Умрга татигулик умра

Ҳарамайн сафари: ичкаридан назар

Саудия Арабистонидан – сафардан қайтганимга ўн кун бўляпти-ю, ҳар куни тушимда Масжидул ҳарамни кўраман, ҳеч қачон қулфланмайдиган масжидни кезаман, Каъбани тавоф қиламан. Қизиқ, у ёқдалигимда сакинат маскани Мадинаи мунавварага кўпроқ ошуфта бўлдим деб юрган эдим, лекин тушимга фақат Маккаи мукаррама киряпти. Ҳа, бизнинг таққосу нисбатларимиз жуда нисбий. Макка ва Мадинани ажратиб бўлмас экан: бири ота, бири она каби, қайси бирини кўпроқ севишингизни айтолмайсиз!..

 

Ўзбек тили – жаҳон тили 

Мадинага келиб, хорижликлар билан илк мулоқот ўзбек тилида бўлиши тасаввуримга ҳам сиғмаган эди. Сим-карта сотувчи араб йигит ўзбек тилида бемалол мулоқот қилиб, керакли маълумотни берди. Айрим юртдошларимиз ўзбекчиликка бориб, “Ками йўқми, арзонроқ қилмайсизми?” деса, ажнабий тужжорлар “Ками йўқ, ўзи арзон-ку” деяпти. Бу ҳали ҳолва. Меҳмонхонанинг гирдогирди дўкон! Ўзбекистонликларни кўравериб ўрганиб кетган шекилли, арабу ҳинди, покистонлигу бангладешлик – ҳамма сотувчилар ўзбеклигимизни билибоқ “Келинг, ака, кўринг, арзон қилиб берамиз”, дея мулозамат қиляпти. Айримлари ҳатто “Скидкалар ҳам бор” дейди.

Нафақат дўкондорлар, балки киракашу хизматчилар ҳам ўзбекчани ўзлаштирибди. Мадинада Уҳудга борасизми, Қубо масжидигами, хурмо боғларигами, Маккада Арафотга йўл оласизми, барчасида ўзбекча савдо қилиняпти. Масжидул ҳарам дарвозаси олдида тасбеҳ, дўппи, мусҳаф сотаётганлар ҳам аввал араб тилида, сўнг ўзбек тилида харидор чақиряпти: “Кулли хамса риял, ҳаммаси 5 риёлдан, 10 таси беш риёл”. Энг қизиғи Мадинаи мунавварада, равзада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бериладиган жойда бўлди. Одатда бу ерда сараланган аскарлар посбонлик қилади. Ҳатто шулар ҳам қайси миллат бўлишидан қатъи назар аввал арабчада, сўнг ўзбекчада “бўлди, чиқ-чиқ” деяпти. Шундай, Саудия Арабистонининг муқаддас шаҳарларида ўзбек тили жаҳон тилига айланибди.

Ҳозирда ҳарамайндаги йўлкўрсаткич ёзувлар араб, инглиз, урду, француз, малай, индонез тилларидадир. Яқин кунларда ўзбек тилида ҳам ёзувлар пайдо бўлса ажабланмайман. Чунки юқоридаги тиллар ҳаж ва умрага энг кўп келувчи миллатлар тилидир.

Дарвоқе, Масжидул ҳарам ичидаги кутубхона марказий залида ўзбекча китоблар йўқ экан. 2017 йили Ҳарамайн мактабаси билан келишувга мувофиқ, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг барча асарлари Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги ҳарам кутубхоналарига қўйилган эди…

 

Ҳар қадамда қадрдон чеҳра 

Бугун, алҳамдулиллаҳ, умрага бориш вилоятдан пойтахтда боришдек осон бўлиб қолди. 2017 йилга қадар Ўзбекистондан йилига атиги 5000 киши ҳажга, 6000 киши умрага юборилган. Умра сафарини фақат диний идора ва қўмита ташкил қиларди. Умрага навбати келиши учун инсон умри етмасди. Шукрки, навбатни олдинга суриш бўйича “схемалар”, “шапкалар” даври ўтди-кетди. Бир замонлар бизникилар Қирғизистон, Қозоғистон, Россия орқали умрага борган бўлса, ҳозирда Ўзбекистон турфирмалари қўшни давлатлар фуқароларига ҳам хизмат қилмоқда. Раҳматли онажоним шу кунларни интиқ бўлиб кутиб, вафот этганлари ҳақида аввалроқ ёзган эдим.

Маҳаллий туроператорларга 2021 йилдан норасмий тарзда, 2023 йилдан расман умра хизматларини ташкил этиш имконияти тақдим этилди. Туризм қўмитаси тузган умра зиёратини ташкил қилиш ва амалга ошириш бўйича турфирмалар рейтингида 134 та лицензияга эга фирма ўрин олган. Дин ишлари бўйича қўмита маълумотига кўра, 2023 йилда ўзбекистонликларнинг 15 минг 150 нафари ҳаж, 43 мингдан зиёди умра амалини адо этган. 20 та туроператорни ўзида жамлаган Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциациясининг маълум қилишича, 2023 йили 100 мингдан ортиқ зиёратчи мазкур тузилма аъзолари томонидан умра зиёратига юборилган. Норасмий маълумотларга кўра, 2023 йили 500 мингга яқин ўзбекистонлик умра сафарига борган. Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ ал-Робиа берган маълумотга кўра, 2023 йили жами 13,5 миллион киши умра зиёратини адо этган. Бу 2022 йилдагига нисбатан 58% га кўпдир.

Дарҳақиқат, Макка ва Мадина шаҳарларида ўзбек зиёратчиларни ҳар қадамда учратасиз. Ўзингизни асло бегонадай ҳис қилмайсиз. Ҳозир тил билмасликдан адашиб қолишлар қолмаган. Исталган жойдан ўзимизнинг қоракўзни топиб олиб, йўл сўраш мумкин.

Мадиналик талабанинг айтишича, авваллари кўпчилик Ўзбекистонни билмас, уни Покистон, Қирғизистон билан адаштирар экан. Ҳозир аксинча, барча марказий осиёликларни ўзбек дейишяпти экан. Ҳақиқатан, зиёратчилар орасида қирғиз, қозоқ, тожик, афғон, россиялик, туркман (жуда кам) биродарлар ўзбеклардан анча кам. Этник хитой мусулмонлари ҳам кўпайиб қолибди, лекин уйғур биродарларни учратиш насиб қилмади.

 

Подшоҳ минораси, икки жаҳон овораси 

Аслзода французлар Эйфель минорасини ёқтирмас экан. Сабаби – Парижнинг замонавий тимсолига айланган бу темир иншоот асл француз маданияти обидаларини “ютиб” юборар эмиш. Маккадаги соатли Подшоҳ минораси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Масжидул ҳарамнинг ёнгинасида жойлашган бу ҳашаматли меҳмонхоналар мажмуаси менга “шаҳарлар онаси”нинг асл кўринишини бузаётгандек туюлди. Мўминларнинг энг муқаддас қадамжоси биқинидаги бу мажмуа кўпроқ савдо-кўнгилочар масканни эслатади. У ерда дунё мусулмонлари бойкот қилган бир қанча брендлар фаолият кўрсатаётгани, алвон матоҳларга узун навбатлар юзага келгани ҳам ажаблантиради кишини. Ҳарам атрофидаги катта ҳожатхоналарнинг бу мажмуага ёндош қурилгани уларнинг даражасига ишора гўё. Беихтиёр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат аломатлари хусусидаги “Ялангоёқ, яланғоч, камбағал қўйбоқарларнинг бино қуришда мусобақа (кимўзар) қилаётганларини кўрасан” деган гаплари эсга тушади.

Гарчи соатли минора менга ёқмаган бўлса-да, унинг учта фойдасини айтмасам инсофдан бўлмайди: 1. Шаҳарнинг турли четидан унга қараб мўлжал, йўналиш олиш мумкин. 2. Вақтни кўрсатиб туради. 3. Майдоннинг бир қисмини қуёш тиғидан пана қилиб туради.

 

Бирни кўриб фикр қил… 

Макка, Мадина – дунё мусулмонларини бир жойга жамлайдиган маскан. Бу ерда турфа миллат, ирқ, тақдирларни учратасиз. Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қиласиз. Яманлик ҳайдовчи юрти пароканда бўлиб кетгани, иқтисодий аҳвол оғирлашгани, ҳусийларни ёқтирмаслиги, Саудия Арабистонида 1000 доллардан кўпроқ топиши, лекин барибир орттириш мушкуллигини айтади. Ҳиндистонлик Мустафонинг ҳикоя қилишича, Мадина шаҳрида ишлаб пул топиш қийинроқ, айниқса, ковид карантинидан сўнг аҳвол анча оғирлашган, нархлар кескин ошган.

Ҳарамда намоз арафаси туркиялик Жамолиддин билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Бурса шаҳридаги масжидлардан бирида имом экан. Оила аъзолари билан бирга келибди. “Сизлар биздан анча узоқдасизлар, лекин умра нархи арзонроқ экан. Бизда киши бошига 1500 доллар. Ҳаж, умрага пулни лирада йиғамиз, тўлашга келганда долларда ҳисоблашади. Ўзинг биласан, лиранинг қадри ҳар куни тушмоқда”, дейди туркийлик қардош. “Саудлар юртида суннат амалларга эътибор сусайиб кетгани”дан баҳс этган Жамолиддин “Асл дин-диёнат сизларда” дея лутф қилди.

Бошқа куни қозоғистонлик Илёс билан бир сафда намоз ўқидик. Асл исми Лёша, уч йил аввал Исломни қабул қилибди. Намознинг ҳар бир рукни, ҳатто мустаҳабларни ҳам ихлос билан бажаради, зикрларни камайтирмайди. Намоздан кейин Каъба теграсида бирга тавоф қилдик. Маккадаги талотўпларни кўриб, Мадина жуда сокин экани, яна келиш истагидалигини айтди. Мадинада равзага кириш насиб этмабди. У ердаги фараҳни топиш қийинлигини айтдим. Илёс Маккадаги ҳарам соқчиларининг анча қўполлигидан арз этди. Мен Мадинада равзага қўйилган қўриқчилар ўта мулойимлиги, зиёратчиларга “Эй Аллоҳнинг меҳмонлари, вақтингиз бўлди, чиқсангиз, бошқалар ҳам кириши керак” дея табассум билан мурожаат қилишларини сўзладим.

 

Масжидул ҳарамда алдов?! 

Шайтон йўлдан урган кас Масжидул ҳарамда тавоф қилаётиб ҳам гуноҳ қилаверар экан. Менга иккинчи қаватдаги тавоф айланасида беш-олти марта фирибгарлар учради. Улар одатда “Кечирасиз, инглиз тилида гапирасизми?” деб қармоқ ташлаб кўради. Билсангиз “ҳа” дейсиз, албатта. Кейин суҳбатдошингиз қаердан эканингиз билан қизиқади. Ишонтириш учун хотин, бола-чақасини ҳам ёнига олган “мазлум” оғир аҳволга тушиб қолганини айтиб, теша тегмаган тафсилотларни сўзлай кетади. Ёлғон сценарий тахминан бундай: пул, паспортларини йўқотиб қўйган, бир неча кундан бери оч, юртига етиб олиш учун ақча керак, ҳиммат кўрсатсангиз кейинроқ банк картангизга пулни қайтаради… Кўзидан алдаётгани шундоқ билиниб турса-да, кўнглини оғритгингиз келмайди, “Узр, ёрдам беролмайман”, дейсиз. Шундайлардан бирини бошқа куни такрор учратиб қолдим. Чув туширмоқчи бўлиб истиқболимга чиқди-да, таниб қолди шекилли, юзини бурди.

Бошқа куни ҳарамдан чиқиб, меҳмонхонага кетаётганимда қимматбаҳо машина ёнимга келиб тўхтади-да, ҳайдовчи араб ёки инглизчани билишимни сўради. Сўнг дардини дастурхон қилди: саудий экани, Риёзда имом экани, оиласи билан Маккага келгани, пули тугаб қолиб кетгани ва ҳоказо. Охирида садақа, эҳсон қилмайсанми, деб сўради. Ёнимда пулим йўқ эди. Тўғрисини айтиб қутулдим. “Имом” эса хайр-маъзурни насия қилиб машинасини ўт олдирди. Ҳозирги коммуникация воситалари ривожланган замонда одам кўчада пулсиз қолиб кетган тақдирда ҳам бемалол чора топиш мумкин-ку! Аммо буни фириб аҳлига тушунтиришдан фойда йўқ. Холис маслаҳатим, агар хайр-эҳсон қилмоқчи бўлсангиз, ҳарамнинг таҳоратхоналарини тозалаётган хизматчиларга беринг, аксари арзимаган маошга ишлар экан.

 

Қайдасан, хушу?.. 

Умра – жисмоний ибодат ҳамдир. Бинобарин, у доимий ҳаракат талаб қилади. Қўшимча тавофлар учун ҳам етарли жисмоний тайёргарлик зарар қилмайди. Дунёнинг ҳеч бир ерида амалга ошириб бўлмайдиган, лаззати ҳам бетакрор тавоф ибодатини ҳузур ва сакинат билан адо этай десангиз, ҳозирликни камида бир ой олдин бошланг. Кунига камида 10 километр пиёда юришга одат қилинг.

Икки ҳарамда ҳам асосий эътиборни ибодатга қаратинг. Яқинда “Ҳазратни хотирлаб” кўрсатувида Ҳусайнхон қори шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Қуръони каримни аудио форматда ёзиш ташаббуси ҳақида эслаб, “Бундай имконият ҳозир бор, эртага бўлмаслиги мумкин, ҳозироқ фойдаланиб қолиш керак” деган фикрларини келтирган эди. Пурмаъно фикр! Дарҳақиқат, балки умра қилиш, Байтуллоҳни тавоф қилиш имконияти сизга бошқа берилмас. Бу менинг охирги умрам, охирги тавофим бўлиши мумкин деган эътиқод билан ибодат қилсангиз, ишонинг, қалбингиз хушу ва хузуга лиммо-лим тўлиб, сакинат ҳосил бўлади. Лекин Раҳмону Раҳимдан ўтинчимиз шуки, ҳаж ва умраларга такрор-такрор насиб этсин!

Тошкент Жидда Мадина Макка

2024 йил  25 январь – 9 февраль

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *