Бундан 20 йиллар аввал ҳам Тошкент атрофидаги тоғлар шаҳардан тез-тез кўриниб турарди. Ҳозир бундай ҳолат нодир бўлиб қолди. Асосан қиш-баҳор мавсумида Тошкентдан шарқда, Паркент томондан оппоқ қорга бурканган улуғвор чўққи кўринади. Бу Қизилнура бўлиб, Чотқол тизмасининг энг баланд нуқталаридан бири ҳисобланади.
Шу йил баҳорда Кумушкон тоғларига чиққанда Қизилнурани кўриб, чиқиш истаги яна бир оловланганди. Бир ҳафта олдин тоққа олиб чиқувчи гуруҳлардан бирида Қизилнура чўққиси эълонини кўрдим-у, сафарга ёзилдим.
Якшанба куни соат 3:20 да Кумушкон тарафга йўлга чиқдик. Кумушкон қишлоғининг охири – Ҳазрат Али бува зиёратгоҳига бурилиш, санаторияга кириш қисмида тушиб, пастга сой томон тушиб, пиёда йўлни давом эттирдик. Кечаси юришнинг фойда-зарарлари ҳақида Ҳазрати Султон сафарида айтиб ўтгандим. Бу сафар зарарлар сафига итлар галасининг ҳужуми ҳам қўшилди. Айни бомдод пайтида 6-7 та итлар ҳужум қилмоқчи бўлиб яқинлашди. Қўлларимизда таёқ ва тошларни олвоганмиз. Икки-уч марта тош отгандик, ҳар қалай озроқ чекинишди. Лекин то улардан 500 метрлар узоқлашмагунимизгача вовуллаб турди.
Денгиз сатҳидан 1300 метр баландликдан бошланган пиёда сафаримиз аввалида тоққа яхши кўтарилдик. 2 соатда 7,5 километр масофа ва 700 метр баландликни босиб ўтдик. Йўлнинг келгуси тарафи Ўзбекистон темир йўллари АЖга тегишли бўлиб, уларнинг рухсатисиз ҳудудга кириш ман этилади. Бир пайтлар бу ҳудуд Чотқол давлат биосфера қўриқхонасига тегишли бўлган.
Чўққига олиб борувчи сўқмоқ анчагина кенг, бемалол бир машина сиғади. Яхшироқ йўлтанламас машина билан юқорига чиқса бўлади, лекин тавсия қилмайман: ўнқир-чўнқирларда машина қийналади. Айтишларича, бу йўлакни бир пайтлар шу ерлардан фойдали қазилмалар кавлаган кончилар бунёд қилган. Дарвоқе, Кумушкон номи ҳам бу ерларда қадимдан қазиб олинган кумуш конлари билан боғлиқ. Ҳозирда кон иши тўхтаган. Айрим жойларда кончилар қазиган уюмлар кўриниб туради, холос.
Чўққи остонасигача йўл аста кўтарилиб боради. Сўқмоқ аниқ ва кенглиги учун юриш бемалол. 17 км юриб, 2600 метр баландликка чиққанда текисроқ майдон чиқади. Майдонда синоптикларнинг қор ўлчагич қурилмаси жойлашган. Бу жой қишда қор кўчадиган участка бўлиб, кўчки оқибатида 2 метрлик қор ўлчагич темир ергача эгилиб кетибди. Шу ердан машаққатли кўтарилиш бошланади. Чўққигача 4 км масофа ва 600 метрдан зиёд баландлик қолди. Агар икки кунлик сафарга чиқилса, шу ерга чодир тиккан маъқул. Биз эса чўққини бир кунда забт этишни мақсад қилганмиз.
Майдонда озгина дам олгач, чўққи томон кўтарила бошладик. Анча йўлни босиб, оёқлар чарчаган, сўнгги километрларда кескин кўтарилиш эса силлани қуритарди. Тепага қараб секин-аста қадам ташларканман, бошимда фалсафий фикрлар айланади.
Буюк мақсадларга интилиш ҳам баланд чўққига чиқишга ўхшайди. Аввал уни узоқдан кўрасан, чиқишни ният қиласан, то унгача чиқиш учун қадам босмагунингча у орзу бўлиб қолаверади. Бошида – куч борида қаттиқ ҳаракат қиласан, чўққининг маълум қисмига чиқасан. Кейин қийинчилик бошланади, мадоринг қурийди, ҳар хил сабаблар сени сафарни тўхтатишга ундайди. Ўзингга ўзинг савол берасан: нега чиқдим бу ерга, нима қиламан у ерда, менга нима беради бу? Узоқдаги чўққи яқиндек кўринади. Ичингдаги бир ҳис шунча жойга келдинг, охиригача бор энди, чида, мақсадга эриш дейди. Бироз дам оласан-да, яна оғир қадамлар ташлайсан. Буюк мақсадларга эришишнинг ҳам охири қийин бўлади. Бор кучинг билан ҳаракат қиласан. Мақсаднинг сўнгги нуқтаси кўриниши билан ғайратингга ғайрат қўшилади…
Баландлик 3000 метрдан ошганидан сўнг тош-тупроқли рельеф ўрнини қирра тошли тоғ йўли эгаллади. Юриш қийин, лекин чўққининг энг баланд нуқтасини билдириб турувчи триангулятор узоқдан кўриниши билан тезроқ унга етгинг келади. Сўнгги кучни жамлаб ҳаракат қиламан. Ниҳоят, 3267 метр баландликдаги Қизилнура чўққисини забт этдим. Ўзим билан олиб келган Ватанимиз байроғини чўққига илдим. Шу жойгача бўлган барча қийинчиликлар чўққи бошида унут бўлди.
Тоғнинг Қизилнура деб аталишига чўққи бошидаги тошларнинг ранги қизғиш экани сабаб бўлган. Айниқса, қуёш ботаётган пайт чўққи боши қизғиш кўринади ва ўзидан қизил нур қайтаради.
Чўққидан Чотқол тизмасининг Катта Чимён, Овчилар, Ҳавла ва бошқа чўққилари яққол намоён бўлади. Ҳаво булутли, лекин ёмғир йўқ. Устимиздан бургут учиб ўтади. Ҳарорат 10-15 даража. Чўққигача 21 километрлик масофани йўлдаги дам олишлар билан 8 соатда босиб ўтдик. Яна олдинда 21 километрлик тушиш бор. Тушишга 6 соат сарфладик.
Шу куни тоғда юриш бўйича шахсий рекордим янгиланди. Кунига 68300 қадам – 43 километр пиёда юрибман.
Тошкент – Кумушкон – Қизилнура
18 сентябрь 2022 йил