Реваш: хато қилиш ҳикматлари

Чотқол тизмасида баландлиги 3000 метрдан ошадиган 15 дан ортиқ чўққи бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Чотқол водийсида Катта Чимён, Қизилнура, Арашон, Бобойтоғ чўққилари анча машҳур ва сайёҳларни доим ўзига жалб қилади. Реваш чўққиси эса тоғчилар учун унчалик қулай бўлмаган ҳудудда жойлашган. Шу боис ҳам чўққи яхши ўрганилмаган ва у ҳақида маълумот жуда кам.

Реваш тоғига бориш учун Тошкентдан Ангренга, сўнг Янгиобод шаҳарчасига бориш керак. Шаҳарчада жойлашган Ўзбекистон бокс федерацияси базаси ёнидан чапга бурилиб, машина юриши мумкин тош-тупроқ йўлдан 6 километрча юрилади. Шу ердан пиёда сафарни бошлаш мумкин. У ёғига машина боролмайди.

Тошкентдан соат 4:20 ларда чиққан эдик. Тоққа сафарни 6:30 ларда бошладик. Чўққи томон йўл Олатанга дарёси бўйлаб кечади. 1500 метр баландликдан бошланадиган сўқмоқни қулай деб бўлмайди. Сел оқизиб келган тошлар орасидан юриш, дарёдан бир неча марта сакраб ўтиш керак бўлади. Лекин юқорига кўтарилиш паст бўлгани учун юриш анча осон. Дарё бўйлаб 7 километр юрилгандан сўнг чўпонлар жойлашган кенгроқ майдон келади. Шу ердаги сўқмоқдан юқорига – тоққа кўтарилиш бошланади.

Буёғига фақат юқорига юрилгани боис қийинчилик дарров сезилади. Ўрмон оралаб ўтган сўқмоқда атрофдаги арчазорларга тикилганча кўзингиз яйраб кетаверасиз. Бу ҳудудда нафас олиш осон, кислород мўл. Бир тепаликни ошсангиз, бошқаси чиқади, сўнг кейингиси… 2500 метр баландликда эса дарахтлар тугайди. Куз бўлгани учун атрофдаги ўсимликлар сарғайган, сув бор жойларда эса майсалар кўм-кўк бўлиб, кўзингизни олади.

Катта гуруҳ билан тоққа чиқишнинг ноқулай тарафлари бор: кимдир яхши юради, кимдир чарчаб қолади. Гуруҳни кутиш керак. Тоғда ёлғиз қолиб бўлмайди. Шу боис орада тўхталишлар жуда кўп бўлди. Ҳар тўхталганда одам энергия йўқотади, юриш суръати пасаяди.

Денгиз сатҳидан 2900 метр баландликдаги Музбел довонида, чўққига сўнгги кўтарилиш нуқтасида шерикларни кутаркан, тушлик қилиб олдим. Охирги нуқтага 1 километр узунлик ва 320 метр баландлик қолди. Офлайн трек айланма осонроқ йўлни таклиф қилмоқда. Унда масофа 2,5 километрни ташкил қиларкан. Йўлбошловчимиз вақтни тежаш учун айланма йўлдан эмас, тикка кўтарилишни таклиф этди. Кўпчилик бу қарорга рози бўлди.

Сўнгги кўтарилишда тикка йўлдан юқорига юриш жуда қийин. Унинг устига қорин тўйиб, юриш ёқмайди (энг тўғриси тушликни чўққига чиққанда қилиш экан). Сўнгги кучни йиғиб, аста-аста қадам ташлаб юқорига кўтариламиз. Узоқдан чўққини билдирувчи белги кўринди. 3227 метрлик Реваш чўққисига кўтарилгач, атрофни томоша қилдим. Чотқол ва Қурама тизмасининг баланд тоғлари худди маржонга терилгандек кўринади.

Орада жуда кўп дам олишлар билан чўққигача 15 километрлик масофа ва 1820 метр баландликни босиб ўтишга 8 соат кетди.

Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи ҳудудида жойлашган Реваш чўққисидан Музбел, Олатанга, Калтабарак, Реваш, Қорабузуқзой дарёлари бошланади. Атрофдаги жой номларининг бари туркча-ўзбекча (Чимён, Қизилнура, Майдонтол, Қорақуш, Бобойтоғ). Лекин Ревашнинг ўзбекча маъносини топа олмадим. Тожикчадан “Рева” сўзи тепалик деган маънони англатади. Реваш ҳам шундан олинган бўлиши мумкин.

Қайтишда йўлбошловчилар бошқа йўлдан, Музбел дарёси ёқалаб тушиш осонроқ дейишди. Юқоридан дарёгача сўқмоқ йўқ. Тик тоғдан эчкилар юрган йўллар билан амаллаб дарё бошланган жойгача тушиб олдик. Бу йўналиш аввалгисидан нисбатан яқинроқ, лекин йўли жуда ноқулай экан. Орада йўлбошловчилардан алоҳида юқорироқдан, тоғ бўйлаб сўқмоқдан юрдим. Йўл туташадиган жойда шерикларни кутгунча шом ҳам тушиб қолди. Йўлимиз яна тошли-шағалли дарё ёқалаб давом этди. Чироқларни ёқиб, ортда қолган шерикларни кутиб, машинамиз тўхтаган жойга етганимизда соат 22:00 дан ошган эди.

Ушбу сафарда жами 32 километр, 55300 қадам йўл босдим.

Тошкент – Ангрен – Янгиобод – Реваш

2022 йил 1 окябрь

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *