Ҳамид Зиёев. Сибирь, Волга ва Урал бўйларидаги ўзбеклар. Тошкент, “Шарқ”, 2003.
Тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зиёев (1923-2015) қаламига мансуб ушбу асар муаллифнинг 1950–60-йиллардаги қатор тадқиқотлари асосида ёзилган. Мавзу бўйича олиб борилган илмий иш жараёнида муаллиф Россиянинг 24 та нуфузли давлат архивларидан Сибирь, Волга ва Урал бўйларидаги ўзбеклар, сиёсий, иқтисодий, маданий алоқалар, савдо ва карвон йўлларига доир тарихий маълумотларни олган. Шунингдек, Сибирдаги ўзбекларнинг авлодлари билан учрашиб, уларнинг хотираларини ёзиб олган.
Сибирга ўзбекларнинг кўчиб кела бошлаши тарихи Баҳоуддин Нақшбанд издошларининг Ислом динини ёйиш учун сафарбарлик қилгани билан боғлиқ. Шунингдек, шайбонийлар сулоласидан Кўчумхоннинг маълум вақт Сибирь тахтини бошқаргани ҳам ўзбекларнинг бу заминга кўчиб кела бошлашига сабаб бўлган. Сибирь, Волга ва Урал бўйлари Россия тасарруфига ўтганидан кейин эса рус ҳукумати Ўрта Осиё ва Шарқ халқлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун ўзбекларни мисли кўрилмаган имтиёзлар билан чақира бошлаган.
Ўзбеклар Рус давлати таркибига янги кирган Сибирда савдо, ҳунармандлик ва деҳқончилик ишларини юритиб берган. Улардан бож ва солиқлар олинмаган. Баъзиларига ер ва мулк тақдим этилган. Истаганлари Россия давлати фуқаролигига истисносиз қабул қилинган. Фуқаролик олган ўзбеклар ҳарбий хизматдан озод қилинган. Ўз дин ва маданиятларини сақлашга, мактаб ва мадрасалар очишган, ҳатто шариат асосида ўз судларига эга бўлишга рухсат этилган. Ўзбеклар бу имтиёзлардан XIX асрнинг ўрталаригача фойдаланган. Ўзбеклар орасидан моҳир савдогар ва ҳунармандлар билан бир қаторда дипломатлар ва олимлар етишиб чиққан. Улар давлат хизматларида ҳам ишлаган. Рус ҳукуматининг бу “мурувватлари” ўзи кейинчалик босиб олажак ҳудудлар аҳолиси олдида яхшигина “пиар” бўлганини хулоса қилдим.
Ҳамид Зиёевнинг маълумот беришича, XX асрнинг бошларида Сибирда (асосан Тобольск, Тара ва Тюменда) 20000 га яқин, Волга (Астрахон) ва Урал бўйларида (Оренбург) 10000 га яқин ўзбеклар яшаган. Чор ва совет ҳукуматининг янги сиёсати туфайли уларнинг кўпчилиги мусулмон татарлар билан ассимиляциялашган. Муаллиф ўтган асрнинг 50-йилларида Сибирь ўзбеклари билан учрашган, уларнинг яшаш тарзлари билан танишган. Улар татар лаҳжасида сўзлашса-да, ўзларини ўзбек деб аташади. Менга уларнинг ҳозирги авлодлари ўзларини ким деб аташи қизиқ.