Бобоиоб чўққисига сафар

Фарғона водийси билан Тошкент вилоятини боғлайдиган машҳур Қамчиқ довонининг пурвиқор тоғлари кўпчиликни мафтун этади. Тошкентдан водийга кетишда ўнг тарафда узоқдан Ангрендан бошланувчи Қурама тизмасининг баланд қорли чўққилари кўринади. Шуларни ҳам забт этиш ҳиси аввалдан бор эди. Тожикистон ҳудудида жойлашган, Қурама тизмасининг энг баланд нуқтаси – денгиз сатҳидан 3770 метр баландда жойлашган, Бобоиоб чўққисига чиқиш насиби шу кунларга экан.

Бу йил Ҳисор тизмасидаги Осмонталош (3686 метр) ва Ҳазрати Султон (4065 метр) чўққиларига чиққанимни кўрган қўқонлик акамиз Жаҳонгир Абдуғани Бобоиобга чиқишни бир неча марта таклиф этди. Чўққи ҳақида маълумот жуда кам. Қандай қилиб боришни ва қайси йўл билан чиқишни ҳам билмаймиз. Жаҳонгир ака танишларини ишга солди. Тожикистонда бизга чўққига энг яқин қишлоққа ҳамроҳлик қиладиган одам топилди. Қўшни давлат ҳадудида эканлиги, шароитлари ҳақида билмаганим, баланд чўққига чиқиш азият бўлиши мумкинлиги сабаб кўпчилик саёҳатсевар дўстларимга айтмадим. Фақат Санжар Саидни чақирдим, холос.

Шанба куни шомга Қўқонга етиб бордим. Санжар Жиззахдан келди. Жаҳонгир ака билан Қўқоннинг гўзал чойхоналаридан бирида қўлбола ош едик. Эртаси куни тарихий Мадрасаи Мир жомеъсида бомдодни ўқидик. Масжид олдидаги “Шаршара” чойхонаси сахардан намоздан чиққан кишилар билан тўла бўлар экан. Мажнунтоллар остидаги сўрилар, самоворда қайнаётган чой, табиий маҳсулотлар – бари ўтмишни ёдга солади. Нонуштадан сўнг чегара томон йўл олдик.

Қамчиқ довонидан тушишда Қўқонга етмасдан ўнг тарафга “Садоқат” деб номланган жойга йўл кетади. Шу йўл билан 5 км юрилса, Ўзбекистон-Тожикистон чегараси келади. “Қўқон” чегара пости соат 7:00 дан 19:00 гача ишларкан. Эрталабда одам камгина экан. Чегарадан тез ўтдик. “Навбунёд” постидаги тожик чегарачилари анча мулойим, муомалали экан. Ўзбекчани ҳам яхши билишаркан. Треккинг таёғимни кўриб, “совуқ қурол” эмасми деб ҳазиллашди. Мен ҳам “йўқ, иссиқ қурол” дея жавоб бердим.

Постдан чиқишда Улуғбек деган тожик йигит кутиб олди. Улуғбек билан Жаҳонгир ака гаплашган. Аввалдан умуман таниш бўлмаган киши ёрдам қўлини чўзаётгани бизни хурсанд қилди. Улуғбек билан Дўсти қишлоғигача бордик. Уёғига у бизни бошқа машинага миндирди. Янгигина Опел машинасида тоғ томон – Ашт ва Оби Ашт қишлоқларига йўл олдик. Ҳайдовчи Икром ҳам ўзбекчани зўр биларкан. Йўл-йўлакай бу ҳудудларнинг яшаш тарзи, урф-одатлари, шароитлари ҳақида сўзлашиб кетдик. Бизникидан деярли фарқ қилмайди. Лекин Икромнинг қатъият билан айтишича, тожикистонликлар Путинга ўла-ўлгунча раҳмат айтиши керакмиш. “Мен Путин туфайли пул топдим, уй қурдим, уйландим, бола-чақамни боқдим. Мана Россияга чиқмаганимга 2 йил бўлган бўлса, ҳали янги кийим олмадим. Мен Путинни ўла-ўлгунимча дуо қиламан”, дейди у.

Бу ерларда аҳолининг аксар қисми ё Россияда ишлайди ё ишлаб келган. “Россияга бормасдан бу ерда ҳам яхши даромад қилса бўлади”, дейди дам олишга Оби Аштга келган аштлик фермер. “Ҳар йили пахта мавсуми олдидан тоққа, шу ерга келиб 2-3 кун дам олиб кетамиз. Ўтган йили 5 гектар ерга пахта экиб, 25000 доллар даромад қилдим. Бизда пахтани ўзимиз экиб, ўзимиз хоҳлаган нархда сотамиз. Ерга бошқа экинлар ҳам экамиз”, дейди Расулжон.

Сўғд (эски Ҳўжанд) вилоятининг Ашт туманида 160 000 аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг қарийб ярми ўзбеклар. Оби Ашт қишлоғида ҳам ўзбек аҳоли истиқомат қилар экан. Улуғбек шу ерлик Султонназар аканинг дам олиш чорбоғини гаплашиб қўйган экан. Маҳаллий аҳоли ГЭС деб номлайдиган бу жойда сув иншоотини аввалига тополмадик. Чорбоғ эгасининг айтишича, ўтган асрнинг 50-йилларида руслар бу ҳудудда уран топиб, конни ишлатиш учун сойдан шу ерга сув олиб чиқиб, мини ГЭС қуришган экан. “ГЭСнинг агрегатларини Помирга олиб кетишган. Ҳозир бетондан қурилган шу бино қолган, холос. Отам шу ерларни обод қилган эди. Кейинчалик уни биз сотиб олдик”, дейди Султонназар ака.

Чорбоғ эгасидан чўққига йўлни суриштириб, кечаси қайтишимизни айтдик. “Қачон бўлса, келаверинглар, эшигимиз очиқ, ётишга жой тайёрлаб қўяман. Мана бу олмалардан узволинглар, жуда ширин. Сизларга нон ҳам бераман, тепада қорнинглар оча, ейсизлар”, деди Султонназар ака.

Бу жойлар қишлоқнинг чорбоғ қисми бўлиб, ҳар чорбоғда иш қизғин. Кимдир пичан ўрган, кимдир боғ ишлари билан банд, бошқаси боққа сув очган. Қишлоқ бўйлаб 2 километрча юрганимиздан сўнг сой бўйига чиқдик. Шу ердан тоғ тарафга бироз кўтарилиб, 1 километр юриб, сел оқизиб келган кенг тошли дарага тушдик. Дарада юқоридан думалаб тушган улкан харсангтошлардан тортиб сув ювиб силлиқлаб ташлаган чиройли тошларгача бор. Юриш бироз қийин. Чағир тош, шағалдан юриб, сой орасида тошдан тошга сакраб, 2,5 километр юрдик.

Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликка чиққанимизда бироз текисроқ тепаликлардан юрдик. Бу ерлар суғур ва юмронқозиқлар макони бўлиб, жониворлар бизни кўриши билан тошлар орасига – инларига қочиб қолишди. Узоқдан тошдан қурилган бир бино кўринди. Ўшанга етиб олиб, озроқ дам олмоқчи бўлдик. Йўлда чўпонларни учратдик. “Чўққига 5 км қолди”, деб бизни овутишди.

Сойнинг нариги тарафида ўтлоқ кўринди. Ўтлоқ олдида биз узоқдан кўрган тош бино – унинг ярми қулаб тушибди – сел келиб бузган, шекилли. Маҳаллий аҳоли бу ерни Ошхона, Ниятбулоқ, Ширинбулоқ номлари билан атар экан. Дарвоқе, ўтлоқ олдида иккита булоқ бор. Ҳақиқатдан ҳам суви жуда ширин экан. Икки хонали бу тош бинода 4 та қозон, сув қайнаткич, қумғонлар, идиш-товоқлар, кўрпа-тўшаклар бор экан. Лекин ҳеч ким кўринмади. Атрофда тош ўчоқлар. Шу ернинг шайхи бор дейишганди. Афтидан, мавсум тугаб, одамлар бу ерни тарк этган.

Ниятбулоққача 8 км юрибмиз. Муздек булоққа нонни оқизиб, тушлик қилдик. Пешиндан сўнг юқорига кўтарила бошладик. Йўлда узунлиги 100 метрлик музлик устидан ўтдик. Ёзнинг охири бўлишига қарамай, ҳали ҳам эримабди. Денгиз сатҳидан 2700 метр баландликдан сўнг кескин кўтарилиш бошланди. Санжар сой бўйлаб юқорилади. Мен ундан 100 метр юқоридан кетдим. Жарликка яқин юрган эканман, сел келган жойдан ўтишга жуда қийналдим. Эмгаллаб олиш зўрға ўтиб олдим. Икки марта оёғим остидан юмалаган тошлар жарга қулади.

3000 метр баландликда биз таъқиб қилган Аштсойнинг бошланиш жойи кўринди. Санжар ҳам эсон-омон сой дарасидан чиқиб олди. Яна 200 метр кўтарилиб, чўққининг остидан чиқдик. Буёғи анча машаққатли. Узоқроқ бўлса ҳам шағал-тошли жойдан чиқиш ёки бироз қийинроқ, лекин яқин бўлган тик тошли жойдан кўтарилиш. Иккинчи вариантни танладим. Чунки вақт оз қолаётганди. Шом тушиб қолса, юриш қийинлашади. Минг машаққат билан 3600 метр баландликка чиқиб, пастдан учли-қиррали кўринган чўққини забт этиш ҳисси ўзгача бўлди.

Дарвоқе, Бобоиоб худди Ҳазрати Султон каби кўпчилик зиёрат мақсадида чиқадиган тоғлардан бири. Лекин чўққида бирон кишининг дафн этилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Турли афсона ва ривоятлар бор, холос. Уни саҳоба Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга боғлайдиган ривоятлар ҳам мавжуд. Ваҳоланки, Абдураҳмон ибн Авф Ўрта Осиёга умуман келмаган. Баъзи топонимшунослар “Сувлар отаси” деб таъриф берадиган Бобоиобни ўзбеклар Бойбува деб номлашади.

Чўққидан тушиш унга кўтарилишдан анча осонроқ бўлди. Ниятбулоқдан чўққигача масофа 7 километрдан ошди. 4,5 соатда чиққандик. Тушишга 2,5 соат кетди. Шом маҳалда Ниятбулоққа етиб келдик. Шомни шу ерда ўқиб, қишлоқ томон йўлга тушдик. Бир соатлардан сўнг оқшом ғира-ширалиги тугаб, хуфтон тушди. Фонарларни ёқиб, кечқурунда тошдан тошга сакраб, соат 23:00 да қишлоққа етиб келдик. Шу куни жами 32 км пиёда юрибмиз.

Тошкент – Қўқон – Ашт – Бобоиоб

21-22 август 2022 йил

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *