Аслида Чилтонбобо чўққисига қиш пайти чиқиш учун борган, 9 км юриб, 2100 метр баландликка чиқиб, қор қалинлиги учун (1 метр) ортга қайтгандик. Ҳозир 2500 метрдан баланд жойларда ҳам қор эриган, осонроқ чиқиш мумкин. Қишда ярим қолган сафарни охирига етказиш учун яна Оҳангарон туманининг Янгиобод шаҳарчасига йўл олдик.
Соат етти яримда пиёда сафарни бошладик. Гуруҳимизда 5 киши. 3 киши Чилтонсой шаршараларини кўрмаган экан. Асосий сўқмоқдан пастга иниб шаршараларни кўрдик. Асосий шаршарага ўтишда сойдан кечдик. Сойда сув кўпайгани учун катта шаршарадан анча кенгайибди.
Сўқмоқ йўлдан 3 ярим километр юрганимиздан сўнг яна сойдан кечишга тўғри келди. Бу сафар синган дарахт бизни муздай сувга тушишда асраб қолди. Бу ёғига сой қирғоқлари бўйлаб сафарни давом эттирамиз. 3 километрча юрганимиздан кейин сойдан кечиш ўрнига тоғ устидан юришга қарор қилдик. 500 метр юқорига кўтарилиб, тоғ усти бўйлаб ошиб, чўққига етиб оламиз.
Аввалига қиялаб юрдик, кейин кескин кўтарилишга тўғри келди. 4-5 та қир ошганимиздан кейин Чилтонбобо чўққиси кўринди. Унгача 100 метр пастлаб, яна кўтарилишимиз керак. Охирги кўтарилиш нисбатан қийин бўлди. Йўлда дам олишлар кўп бўлгани учун соат 2 яримда чўққида бўлдик. Чўққининг кунгай томонидан қорлар эриб бўлган. Терскай тарафида эса 2 метр қалинликдаги қор уюми ҳали ҳам турибди.
Чўққидан қорли Бобойтоғ ва Шахтёр чўққилари яққол кўриниб туради. Қарши тарафдан Қурама тизмасининг чўққилари ҳам намоён бўлади. Юқорида тушлик қилгач, тушишда бошқа тарафдан юришга қарор қилдик.
Сафар давомида жами 24 км йўл босдик. 1800 метр баландликка кўтарилдик.
Расмлар: