Қорақалпоқ мўъжизаси: Борсакелмасдан Қоплонқиргача

Тўрт тарафингиз бийдек чўл, саҳро, замонавий ҳаёт белгиларидан асар йўқ. Уфққа қараб кетаверасиз. Узоқдан жайрон ва қулонлар югуриб ўтади. Йўл четида тошбақалар вазмин одимлайди. Манзил узоқ. Юраверасиз, юраверасиз. Бирдан олдингизда мўъжиза – буткул бошқача, фавқулодда гўзал манзара намоён бўлади. Беихтиёр “Субҳаналлоҳ!” деб юборасиз. Поёни кўринмас Устюрт бизни ана шундай кутилмаган манзиллари ила мафтун-маҳлиё этди.

 

Борсакелмасга бориб келдик

Ўзбек эртакларида “борса келмас” деганда ўлимга олиб борувчи ёвуз девлар макони тасвирланган. Устюртдаги илк манзилимизга отланар эканмиз, шу ҳам хаёлимдан ўтди.

Давлат экология қўмитаси, “Qaraqalpaqstan ekologiyası” газетаси ва Ekolog.uz сайти ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудуди ва минтақадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга уюштирилган медиатур Нукус шаҳридан бошланди.

Самолётдан тушибоқ, экологлар тайёрлаб қўйган йўлтанламас “Нива”ларга жойлашдик. Борсакелмасгача тахминан 250 км масофа бор. Қозоғистонга олиб чиқувчи халқаро трасса орқали Хўжайли, Шуманай, Қонликўлдан ўтиб Қўнғирот шаҳрига кириб келдик. Шаҳарда Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуаси каби йирик саноат корхоналари ишлаб турибди. Саноат зоналари яқинида аэропорт ҳам қуриляпти экан.

Шаҳардан чиқишимиз билан қорақалпоғистонлик ҳамроҳлар огоҳлантиришди: “Маршрутимиздаги энг охирги дўкон шу. Керакли нарсаларни олволишни унутманг”. Дарҳақиқат, дўкондан чиқиб озроқ юрганимиздан сўнг асфальт йўл тугаб, қум-тақир сўқмоқйўл бошланди. Дўстлар яна билдирги беришди: “Яқинларга қўнғироқ қилиб олинглар, бу ёғига телефон ишламайди. Антенна бор жойга уч кундан кейин чиқамиз”.

Устюрт кенгликлари бошланиб кетди. Бу йил ёғин мўл бўлди, саҳрода ҳам ўсимликлар бош кўтарган жойлар кўкариб турибди. Айрим жойларда ёмғир суви йиғилиб қолган. Аста-секин чўл жониворлари кўрина бошлади. Йўлнинг ботиқроқ қисмига йиғилган ҳалқобдан чанқоғини қондиргани чиққан тошбақани четлаб ўтдик. Олдимиздан ёввойи қуён, тулки югуриб ўтди, юмронқозиқлар эса бамайлихотир ўйнаб юрибди. Тин олиш учун тўхтаганимизда турли ҳашаротлар (чаён, фаланга), илонлар, тўгаракбош калтакесакларни кўрдик.

Саҳрода йўл топиш осон эмас. Яхшиям GPS хариталар офлайн ҳам ишлайверади. Ҳаваскор ҳайдовчилар шунга қараб, профессионаллари эса йиллар давомида йиғилган тажрибасига таяниб йўл топади.

Олдимизда учта йўл чиқди: қай бири Борсакелмасга олиб борар экан? “Тоҳир ва Зуҳра” эртагида тасвирланган ҳолат эсга тушди: “Карвон юриб-юриб бир жойга келибди. Бу жойда уч йўл бор экан. Бири – “борса келмас”, бири – “борса хатар”, яна бири – “борса келар” экан”.

Ҳайтовур, ҳайдовчиларимиз Борсакелмасга адашмасдан олиб боришди. Қаршимизда фантастик фильмлардаги, Марс сайёраси юзасини эслатувчи такрорланмас манзара намоён бўлди.

Борсакелмас деганда Орол денгизи шимолидаги, шу номдаги собиқ орол хаёлимга келарди. Денгиз қуримасдан бурун Борсакелмаснинг узунлиги 27 км, эни 11,5 км бўлган. Қозоғистон тарафдаги Катта Оролнинг шарқий қисми қуриши натижасида 1997 йили Борсакелмас яриморолга айланади, 2009 йили яриморолдан ҳам сув чекинади. Охирги йилларда Борсакелмас ороли қирғоқларига сув қайтмоқда.

Устюртдаги Борсакелмас тузлиги билан Қозоғистон тарафдаги Борсакелмас ороли орасида 600 километрча масофа бор. Лекин иккаласининг ҳам тақдири бир-бирига ўхшайди. Иккиси ҳам бир пайтлар денгиз ости бўлган, энди эса туз ва тақирга айланган. Иккиси ҳақида ҳам халқ орасида ваҳимали афсоналар юради.

Айтишларича, кўлга яқинлашиш хавфли бўлиб, кўплаб жарликлар ва юпқа туз қатлами қадам босганда ўзига тортиши мумкин экан. Ботқоқдан амаллаб ўтиб олинса, кўлнинг қадам босса чўкмайдиган қаттиқ қисмигача чиқиш мумкин. Карвон йўлларида жойлашган манзилдан ўтаётган от ва туяларнининг нечтасини туз ютгани учун одамлар бу жойларни борса келмайдиган бехосият жой  деб атаган, дейишади.

Яна бир ривоятга кўра, кўл ҳудудига милоддан аввалги IV асрда яшаган шоҳ Фарасманнинг хазинаси кўмилган. Шу хазинани қўлга киритиш мақсадида борган олтин изловчилар тузга ғарқ бўлиб ёки йўлда сувсизликдан ҳалок бўлган. Шу боис халқ бу тарафларга Борсакелмас дея ном берган.

Олимларнинг таъкидлашича, Борсакелмас туз кўли тахминан 30 миллион йил аввал Тетис қадимий океанининг бир қисми бўлган.

Ёғин мавсумида кўл усти бир метргача сув билан қопланади. Туз кўлининг узунлиги тахминан 90 км, эни 40 километрни ташкил этади.

Борсакелмас тузлиги сентябрь ойларида ажойиб тусга киради. Шу пайтда сайёҳлар сони кўпаяди. Улар бу ерга ҳордиқ ва даволаниш-муолажа (рекреация) мақсадида келади.

Дунёда бундай тузликлар сайёҳларни доим ўзига чорлаган. Боливиядаги Уюни тузлигига энг кўп сайёҳ ташриф буюради. Борсакелмас тузлигига ҳам хорижий сайёҳларларни кўпроқ жалб этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда экан.

Кўлда улкан туз захираси мавжуд. Бу ердан Қўнғирот сода заводи учун туз қазиб олинади.

Борсакелмасдан чиқиб, навбатдаги манзилга йўл олар эканмиз, яна бир табиат мўъжизасига дуч келдик. Саҳрога ёққан ёмғир суви чўлнинг бироз ботиқроқ жойларига йўналади. У ўзи билан қумларни ҳам оқизиб келади. Қум, туз ва сув бирлашиб, улкан тақир майдонни юзага келтиради. Ана шундай катта тақир майдондан ўтдик. Тахминан 10 гектар ер табиий тарзда теп-текис майдонга айланган. Маза қилиб машина, мотоцикл ёки велосипед ҳайдайдиган, футбол ўйнайдиган жой экан! Аммо, ҳайдовчилар ёғин мавсумида бу ерларни айланиб ўтади, чунки тақирлар ботқоққа айланади.

 

Сариқамиш тилсимлари

Борсакелмасдан Сариқамиш кўлигача масофа тахминан 250 км. Саҳро йўлида маршрутни аниқ олиш амримаҳол. Табиий шароитларга кўра йўл доим ўзгариб туради. Шу важдан машина тезлиги баъзи жойларда 15-20 км/соатга тушиб қолади. Аслида, бундай сафарга пухта тайёргарлик кўрилади: автоулов эҳтиёт қисмлари, бензин, ётоқ анжомлар юкхонага солинади, озиқ-овқат, айниқса, сув кўпроқ ғамланади. Битта машинада чиқиш тавсия қилинмайди. Фавқулодда ҳолатларда ўзаро ёрдамлашиш учун камида икки машинада юрилади. Ҳайдовчилар доимий алоқада бўлиши учун узоқ масофадан қабул қилувчи рация олиш ҳам тавсия қилинади.

Сафар бехатар бўлмас дейдилар. Сариқамиш йўлида машиналаримиздан бирининг амортизация тизими ишдан чиқди. Экоинспекторлар тезда бир-бирларига ёрдам беришди. Биз ҳам тўхтаб, чўл ҳавосидан нафас олдик. Атрофни, саҳронинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини кузатдик. Осмонда чағалайлар пайдо бўлди. Демак, сув яқин.

Жанубий Устюртда жойлашган Сариқамиш сойлиги томон яқинлашарканмиз, намлик ортиб, иқлим ўзгара бошлади. Узоқдан кўм-кўк, охири кўринмас кўл кўринди. Соҳилга яқин ҳудудларда чўл гуллари қийғос очилибди. Саксовуллар ҳам одам бўйидан баланд. Рельеф қирғоққача пастлаб боради.

Кўл соҳилидаги балиқчилар масканига шомга яқин етиб келдик. Машинадан тушибоқ кўлга шошилдим. GPS соатимнинг аниқлашича, кўл соҳили денгиз сатҳидан атиги 1 метр баландда экан. Сув тип-тиниқ, сокин, туби ҳам кўриниб туради. Сувга тушиб озроқ ичкарига юрдим. Бошқа кўллардан фарқли ўлароқ, Сариқамишнинг ости гилли қатлам бўлиб, оёқни сирпантиради. Кўлда таҳорат олдим. Анча шўр экан. Атрофда қушлар мўл. Уларнинг соҳир овози сизни мафтун этади. Устимдан фламинголар галаси ҳам учиб ўтди.

Кечга экологлар дала ўчоқда қорақалпоқча ош қилиб беришди. Шу маҳал шамол турди. Қалин уст-бошларни кийиб олдик. Ташқарида, қамиш чайла остида чодирда тунадим. Туннинг ярми хийла сокин кечди. Иккинчи ярмида эса бўрон бошланди. Чайланинг 3 тарафи қамишлар билан беркитилган бўлса-да, очиқ тарафи шамол йўналишига тушиб қолгани учун кечаси чодирни ағдариб юборди. Бир қўлим билан чодир асосини кўтариб, субҳни кута бошладим. Ташқарига чиқиш амримаҳол: ёмғир шаррос қуймоқда. Баъзилар машинада, айримлар ер уйда ухламоқда. Бомдодга яқин шамол бироз ҳовуридан тушди.

Эрта тонгда яна кўл соҳилига чиқдим. Ёмғирдан сўнг ҳаво бирам маззаки! Айниқса, соҳилда сайр қилиб роҳат оласиз. Кечаги сокин қирғоқдан ном-нишон йўқ. Шамол кўлни тўлқинлантириб, сувни яна 10 метрлар ташқарига итармоқда. Сариқамиш денгизга ўхшаб кетади: тинмай шовуллайди, охири кўринмайди. Тонгда турли-туман қушлар қирғоқдан гала-гала бўлиб учиб ўтади. Қумли қирғоқда бўри излари ҳам кўринади.

Кўл атрофида балиқчилар қурган бир нечта ер уй бор. Соҳилдан 100 метр узоқликдаги қумли ерни 1,5 метр ковлаб, ўртасига устун ўрнатиб, томига қамиш ташланаркан. Қамиш устидан эса ўзидан чиққан қум лой қилиб босилар экан. Ер уй балиқчилар учун бир вақтнинг ўзида бошпана ва ошхона вазифасини бажаради.

Сариқамиш кўли Устюрт платоси ва Қорақум чўли орасида (шимолий қисми Қорақалпоғистон ва жанубий қисми Туркманистон ҳудудида) жойлашган. Майдони 5000 км², узунлиги 100-120 км, эни 30-40 км, чуқурлиги 30-40 м. Ҳозирда кўлга Хоразм воҳасини кесиб ўтадиган Озёрний (Кўллар бирлашмаси) коллекторидан сув келиб қуйилади. Кўл сувининг шўрлиги шарқида 6-7 промилле, ғарбида 15 промилле. Майдони шарқий қирғоқ (Туркманистон) ҳисобига кенгайиб, чуқурлиги ортиб бормоқда.

Сариқамиш кўли атрофидаги ерлар қадимги чўкиндилардан таркиб топган ва усти шўрхок ҳамда шамолда тўзувчи қум билан қопланган. Бир пайтлар бу кўлга Амударё суви қуйилган, майдони ҳам катта бўлган. Йўл давомида тўлқинлар қирғоққа олиб чиққан чўкиндиларни кўриб келдик. Амударё қайта Орол денгизига йўналган йилларда Сариқамиш сойлиги яна қуриган. Охирги марта Амударё 1878 йил ёзида кўлга етиб келган. Баъзан қуриб, баъзан кенгайгани учун Сариқамиш иккинчи Орол деб ҳам аталади.

Кўлда сазан, лаққабалиқ, илонбош ва бошқа турли хил балиқ турлари кўп. Кўлнинг Қорақалпоғистон тарафида йилига 200 тонна балиқ овланади, 50 дан ортиқ балиқчи меҳнат қилади. Ҳозир ов мавсуми бўлмагани учун балиқчилар маскани ҳувиллаб қолган. 2018 йилдан буён апрель-июнь ойларида кўлда балиқ тутиш тақиқланган.

Ҳамроҳимиз, қорақалпоғистонлик журналист Есимхон Қаноатовнинг ҳикоя қилишича, 1970-йиллар охирида Сариқамиш кўли атрофида тимсоҳ ёки баҳайбат калтакесакка ўхшаган ғалати махлуқ тупроқ остидан тўсатдан чиқиб қўй ва сайғоқларни еб қўймоқда, деган миш-миш тарқалади. Айрим балиқчи, овчи ва геологлар бу даҳшатли махлуқни кўрганини айтади. Ўша кезлар “Правда Востока” газетаси мухбири Андрей Ланиус гувоҳларни топиб, улар билан суҳбат уюштиради. Таъкидланишича, махлуқнинг танаси икки метр, думи эса бир ярим метр бўлган. Ғайритабиий махлуқ Сариқамиш кўлига пахта плантацияларидан оқиб келган заҳарли кимёвий дорилар таъсирида мутацияга учраб ҳосил бўлган деган версия мавжуд.

Мишмишлар Москвага ҳам етиб боради. Юқоридагилар 1980 йилда Москвада ўтказиладиган Олимпиада олдидан “қандайдир махлуқ”нинг пайдо бўлиши Иттифоқнинг халқаро имижига соя солишидан чўчийди. 1979 йилда Афғонистонда вазият нотинч деган баҳона билан Сариқамиш кўли атрофида ҳарбий машғулот ўтказилади ва барча баҳайбат махлуқлар йўқ қилинади. Бу гапларнинг тайин илмий асоси йўқ, лекин ҳали-ҳамон маҳаллий балиқчилар ўртасида Сариқамиш махлуқи ҳақидаги сирли ҳикоялар тилдан тилга ўтиб юради.

Авваллари кўл атрофида аҳоли кўп бўлган. Улар асосан балиқчилик, чорвадорлик билан шуғулланган. Лекин ҳозир бу ерларда ҳеч ким яшамайди. Аҳолидан уй харобалари, қабристонлар қолган, холос. Сариқамишдан Қоплонқир томон кетишда қадимий Қоратош мозоридан ҳам ўтдик. Бу ерда икки юз йилли қабрлар мавжуд. Қабртошларда қозоқларнинг шемекей ва адай уруғи белгилари ўйилган.

 

Қоплонқир гепардлар маконими?

Чинк (сув ва эрозия таъсирида емирилган тик жарларнинг устки қисми) устидан пастдаги водийни кузатиш одамга беқиёс завқу шавқ бағишлайди, қонингизда адреналин миқдори ошганини сезасиз! Узоқдан қоплон – хол-хол либосли гепард кўринди. Чопағон жонивор 150 метрлар наридан саксовул ортига беркиниб, ўлжасини – сайғоқни пойлаётир. Сайғоқ муқаррар хатардан бехабар ҳолда юлғунларни еб турганида, бирдан қиёмат қўпти! Боёқиш сайғоқ соатига 120 км тезликда югурадиган, 8 метр масофага сакрайдиган йиртқичдан қочишга улгурмади. Гепард сайғоқнинг бўйнидан тишлаб, энди судрамоқчи эди, иттифоқо саҳро қироли – улкан Турон йўлбарси пайдо бўлдию ўлжанинг ярмига эга чиқди. Панада эса кўзи қонга тўлган гиеналар икки даррандадан қолган сарқит илинжида тиш қайраётир…

Афсуски, бу тасвирлар ҳақиқат эмас, бундан 100 йил олдинги Устюрт кенгликларининг хаёлий чизгиси, холос. Турон йўлбарслари буткул қирилиб битди. Гепард ва гиеналар бу маконларни тарк этди. Сайғоқлар ҳам жуда кам қолди… Дарвоқе, Қозоғистоннинг Устюрт қўриқхонасида қоплон (гепард) фотоқопқонга тушган. Улар Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудига ҳам ўтиб юрган бўлиши мумкин, дейди мутахассислар.

Сариқамишдан республикамизнинг энг жануби-ғарбий нуқтасига кетарканмиз, хаёлимдан шулар ўтди. Бирдан ҳайдовчимиз Соғиндиқнинг “Ана жайрон, қаранг, ҳув ана!” деган хитобидан ўзимга келдим. 500 метрлар нарида уч жайрон югуриб ўтиб кетди.

Кечаси чўлга ҳам ёмғир мўл ёғибди. Йўлимизда кўпгина кичик кўлчалар, ботқоқлар пайдо бўлган. Эҳтиёткорликни ошириш керак. Акс ҳолда, лойга ботиб қолиб, ундан икки тоннали (юклари билан) машинани тортиб чиқариш осон бўлмайди. Манзилгача масофа эса 200 километрдан ошади.

Бу ҳудудлар 2020 йили ташкил этилган “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи таркибига киради. Табиат боғи экологик тизим ҳолатини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида ташкил этилган. Умумий майдони – 1 447 143 гектар. Бу жойлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақомига эга, “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғининг қўриқхона қисми бўлиб, фақат илмий ва экспедиция мақсадларида киришга рухсат этилади.

Йўлда тўхтаб, етиб олмаган шерикларни кутиш, лойга ботганларини тортиб чиқаришга тўғри келди. Атроф жайрон, арқал ва қулонларнинг тезаги билан тўлган. Демак, улар яқинда бу ерларда бўлган. Йўлда қулон оиласини ҳам кўрдик. Қулон тойчаси бирам ширин, чиройли бўларкан-эй! Қулонни зебрага ўхшатдим – фақат йўл-йўл эмас, сариқ рангда.

Қулон Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмасининг Қизил китобига ҳам, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига ҳам киритилган.

ХIХ асрда Устюрт кенгликларида кўп сонда учраган туркман қулонлари ХХ асрнинг 30-йилларига келиб бутунлай қирилиб кетган эди. Сариқамишдаги балиқчиларнинг айтишича, кўл атрофида 20 бошдан иборат қулон тўдаси тез-тез кўзга ташланадиган бўлибди. Кейинги йилларда қулонлар популяцияси яхшилангани одамни қувонтиради.

Табиат, экологлар ва браконьерлар тўқнашуви бу ҳудудда ҳам ўз асоратларини қолдирган. Йўл-йўлакай Урал мотоцикли излари, ўқ гильзалари, арақ шишалари кўриниб қолади. Экоинспекторларнинг айтишича, браконьерлар тунда ҳаракат қилгани боис уларни таъқиб қилиш, миллий табиат боғининг ҳайвонот дунёсини улар тажовузидан асраб қолиш осон кечмайди.

Узоқдан уфққа қадар чўзилган баланд чинклар кўринди. Демак, бир замонлар бу ерларда денгиз бўлган. Навбатдаги чинк устидан кўринган кенг водий ва яна бир фантастик пейзаж бизни лол қолдирди. Йўл юриб, мўл юриб, ўтмишда қоплонлар макони бўлган Қоплонқирга етиб келдик.

Якранг манзарали чўлдан келиб, Яратганнинг бу бетакрор тасвирларини кўрасизу “Субҳаналлоҳ!” дейсиз, кўз яйрайди, дил ором олади, йўл азоби бир зумда тарқаб кетади. Ўзингизни ўзга сайёрага тушиб қолгандек ҳис қиласиз.

Чинк остидаги қирлар шамол, қуёш ва ёмғир таъсирида нақшланиб, ажойиб шакл ва скульптурани ҳосил қилган. Бўр, оҳактош, қумтош, гипс, кварц, темир каби тоғ жинслари юқоридан турли рангларда товланиб, кўзингизни олади.

Дарвоқе, бу жой – Ватанимиз сарҳадларининг энг жануби-ғарбий нуқтаси, уч давлат чегараси ўтган манзил. Тўғримиздаги чинкнинг уёғи Туркманистон, ўнг томонимиздаги тепаликнинг нариги томони Қозоғистондир.

Қоплонқирнинг шимолий қисми Ўзбекистон ҳудудида, катта қисми эса  Туркманистон ҳудудида жойлашган. У шимоли-ғарбдан жануби-шарққа 200 километрга чўзилган. Эни жануби-шарқдан шимоли-ғарбга кенгайиб (35 км гача) боради. Энг баланд жойи 305 метр. Қирнинг Туркманистон ҳудудида Қоплонқир қўриқхонаси фаолият кўрсатади.

Канъон – даралар юқорисидан пастга қараганда ўзанга кўзим тушди. Пастликда булоқ бор дейишганди – уни ҳам кўришим керак. Канъоннинг тепасидан пастни чамаладим: юқоридан тушиб бўлмайди. Учта қир айланиб ўтишга тўғри келди. Канъонлар ости жайрону арқаллар тўпланиб, сув ичадиган манзил экан. Ҳаммаёқда туёқ излари. Термитлар бино қилган уя баландлиги эса 1,5 метрга етади.

Афсуски, булоқ топилмади. Юқоридан туриб ўша ерда булоқ бўлса керак деб тахмин қилишган, шекилли. Ўзан эса юқоридан тушадиган ёмғир ва қумга сизиб оқадиган сув йўли экан. Сув ости сариқ, жигарранг. Қандайдир кимёвий реакциялар бўлганга ўхшайди. Жуда шўр ва тахир. Чўл жониворлари мана шу шўр сувни ҳам ичаверади.

Чинк тепасида шамол эсаётганди. Канъоннинг ости эса шу қадар сокин эдики, юрак уришингиз эшитилади. Бирдан бошқача тортасиз, Яратувчининг яратмишларига боқиб тафаккурга чўмасиз.

Шомга яқин ҳаво совий бошлади. Бу ерлар иқлими кескин континентал, кундузи қуёш қиздиради, кечқурун анча салқин бўлади. Кечаси яна шамол бўлди. Бомдоддан кейин сув ичгани келадиган жониворлар галасини кўрмоқ илинжида чинк устига яшириндим. Йўқ, одам исини бир неча километрдан олган ҳайвонлар кўриниш бермади. Узоқдан икки-уч бош Устюрт қўйи югуриб ўтди, холос. Қир устидаги тезаклардан бу жойларда бўрилар ҳам кўп эканига амин бўлдим. Лекин бўри ҳам бўй кўрсатмади, шунча одамдан йиртқич ҳам чўчийди-да!

Қуёш ётоғидан бош кўтариши билан водий янада очилиб кетди. Пастдаги даралар яна анвойи рангларга бурканди. Яна ва яна суратга оласиз. Манзарага қараб тўймайсиз. Кетгиси келмайди одамнинг…

 

Судочье — тиниқ сувлар ўлкаси (эди)

Қоплонқирдан кундузи соат 10 да йўлга чиқдик. Олдинда қарийб 400 километрли сафар бор. Агар йўлда бирон фавқулодда ҳолат юз бермаса, кечқурун Судочьега кириб борамиз.

Манзил узоқ. Йўл деб аталадиган тузилманинг ўзи йўқ. Қадимгилар бу саҳрода асосан тунда йўл юриб, юлдузлардан мўлжал олган. Русия босқинигача ва ундан сўнг географ олимлар ҳудудни тадқиқ этиб, ҳарбий харитасини тузганлар. Фойдали қазилмаларга бой бўлган бу жойларда геологлар қидирув ишларини олиб бориб, махсус белгилар қолдиришган. У триангулятор (уч оёқли устун), бетон ёки темир устун бўлиши мумкин. Мана шундай белгилар ҳам ҳайдовчилар учун мўлжал вазифасини бажаради. Шунингдек, замонавий GPS хариталарида ҳам ҳайдовчилар мўлжал қолдириб кетиши, кейингилар шундан фойдаланиши мумкин.

Йўлда бир пайтлар чўпонлар бурғулаб сув чиқарган қудуқ ёнида тўхтадик. Чўпон-чўлиқ бу ерларни ташлаб кетганига анча бўлса-да, улар қазиган қудуқда ҳамон сув бор экан. Балки, ёмғир сувларидан қайта йиғилгандир. Шу ердан бир жағ суягини топиб олдим. Ит ёки бўри жағига ўхшамас, анча кенгроқ, кичикроқ айиқникига ўхшаб кетарди. Экологлардан сўрасам, бу Қизил китобга киритилган Ҳинд асалхўрининг жағ суяги дейишди.

Асалхўр сувсарлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон бўлиб, танасининг узунлиги 68-75 см, думи 17-20 см бўлади. У асосан Африка, Олд, Ўрта ва Жанубий Осиёда (Ҳиндистон) яшайди. Асалхўр кучли ва тажовузкор жонивор. Африкада унинг шер ва гепардларга қарши чиққани, ҳатто ҳужум қилгани ҳақида видеолар кўп. Асалхўрлар майда умуртқалилар, тошбақалар ва ҳашаротлар, жумладан, ари ва асал билан озиқланади. Қудуқ атрофида бир қанча тошбақа косалари ҳам топилди. Демак, шу манзилда асалхўр яшагани аниқ.

Дарҳақиқат, 2012-2014 йилларда жанубий Устюрт ва шимолий Сариқамиш ҳавзасида ўтказилган илмий экспедиция пайтида ҳудудда ҳинд асалхўри яшаши аниқланган ва суратга олинган.

Бунақа узоқ йўл ва машаққатли сафарда йўлдошларнинг сабрли, киришимли ва бағрикенг бўлгани – бахтинг. Машинадаги ҳамроҳларим билан гапимиз бир жойдан чиқди. Есимхон Қаноатов – қорақалпоғистонлик журналист, фольклорчи, тарихчи. “Устюртдаги тарихий ёдгорликлар” мавзусида докторлик иши ёзмоқда. Есимхон ака билан қорақалпоқ халқининг тарихи ва бугуни ҳақида сўзлашиб кетдик. Экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар ҳақида гапириб берди. У билан табиат ва албатта, айиқлар ҳақида гурунг қилдик. Қорақалпоғистон экоқўмитаси ҳайдовчиси Соғиндиқ эса инспекторлар ҳаётидан қизиқарли воқеалар, браконьерлар билан тўқнашувлар ҳақида сўзлаб берди.

Машинамиз Ақшўлақ овулига яқинлашиши билан узоқдан электр чироқлари кўринди. Бироздан сўнг телефонлар ишлаб кетиб, хабарлар кела бошлади. Суҳбат бўлинди – ҳамма мобил қурилмасига ёпишди. 3 кундан бери фойдаланилмаган алоқа воситалари яна ишга тушди. Машинамиз ҳам асфальт йўлда хотиржам ҳаракатланаётир. Бундан энг кўп ранжиган Соғиндиқ бўлди: “Эҳ, маза қилиб гурунглашиб кетаётгандик-а, ҳамма телефонга кириб кетди!” Трассадан Судочье томонга бурилишимиз билан телефон сигналлари аста-секин узилди.

Судочьедаги балиқчилар уйига кечаси соат 2 да етиб бордик. Тўхталишлар билан йўлга 16 соат кетибди. Ҳамма чарчаган, ухлашга жой қидирган. Экологлар барака топишсин, тезда овқатга уннашди.

Кечаси қоронғида қаерга келганимизни яхши кўролмаган эдик. Бу ерлар ўтган асрнинг 50-йилларида яшнаган, лекин ҳозирда арвоҳ шаҳарга айланган Урга посёлкаси экан. Балиқчилар уйидан чиқишим билан улкан омборни эслатувчи хароба бинога кўзим тушди. Бу бир пайтлар балиқ сақланадиган ва қайта ишланадиган завод бўлган экан. Унинг нарироғида балиқ музлатиладиган омборхона – афтидан, балиқчилар ҳозир ҳам фойдаланишади.

50-йилларда Урга балиқчилар посёлкасида 100 дан ортиқ оила яшаган. Аҳолининг аксарияти XIX асрда Оролбўйига сургун қилинган Урал казакларининг авлодлари бўлган. Ургада мактаб, клуб, почта бўлими, моховлар касалхонаси фаолият юритган. Аҳоли балиқчилик ва ондатрачилик билан шуғулланган. Орол денгизи ва Судочьедан сув қочиши билан аҳоли бу ерларни тарк эта бошлаган. Посёлканинг охирги турғуни 1971 йили Судочьедан бош олиб кетган. Ҳозирда биноларнинг харобалари қолган, холос.

Собиқ балиқ заводи орқасидаги чинкдан юқорига кўтарилдим. Тепадан кўллар ва атрофдаги ярим вайрона бинолар яққол кўзга ташланади. Кўллар атрофини қамиш босган. Ўртада ҳам қамиш ороллар талайгина. Қушларнинг бир неча турини кузатдим. Ҳув ана, фламинголар галаси кўл бўйида бир оёқда турибди!

Судочье кўллар тизими ҳудудида 2021 йили алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида “Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилган. Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида жойлашган қўриқхонанинг умумий майдони 280 507 гектар.

Судочье кўллар тизимида 240 турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар бор. Бу ерда Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган 40 турдаги қушларнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро ташкилотининг “Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг Қизил рўйхати”га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди. Бу кўллар тизими қушларнинг уя қўйиш, учиб ўтувчи қушларнинг эса дам олиш, учиш олдидан озиқланиш ўрни бўлиб хизмат қилади.

Амударё Орол денгизига етиб борган пайтлари Судочье кўли дарё дельтаси билан чегарадош ва майдони катта бўлган. Орол денгизининг қуриши натижасида сув чекиниб, Катта Судочье, Акушпа, Каратерен, Тайла, Бегдулла-Айдин деб номланувчи майда кўлларга бўлиниб кетган. Дарвоқе, Судочьенинг асли номи Сувдошин ёки Судусшы бўлиб, чин сув, тиниқ сув, чучук сув деган маъноларни англатади. Бир замонлар кўлнинг суви тиниқ, чучук бўлгандир, лекин ҳозир ундай эмас.

Ургада бир замонлар денгизчилар учун маёқ вазифасини бажарган минора харобаларини кўрдик. Уларнинг энг баланди 10 метр. Археологларнинг таъкидлашича, бу миноралар IX-X асрларда қурилган. Ҳудудда массагет ва скиф қабилаларига оид бир қанча мозорлар ҳам мавжуд.

Ҳозир ов мавсуми бўлмагани учун балиқчилар кам. Кўл бўйидаги катта қайиқлар ҳам тўнкариб қўйилган. Соҳилда омонатгина кичик қайиқ турибди, холос. Балиқчи отадан илтимос қилгандик, кўлда бироз сайр қилдирди. Кичик қайиқда мувозанатни обдан ушлаш керак. Акс ҳолда чайқалиб, сизни сувга отиши мумкин. Бу ерда кўл чуқурлиги 15 метргача боради.

Қамиш чакалакзордан ўтиб, кўлнинг асосий қисмига ҳам етиб бордик. Атрофда турли қушларни кўриш мумкин. Баъзилари қамиш ораларига ҳам ин қурган. Сув лойқа бўлгани учун балиқлар кўринмади.

Кўллар тизими бўйлаб чўзилган чинк устидан машинада юриб саёҳатни давом эттирдик. Кўлда ўзим таниган қушлардан оққуш, фламинго (айтганча, уни маҳаллий аҳоли қизилғоз деб атаркан), ғоз ва ўрдакларни учратдим. Бундай гўзал манзарани умримда биринчи кўришим: мовий кўл, айниқса, булутлар орасидан қуёш нури тушганча ўзгача товланади; юмалоқ-юмалоқ қамиш ороллар; ҳавзада қийқириб чўмилаётган қушлар; нафис рақс тушаётган оққушлар; кўлдан эсаётган оромбахш шабада…

Юртимизнинг шундай гўзал маскан-манзиллари бор экан, билмай юрган эканман!

Устюрт бизни ана шундай бетакрор, унутилмас таассуротлар билан кузатиб қўйди.

2022 йил 6-9 май
Нукус – Борсакелмас – Сариқамиш – Қоплонқир – Судочье

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *