Хўжа Ахчабурун (Хўжа Пирпир ота) чўққиси

Хўжа Ахчабурун чўққисини илк бор 3 йил олдин Амир Темур ғорига сафар қилганимда кўрган эдим. Ўшанда чўққининг антиқа номи ва кўриниши менда қизиқиш уйғотганди. Ўшанда муаззам чўққига қарарканман, олд тарафдаги баланд, тикка деворлари сабаб унга чиқиш жуда мушкул деб ўйлагандим.

* * *

Кечаси ёқимли ёмғир ёғди, чодирнинг уст қаватига томчилар урилиб, ҳақиқий тоғ ҳиссиётини берди. Тонг отмоқда, иссиқ ўриндан туриб, салқингина ташқарига чиқиш нафсга оғирлик қилади. Бир-икки тушаётган раҳмат томчилари остида бомдодни ўқигач, бироз намланиб қолган ўтинларни ёқиб, исиниб олдик ва нонушта тайёрладик.

Чўққига 3 киши кўтариладиган бўлдик, кечаги сафардан бироз чарчаган 2 шерик ортга қайтадиган бўлди. Ҳайдовчимиз – 76 ёшли Мўйсин бова бизни лагерда кутадиган бўлди. Тушлик учун егуликлар ва сув, қўшимча кийим ва керакли ашёларни олиб, узун йўлга равона бўлдик.

Аввалига лагеримиз жойлашган Қизилгаза супасидан бироз юқорилаб, 2 чақиримча юриб, Қалъаи шерон дарасига тушдик. Қизилдарёнинг ирмоғи бўлган Кўласой дарёсини кечиб ўтдик. Ҳозир сув кам бўлгани боис тошдан‑тошга сакраб ўтишнинг имкони бўлди. Дарёнинг нариги қирғоғидан чап томонга кўтарила бошладик. Йўлнинг бу қисми арчазорлар оралаб ўтади. Денгиз сатҳидан 2800 метр баландликка чиқиб олганимиздан сўнг ўтлоқ ичидаги сўқмоқ билан юқорилай бошладик.

3000 метр баландликка чиққанимизда кўм-кўк альп ўтлоқларига дуч келдик. Ўтлоқ чашмалар атрофида юзага келгани учун ярим сув, ярим кўкаламдан иборат эди. Ҳамроҳим Шаҳром: “Бизнинг Сиёб қишлоғида бунақа жойларни “швар” дейди. Қўйлар бу жойга кириб олса маза қилади, сув ҳам, ўт ҳам мўл” деди. “Швар” сўзи менга қандайдир европача сўздай эшитилди. Аслида тоғ аҳли “швар”, “шивар”, “шивор” деб ишлатадиган бу сўз тожик тилидаги “шибар” сўзининг бошқача аталиши бўлиб, ботқоқ жой деган маънони билдиради.

“Швар” биз учун яхши мўлжал бўлди. Сал юқорида 20 бош отлар сайр қилмоқда. Яқинлашган эдик, ҳуркиб қочиб қолишди. 3200 метр баландликка чиқиб, бироз пастга эндик. Узоқдан ям-яшил кўл кўринди. Бу кўл ҳақида менда маълумот йўқ эди. Мавсумий кўллардан бўлса керак. Доимий сув кириб турадиган тоғ кўлларидек чуқур ва тиниқ эмас. Аллақачон сув келмай қўйгани учун кўл ботқоқлашган, бақаларга макон бўлган. Кўлнинг номи Кармани экан. Узунлиги 300 метр, кенглиги 100 метр келади.

Кўлдан озгина юқорилаб, яна дарё бўйича чиқдик. Бу ердан Ҳисор тизмасининг баҳайбат ва гўзал чўққилари кўриниш беради. Биз боражак чўққининг баланд ва тик деворлари ҳам “менга чиқа олмайсан” деб гердайиб тургандек. Минг йиллар давомидаги табиий жараёнлар сабаб тоғнинг қарийб 500 метрлик бўйи худди кесиб олингандек кўринади. Худди кинолардаги Марс манзараларидек. Бу тоғларга олдидан чиқиб бўлмайди, шу сабаб орқа томонидан ўтиб, ҳаракат қиламиз.

3400 метр баландликда яна бир табиат ажойиботига дуч келдик. Баландлиги 15 метрлик катта ғор оғзидан дарё оқиб чиқмоқда. Бу ўша Қалъаи шерон дарасидан ўтиб, Қизилдарёга қуйиладиган Кўласой дарёсидир. Ғорнинг номи – Чилсим (Чилустун). Ғор ичида сувлар сизиб чиқиб келадиган жуда кўп ғоваклар мавжуд. Ана шу ғовакларнинг кўриниши устунга ўхшагани Чилустун (қирқ устун) деб номланган бўлиши мумкин.

Ғорга киришимиз билан ҳарорат кескин ўзгарди. Иссиқ кийимни кийиб олдик. Ғор ичкариси торайиб бораверади. Ичидан дарё оққани учун ҳаракатланиш ноқулай. Тошдан-тошга сакраб 100 метр ичкарига кирдик. Ғор охиригача яна 100 метр юриш керак. Лекин орада ярим‑бир метрлик сувдан ўтишга тўғри келади. Махсус кийимлар олмаганимиз сабаб уёғига ўтмадик. Муздаккина ҳаво ва сувдан баҳра олиб, сувдонларни тўлдириб, йўлда давом этдик.

Ғорнинг қаршисида тоғнинг бироз торайган бел қисми кўринади. Шу ердан чўққининг орқа томонига ўтиб олсак бўлади. Бу ердан вертикалига 100 метр, горизонталига 300 метр юқорига кўтарилиш жуда қийин, сўқмоқ йўқ, катта харсанг тошлар оралаб, юқорилаш керак. Белнинг тор йўлагидан чўққи орқасига эсон-омон ўтиб олдик. Бу ёғига кескин кўтарилиш йўқ, секин-аста чўққининг энг баланд нуқтаси томон кетилаверади.

3500 метр баландликдан тарихдаги тектоник ўзгаришлар қандай натижага олиб келганини кўриш мумкин. Бир неча минг йиллар аввал бу ерда вулқон отилиб, лава оққан. Улкан, узун лава қатламлари қотиб, ажойиб кўринишни юзага келтирган. Кичик дарё ўзанларида аллақачон сув қуриган бўлса ҳам, тоғ буталари ва турли гуллар кўзингизни қамаштиради. Чўққи деворлари остида музлик ва қорликлар ҳамон эримаган.

Энг баланд чўққигача яна 2 километрча масофа қолди. Навбатдаги тепаликдан ўтарканман, эшак минган чўпонни учратдим. Сафарали чўпон телефон антеннасини излаб юқорилаб юрган экан. Ўзи Қизил шиварда қўй боқар экан. Чўпоннинг айтишича, биз чиқажак чўққини маҳаллий аҳоли Хўжа Пирпир ота, яна Бобурча деб номлар экан. “Бобур шу жойлардан ўтган, шунга Бобурча деб номланган бўлса керак”, дейди чўпон. Шунингдек, Хўжа Пирпир ота қаршисидаги чўққининг номи Хўжа Қоровул (Чимбой), уёғи Бойсун тоғлари.

Бир соатлик “ўлик кўтарилиш”дан сўнг чўққидаги темир учоёқ кўринди. Чўққи устида бир гала қора қушлар учиб юрибди. Телефонимдаги илова 3864 метр баландликни кўрсатди. Хариталарда чўққининг баландлиги 3855 метр киритилган. Чўққи устида тошдан рамзий қабр тикланган. Шу атрофда яшовчилар қабрдаги шахс Хўжа Пирпир ота эканини айтади. Лекин бу шахс ҳақида тарихий маълумотлар мавжуд эмас.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир пайтлар бу чўққига ҳам жуда кўпчилик зиёрат мақсадида чиққан. Бу бўлгада авлиёлар номи билан боғлиқ бир қанча чўққилар мавжуд: Ҳазрати Султон, Биби Ўлмас, Хўжа Пирпир ота, Хўжа Қоровул, Хўжагул ота, Гургур ота, Хўжа Бўзбарак, Хўжа Пирях, Хўжа Киршавор. Бу чўққиларга чиққанларга ҳаж савоби берилармиш, фақатгина гуноҳсиз кимсалар бу чўққиларга чиқа олармиш, чиққанларнинг гуноҳи тўкилармиш деган ноисломий эътиқодлар шаклланган. Кейинчалик, бу жойлар чегара қўшинлари ва қўриқхона назоратига ўтгач, маҳаллий аҳоли деярли чиқмай қўйган. Ҳозирда маҳаллий аҳоли асосан Ҳазрати Султон ота чўққисига зиёрат мақсадида чиқади.

Хўжа Ахчабурун (Хўжа Пирпир ота) чўққиси тоғнинг баланд ва тик девори устида жойлашган. Баландликдан қўрқадиганларга тавсия этилмайди. Чўққидан пастга қараш ҳам анча хавфли. Бу ердан атрофдаги тоғлар жуда кичкина бўлиб кўринаркан. Узоқдан Помир тизмасининг қорли чўққилари мағрур турибди.

Чўққида тушлик қилгач, ортга қайтишни бошладик. Чўпон қайтиш учун қисқароқ йўл таклиф қилганди. Лекин бу йўл тикка ва шағалли бўлгани учун жуда хавфли экан. Келган йўлимиз билан қайтишга қарор қилдик. Чиқишга йўлда дам олишлар билан етти соат сарфлаган эдик. Тушишга 5 соат кетди. Шу куни жами 22,5 километр юрдик, жами 1900 метр кўтарилдик.

2024 йил 10 август

Тошкент – Шаҳрисабз – Дўконхона – Қизилгаза – Хўжа Ахча Бурун  

 

Расмлар:

















Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *