29.08.2024. Саёҳатчилар гуруҳидаги танишлардан фавқулодда таклиф тушди. Бу йил ҳисобидан ҳали ҳеч ким бормаган манзил: Қорақуш чўққиси (3864 метр). Аввалига мос об-ҳаво ойнасини кутдик. Прогнозлар ҳар куни ёмғир, қор, чақмоқ ва булутли об ҳавони кўрсатарди. Шанба куннинг биринчи ярми учун прогноз яхшиланди. Қорда юриш учун мушуктирноқларни олволдик.
Шанба куни тунги соат 2 да Қамчиқ довони сари йўлга тушдик. Довоннинг Тошкент вилояти Оҳангарон туманига қарашли Эртош қишлоғининг бурилишига 4.20 да етиб келдик. Шу ердан биз чиқадиган чўққи остонасигача яна 7-8 км юрилади. Қишлоқ ичидаги йўллар асфальт қилинган. Эртошсой ирмоғи кўпригидан ўтиб ўнгга кирилади. Бу ёғи тоғ йўли. Яна 1-2 километр машинада кириш мумкин.
Қорақуш чўққисига асосан икки маршрут орқали чиқилади. Биринчиси биз борган Эртошсой дараси орқали, иккинчиси Қизилча дараси билан. Биринчи маршрут анча қийин, узоқроқ, лекин чиройли. Қизилча маршрути эса қисқа, 2000 метр баландликдан бошланади. Қизилча дарёси ўзани орқали юқорига кўтарилади.
Сафарни соат 5 да 1700 метр баландликдан бошладик. Аввалига текис йўл билан дарё қирғоғига етиб келдик. Дарёдан кечиб тоғ ён бағрига чиқдик. Шу ердан арчазор оралаб, тоғ устига чиқиб олдик. Энди тоғ усти билан фақат юқорига юрамиз. 2500 метр баландликда чўпонларни учратдик. Фарғонанинг Варзакидан келишибди.
2800 метр баладндликдаги чўпонлар қароргоҳидан юқорига кескин кўтарилиш бошланади. Бу ёғи чағир тош ва шағал йўлдан юрилади. Денгиз сатҳидан 3160 метр баландликда маҳаллий аҳоли Қизилқия деб атайдиган тоғ Қорақушхона тоғлари билан туташади.
3500 метр баландликда ҳаво айний бошлади. Устимизга қора булут ёпирилиб келди. Маълум муддат булут олдимизни туман каби тўсиб қўйди. Бирдан момагулдурак билан дўл ёға бошлади. Катта бир қоянинг орасида жой бор экан, шу ерни вақтинча бошпана қилиб, дўлнинг ўтиб кетишини кутдик. 20 дақиқалардан сўнг дўл тўхтаб, ҳаво бироз очилди.
Йўлни давом эттиришга қарор қилдик. Яна икки юз метр баландликка кўтарилиб, цирк деб номланган жойга етиб келдик. Альпинистлар тўрттала тарафи чўққилар билан ўралган, ўртаси худди пиёладек ботиқ жойни цирк деб аташади. Юқоридан қараганда цирк аренасини эслатгани учун бўлса керак. Бу ерда ҳали қор эримаган, баъзи жойларда қалинлиги 3 метргача етади.
Шеригим шу ердан қайтадиган бўлди. Бир ўзим қолиб кетдим. Пойабзалга қор ва музда оёқни тутиб турадиган мушуктирноқни тақиб йўлга тушдим. Манзилгача бир километр масофа қолди. Мендаги трекка кўра, қорли йўлакдан пастга – циркка тушиб, сўнг асосий чўққига яна 200 метр юқорилаш керак. Ёмғир ва дўлдан кейин қор анча юмшаган ва сирпанчиқ бўлиб қолибди. 100 метрлар қорда юргандан кейин юқоридан тоғнинг қирраси билан кетишга қарор қилдим.
Юқорида расмга олай деб, чўнтагимга қўл солгандим, телефоним йўқ. Охирги марта пастда қор устида суратга олгандим. Йўлда қаердадир тушиб қолган. Ишқилиб, қорда юмалаб, цирк томон тушиб кетмаган бўлсин-да. Ичида кўп маълумотларим бор. Асосийси, маршрут треки шунда. Кўнгилга хавотир оралади. Телефондаги трек бўлмаса йўлда адашиб қолиш мумкин. Қоронғига қолиб кетсам, йўл топиш қийинлашади. Телефон топилса яхши, топилмаса қоронғи тушганча пастга тушиб олиш керак.
Асосий чўққигача ҳали 700 метр бор. Орада бироз хавфли жойлардан ўтиш керак. Маршрутдан эса ташқарига чиқиб кетдим. Ҳув анаги қор уюмидан ва аррадек қиррали жойдан эсон-омон ўтиб олиш керак. Ҳеч бўлмаса иккинчи чўққига чиқишга қарор қилдим. Буни ёлғон чўққи ҳам дейишади. Сабаби узоқдан қараганда бу чўққи баланддек кўринади. Аслида асосий чўққидан 60 метр пастроқ. Денгиз сатҳидан 3800 метр баландликда сафарни тўхтатишга қарор қилдим.
Истиржони айтиб, келган йўлимдан телефонимни қидиришни бошладим. Йўқолса ёмон-да, ичида қанча сурат, маълумотларим бор эди, уларни қайта тиклаш ўзи муаммо. Майли, тақдирга ёзилганига розиман, эсон-омон чўққидан тушиб олсам бўлди. Шундай хаёллар билан тушаётиб, чўққидан 100 метр пастда телефонимни топдим. Қиррали тошлар орасидан ўтаётганимда чўнтакдан тушиб қолган экан. Юз тарафи билан катта тош устига тушибди. Мен экрани пачоқ бўпкетди деб ўёлагандим, чизилмабди ҳам.
Кўнгил хотиржам бўлди. Яна бир марта расмга олиб, пастроққа, рюкзагимни қолдирган жойга тушдим. Телефондаги трекка қараб, асосий чўққидан тушиб олдим. Тушишда мушуктирноқни ечмадим. Шағалли йўлакларда у билан юриш жуда қўл келди.
17 километрлик ушбу сафарда жами 2332 метр кўтарилдим (elevation gain).
* * *
03.07.2024. Йиқилган курашга тўймас, дейдилар. Лекин узоқ ва машаққатли муҳорабага бунчалик тез қайтаман деб ўйламагандим. Аллоҳ бераман деса, ҳамма йўллар очиқ. Ўтган шанба куни Чотқол тизмасининг энг баланд иккинчи нуқтаси Қорақушнинг фақатгина биринчи чўққисига чиққаним, ёлғиз қолиб кетганим ва бошқа сабабларга кўра, ҳақиқий чўққига 300 метр қолганида ортга қайтганим ҳақида ёзгандим. Ўша кунги қарорим қанчалик тўғри бўлганига бу сафар амин бўлдим. Бу мавсумда чўққини яхши билмасдан чиқиш катта хато экан.
Орадан 4 кун ўтиб, чоршанба куни асрдан кейин йўлга чиқдик. Бу сафар тоғ йўлини тунги салқинда босиб ўтишга келишдик. Тунги соат 22.00 да Эртош қишлоғидан, 1700 метр баландликдан тоғ сафарини бошладик. Ёз пайтида тунда юришнинг завқи ўзгача. Асосийси, яхши ёритадиган чироқ олволиш керак. Ҳаво салқин, тоза, бироз шабада бор. Айниқса, муздаккина сойдан кечиб ўтгандан кейин танага янада мусаффолик югурди.
04.07.2024. Соат 2.00 да масофанинг ярмидан кўпини босиб ўтдик. Кечаси ҳаво янада салқинлаша бошлади. Чўққига яқинлашганимиз сари шабада шамолга айланди. Соат 4.00 да 3500 метр баландликка кўтарилдик. Шарқ тарафдан тонг ёришиб бормоқда. Яссироқ тош устида бомдод намозини ўқиб олдим. Шу ерда нонушта қилдик. Чўққига чиқиш довони бўлгани учун бу ерда шамол жуда кучайди. Ҳаво ҳарорати ҳам 3-4°C даражага тушиб кетди. Шамол билан келгани сабаб тўрт қават кийим ичидан ҳам танани изиллатмоқда.
Атроф ёришиб, атрофдаги маҳобатли чўққилар мана мен деб кўкрак кера бошлади. Қуёш чиқиб келаётган бўлса ҳам пастдан юқорига эсаётган шамол ҳалиям совуқ ҳарорати билан биз томон эсарди. Соат 5.00 да чўққига олиб борувчи асосий тизмага чиқиб олдик. Аввалига туганмас тошлар, кейин қор устидан юқорига кўтарилдик. Қор музлаган, демак бу ерда кечаси ҳарорат 0°C атрофида бўлган. Лекин қор 4 кун аввалгига нисбатан анча камайибди.
Тоғ қирраси бўйлаб юқорига кўтарилишга қарор қилдик. Аввалига 3812 метр баландликда жойлашган Қорақуш-2 (ёлғон чўққи) чўққисига кўтарилдик. Ўтган сафар шошилишда чўққининг орқа тарафига ўтмаган эканман. Бу ердан пастда яна бир цирк бўлиб, бир нечта музлаган кўллар бор экан. Кунга терскай бўлгани учун қорлар эримаган, шу тарафдан юқорига муздек шамол эсмоқда. Асосий Қорақуш чўққисининг устида эса унинг эгалари – қоп қора қарғалар учмоқда.
Шу ердан тоғнинг ўтиш қийин участкаси бошланди. Аввалига тоғнинг жуда тор, иккала тарафи жар бўлган қисмидан ўтдик. Кейин маҳаллий сайёҳлар “арра” деб атайдиган участка бошланди. Бу узоқдан қараганда аррани эслатиб, ингичка қиррали баланд тошлар йиғиндисидир. Бу ердан ўтиш учун тоққа тирмашиб чиқиш малакаси керак бўлади. “Арра”дан эсон-омон ўтиб олгандан кейин “карниз”дан юришга тўғри келди. Тоғда “карниз” деб тоғ қиррасига кўпроқ йиғилиб қолган қор-муз уюмига айтилади. Бу қисм жуда хавфли бўлиб, унинг ости одатда 60-70 даража нишабликда бўлади. Кун исиётган пайт бу жойдан қор кўчиш хавфи юқори бўлади.
Олдимизда яна бир тошлоқ тепалик, ундан кейин эса чўққининг тепасига чиқилади. Соат 6.30 шерикларим (Асек Жумакеев, Юлия Боброва, Иван Кулик) билан ҳақиқий чўққининг устига чиқдик. Денгиз сатҳидан 3864 метр баландликдаги гўзалликни таърифлашга сўз ожиз. Атрофдан Чотқол ва Қурама тизмаларининг барча чўққилари кўриниб турибди. Қорақуш чўққисининг орқасида яна иккита цирк бор экан. Қор билан қопланган гўзал водий ичида музлаган шаршаралару кўлларга қараб кўзингиз тўймайди. Чиққунча танада йиғилган барча чарчоқлар бир зумда тарқаб кетади.
Қайтишда “арра”дан ўтмасликка, паст билан – цирк орқали айланиб, асосий сўқмоққа тушиб олишга қарор қилдик. Соат 11.30 да машинамиз тўхтаган жойга тушиб келдик. Телефондаги сафар ёзгич дастур 18 км юрилгани, жами 2500 метр кўтарилганини кўрсатди. Пастдан юқорига – чўққимиз ҳали кўринмайдиган баланд тоққа қарарканман, шундай жойга шикастсиз чиқариб-туширган, Ўзининг буюк мўъжизаларини қалб билан, кўз билан кўриб ҳис қилишга мушарраф қилган оламлар Парвардигорига ҳамд айтдим.
Тошкент – Ангрен – Эртош – Қорақуш
2024 йил 3-4 июль
Расмлар: