Зомин — Ўзбекистон Швейцарияси

Бундан 5 кун аввал Бахмал тоғларида юрарканман, ният қилгандим. Зомин томонларга ҳам бир ўтсам, шу ерларни яхши биладиган танишларнинг вақти бўлсаю, бирга айлансак, дея эзгу хаёл қилгандим. Аллоҳ “Ол, қулим!” деб мени ўша тоғларнинг ипидан игнасигача биладиган, Зомин миллий табиат боғи эгаларига топшириб қўйган экан. Буни кейин билдим. Ўзига чексиз шукр!

Бахмалдан Тошкентга қайтиб, сафар тассуротларини ёзиб ўтирганимда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот хизматидан қўнғироқ қилишиб, Зоминда ўтказиладиган “Ёшлар ва экотуризм” форумига таклиф этишди. 26 май куни кетадиган бўлдик.

Тошкент марказидан Зомин тумани марказигача 210 км. Биз кетишда Жиззах шаҳри йўналишида юрибмиз. Бу йўл 60 км га йўлимизни узайтирди. Аслида Гулистон орқали кетиш керак экан. Бунда Чиноздан ўтгандан сўнг Самарқанд тарафга бурилмасдан тўғрига, Гулистон тарафга юриш, Янгиер ва Ховос орқали Зоминга етиб олиш мумкин. Авваллари йўл ҳолати талабга жавоб бермаган экан. Ҳозир анча равон бўлган.

Зоминга Тошкент вокзалидан автобусда ҳам етиб олиш мумкин. Автобус ҳар куни 16:30 да йўлга чиқиб, 3 соатда Зомин марказига олиб боради. Нархи 26000 сўм. Бу ердан Зомин санаторийсигача таксилар қатнайди (20000 сўм). Тошкент вокзалидан Зоминга такси билан ҳам борса бўлади. Санаторийгача гаплашиш мумкин. Нархи 60000 дан 80000 гача. Шунингдек, Ховосгача элекричкада бориб, уёғига таксида кетиш мумкин.

Зомин маркази кичик Тошкентни эслатади. Ҳар тарафда янги қурилишлар, бежирим кўп қаватли уйлар, “Абу Даби” квартали, катта “Макро”, “Корзинка” супермаркетлари, равон йўллар… “Ҳамма тумандан ҳам президент чиқсин экан-да”, дея шерикларга ҳазиллашдим. Форум ўтказиладиган “Зомин” болалар лагерига жойлашдик.

Кечаси умуман уйқу бўлмади. Бомдоддан ўқибоқ тоққа қараб чиқиб кетдим. Иккита қир ошдим. Ўша ерда қуёшнинг чиқишини кузатдим. Яна бир-икки қир ошмоқчийдим, чўпоннинг баҳайбат қора ити мен томон югура бошлади. Ёнимда ҳеч ким йўқ, аксига олиб каттароқ тош ҳам тополмадим. Қочсам орқамдан етиб олиши аниқ. Итга қараб жойимда туравердим. Қоравой мен томон яқинлашиб, бирдан тўхтаб қолди. Менам унинг кўзига қараб туравердим. У бироз ғингшиди-да, йўналишни ўзгартириб, мендан узоқлашди.

27 май куни лагерда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Ёшлар ва экотуризм” форуми бўлиб ўтди. Унда миллий табиат боғлари, ов ва ўрмон хўжаликлари вакиллари билан танишдим, суҳбатлашдим, кўп нарсани ўргандим. Ўрмон маҳсулотлари кўргазмасида иштирок этдим.

Ўзбекистон ўрмон фонди ерларининг умумий майдони 9752,3 минг гектарни ёки жами Республика ерларнинг 21,7 фоизини ташкил қилади. Умумий давлат ўрмон фондининг 81 фоизи чўл ҳудуди, 16,1 фоизи тоғ ҳудуди, 1,8 фоизи водий ҳудуди, 1,1 фоизи тўқай ҳудудидан иборат. Давлат ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжаликлари, қўриқхоналар, ов хўжаликлари, миллий табиий боғи, биосфера резервати жойлашган.

Шу куни Зомин миллий табиат боғи ҳудудидаги ярим гектар ҳудудда Янги Зомин ёшлар боғи ташкил этилди. Тоғ ён бағрида жойлашган ушбу боғга жами 50 туп қарағай, чинор ва каштан дарахтлари экилди. Яхши ният қилиб чинорлардан бирини мен экдим.

Форумнинг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари ва журналистлар учун Зомин миллий табиат боғига пресс тур ўтказилди. Супа, Шербулоқ, Бобоёнғоқ, Санатория, Шаршара, Ўриклисой, Арча экотуристик маршрутларига сайр уюштирилди.

Зомин шаҳри марказидан Зомин миллий табиат боғигача 25 км, Супа халқаро астрономия обсерваториясигача 56 км. Миллий боғ ҳудудига кириш пулли: 12250 сўм.

Зомин миллий боғи 1976 йил 8 сентябрда ташкил қилинган. Майдони 24110 гектар, ундан 12130 гектари ўрмон билан қопланган. Бугунги кунда миллий боғда ўсимликларнинг 800 дан ортиқ, сутэмизувчиларнинг 30 тури, судралиб юрувчиларнинг 14 та, қушларнинг 102 та тури мавжуд бўлиб, шундан 4 та тур ҳайвонлар, 6 та тур қушлар, ўсимликлардан 3 та тур халқаро «Қизил китоб»га киритилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган ҳайвонлардан 4 тур Тяньшан қўнғир айиғи, Туркистон силовсини, қор қоплони ва тоғ архари, паррандалардан эса 6 тури киритилган.

Кичик довон, Зомин сувомборидан ўтишингиз билан дарахтли тоғ ладшафти бошланади. Юқорига кўтарилишингиз билан дарахтзорлар қуюқлашиб, сойлар кенгая бошлайди. Миллий боғ ҳудудига киришингиз билан арчазорлар бошланади. Арчазорлар денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда анча зич жойлашган. Йўл бўйи арчазор ва қарағайзорларнинг яшил манзарасига мафтун бўлиб кетасиз. Бу ерларни бекорга Швейцарияга менгзашмас экан.

Зомин миллий табиат боғида 5 км дан 32 км гача 8 та экомаршрут ташкил этилган. Биз борадиган экойўналишлар йўл ёқасида жойлашгани учун аввал энг охирги маршрутга бордик. Супа деб номланадиган бу жой арчазорлар орасида жойлашган. Денгиз сатҳидан 2440 метр баландликдаги бу ерда текисроқ майдон бўлгани учун Супа деб номланади. Рўпарадан Туркистон тизмасининг ҳали қор эримаган чўққилари кўриниб турибди. Ҳозир бу ҳудудда пост ўрнатилган. Табиий ҳудудни муҳофаза қилиш мақсадида бу постдан фақатгина Бахмал тарафга кетаётган машиналар ўтказилади, холос. Бу ерга албатта келинг. Ишонаверинг, бу ердан роса инстаграмбоп суратлар олиш мумкин.

Супадан Санаторий томон тушишда ўнг тарафда, йўл ёқасида азим арча жойлашган. Арчанинг ёши 1000 йилдан ошган бўлиб, унинг атрофи ташриф буюрувчилар билан гавжум экан. Дам олишга кетганлар арчалар тагида пикник қилишмоқда. Бу ерда арчанинг зарафшон (қора арча), совур-арча ва туркистон арчалари турлари тарқалган. Боғда мана шундай кекса арчаларнинг бир нечтаси аниқланган.

Йўл бўйидаги кейинги маршрут Шербулоқ чашмаси бўлиб, булоқ атрофи тошдан чиройли услубда безатилган. Тоғ булоқларидан бир нечтасининг қўшилишидан юзага келган булоқ суви муздай бўлиб, ёз кунларида чанқоқни қондириш учун айни муддао. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, булоқ авваллари суви совуқ бўлгани учун Музбулоқ деб аталган. Кейинчалик ҳомийлар маблағи билан бу ер ободонлаштирилиб, 4-5 та булоқ суви йиғиладиган қудуқ қилинган. Қудуқда йиғилган сув пастга алоҳида қувур билан туширилган. Пастдаги жўмрак бронза шер оғзига ўрнатилгани учун булоқнинг номи Шербулоқ бўлиб кетган.

Шербулоқнинг ёнидаги ўрмонга кириб, юқорига кўтарилдим. Ўзбекистонда ҳали бунақа қуюқ арчазор ўрмонни учратмагандим. Ҳавоси жуда дилга ёқар. Бу ерларга нафас, асаб касалликларига чалинган беморлар келиб, даво топар экан. Дарҳақиқат, машҳур “Зомин” санаторияси ҳам шу ердан 200 метр пастда жойлашган. Айтишларича, бир вақтнинг ўзида 700 кишини қабул қилиши мумкин бўлган мажмуада ҳозир мавсум бўлгани учун жой топиш мушкул экан. Кунлик нархлари 350 000 сўмдан 1 000 000 гача. Санатория атрофида ҳам бир қанча бошқа сиҳатгоҳ, амбулатория ва меҳмонхоналар бор экан. Маҳаллий аҳоли хонадонларида ҳам қолиш мумкин.

Озроқ пастга тушилса, иккита шаршара кўзга ташланади. Шаршара оромгоҳига кириш пулли: 2000 сўм. Оромгоҳ ҳудуди яхши ободонлаштирилган. Шаршараларгача сўқмоққа тошдан кенг зина қилинибди. Ҳудуд тоза сақланган. Бу ер тоғ дарасида жойлашган бўлиб, мажмуа ўртасидан сой оққан, иккита шаршара суви ҳам сойга қўшилади. Агар бу иккита шаршара юқорисига яхшилаб қаралса, сув махсус қувур билан келтирилганини сезиш мумкин. Айтишларича, табиий шаршара булардан бироз узоқда, ичкарида бўлиб, у ерга бориш бироз мушкул бўлгани учун шаршаранинг суви қувурлар билан тортилиб, йўл ёқасига олиб келинган.

Зомин миллий табиат боғи Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи (Чимён, Чорвоқ, Билдирсой) ҳудудига нисбатан анча “тоза”дир. Йўл бўйларига чиқиндиларни ташлаш учун махсус жойлар ташкил этилган. Боғ ҳудудида баклажкалар, бутилкалар ва полиэтилен пакетлар деярли кўрмадим. Иримчилар дарахтларга боғлаган латталар ҳам йўқ. Бу ҳолатдан ҳайратланиб, миллий боғ инспекторидан бунинг сабабини сўраганимда мутахассис гарчи ўрмон ҳудудида, йўл четларида чиқинди ташламаслик, ифлос қилмаслик ҳақидаги огоҳлантиришлар мавжуд бўлса-да ташриф буюрувчилар орасида чиқинди ташлайдиганлар, дарахтларга озор бериб латта бойловчилар борлигини, миллий боғ хизматчилари бу ҳолатни кўришганда уларни огоҳлантиришларини, ташланган чиқитлар доимо тозаланиши, латталар олиб ташланишини айтди.

Охирги манзилимиз Ўриклисой дарасидаги Бобоёнғоқ бўлди. Зомин миллий боғи ҳудудида жойлашган бу қадимий ёнғоқ дарахтининг тахминий ёши 700 йил, баландлиги 20 метрдир. Маҳаллий аҳоли вакиллари бу ердаги қалин дарахтзор орасида дам олишар экан. Қизиқ, Андижондан 500 км узоқда, тоғлар орасида ҳам машҳур “Андижон музқаймоғи”ни сотишяпти.

Қайтишда Зомин сувомбори юқорисидаги супада тўхтадик. Бу ердан арчали қурут сотиб олдим. Мазаси ажойиб экан.

Кейинги сафар Зомин тоғларида кўпроқ пиёда сайр қилиш, арчазорлар бағрида чодирда қолиш, тоғ ичкарисидаги бошқа табиий ёдгорликларни кўриш нияти ила ўзбек Швейцарияси билан хайрлашдим.

Тошкент – Зомин
26-28 май, 2021 йил

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *