Муаллифлар ўз китобини ҳадя қилса, бўйнимга масъулият юклагандек бўламан. Вақт топиб албатта ўқиб чиқиш, ҳеч бўлмаганда танишиб чиқишга ҳаракат қиламан. Охирги икки китобни эса мароқ билан мутолаа қилдим, маза қилиб, яйраб ўқидим.
* * *
27.05.2024
Davut Gazi Benli. Mayna Kanadında Taşkent (Довуд Ғозий Бенли. Майна қанотида Тошкент)
Саёҳат саргузашт асарларни ўқиш мароқли. Айниқса, у ўз юртинг ҳақида чет эллик муаллиф ёзган асар бўлса, янада қизиқиш билан ўқийсан. Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида матбуот маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Довуд Ғозий Бенлининг “Майна қанотида Тошкент” асари муаллифнинг Ўзбекистондаги 3 йиллик дипломатик фаолияти давомида кўрган билганлари ҳақидадир.
Муаллиф Ўзбекистон ҳақида ёзганлари унинг шахсий кўз қарашлари эканини эслатса да, бошқа тарафдан бизлар учун ойна тутади. Ўзига ёққан ёқмаган ҳолатларни, таажжуб ва ҳайратларини яширмайди. Ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Ҳатто элчихонадаги муаммоларни ҳам очиқ баён қилади. Дипломатлар қанча ойлик олиши ю, қай тарзда яшашини маълум қилади.
Тошкентга илк қадам қўйиши биланоқ 90 фоиз автомобилларнинг GM маркали эканидан ҳайратган тушган муаллиф шаҳар йўлларининг кенг ва атрофи сув каналлари ва баланд дарахтлар билан ўралганига қойил қолади. Ўзбекларнинг серсалом ва дуогўй экани суннатга мувофиқлигини мақтаркан, илк жума намозига ўғли билан борганда вояга етмаганларнинг жомеъга қўйилмаганидан ҳайрон бўлади.
Ўзбекистон мактаблари жуда ҳам тинч, бешовқин эканидан таажжубга тушиб, ундаги тартиб интизом жуда кучли эканини таъкидлайди. Юртимиздаги тўйларда жуда кўп пул сарфланиши, келин бўлиш қийинлигини ёзади.
Муаллиф юртимизга келган ўз миллатдошларини ҳам аяб ўтирмайди. “Кўпинча Ўзбекистонга келадиган турк расмийлари ўзини инисига ёрдам беришга бораётган катта акадек тутади. Улар Ўрта Осиёнинг марказига, қанчалар буюк тарихи ва потенциали юксак давлатга келаётганларини ҳис қилмайдилар”, деб ёзади муаллиф. “Бу ерда катта ваъдаларни бериб, Анқарага боришлари билан унутишади. Ҳатто шу ҳолга келдики, ўзбеклар орасида “Турклар келади, ваъдани беради, айланади, кетади” деган гап мақол ҳолига келди”. Дипломат ўзи иштирок этган, Бухоро ва Тошкентда Туркия билан ҳамкорликда ўтказилган халқаро илмий конференцияларда турк олимлари асосий илмий тадбирларда номигагина қатнашиб қатнашмай, асосий вақтларини Самарқанду Бухорони кезиш билан ўтказишганини таассуф билан баён қилади.
Довуд Ғозий Бенли Туркия тарихида муҳим роль ўйнаган Озодлик урушида қаҳрамонлик кўрсатган марғилонлик Ҳожи Йўлдош шарафига Марғилон шаҳрида парк қуриш, Ўзбекистонда Туркия билан ҳамкорликда баскетбол спортини оммалаштириш, 1921 йили Бухоро Халқ Республикасининг қардош Туркияга ёрдами ҳақида ҳикоя қилувчи “Қилич” ҳужжатли фильмини таржима қилиб, Ўзбекистонда намойиш қилиш каби лойиҳалари амалга ошмай қолганидан афсусланади. Шунингдек икки давлат орасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун бир қанча таклифларини билдиради.
Китобнинг номи ҳам ажойиб. Муаллиф Тошкентга илк келганида оқшом пайти дарахтлар орасида тўп тўп бўлиб чуғур чуғур қилган майна қушларининг овозидан безовталанади. Кейинчалик бу қушларнинг тарихини ўрганиб, уни айримларга ўхшатади. 1950 йилларда Ўзбекистонга келтирилган майналар шаҳардаги булбул, чумчуқ, зағча каби маҳаллий қушларни четга суриб, уларнинг ўрнини эгаллаб олгани каби улар ҳам миллатнинг асл зиёлиларини қириб, гўзал ерларини ишғол этдилар, дейди.
Китоб жуда қизиқ, осон услубда ёзилган. Довудбейнинг ёзишича, ўзбекчага ҳам таржима қилинмоқда экан.
* * *
31.05.2024
Раҳматуллоҳ Файзуллаев. Дуррул орифин (Орифжон қори Марғилоний маноқиби)
“Марғилон алломалари” туркумида тақдим этилаётган силсиланинг 11-китоби ўтган асрда яшаб ўтган забардаст уламо, шариат билимдони, фақиҳ Орифжон қори Марғилонийнинг илмий маърифий мероси ва ибратли ҳаётига бағишланган.
Орифжон қори Марғилоний (1918 1993) юртимизда ҳукм сурган “худосизлик” йилларида яшаган бўлса да, устозлардан диний илмларни олиш ва тарқатиш ишларида ўз даврининг пешқадамларидан бўлган. Ўша йилларда ҳам юртимизда илм силсиласи узилмаган ва минг машаққатлар билан давом эттирилган.
Китобни ўқир экансиз, уламолар НКВД ва КГБ тазйиқидан қутулиш учун турли усулларни қўллагани ҳақида билиб оласиз. Кўпинча, катта олимлар водий шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб мунтазам кўчиб юрганлар. Дарс ўтиладиган жойлар мутлақо махфий бўлган ва пойлоқчилар қўйилган. Китоблар ертўла, томлар, оғилхона каби жойларга доимий яширилган. Олимлар доимий ҳунар билан банд бўлганлар, кундузи ишда бўлганлари учун кўпчилик уларнинг домла эканини билмаган, илм талаби билан асосан тунда машғул бўлишган.
Орифжон қорининг фарзанди Мансуржон айтади: “Отамнинг китоблари жуда кўп эди. Бироқ уларни сақлашнинг ўзи бўлмаган. Бирор хабар келди, дегунча дарҳол уларни аравага ортиб ишончли кишилар хонадонига олиб бориб қўйиларди. Уйнинг токчалари китоблар учун махфий жавон вазифасини ўтар эди. Ўзлари уста бўлганлари учун биров сезмайдиган қилиб токчани суваб чиқардилар. Лекин сувоқлар узоқ турмас эди. Бирор китоб зарур бўлди дегунча девор бузилар эди…”
Китобда нафақат Орифжон қори, балки ўша даврнинг етук уламолари ҳақида ҳам маълумотлар берилади. Шундай қийин шароит бўлса да, биз ҳали номини ҳам билмайдиган айрим уламоларнинг 30 жилдлаб китоб ёзиб, таржималар қилганига қойил қоласиз. Кўз олдингизда ўтган асрдаги Марғилон ва унинг теварагидаги диний ҳаёт гавдаланади. Муаллиф зарур ҳолларда Қуръон ва суннат, фиқҳий, ақидавий масалаларни ҳам баён этади.
Устоз Раҳматуллоҳ Марғилоний шу кунгача Марғилон уламолари ҳақида 11 та маноқибни халқимиз ҳукмига ҳавола қилди. Бу муаллифнинг 30 йилдан ортиқ изланишлари ва тадқиқотлари самарасидир.