Денгиз сатҳидан нақ 4000 метр баланддамиз. Қош қорайганига қарамай, етти ёшли боладан етмиш ёшли чолгача – ҳамма чўққига қараб интилади. Ҳаво совуқ. Тўхтаб озгина дам олсангиз, баданингизга титроқ югуради. Ана, бошига булутдан салла ўраган чўққи кўзларни ўйнатиб турибди! Юқорида ёмғирпана йўқ. Шундай бўлса-да, бир вақтнинг ўзида 500 чоғли одам худди чумолидек юқорига ўрмалаётир. Субҳи содиқ маҳал чўққи устидаги супада 50 кишили жамоат бомдод намозини адо этади. Ўнлаб одам қуёш чиқишини кузатади. Бундай манзарани фақатгина Қашқадарё вилоятидаги Ҳазрат Султон чўққисида учратиш мумкин...
Охирги уч йилда Ҳисор тоғларида ҳар йили икки-уч мартадан бўлиш насиб этди. Ҳар сафар Ҳазрати Султонга чиқамиз дейман-у, бу режа турли сабаблар билан ортга сурилаётган эди. Бу йил тайёргарлик ва ҳужжатларни пухта қилиб, йўлга чиқдик. Шаҳрисабздаги сайёҳлик фирмаси орқали чегара қўшинларидан рухсатнома олдик. Шанба куни Шаҳрисабзда жамоа билан йиғилиб, УАЗ ва Ниваларга ўтирганча йўлга тушдик. Биринчи гуруҳ Кўл қишлоғи орқали борадиган бўлди. Биз Ғийлон қишлоғига тушиб, сўнг у ердан Кўлга ўтдик.
Чегара қўшинлари бўлинмаси ҳужжатларимизни текширгач, ҳудудга киришга рухсат ва юқоридаги постга билдирги берди. Чўққи остидаги лагергача яна 30 километр тоғ йўлидан юрилади. Атроф кўм‑кўк. Қишлоқ аҳли тоғдаги пичанларни йиғиш билан андармон. Биз чиқажак Ҳазрати Султон тоғи ўзининг бутун салобати билан кўзларимизни қамаштиради. Тоғ усти булут. Ҳойнаҳой юқорида ёмғир ёғмоқда. Тоғ дараси бўйлаб гоҳ тупроқ, гоҳ тош йўллардан борамиз. Иккинчи постдан сўнг арчазор бошланади. Пастда оппоқ сой пишқириб оқади. Атроф баҳорий гул-гиёҳларга тўлган. Димоғингизга кийикўт ҳиди урилади.
Шомга яқин чўққи остидаги лагерга етиб келдик. Шу пайт ёмғир ёға бошлади. Кўм‑кўк майдонда 60 тача машина, 300 чоғли одам бор. Айрим гуруҳлар чўққига кўтарилишни бошлаб юборган. Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда жойлашган лагерда шомни ўқиб, бироз дам олгунимизгача сафга яна ўнлаб машина қўшилди. Тоғ йўли фонар ёғдуларидан ёришиб кетган, худди чумолилар ўрмалаб келмоқда дейсиз.
Аслида, мен бомдодгача ухлаб, кейин чўққига чиқишни режалаштирган эдим. Машинадаги шериклар кечаси чиқиб, эрталаб қайтиб келишга қарор қилишди. Уларни куттириб, малоллантирмаслик учун мен ҳам кечаси чиқишга рози бўлдим. Ёмғир тўхтаган бўлса‑да, ҳаво совиб бормоқда. Иссиқ кийиниб, керакли нарсаларни рюкзакка солиб, фонарни ёққанча йўлга чиқдик. Кечқурун бўлгани учун сувсизликдан мадор қуриши кузатилмади.
Дастлабки бир километр йўл яхши кечди. Сўнг шериклардан кимдир ортга қайтишни афзал кўрди, кимдир секинроқ бўлса‑да юришга қарор қилди. Бундай ҳавода ҳаракатланиш мароқли бўлса‑да, бироз ноқулайлик ҳам бор. Тезлашсангиз – терлаб кетасиз. Уч дақиқадан кўпроқ ҳаракатсиз туриб қолсангиз – танангизга совуқ ўтади, вужудни қалтироқ босади. Шу боис дам олмасдан секинроқ бўлса‑да одимлаган маъқул.
Яна бир муаммо чиқиб қолди денг: ҳозирги тезликда юрсам, чўққига кечаси соат 2 ларда чиқиб бораман. Бомдод намози ва қуёш чиққунча уч соат чўққи устида, шамолда ҳаракатсиз қолиш яхши эмас. Денгиз сатҳидан 3800 метр баландликда харсангтош остида мизғиб олдим. Ётоққопнинг ёзгисини олган эканман, совуққа дош бермади. Икки соатча ярим уйқу ҳолатида ётиб, дийдираб ўрнимдан турдим. Бу ёғига фақат ҳаракатланиб, танани иситиш керак.
Ва ниҳоят узоқдаги ёғдулардан чўққига яқин қолганини билдим. Ёндош тоғ тугаб, Ҳазрати Султонга ўтадиган айри қисмгача йўл унчалик тик эмас эди. Айридан тоғ йўли тиккалашиб борди. Боз устига, тош йўлдан юриш бироз қийин кечди. Эҳтиёткорликни ошириш лозим. Кечқурунда атроф унчалик равшан кўринмайди, лекин бир метрдан ҳам тор йўлак остида тубсиз жарлик борлиги сезилиб турибди. Чўққига етишга 150 метрча қолди. Йўлак икки тарафга кетган экан. Ўнгга юрдим. Бу ёғи кескин баландлик, тангу тор йўлак экан. 10 метрлар юқорилаганимдан кейин йўлак янада торайди. Озроқ юргач, юракка ҳаяжон кирди: боши берк йўл экан! Остимиз эса чуқур ва қирра тошли жарлик. Адашибмиз – ортга қайтиш керак.
Тепадан тушиб келаётганларга қараб, тўғри йўлни топиб олдик. Йўл‑йўлакай тошлар орасида одамлар бир‑бирининг пинжига тиқилганча исиниб ўтирибди. Соат 4 ларда чўққига чиқиб бордим. Бомдодга азон айтилди.
Чўққи усти тахминан 50 квадрат метр ясси супа бўлиб, у ерда тошдан рамзий мақбара тикланган. Маҳаллий ривоятларга кўра, Имом Аъзам, бошқа ривоятда Имом Ҳусайн шу ерга дафн этилган. Лекин бунинг илмий асоси мавжуд эмас. Маҳаллий аҳоли бу ерга кўпинча зиёрат мақсадида келади. Йўл-йўлакай тоғда вафот этиб, шу ернинг ўзига кўмилган одамларнинг тошқабрлари ҳам учрайди.
Супа устида бомдодни 50 кишили жамоат билан адо этдик. Ярим соатлардан кейин шарқ тарафдан қуёш мўралай бошлади. Чўққи устида юзлаб одам унинг чиқишини кузатди. Издиҳом орасида олтмишга кирган онахонлар, етмишни қоралаган отахонлар ҳам бор эди. Қойил, шунча баландга қандай чиқишди экан?!
Қуёш нурлари танамизга илиқлик олиб кирди. Атроф бутун гўзаллигини намойиш қила бошлади. Бир тарафдан Ургут тоғлари, иккинчи тарафдан Ҳисор тизмасининг бошқа чўққилари, учинчи тарафдан Тожикистон тоғлари кўринади.
Кўз – қўрқоқ, қўл – ботир дея чўққига чиқиб олдик. Аммо энди хавотир босади денг: кечаси бунақа тикка чўққига қандай чиқдик экан? Ҳазрати Султоннинг ғарб тарафи ости жуда тик. Пастга қарасангиз, бошни айлантиради. Шарқ тарафи ҳам тик жарлик. Айри қисмда эса қор‑муз эримаган.
Тушишда ҳеч қаерда тўхтамадим. Тез тушган бўлсам‑да, иниш йўли жуда узун туюлди. Кечаси мўлжални кўролмай, шитоб ўтиб кетганмиз шекилли. Пастки лагердан чўққигача 1000 метр баландликка кўтарилади ва 8 км дан ортиқроқ юриб борилади. Чиқишга 4 соат, тушишга 2 соат сарфлабман.
Атрофни яхшироқ томоша қилиш ва чиройли кадр олиш учун барибир кундузи чўққига кўтарилган яхшироқ. Эрталаб булут йўқлиги, қуёш нурлари тикка тушгани сабаб тоғларнинг манзараси унчалик гўзал чиқмади.
Кўпчилик бу чўққини Ўзбекистоннинг энг баланд бошқа чўққиси билан адаштиради. Ваҳоланки, шу яқинда бундан баландроқ бошқа чўққилар ҳам бор. 2020 йили Ҳазрати Султондан 30 км узоқликда 4380 метр баландликдаги номсиз чўққига чиққандик.
Дунёдаги чўққиларни ўрганувчи PeakVisor портали маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг расмий энг баланд нуқтаси Ҳазрати Султон чўққиси Сурхондарё вилоятида, Тожикистон билан чегарада, Қашқадарёдаги Ҳазрати Султон чўққисидан жануброқда жойлашган бўлиб, баландлиги 4643 метрни ташкил этади. Лекин, билишимча, Сурхондарёда Ҳазрати Султондан юксакроқ нуқта бор: Алпомиш чўққиси ҳам Тожикистон билан чегарада, Ҳазрати Султондан жануброқда жойлашган бўлиб, баландлиги 4662 метрга етади. Бу борада маълумотлар етарли эмас. Географ олимларимиз Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси ҳақида янги тадқиқотлар олиб боришса, балки бу ҳақда аниқ маълумотга эга бўлармиз.
Агар сиз тоғ саёҳатларига қизиқсангиз, йўли унчалик қийин бўлмаган чўққига чиқишни режалаштираётган бўлсангиз, Ҳазрати Султон айнан сиз учун! Тезроқ ҳаракат қилиб қолинг, бу ерда мавсум август охиригача давом этади, холос.
Тошкент – Шаҳрисабз – Кўл – Ҳазрати Султон
2022 йил 30‑31 июль