Қуёш кўринмайди, шивалаб майин ёмғир ёғади. Ҳарорат ҳам айни сафарбоп! Атроф арчазор, баҳорий гуллар жозибаси, булбуллар хониши, сойнинг хушёқар шовқини… Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда эса бошқача манзаралар бўй кўрсатди. Булут соядек ортимиздан эргашади. Ҳаво совиб кетади. Айрим жойларда бир метр нарини кўриш амримаҳол. Кетаверасиз, кетаверасиз. Оёқ ости қор. Олдингиздан чўққига ўхшаш, улкан қора “ўркач”лар чиқади. Буни қарангки, Осмонталош деб ўйлаб 3500 метрдан баланд еттита чўққини забт этиб қўйибмиз! Бирдан дўл бўрони бошланади.
Сўнгги манзил – 3686 метрли Осмонталош чўққиси забт этилди. Мақсадга эришилгач, барча машаққату заҳматлар унут бўлган эди. Аммо пастга эна бошлашимиз билан олчадек-олчадек муз парчалари шиддат билан савалай кетди. Чақмоқ ва момогулдурак ваҳимаси!.. Боз устига, чор атрофни яна булутлар ўраб олган. Икки қарич қор изларимизни кўмиб ташлаган. Адашиб-улоқиб, чўпон итларининг ҳамласига чап бериб, силлиқ қоялардан омон-эсон ўтиб, манзилимиздан 20 км узоқдаги бошқа қишлоққа тушдик. Бу галги тоғ сафарим шу каби турфа экстрим – ҳаяжонли ҳолатларга бой бўлди.
Сафар Сувтушардан бошланди
Ўзбекистоннинг энг катта ва баланд шаршараси (84 метр) Сувтушарга ўтган йили худди шу пайтда борган эканман. Бултур ёғин кам бўлгани боисми яшиллик анча сийрак, “Нива”, “УАЗ”лар юрадиган йўл чанг-қум эди. Бу йилги манзара буткул бошқача: ёғин-сочин мўллигидан ўтлар бўйим баравар ўсган, атроф кўм-кўк, салқин. Шаршарада сув ҳам кўпайган. Ўтган йили бемалол ичига тушиб чўмилгандим. Бу сафар сув мўллиги ва шамол кучлилиги сабаб икки-уч метр яқинига боролдим, холос. Шундаям ҳаммаёғим шалаббо бўлди.
Дарвоқе, Сувтушар шаршараси Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида, шу номли қишлоқ яқинида, Ҳисор тоғлари бағрида, денгиз сатҳидан 2130 метр баландликда жойлашган. Асл номи Суттушар – сув оппоқ бўлиб тушгани учун шундай номланган. Шаршарадан оқувчи сой бир неча қишлоқ учун ичимлик сув ва суғориш манбаи вазифасини бажаради. Охири Ҳисорак сув омборига қуйилади. Сувтушар шаршараси суви Осмонталош чўққиси ва атрофдаги тоғлардан келади. 4 кубометр сув тушади. Қишда музлайди.
Кириш мумкин эмас
Чўққига шаршара олдидан чиқишга чоғландик. Шу ердан Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудуди бошланади. Давлат томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд бўлгани учун бу жойларга кириш тақиқланади. Истисно тариқасида фақат махсус рухсатнома билан кириш мумкин. Ҳудуд экология инспекторлари томонидан қўриқланади. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси медиа тури доирасида бизга нозирлар бириктирилди.
Кийиктурарсой бўйлаб аста юқорига чиқа бошладик. Атрофимиз арчазор. Сўқмоқ ўрмон бўйлаб ўтади. Тоғни баҳорий ўт-ўланлар қоплаган. Кўзлар яйрайди, ўпка тиниқиб нафас олади. Ёмғирнинг майин шитирлаши, қушлар сайрашидан қулоқ фавқулодда роҳат туяди. Сайр учун бундан маъқул об-ҳаво бўлмаса керак! Иккинчи сойдан ўтиб, довонга чиқиб олдик. Довон бўйлаб кетилса, йўл чўққилар сари олиб боради.
Баландлик денгиз сатҳидан 3000 метрга яқинлашиши билан пейзажлар ҳам, ўсимликлар дунёси ҳам, об-ҳаво ҳам ўзгаради. Баланд арчалар ўрнини пастак буталар эгаллайди. Булутлар худди ҳамроҳлардек ёнимиздан ўтиб-қайтади. Булут-туман сабаб юқорини кўриш қийинлашади.
Чўққини қидириб
Довон устидаги сўнгги пастак арча ёнида чой ичиб бироз дам олдик. Шахсий тажрибамга кўра, тоғда кўп тўхтайвериш ярамайди. Ҳаракат асносида сандондек қизиган организм, терлаган тана ўтирганда тез совийди. Юқорига чиқиш билан ҳаво босимининг пасайиши, кислород камайиши ҳам юришга таъсир кўрсатади. Шунинг учун кам-кам юриб бўлса-да, тўхтаб қолмасликка ҳаракат қиламан.
Бу ёғи энди фақат кескин кўтарилиш. Тупроқ қатлам тугаб, чақир тошли тоғ йўли бошланди. Булут тобора қалинлашаётир. Уч-тўрт одим нари кўринмайди. Экоинспектор Суннатуллоҳнинг йўл бошлови билан таваккал кетаверамиз. Бирдан майда-майда муз ёға бошлади. Мошдек муз парчалари бир дақиқада нўхатдек келадиган дўлга айланди ва шиддати кучайди. Ўша ердаги бир тош орасига кириб олишга аранг улгурдим. Бир зумда атроф оппоқ қор (дўл) билан қопланди. Дўл бироз майдалашгач, йўлда давом этдим. Хайрият, шериклар ҳам харсанг ортига беркинган эканлар.
Пастда келишиб олган эдик: чўққига кўзи етганлар чиқади, бунга чоғи келмаганлар бемалол ортга қайтаверади. Олдинда уч кишимиз. Тоғнинг айрим жойларида телефон ишлаб турибди. Пастдагиларга қордаги изимиз бўйлаб келаверишни тайинладик.
Булутлар орасида олдимиздан улкан харсангтошли чўққи чиқди. Суннатуллоҳ ана шу чўққининг устига чиқайлик, Осмонталош шу бўлса керак, деди. Денгиз сатҳидан 3550 метр баландлик. Чўққининг бир тарафи музлик, қор ҳам эримаган. Қиррали тошлардан ошиб юқорига ўрмаладик. Чўққини билдирувчи бирор белги йўқ. Мен расмда триангулятор кўрган эдим. Баландлик ҳам 3600 метрдан ошарди. Бироз булут тарқагач, олдимизда яна бир чўққи бўй кўрсатди. Унинг ҳам устига чиқиб кўрдик. Асосий чўққини топгунимизгача 3500 метрдан баланд 7 та ёндош чўққига чиқиб тушибмиз!
Чўққида ичилган чой
Булут жуда қуюқлашди. Ҳеч нимани кўриб бўлмаяпти. Шу маҳал телефонимда эски топографик карта борлиги эсимга тушди. Қарасам, чўққидан тахминан 1000 метр узоқда турибмиз экан. Ўша тарафга қараб юрдик. Текисроқ довондан ўтиларкан. Олдимизда яна бир чўққи кўринди. Лекин энг баланд жой у эмас, унинг ортида. Айланиб ўтдик. Ниҳоят, биздан бир-икки метр юқорида чўққининг белгиси – триангулятор кўринди. Мақсадга эришилди: 3686 метрли Осмонталош чўққиси забт этилди! Чўққига ўзим билан олиб келган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини қададим.
Ҳаво ҳарорати тахминан -2 даража. Суннатуллоҳ билан чўққида чой қайнатдик. Бундай баландликда асал қўшилган қайноққина кўк чой шунақанги хуш ўтарканки, ич-ичингиз яйрайди. Бу орада икки шеригимиз ҳам етиб келди. Бир шеригимиз юз метрча пастда қолибди. Чўққида қисқа муддатга булут сийраклашиб, атрофни томоша қилиш, суратга олиш имкони туғилди. Чўққи устида ярим соатча гурунглашдик.
Таҳликали тушиш
Бирданига яна ҳавонинг авзойи бузилиб, дўл ёға кетди. Икки шеригимизга “сизлар тушаверинглар” деб, дов-дастгоҳимизни йиғиштириб, Суннатуллоҳ иккимиз ҳам пастга эндик. Дўл тезлашиб, олчадек-олчадек ташлай бошлади. Уч-тўрт донаси бошимга ҳам тушди. Бахтимизга тошнинг ғовак жойи бор экан. Жон сақлаш учун ўша ерга тиқилдик. Ногоҳ қўрқинчли момогулдурак ортидан чақмоқ чақди. Биздан икки метргина тепадаги темир триангуляторга чақин урди. Зарб тўлқини биз турган тошгача етиб келди.
Дўл шиддат билан ёғар, момогулдурак ва чақмоқ қулоғимизни қоматга келтирар эди. Ишқилиб шериклар бирон панажой топган бўлсин-да! Бу ҳолатда фақат кутиш ва Аллоҳдан ёрдам сўраш керак, холос. Сура ва дуоларни ўқиб, ўзимга дам соламан, Яратганга илтижо қиламан: “Аллоҳим, бу ерда ёрдам берадиган фақат Сенсан, ўзинг бизларга раҳм қил, йўлимизни оч!”. Бирдан ичимдан бир сас йўлга чиқавер, деди. Дўл шиддати бироз сусайди. Баланд овозда шерикларни чақирдик. Улар ҳам овоз беришди. Бечоралар пана тополмай, қулоқ ва бошларини қўл билан ёпиб юзтубан ўтиришган экан. Ҳаракатсизлик ва совуқдан баданлари қалтирайди.
Бунақа ҳавода юқорида қолиш хавфли, тезроқ пастга тушиш керак. Оёқ ости икки қарич қор. Қор остида нима борлиги номаълум. Таёқни қорга тиқиб, амаллаб бир шеригимиз қолиб кетган жойга бордик. Исмини айтиб роса чақирдик, қидирдик, қани топилса! Боз устига, тинмай ёғаётган муз-қор изларни ҳам кўми ташлаган. Аксига олиб телефон ишламайди. Яна озроқ қидиргач, шеригимиз ўзи пастга тушиб кетгандир, дея йўлда давом этдик.
Кўнгилнинг бир четига яна бир хавотир тушди: ишқилиб, дўлдан панажой тополдимикан, келган йўлимизни эслаб қолдимикан, бир ўзи қўрқмасмикан?.. Аллоҳга илтижо қиламан, тинмай Иброҳим алайҳиссаломнинг “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакийл”, яъни “Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У қандай яхши вакил” дуосини қайтараман, дўстимга Ўзи энг тўғри йўлни кўрсатишини тилайман. Бир тарафдан кўнглимга тасалли бераман: чўпон ўғли-ку, адашиб қолмас…
Дара остидан дараклар
Булутнинг қалинлигидан бир-икки одим нари кўринмайди. Узоқдан сойнинг шовқини эшитилади. Йўлбошловчимиз ўша тарафга бошлади. Тезроқ шу гулдурак ва чақмоқдан нари кетиб олсак бас. Сой бошигача анча пастга юриб қўйдик. Мўлжал олиш учун телефонимга қарайман. Зормонда бу матоҳ ҳам гунг бўлиб олган.
Адашганимиз аниқ. Амаллаб телефондан харитани очдим. Чўққига кўтарилган томонимиз эмас, унинг орқа тарафидаги Чот сойидан тушибмиз. Бу сой Сувтушар қишлоғига эмас, Оммағон қишлоғига олиб бораркан. Нариги сойга ўтиш йўналишини кўраётганимда яна телефон қотиб қолди. Олдимизда икки йўл турибди: яна юқорига дўл ва чақмоқлар маконига кўтарилиб, булутлар орасидан Сувтушар йўлини қидириш ёки сой бўйлаб ошиғич пастга тушиб, телефон сигнали чиқадиган жойда шерикларга хабар бериш. Иккинчи йўл маъқул кўринди.
Сой бошидан пастлаш дастлаб осон кечди. Кейин эса тош йўл бошланди. Шошиламиз, тезроқ хабар бериш керак, ахир. Қоронғи тушмасдан қишлоққа етиб олмасак бўлмайди. Йўлда уч марта чўпон итлари ҳужум қилди. Жала остида қолдик. Ёмғирдан кейин янада сирпанчиқ бўлиб қолган қиррали тошлардан ошишга тўғри келди. Ҳаммамизнинг телефонларимиз ўчган. Қоронғида кимсасиз сўқмоқлардан юрдик. 25 километрлар пиёда йўл босиб, охири кечки соат 22:00 ларда Оммағон қишлоғининг хонадонларидан бирига етиб келдик. Шериклар билан қўнғироқлашдик, ҳамма эсон-омон тушиб олибди! Ўзига шукр айтдик.
Адашганимиздан ҳечам афсусланмадим. Баҳонада табиатнинг яна бошқа гўзалликларидан баҳра олдим. Шу куни 40 километрдан кўпроқ яёв юрибман. Ҳақиқатан ҳам, биз йўлни эмас, йўл бизни танлаган эди!..
Тошкент – Шаҳрисабз – Сувтушар – Осмонталош
2022 йил 19-20 июнь