Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Оқтош қишлоғини кўпчилик тоза ҳавосию, санаторий ва дам олиш масканлари билан яхши танийди. Ҳақиқатан ҳам, ғуборли Тошкентдан Қоржонтов тизмаси этагида жойлашган ушбу қишлоққа келсангиз, ҳавонинг қанчалар тоза, нафислигини бир зумда ҳис этасиз. Қўшни Товоқсой, Озодбош дараларидан фарқли ўлароқ, бу жойларга йиллар давомида экилган дарахтлар ўз кучини кўрсатган: адирлар одамнинг ҳавасини келтирадиган даражада кўм-кўк, боғу бўстон.
Битта хавотирли жиҳати ҳам бор. Янги дам олиш масканларию, турли иншоотлар тобора юқорига, ҳали одамлар томонидан унча озор етказилмаган жойларгача кенгайиб бормоқда.
Қишлоқдан Оқтошсой бўйлаб юқорига 4 км юрилса, рассомлар ижод базасига борилади. Айтишларича, бу жойда 30 йиллар аввал рассомлар ижод уйи бўлган. Ҳозирда 10 га яқин бино ташландиқ ҳолатда. Фақатгина бир деворда рассомлар ишлаган мозаикали панно қолган, холос. Бу ернинг табиати жуда гўзал: шарқираб сой оқади, дарахтлар мўл, соя-салқин. Айни ижод қиладиган маскан. Афсуски, бу жойни ҳарбий ташкилотлардан бири сотиб олибди, яқиндан қурилиш бошлаб, қўриқланадиган жой қилса, бориб кўриш имкони қолмай қолади.
Рассомлар ижод уйидан юқори кўтарилиб, Сойлиқ дарасига ўтилса, янада чиройли манзараларга гувоҳ бўласиз. Тоғда баҳорнинг илк ҳафталари бўлгани учун чечаклар очилган. Тоғ лоласининг гўзаллиги кўзингизни қувнатади. Сойлиқ дарасида 5 дан ортиқ шаршаралар бўлиб, энг каттасининг баландлиги юқори каскади билан бирга 15 метрга етади. Юқорироқда яна шаршаралар бор экан, лекин яқинлаша олмадик. 2 километрдан кейин Қозоғистон ҳудуди келади.
Чегара ҳудуди бўлгани учун бу жойларга махсус рухсатнома билан келиш мумкин.
Расмлар: