Бу сафаримнинг учдан икки қисми булутлар орасида кечди. Чўққигача 4 км лик йўлни қалин қор босган. Аксига олиб кенг сўқмоқ қор билан тўсилиб, тоғ қиясига бирлашиб кетган. Булут сабаб 10 метрдан нарёғи кўринмайди. Тоғнинг кун тушган орқа тарафига айланиб ўтишга тўғри келди. Саргузаштга тўла сафар охирида чўққи забт этилди. Бироздан сўнг тоғ бошида ҳаво очилиб, атроф кўрина бошлади. Булутлар пастлаб, фантастик мазаралар очилди. Субҳаналлоҳ!
Тошкент вилоятининг энг гўзал тоғларидан бири Қизилнурага (3267 метр) чиққанимда Ҳавла чўққиси этагидан ўтган, лекин унга кўтарилмаган эдим. Ўшанда ёз бўлгани учун 42 км лик трекда 6 литр сув ичиб, мадорим қуриганди. Ҳавла чўққисига баҳорда, атроф кўм-кўк, мавсумий дарё, жилғалар бор пайтда чиқишни ният қилгандим. Ўтган йили худди шу куни Ҳавланинг қаршисидаги Учтош чўққисига (2840 метр) чиққандик. Ўшанда чўққининг бизга кўриниб турган терскай тарафида қорлар ҳали кўплигини кўргандик. Чўққига чиқишда қор кўплигини билсак ҳам, иштиёқ йўл қўймади, барибир боришга қарор қилдик.
Ҳавла чўққисига асосан Сўқоқ, Сангинек ва Кумушкон тарафдан чиқилади. Сўқоқ ва Сангинек тарафдан чиқилса, бира тўла Оқтош чўққисидан (2510 метр) ҳам ўтиб бориш мумкин. Биз Кумушкон тарафни танладик – йўналиш узунроқ бўлса ҳам кескин кўтарилишсиз, сўқмоқ бўйлаб борилади.
Кумушконга бориб, санаторияга етмасдан пастга йўл келади. Йўлни қисқартириш учун машинада Паркентсой бўйлаб юқорилашга қарор қилдик. 1,5 километрча юрганимиздан кейин сойдан кечиб ўтадиган жой келди. Сойда сув мўллиги учун машинада ўтишга имкон йўқ. Уловни шу ерда қолдириб, пиёда сойдан кечиб, шу ердан сафарни бошламоқчи бўлдик. Сойдан тошлар аро сакраб ўтишга имкон йўқ, сув ёйилиб оқмоқда. Сой ёқасига бориб, сувни ўлчадик – белгача етади. Эрталабдан шалаббо бўлиш кимга ёқади дейсиз, унинг устига оқиб кетиш хавфи бор. Яқин-атрофдан қўлбола кўприк қидирдик – чиқмади. Ортга яна 1,5 км қайтиб, кўприкдан сойнинг нариги қирғоғига ўтиб олдик ва шу ердан пиёда сафарни бошладик.
2 кун яхшигина ёмғир ёққани учун сўқмоқ йўли бироз лой бўлган. Бироз юқорилагач, сўқмоқ йўли тугади. Сал тепароққа чиқиб, асосий сўқмоққа қўшилиб олиш керак. Ўрта эса тизза бўйи ўт билан қопланган. Ёмғирдан кейин бундай ўтлоқда юриш оёқларимизни ҳўл қилди. Биз чиққан сўқмоқдан Нива, УАЗ машиналари юра олади. Лекин бундай об-ҳавода бу машиналар ҳам лойга ботиб қолади.
3 километрча юрганимиздан сўнг “тоғ қўриқчилари” қаршимизга чиқди. 4 та баҳайбат итлар узоқдан вовуллаб, олдимизга югуриб кела бошлади. Одатда бундай пайтда кўпчиликлашиб юриш ва қочмасдан, итларга тик қараб, таёқ ва тошлар билан уларни қўрқитиш тавсия этилади. Шунда итлар сизга яқин келса-да, вовуллаб вовуллаб ортига қайтади. Бизни қўрқитмоқчи бўлганлар чўпон итлари экан, ҳимояга эҳтиёж қолмади, эгаси чақирганди ортига қайтди.
Денгиз сатҳидан 1800 метрга етганимизда булутлар орасига тушиб қолдик. Атрофни кўриш қийинлашиб бормоқда. 2000 метр баландликдан рухсатсиз кириш тақиқланган ҳудуд бошланади. Бу жойлар Ўзбекистон темир йўллари АЖга таркибидаги “Угам-Чотқол давлат биосфера резервати” унитар корхонасига қарашлидир.
Биз кетаётган тараф тоғнинг терскай тарафи бўлгани боис 2200 метр баландликданоқ қорли ҳудудлар бошланди. 4-5 та қорли йўлакдан ўтганимиздан сўнг жиддий тўсиқлар чиқди. Кенг сўқмоқ қор билан тўсилиб, тоғ қиясига бирлашиб кетган. Ноқулай қўйилган қадам ва қорда озроқ сирпаниш билан пастга шувиллаб қулаш мумкин. Чўққигача эса ҳали 3 км ва 500 метр юқорига кўтарилиш бор.
Тепароқдан бошқа йўл топиш, тоғнинг кунгай тарафига айланиб ўтиш керак керак. У тарафда қорлар эриган бўлса керак. Акс ҳолда бу қор йўлида манзилга етиб бориш жуда қийин. Юқорига чиқиб қулайроқ йўл қидиришни бошладим. Булут тушиб олгани боис 6 7 метрдан уёғи кўринмайди. Пастда қолган шериклар билан фақат бақириб хабарлашамиз. 50 метрча юрганимдан сўнг яна бир қорли йўлак чиқди. Унинг орқасида қорайиб, грунт қатлам кўринмоқда. Яна юқориладим. Тепада яна бир каттароқ қор уюми кўринди. Телефондаги харитада шу қор уюмининг нарёғи тоғнинг уст қисми эканини кўрсатмоқда. Бу орада шерикларга бақирсам ҳам эшитишмади. Яна пастроққа тушиб, уларга хабар бердим.
Юқоридаги қор уюмидан ўтишимиз билан мавсумлар алмашди. Дарҳақиқат, тоғнинг кунгай тарафидаги қирраларда қорлар эриган, кўм кўк майсалар, бойчечаклар ўсган экан. Лекин кўриниш ҳамон яхши эмас, булут тарқай демасди. Об ҳаводаги бу тундлик йигитларнинг ҳам кайфиятига таъсир қилган бўлса-да, ҳамма қорли, ноқулай жойдан юрмаётганидан хурсанд эди. Яхшиямки қўлимиздаги телефонда чўққига олиб борувчи харита бор, GPS ишлаяпти. Шундан мўлжал қилиб кетавердик.
Денгиз сатҳидан 2500 метр баландликда бир номсиз чўққига чиқиб бордим. Бу ёғи Ҳавлагача 250 метр кўтарилсак бас. Тоғнинг қирраси бўйлаб аста юқорилайман. Узоқдан ғира-шира тепалик кўринади. Шу чўққи бўлса керак деб чиқиб бораман, йўқ, юқоридан яна бир чўққича кўринади. Шунга чиқса бас, манзилга етамиз деймиз у, чиқиб боргач, хафсалам пир бўлади. Начора, булут йўлни тўсиб қўйгандан кейин қаерданам билардим. Ниҳоят, бир неча чўққиболалардан ўтиб, охирги маррага етиб келдим. Соат 14:00 ларда денгиз сатҳидан 2752 метр баландликдаги Ҳавла чўққисига чиқиб келдим. Қизиқ манзара: чўққининг бир тарафида 2 3 метр қалинликдаги қор салтанати, бошқа тарафида кўм-кўк баҳор. Аллоҳ йўл бериб, яхшиям тоғнинг кунгай тарафига ўтиб олганимиз.
Чўққида йигитлар билан овқатландик, гурунглашдик. Ниҳоят, бир соатлардан сўнг ҳаво очилиб, устимиздаги булутлар тарқай бошлади, қуёш кўринди. 4 5 соатлик тундликдан сўнг очиқ осмонни, атрофдаги тоғларнинг гўзаллигини кўриш завқи ўзгача. Уст ва остимиздаги булутлар гўёки рақсга тушаётгандек. Бунақа томошани фақатгина машаққатли кўтарилишдан сўнггина жонли томоша қилиш мумкин.
Кўтаринки кайфиятда пастга тушишни бошладик. Йўл йўлакай ҳали кўтарилганда кўра олмаган гўзал манзараларни завқ билан томоша қилдик. Бизга балойи жон бўлиб кўринган қорлар устидан сирпанмачоқ ҳам учдик. 2500 метр баландликда яна булутлар қаршимизга пешвоз чиқди. Лекин бу сафар тушкунлик бўлмади. Хурсандлик билан йўлда давом этдик. Йўл-йўлакай 2150 метр баландликдаги Шавкаттоққа ҳам чиқиб ўтдик.
Йўлда тоғдан сув тортиб келаётган бригада ишчилари бизни мадор қовурма билан сийлашди, самоварларидан чой дамлаб беришди. Пастроқдаги чўпонлар ҳам кечки овқатга таклиф қилишди. Уларга раҳмат айтиб, йўлда давом этдик.
Соат 21:00 ларда пастга машинага тушиб бордик. Жами 25 км юрдик. 1900 метр кўтарилдик.
Тошкент – Паркент – Кумушкон – Ҳавла
2024 йил, 12 май
Расмлар: