У катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи, Евросиёда иккинчи ўринда турар, майдони 68 минг км2, узунлиги 428 км, ҳавзасининг майдони 690 минг км2, сувининг ҳажми 1000 км3, 300 дан ортиқ оролга эга бўлган улкан денгиз эди. Бугун у деярли харитадан ўчди, ўрни қум мозорга айланди…
Оролга саёҳат Тошкент вокзалидан бошланди. Ташқарида 40 даража иссиқ. Плацкарт вагон ичи эса 50 даража бор эди. Поезд ҳаракатлангунча кийимларим ҳўл бўлиб кетди. Хайрият, вагон деразаси тирқишини озгина очса бўларкан, поезд ҳаракатлангач, бироз ҳаво кирди. Кейин чанг билан мужодала қилишга тўғри келди.
Нукусгача вазият ўзгарармикан деб кутдим. Йўқ. Твиттерга кириб, нома йўлладим: “Ўртоқ Раматов, Тошкентдан Нукусгача 17 соат чанг вагон ичида келдик. Бу иссиқ кунларда плацкарт вагонда кондиционер ёқмаслик мижоз ҳақига хиёнатдир”.
Бу твит Твиттерда етарли даражада тарқалди, турли муносабатлар билдирилди. Лекин, афсус, қайтишда Тошкентга чанг ва иссиққина вагонда келдик.
Нукусгача йўл асосан саҳродан ўтади. Ойнадан ташқарига тикилиб кетаман. Саксовулга ёпишиб қолган целлофанлар, баклажка ва алюминий банкалар кўзга ташланади. Айримлар поезд ойнасидан чиқиндиларини улоқтирган кўринади.
Нукус менда анча сокин шаҳар сифатида таассурот қолдирди. Шаҳар марказидаги меҳмонхонага тушган бўлсак-да, ташқарида одамлар ҳам, автомобиллар ҳам жуда кам кўринди. Тошкент ва вилоятлар марказий шаҳарларидан кейин бу ер жуда осуда туюлди.
Шу куни Беруний туманида жойлашган Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига бордик. Бу ер ўзининг ҳайвонот дунёси, айниқса Бухоро буғулари билан машҳур.
68 минг 717 гектар майдонни эгаллаган Қуйи Амударё биосфера резервати Ўзбекистондаги қолган барча тўқайзорларнинг 75 фоизини ва Марказий Осиё тўқайзорларининг 20 фоизини ташкил этади.
Бугунги кунда биосфера резервати ҳудудида умуртқали жониворларнинг 356 тури, ўсимликларнинг 419 хили учрайди. Амударё бўйида жойлашган бу қўриқхонага бир вақтлар олиб келинган 8 бош Бухоро буғулари – хонгуллар сони ҳозирда бир ярим минг бошга яқинлашди.
Биз резерват музейида эканимиз пайт автобусимиз бошқаларни олиб резерватга кириб кетибди. Шу ерда хизмат қилаётган экология қўмитаси инспекторига илтимос қилгандик, машинасида бизни буғулар бор жойга олиб борди.
Бухоро хонгуллари жуда ҳуркак жонивор бўлиб, одамни ўзига деярли яқинлаштирмайди. Лекин уларни 5 метр наридан кўришга муваффақ бўлдим. Мендан 10 метр наридан бир уюр буғулар югуриб ўтди. 10 қадам нарига янги туғилган буғу боласи ётиб олди. Аста юриб олдига бордим. “Қочма, жонивор, сенга ёмонлик қилмайман”, дедим, 1 қадам қолганда қочиб қолди буғуча.
Автобусдан кеч қолганимизда ҳам ҳикмат бор экан. Автобусдагилар Амударё бўйига боришибди, лекин буғуларни кўришолмабди.
Биорезерватдан маза қилиб чиқишингиз билан димоғингизга ифлос ҳаво урилади. Қўриқхонадан шундоқ 500 метр нарига иккита цемент заводи қурилган бўлиб, ундан чиқаётган зарарли чанг ва тутун резерватдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказмоқда.
Қуйи Амударё давлат биосфера резервати илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ақилбек Тўраевнинг айтишича, Олий Мажлис ва Сенатга мурожаатлардан сўнг, цемент заводига тутун ва чангни зарарсизлантирадиган фильтр ўрнатилган, лекин бу фильтрлар зарарли моддаларни тўлақонли сақлай олмайди. “Ўтган йили резерватимизга Англиядан туристик фирма раҳбари келди. Унга резерватдаги табиий манзаралар, ҳайвонот дунёсини кўрсатдик. Меҳмон ҳайратланди-да, биз билан шартнома тузишга келишди. Йилига 200 нафаргача турист юбориб тураман, деди. Уни кузатаётганимизда цемзаводдан чиқаётган қора тутунни кўрди-да, фикридан қайтди” дейди Ақилбек.
Кейинги куни Мўйноққа бордик. Яхшиямки, автобусда кондиционер бор, поезддан кейин жонга оро кирди. Нукусдан Мўйноққача 200 км. Йўл асосан саҳро ҳудудидан ўтади. Иккала тараф саксовулзор.
Мўйноққа яқинлашган сари атроф бироз яшиллашиб боради. Шаҳар эса деярли янгиланибди. Асосий йўлнинг икки тарафига янги-янги бинолар қурилган, йўл кенгайтирилган, текис, пиёдалар учун йўлаклар ташкил этилган, кечаси ҳам ёп-ёруғ.
Лекин бу гўзалликни улкан ёнғиндан далолат берувчи қора тутун бузиб турарди. Шаҳар марказига яқинлашишимиз билан тутун қуюқлашарди. Қизиғи, бунга маҳаллий аҳоли эътибор бермай, бемалол юрибди. Бўлмасам, ҳокимиятнинг шундоқ орқа тарафида қуюқ қора тутун ўрламоқда. Йўлдан ўтаётган бир кишидан буни сўрасам, “Ҳа, орқадаги кўлда қамиш ёняпти”, дейди, хотиржам. “Бунақа кўп бўлади, у ер ботқоқ экани учун ўчириб бўлмайди”.
Бир замонлар Мўйноқ Орол денгизининг йирик порти бўлган. Оролда транспорт ҳамда юк кемалари сузган. Мўйноқда катта балиқ-консерва заводи ишлаган. Оролнинг чекиниши билан эса Мўйноқ шаҳри ва тумани муаммолар гирдобида қолган. Экологиянинг кескин бузилиши, ишсизлик сабаб шаҳар аҳолиси камая бошлаган.
Қорақалпоғистоннинг энг шимолий ушбу шаҳрида ҳозир 13500 аҳоли яшайди. Сўнгги йилларда бу ерга эътибор кучайди, янги ишлаб-чиқариш корхоналари қурилди, Оролбўйи туризмининг муҳим йўналишлари ташкил этилди. Бир пайтлар порт бўлган жойда ҳозир музей ташкил этилган. Музейдан 10 метр пастда кемалар қабристони жойлашган. Бир пайтлар Орол денгизида қатнаган ўнлаб кемалар саҳро бағрида занглаб ётибди.
“Мўйноқда денгизни сўнгги марта 1986 йили кўргандим”, дейди шу ерлик Қувонишбай оға. “Оролнинг суви жуда бой эди. Бакра, сазан, марқа, сувин балиқлар бор эди. Денгиз бўлганда бу ерларда ҳаво жуда тоза эди. Ҳозир эса…”
“Орол бир кун қайтишига ишонасизми?” дея сўрайман. “Ишониш қийин, лекин қайтиши шарт! Денгиз тўлиши шарт! Аслида Орол кетгани йўқ! Суви кетди, холос. Орол жойида турибди. Мен Мўйноқни ташлаб кетмайман. Бир кун сув қайтса, хурсанд бўлиб қоламиз”, дейди Қувонишбай оға.
Тарихда Оролнинг сув сатҳи кўп ўзгариб турган. Бу асосан дарёлар олиб келган сув, ёғин ва ер ости сувлари билан боғлиқ бўлган. Баъзи йиллари сув кўтарилиб, сўнг қайтган. Маълумотларга кўра, 1785 йилдан денгизда сув сатҳи кўтарила бошлаган бўлса, 1825 йилдан пасайган, 1835—50 йилларда яна кўтарилган, 1862 йили эса камайган. Лекин 1970-йиллардан бошлаб бу мувозанат бузилган ва Орол фақат чекинмоқда. Амударё саҳрода йўқ бўлиб кетмоқда. Айниқса, Ўзбекистон тарафидаги Ғарбий Орол йўқ бўлиш арафасида. Қозоғистон тарафдаги Шимолий Орол эса Сирдарё сувининг етиб келиши ва тўғон ўрнатилгани сабабли яшамоқда.
Илмий жиҳатдан ҳали исботланмаган гипотезаларга кўра, Каспий ва Орол денгизлари орасида ерости канали бўлиб, Орол суви ҳозир Каспийга чекинган. Айни пайтда Каспий денгизи суви сатҳи кўтарилган. Тарихда Каспийда сув камайган йиллари Оролда сув сатҳи кўтарилгани ва аксинча Оролда сув чекинганда Каспийда кўтарилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Лекин Оролнинг қуриши инсон омили билан боғлиқлиги ҳақиқат.
Мўйноқда ичимлик суви катта муаммо. Бу ерга сув Қўнғиротдан махсус контейнерларда ташилади. Оролга кетаркан, энг чекка овулларда ҳам бўлдик: газ бор, “свет” ўчмайди.
Дарвоқе, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан ўтказилган “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафонининг финали ҳам бугун Мўйноқда ниҳоясига етди. Хайрия веломарафонидан тушган маблағлар Мўйноқ туманидаги “Алиовул” қишлоғини обод қилиш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Ҳозирча хайрия марафонига Республикамиз вилоятлари ҳокимликларидан, экологияга хайрихоҳ фуқаролардан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ келиб тушди.
Алиовул ҳам обод бўлишини тилаб, Орол денгизи томон йўлга тушдик. Аввалига бизни Мўйноққа олиб келган YUTONG автобуси Оролқумга киролмайман, у ёқларда юролмайман, деб туриб олди. Сўнг ўзимизнинг ISUZUга миндик. Нукуслик ҳайдовчининг айтишича, YUTONG ости паст бўлиб, қумга тиқилиб қолар, моторга қум тегиб, автобусни ишдан чиқарар экан.
ISUZUнинг орқа тарафига ўтириб олган эканман. Йўлда роса сакратди. Мўйноқдан Оролнинг Ўзбекистон ҳудудида сақланиб қолган Ғарбий Орол қисмига бориш учун Оромқул саҳроси ичидан 120 км юрилади. Бир пайтлар бу саҳро Орол денгизининг туби бўлган. Саҳро ичкарисида тезлик максимум 30 км/соат.
Чор тарафимиз сап-сариқ қум барханлари, саксовулзорлар. Саксовулларнинг аксар қисми махсус экилган. Республика ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси берган маълумотларга кўра, Оролқумнинг 1,2 миллион гектар майдонига саксовул экилган. Саксовулзор майдонлар 5 миллион гектарга етказилиши режалаштирилган. Саксовул шўр ва сувсизликка чидамли ўсимлик бўлиб, Орол тубидан кўтариладиган чанг, туз ва қумнинг тарқалишининг олдини олади.
Табиатга нисбатан дунёдаги энг шафқатсиз жони бор – инсондир. Ҳатто мана шу Оролқум саҳросида ҳам аҳён-аҳёнда қумлар орасида ароқ шишаси кўринади, баклажка, саксовулга ёпишган целлофан пакет кўзга ташланади.
Соатимдаги GPS-навигаторни ёқиб олдим. Ҳаётимда илк марта денгиз сатҳидан пастга киришим. -44 метргача тушдик. Ташқаридан қараган киши бу жойлар 30 йил олдин денгиз туби бўлганига ишонмайди. Қумлар орасида денгиз қолдиқлари, чиғаноқлар кўринади.
Бунақа иссиқда маза қилиб, Орол денгизида чўмилиш иштиёқи билан кетяпмиз. Бирдан, автобусимиз тўхтаб қолди. Қум барханлари йўлни тўсиб қўйибди. Тушиб, кетмон ва кураклар билан йўлни очишга ҳаракат қилдик. Автобус озгина юриб, яна қумга тиқилиб қолди. Ғилдираклари турган жойида айланади. Йигитлар яна йўл очишга киришишди. Мен эса денгиз тубига, саҳро бағрига отилдим.
Одатда, табиатнинг ажойиботларини кўрганимда, тоғ чўққиларини забт этганимда қалбимни ажиб ҳислар қамраб оларди. Ўзбекистоннинг энг паст нуқтасида, Орол денгизининг тубида туриб, маъюсландим.
Оролгача тахминан 35 км масофа қолди. Автобусимиз 100 метрлик қумликдан эсон-омон чиқиб олиб, йўлда давом этди. Бу томонларда сув — ҳаёт нафаси сезилар, атрофда саксовулдан бошқа гиёҳлар ҳам пайдо бўла бошлаганди. Айрим жойларда яшиллик бор, қамишлар ўсган. Демак, яқин йилларда бу ерларда ҳам сув бўлган.
Яна 5 км юрганимиздан сўнг автобус яна қумга тиқилди. Бу сафар уни қумдан чиқариш қийин бўлди. Автобусдаги ёши катта профессор-ўқитувчиларнинг тавсияси билан манзилга атиги 30 км қолганда ортга қайтадиган бўлдик.
Тўғриси, алам қилмади, бунда ҳам ҳикмат бордир. Шу ерда туриб ният қилдим: “Эй баҳри Орол, мени кут! Иншааллоҳ, ё мен бораман! Ё сен қайтасан!”
Кейинги учрашувларда кўришгунча.
Тошкент – Нукус – Мўйноқ – Орол
2-5 июнь, 2021