинг укаси Мир Саид Халилуллоҳ мақбараси мавжуд. Айрим тарихий маълумотларга кўра, Амир Темур 1395 йили нафас қисиш касаллигига чалинган шайх Мир Саид Халилуллоҳга мана шу ерларни ҳаля қилган. Шайх бу ерда масжид ва мадраса қуриб, толиби илмларга сабоқ берган.
Дўстим билан шу ерда пешин намозини адо этгач, тоғ томон чиқа бошладик. Бироз кўтарилишимиз билан шаррос ёмғир қуя бошлади. Сербарг дарахт жонимизга оро кирди, ичига кириб ёмғирдан паналадик. Ёмғир бироз тингач, яна йўлга отландик. Бу тоғлар Новқадан фарқли ўлароқ, сердарахт экан. Арча, қарағай, ёнғоқ, тоғ пистаси, бодом ва мен номини билмаган бир қанча дарахтларни учратдим.
Бироз юқорироқда бу ерлар чегараолди ҳудуди экани ҳақидаги ёрлиқ учради. Демак, тахминан 5 километр узоқликдан давлат чегараси бошланади. Эҳтиёт бўлиш керак. Маҳаллий аҳолининг айтишича, авваллари бу ерларга чиқиш учун постдан ўтишга тўғри келган. Айрим чўпонлар, тоққа тош юмалатиш учун чиққан йигитлар (бу ерларда тошдан уй қурилишида самарали фойдаланишади) рухсатсиз чегараолди ҳудудга киргани учун жаримага тортилган экан.
3-4 та қир ошиб, арчазорга кирдик. Таърифлаб бўлмас гўзаллик, нафасга хуш ёқувчи ҳаво, қушлар сайраши, қўй-қўзилар маъраши – цивилизациядан анча йироқ, ўзинг билан ўзинг ёлғиз қоладиган бетакрор маскан.
Биз кўзлаган чўққига яна 50 метрлар қолди. Манзил яқин. Кучга куч қўшилди. Чўққидан атрофни кузатиш жуда завқли. Катта-катта қишлоқлар кафтингизда тургандек.
Ёмғирдан кейин ҳаво янада тозарган, тоғ гиёҳларининг ҳиди яна бўйлаган, осмон булут, қуёш қиздирмайди. Бизга ажойиб кунни ҳадя этган Аллоҳга ҳамду санолар!
* * *
Новқаликлар жуда самимий, содда ва меҳмондўст халқ. Уйига келган меҳмонни бошига кўтаради. Биз Ўктамжон ака хонадонида юз йиллик қадрдонлардек қўноқ бўлдик. Қишлоқнинг ажойиб одатларидан бири – хонадонга меҳмон келса, қўшнилар ва қариндошларнинг ҳам ўша меҳмонни ўз ўйларига меҳмонга таклиф этишларидир. Бизни ҳам Мўғол ва Оқтош қишлоқларига меҳмонга таклиф қилишган эди. Аммо, болаларнинг мактаб ва боғчаси сабаб, қайтишимизга тўғри келди. Новқалик қадрдонларимизни Марғилонда ҳам меҳмон қилишни яна бир бор ният қилдик.
Тошкент – Бахмал
22-23 май, 2021 йил