“Сиз экипировкага минг доллар сарфлаб чиққан чўққига бир чўпон оддий таёқ ва калишда чиқиши мумкин” — Давронбек Тожиалиев билан суҳбат

Баҳор келиб, тоғларга чиқиш мавсуми бошланди. Тоғларга чиққан одам ўзи босиб ўтган манзилга, узоқ-узоқлардаги бошқа тоғ тизмаларига назар ташлар экан жуда кўплаб нарсалар ҳақида фикр юритади. Кенгликларга назар солиш биқиқ шаҳарда инсон миясида пайдо бўлиб қолган чегараларни йўқ қилишга ёрдам беради.

Afisha.uz мана шундай тоғ чўққиларини забт этувчи Давронбек Тожиалиев билан суҳбатлашди. Унда тоғларга чиқиш учун қандай тайёргарлик кўриш кераклиги, саёҳатчининг экипировкаси, чўққини забт этиш ва ундан кейинги ҳислар каби жараёнларга тўхталиб ўтилган.

— Тоғларга саёҳат қилишга бўлган илк қизиқиш қачон ва қандай бошланган?

— Тоғларга қизиқиш ёшликдан бўлган. Ёшлигим, асосан, Шоҳимардон тоғларида ўтган. Ота-онам ҳар йили ўша ерда жойлашган лагерларга юборишарди. Илк тоғ сафарлари лагерларда бошланган. Бундан ташқари Шоҳимардонда қариндошларимиз бор эди ва улар билан биргаликда тоғларга чиқиб, турли хил гиёҳлар, зира терардик. Ўша пайтларданоқ тоғларга нисбатан ишонч, қизиқиш пайдо бўлган.

Ундан кейин ҳам Тошкент, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги тоғларга чиққанман, лекин тоғларга чиқишга бўлган жиддий қизиқиш, муносабат буткул ўзгариши 2020 йилда содир бўлган. Ўша вақтдаги Экология қўмитаси мени ва бир қанча олимлар, журналистлар, биологлар, зоологларни Ҳисор тоғ тизмасидаги экспедицияга таклиф этган.

Ўша ерда Ўзбекистондаги энг баланд бўлган номсиз чўққини забт этиш экспедициясида 4 кун юрганмиз, 3 тунни тоғларда ўтказганмиз. Аввал ҳам тоғларга чиқардим, лекин ҳеч техник ёки кийим борасидаги тайёргарликни кўрмасдим. Бу сафар ҳам шундай бўлганди, аммо ўшанда мен тоғлар дунёсига бўлган фикримни ўзгартирдим. Тоғларга тайёргарликсиз, мақсадсиз чиқиб бўлмас экан, деган фикр пайдо бўлди.

— Саёҳатни бошлашдан аввалги жисмоний ва руҳий тайёргарлик ҳақида гапирсангиз.

— Ҳар бир саёҳатни тайёргарликсиз бошлаш мумкин эмас. Агар тайёргарлик кўрилмаса, сафарда мақсадга эришиб бўлмайди. Тайёргарлик аввало экипировка тарафдан бўлади. Жиддийроқ сафар бўлса унга мос жиҳозлар, анжомлар билан тайёргарлик кўрилади. Бундан ташқари жисмоний тайёргарлик ҳам яхши, касаллик аломатлари бўлмаслиги керак.

Жиддийроқ сафарга чиқишдан олдин шериклардан “аввал ҳам шундай сафарга чиққанмисиз?”, деб сўраймиз. Агар чиққан бўлса, уларда тажриба бўлади. Маълум бир тажрибасиз каттароқ чўққига чиқиш инсонни азобланишига олиб келади. Организм ушбу сафарга тайёр бўлмайди. Аввалроқ кичик чўққиларга чиқиб, маълум бир жараёндан ўтган бўлса уни каттароқ чўққиларга ҳам олиб чиқиш мумкин бўлади. Шу сабабли жисмоний тайёргарлик жуда муҳим.

Тоғда иқлимлашиш жараёни рўй беради яъни организм пастда, кислород мўл бўлган ҳудудда бемалол нафас олиб, стандарт ҳолатларда юрган бўлса, баландроққа чиққанда кислороднинг камайиши инсон организмидаги баъзи ўзгаришларни юзага келтириши мумкин. Организм ўша ўзгаришларга тайёр бўлсагина мақсадга эриша олади. Инсон руҳан чўққига чиқишни ёки сафарни охиригача боришни мақсад қилиши ва бу йўлдаги барча ҳам жисмоний, ҳам руҳий қийинчиликларга тайёр бўлиши учун тайёргарлик керак бўлади. Бундан ташқари бориладиган жойнинг географияси, муҳити, йўлни, трекни ўрганиб чиқиш керак бўлади.

Қандай чиқилади, қаердан чиқса осонроқ бўлади, қаерда тўхташ мумкин, қаердан сув олиш мумкин, қаерда тушлик қилиш мумкин, каттароқ саёҳатга чиқсангиз қаерда тунаб қолиш мумкин каби нарсалар ўрганилади. Шундан кейингина ўша сафарга мос бўлган кийимлар танланади ва сафарга чиқиш мумкин бўлади.

Бундай саёҳатга чиқишдан олдин аввал тоғларга чиққан одамлар билан маслаҳатлашиш кони фойда. Ижтимоий тармоқларда туристларнинг каналлари, гуруҳлари бор. Ўша ердан бемалол маслаҳат олиш мумкин.

— Жараён қандай кечади, қачон, қандай йўлга чиқилади, одатда саёҳат неча кунни ташкил қилади?

— Саёҳатнинг давомийлиги неча кунни ташкил этиши сиз кўзлаётган манзилга боғлиқ. Енгилроқ саёҳатларни режа қилганда бир кунни белгилаймиз яъни бир кунда чиқиб-тушиш энг қулайи ҳисобланади. Бир кунда 3000 метргача бўлган чўққиларга чиқиб-тушса бўлади.

Баъзи сафарларга бир ҳафта, баъзи сафарларга бир кун ёки 3−4 кун кетиши мумкин. Бу сиз бораётган манзилнинг шарт-шароитлари, узоқ-яқинлиги ва шунга ўхшаш ҳолатларга боғлиқ бўлади. Бунда, албатта, тайёргарлик шунга яраша қилинади. Неча кунга кетиладиган бўлса, шунга яраша озиқ-овқатлар ғамланади. Транспорт ҳам муҳим ҳисобланади. Улар тоғнинг ёки сиз бораётган манзилнинг маълум бир жойигача бора олади, холос. Уёғига пиёда юришингизга тўғри келади. Буларнинг ҳаммаси ҳисоб-китоб қилингандан кейин сафарни неча кун бўлишини белгилашингиз мумкин.

— Саёҳат учун асосан қандай анжомлар керак бўлади ва уларнинг ўртача нархи қандай?

— Тоғ саёҳатларида асосий нарсалардан бири треккинг таёқчалари ҳисобланади. Улар юқорига чиқишингизда ва пастга тушишингизда анча ёрдам беради ҳамда юкламаларни 30 фоизгача камайтиради. Бундан ташқари тоққа, саёҳатга мос кийиниш ҳам сизнинг комфортингизни таъминлайди. Бунда асосий нарса пойабзал ҳисобланади. Пойабзалнинг яхшисини ва тоққа чидамлилигини киймасангиз, муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Тоғ, треккинг учун махсус оёқ кийимлар бор. Одатда тагчарми мустахкам ва тишли бўлган поябзалларни танлаш керак бўлади. Рюкзак ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Қўшимча нарсаларингизни олиб юришингиз мумкин бўлган рюкзак ҳаракатланишингиз учун қулай бўлиши лозим.

Мавсумга хос кийиниш ёки сиз кетаётган манзилга мос кийиниш керак бўлади. Масалан, ёз бўлса, қуёшдан сақловчи ва нафас олишга қулай кийимларни кийиш тавсия қилинади. Қишда эса қатламли, тоққа чиқиш вақтида исиб кетсангиз алмаштиришга қулай кийимлар тавсия қилинади.

Ҳаммаси қанчалик комфорт хоҳлашингизга боғлиқ. Қанча кўп комфортда тоққа чиқишни хоҳласангиз, шунча кўп ҳаражат қилишга тўғри келади. Сиз экипировкага 1000 доллар сарфлаб чиққан чўққига чўпонлар оддий таёқ ва калишда чиқиши мумкин. Буларнинг бари индивидуал хоҳиш истакларингизга боғлиқ. Нархлар ҳам шунга қараб, юқорилашиб боради.

Треккинг таёқларининг бир жуфти 200 минг сўмдан бошланади. Этиклар ўртача 400 минг сўмдан бошланади. Рюкзаклар литраж билан ҳисобланади, 40 литрлик рюкзак бир кунлик сафарга мўлжалланган бўлса, икки кунлик сафарга чиқадиган бўлсангиз 60 литрлик, бир ҳафталик саёҳатлар учун 90 литрлик рюкзакларни олиш тавсия этилади.

Бундан ташқари тоғда ётиб қоладиган бўлсангиз, сизга палатка керак бўлади. Унинг ҳам хоҳишингизга қараб турлари мавжуд. Палатка ёмғир, шамол ўтказмаслиги керак. Кечқурун ўраниш учун ётоққоп ва тўшагингиз учун мат зарур бўлади.

Жиддий ният қилсангиз олиш керак бўлган нарсалар кўп. Лекин минимал имконият билан ҳам, ўзингизда бор анжомлар билан ҳам бир кунлик саёҳатларга чиқиш мумкин. Жуда баланд тоғларга чиқа олмайсиз-ку, лекин маълум жойларгача бориб, тоғнинг ҳароратини, гўзаллигини ҳис қилиш мумкин бўлади.

— Тоғда овқатланиш қандай бўлади?

— Агар бир кунлик саёҳатларга чиқадиган бўлсангиз, ўзингиз билан сендвич ёки айнимайдиган овқатлар олишингиз мумкин. Бундан ташқари тоққа чиққан вақтда инсон кўп глюкоза йўқотади. Шунинг учун глюкозага бой маҳсулотларни истеъмол қилиш ва олиб юриш тавсия этилади. Буларга қуруқ мевалар, қоқилар, хурмолар ва шунга ўхшаш нарсалар, ширинликлар, батончиклар бўлса чўққига чиқиш вақтида бой берилган глюкозанинг ўрнини босади.

Албатта, сув идиш ва сув олиш мақсадга мувофиқ. Чунки ҳамма ерда ҳам сув бўлавермайди. Агар сиз ётиб қоладиган бўлсангиз, овқат пишириш учун минимал мосламаларни ҳам олишингиз керак бўлади. Буларни барчаси ўзингизга ва индивидуал ёндошишингизга боғлиқ. Уйингизда бор нарсаларда ҳам фойдаланиб, сафар қилишингиз мумкин, аммо жиддий сафарларга чиққанда жиддий тайёргарлик кўрган маъқул.

— Чўққи забт этилгандан кейин ва ортга қайтиш вақтида қандай ҳислар ўтади?

— Чўққи забт этилгандан кейинги ҳисларимни ифода этиш жуда қийин. Буни чўққини забт этибгина ҳис қилишингиз мумкин. Чўққигача қийналиб чиққан машаққатларингиз, чўққига чиқиб сиз юрган йўлларни томоша қилиш инсонга жуда ҳам катта эстетик завқ ва мотивация беради. Кўп дўстларимиз чиққунга қадар роса қийналади. “Нега бу ерга чиқдим, менга зарурмиди?”, деган гапларни ҳам айтишади.

Лекин биз мотивация бериб, олдинга ундаймиз ва у ерга чиқиб кўрганларидан кейин фикрлари ўзгаради. Чўққига чиқишни ўзига хос завқу шавқи бор. Одам аввало тафаккур қилишни бошлайди, мана шу дунёни, тоғларни қандай қилиб яратилганига, пастдаги дараларни ва дарёларни бир-бирига ҳамоҳанглиги, осмон ва ер орасидаги ҳолатларни мўжиза эканини англайди. Ўзини табиатга яқин ҳис қилади. Шу жиҳатлари билан тоғларга чиқиш ўзига тортаверади.

— Тоғларга саёҳат қилишни энди бошламоқчи бўлган одамларга қандай маслаҳатлар берасиз?

— Энди бошламоқчи бўлганларга ўзлари эмас, гид билан чиқишни маслаҳат бераман. Уларни Телеграм, Инстаграм каби ижтимоий тармоқлардаги саёҳат гуруҳларидан топиш мумкин. Улар одатда енгилроқ, бир кунда бориб келадиган ва бошловчилар учун қийин бўлмаган маршрутларни танлашади. Улар билан бориб, ўз кучингиз ва имкониятларингизни синаб олганингиздан кейин ўзингиз ҳам мустақил равишда, маълум бир треклар орқали чиқсангиз бўлади.

Тоғларга чиқишни осонроқ чўққилардан бошлашни маслаҳат бераман. Масалан, Кичик Чимён чўққисидан бошлаш мумкин. Бошланишига баландлиги 2000 метр ва ундан сал ошиқроқ бўлган чўққиларга чиқишни маслаҳат бераман. Ўша ерга чиқиб, ўз имкониятингизни баҳолаб олганингиздан кейин 3000−4000 метрлик чўққиларга чиқишингиз учун имконият пайдо бўлади.

Суратлар Давронбек Тожиалиевнинг Facebook саҳифасидан олинди.

Азимбек Хушмаматов суҳбатлашди | afisha.uz

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *