Ziyouz.com портали асосчиси Давронбек Тожиалиев билан суҳбат
– Давронбек ака, ўзингиздан қолар гап йўқ, матбуот ҳар бир миллатнинг кўзгуси, халқ овозининг минбари ҳисобланади. Бугунги замон журналисти сифатида соҳа олдида турган энг долзарб вазифа нимада деб ҳисоблайсиз?
– Газета-журнал, радио-телевидение кўп вақтлар инсонлар учун ҳақиқат минбари вазифасини бажаргани маълум. Бугунга келиб, ижтимоий тармоқларнинг жадал ривожланиши билан минбарлар ҳам кўпайиб кетди. Ҳозир, таъбир жоиз бўлса, ҳамманинг ўз минбари бор. Оммага ёқадиган недир аломат қилиқ кўрсатилса бас, аудитория ҳам, эргашувчилар ҳам топилади. Афсуски, миллий журналистикамиз интернет майдонини бой бермоқда. Негадир анъанавий журналистикамизда муҳофазакорлик кучли. Айрим ҳамкасбларимиз ижтимоий тармоқлар ва интернетга қарши уруш очган гўё. Анъанавий журналистика бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўймай, технология имкониятларидан оқилона фойдаланиш йўлларини қидиргани маъқул. Акс ҳолда, чапдасту учар замондошларимизнинг ҳар муқомга йўрғалашига чидамоқдан бошқа чорамиз қолмайди. Сирасини айтганда, “тўртинчи ҳокимият” вакиллари яна сафнинг аввалига ўтиб, жамиятни қийнаётган масалаларни дадил кўтариб чиқиши, “тренд”ларни хайрли ўзанга йўналтира олиши лозим. Соҳа олдидаги тақдируламал вазифа ўзгармаган: халққа ҳақ сўзни айтиш ҳамиша долзарб бўлиб қолаверади.
– Ziyouz.com портали ташкил этилганига бу йил 20 йил тўлибди. Шу кунгача интернет оламида бир қанча адабий-маърифий сайтлар очилди, лекин яшаб қолганлари бармоқ билан санарли. Албатта, бундай катта ахборот манбаини сақлаб туриш ҳам яхшигина харажат талаб қилади. Билишимча, сайтдан умуман даромад кўрмайсиз. Ziyouz.com порталининг барқарорлиги сабаби нимада? 20 йил давомида халққа беминнат хизмат қилишда сизга нима куч, далда, замонавий тилда айтсак, мотивация берган?
– Ziyouz.com портали 2004 йил 9 апрель куни дунё юзини кўрган. Ўшанда сайтда 20 тагина мақола бор эди. Веб-саҳифа html дастурий тилида ёзилган бўлиб, интернет тезлиги сустлиги сабаб (31 кбит/с) уни жойлашга бир соатча вақт кетган эди. Ярим йил ичида сайтдаги мақолалар сони 300 тага етган. У пайтларда киройи компьютерим ҳам йўқ эди. Таҳририятдаги компьютерда материалларни тайёрлаб, дискетага (атиги 1,44 Мб маълумот сиғарди) кўчириб, интернет кафега борар ва ўша ерда бутунжаҳон тўрига жойлар эдим. Интернет нархи ҳам жуда қиммат: соати 2000 сўм эди. Ўзим эса 4000 сўм стипендия олардим.
Аввал-бошда бу ишимга яқинларим, айрим устозлар ҳам қарши бўлди. Уларга интернетнинг афзалликлари ва имкониятларини тушунтиришга ҳаракат қилдим. “Умид билан суқилган таёқ бир кун берар меваю япроқ” деганлари тўғри экан, бир-икки йилда сайт анча кўзга кўриниб қолди, илк ҳосил бера бошлади. Портал, айниқса, чет элдаги миллатдошларимиз учун айни муддао бўлган эди. Шунингдек, ўзбек тилини тадқиқ этаётган олимлар ҳам сайтга тез-тез мурожаат қиладиган бўлди. Бу орада хориж давлатлари адабий нашрлари билан алоқаларни йўлга қўйдим.
Агар инсон бир ишни сидқидилдан, севиб қилса, ўша юмуш унинг ҳаёти мазмунига айланади. Мен учун ҳам Ziyouz.com аллақачон ҳаётимнинг ажралмас қисми бўлиб қолган. Портал материалларидан фойдаланиб номзодлик, докторлик диссертациялари ёқланаётгани, хорижда ўзбек адабиёти тадқиқ ва таржима қилинаётгани ҳақидаги хабарлар доим хурсанд қилади.
Яқинда Англияда докторлик ишини ёқлаётган бир ватандошимиз билан суҳбатлашдим. “Сизга катта раҳмат. Четда юриб, сайтингиздаги электрон китоблардан 500 дан зиёдини ўқидим”, деди. Шукрки, бунақа эътирофларни тез-тез эшитиб тураман. Мотивация дегани шу бўлса керак. Ziyouz.com халқимизнинг зиёли бўлмоғига озгина бўлса-да ҳиссам қўшаётганидан бахтлиман.
– 14000 та электрон китоб, 30000 га яқин мақола, тўпламлар... Айтишга осон, лекин рўёбга чиқариш жуда мушкул бўлган маърифий жамланма учун сизга мен ҳам ташаккур айтаман. Айтинг-чи, шунча китобу материалларни бир ўзингиз тайёрлаганмисиз? Бу жараён қандай кечган?
– Бир неча ўн материалдан иборат мўъжаз сайтни росмана порталга айлантириш осон кечмаган, албатта. Мен иш бошлаган даврда интернетда ўзбек тилидаги материаллар жуда кам эди. Шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида даставвал кўпроқ матнли материалларни жамлашга ҳаракат қилдим. Оз сондаги тайёр файлларни газета, журнал ва нашриёт таҳририятларидан олардим. Аста-секин муаллифларнинг ўзлари ҳам тайёр матнларни тақдим эта бошлади. Лекин асосий бисотни ўзим электронлаштириб, жойлашимга тўғри келди.
Интернет аҳлига, аввало, энг зарурий адабий асарларни тақдим этиш керак деб ўйлаганман. Уларни электрон форматга келтириш катта вақт ва ресурс талаб қиларди. Китобларни топиб, уни саҳифама-саҳифа сканердан ўтказиш; файлларни йиғиб, яхлит PDF форматга ўтказиш; PDF файлдан матн форматга ўгириш; матнни қайта ўқиб, хатоларини тузатиб чиқиш; сканер қилингандаги доғларни тозалаш ва текислаш; муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун шифрлаш; сайтга жойлаш учун охирги версияни ҳозирлаш; ниҳоят, файлни серверга жойлаш ва электрон кутубхонада эълон қилиш… Жараён анча узун ва машаққатли бўлса-да, менга олам-олам завқ берарди. Қолаверса, бу мен учун бир дорилфунун каби эди: ҳар бир матнни тайёрлаш жараёнида уни синчковлик билан ўқиб, билимимни оширар, дунёқарашимни кенгайтирар эдим.
“Ёшлик” журналининг электрон архивини жамлашимга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлгансиз. Таҳририятда мавжуд архив жилдларини электронлаштиришга уч ойдан кўпроқ вақт кетган эди. Таҳририят берган йиллар бўйича жамланмани уйга олиб бориб, муқовани бузиб, ичидан журналларни олар ва сканердан ўтказар эдим. Йиллик архив тугагандан сўнг журналларни жамлаб, тикиб, яна қайта муқовалаб, таҳририятга қайтарардим. Марҳум бош муҳаррир Собир Ўнар топилмаган сонларни азза-базза уйидан олиб келгани ёдимда. Мен бисот кемтик бўлиб қолмасин дея таҳририят архивида сақланиб қолмаган сонларни қисталанг қиламан, раҳматли Собир ака қидира-қидира безор бўлдими, ахийри уйидаги китоб жавонларини ҳам ихтиёримга бериб қўйган эди.
Бундай муносабат-музокаралар бошқа адабий журнал ва нашрлар билан ҳам бўлган. Таҳририятлар, машҳур олим, шоиру ёзувчиларнинг шахсий кутубхоналари аро кезиш, уларнинг маънавий бисотига ошно бўлиш ва энг нодир китобларни ўқирманларга тақдим этиш менга илҳом ва куч берарди. Кутубхонадаги қоғоз ҳидидан кўнглим ёришиб, чарчоқларим чиқиб кетарди. Бироз чанг тортган китобларни қўлга олиш, аср ошган битикларни ўқиш қанчалик мароқли эканини ашаддий китобхонлар яхши билади.
– Ziyouz.com порталида ўзбек матбуотида чоп этилган мақолалар архивини ҳам жойлагансиз. Бу аввал ҳам қилинмаган, ҳозир ҳам муқобили йўқ электрон манбадир. Ўзингизга қайси давр матбуоти ёқади?
– Ўзбекистон матбуоти оталари – жадидларнинг мақолаларини ўқиб, улар қанчалар ҳурриятсевар, ҳақсўз кишилар бўлганидан фахр туйганман. Аммо юз йил олдин қаламга олинган муаммолар ҳали-ҳамон миллат тараққиётига тушов бўлаётганини кўриб куюнганман.
Мустақилликдан олдинги “қайта қуриш” ва “ошкоралик” даври ўзбек матбуотининг чўққиси, назаримда. Ўзбекистонда фикрий ошкоралик 1987–1990-йилларда нашъу намо топди. Зиёлилар катта-кичик минбарларда халқ дарди ва мамлакат муаммоларини очиқ гапира бошлади. Эркин фикр учун асосий минбар эса, шубҳасиз, матбуот эди. “Қайта қуриш” даврида барча газета-журналлар, айниқса, адабий нашрларнинг ўқувчилари сони бир неча баробар ошди. Бугунги технология замонида у даврдаги нашрлар адади чўпчакдек туюлади. Ўша йилларда чоп этилган айрим газет-журналларнинг тиражини кўринг:
“Ёш куч” журнали, 1990 йил, 1-сон – 550162;
“Ёш ленинчи” газетаси, 1990 йил, 2-сон – 509195;
“Фан ва турмуш” журнали, 1990 йил, 1-сон – 481071;
“Ёшлик” журнали, 1990 йил, 1-сон – 315162;
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 12-сон – 205807.
1990 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси адади бир миллиондан ошади. 1989 йилда газетага обуна бўлганлар сони 636 899 кишини ташкил этган. Бу 1988 йилга қараганда 200 мингга, 1987 йилга нисбатан эса қарийб 300 минг кўпдир. Бундан ташқари, яна неча юз минглаб газета матбуот дўконларида сотилган. Менимча, Ўзбекистон тарихида бу рекорд ҳали такрорланмади. Халқ дардига тилмоч бўлган нашрлар у пайтларда қўлма-қўл ўқилган, талаш бўлган.
Ўша кезлар республикамизда матбуот нашрлари сони кескин ўсгани сабаб қоғоз етказиб бериш муаммога айланган. Кўплаб вазирлик ва идораларнинг ички ахборот нашрларини чоп этиш вақтинча тўхтатилган. Ҳатто обуна бўлишни чеклаш ҳақида чақириқлар янграган.
“Қайта қуриш” даврининг асосий қаҳрамонлари асосан шоир-ёзувчилар эди. Ҳар даврдаги каби, “ошкоралик йиллари”да ҳам ўз фикрини рўй-рост, ҳаққоний ва холис баён этган публицистлар билан бирга “ура-ура” (ҳозирги тил билан айтганда – тренд) мавзуларда “от сурган” ҳайбаракаллачилар ҳам бўлган, албатта…
– Ziyouz.com бугун мамлакатимиздаги энг катта электрон кутубхоналар сирасига киради. Буни замонавий техника жамияти учун улкан кашфиёт дейиш мумкин. Яна шундай виртуал лойиҳаларни амалга ошириш ниятингиз борми?
– Ziyouz.com даражасидаги бошқа катта лойиҳа қилиш режам йўқ. Бунга куч, журъат, шижоат қайда денг! Лекин янгиликлар қилиш ниятим бор. Порталнинг дизайни, шаклу шамойили анча эскирди. Уни “яшартириш”, замонавийлаштириш, қулайлаштириш ва янги технологияларга мослаш йўлларини ўйлаяпман. Шунингдек, китобхонликка оид “Ёшлар нима ўқияпти?”, “Зиёлилар нима ўқияпти?” деб номланган сўровномалар ва тадқиқотларни давом эттириш ниятидаман.
– Сиз саёҳатни хуш кўрасиз. Тоғлар, юртимизнинг чиройли масканлари, табиатнинг улуғвор манзаралари ҳаммага ҳам ёқса керак, албатта. Шу ўринда бир савол: инсон ва табиатни нима боғлаб туради? Нима учун инсон табиатга бу қадар интилади?
– Инсон ва табиатни тупроқ боғлаб туради. Одамзод ўзи яралган тупроққа қанчалар яқинлашса, шунчалар руҳи ором олади. Аҳмад Яссавий айтганидек,
Бошим туфроқ, ўзим туфроқ, жисмим туфроқ,
Ҳақ васлига етарман деб руҳим муштоқ.
Табиат, тоғу тошлар билан жисму жонимиз бир. Техника-технологиялар бизни одамийликдан шу қадар йироқлаштирдики, бугун инсон ўзи барпо қилган цивилизациядан қанчалар узоқлашса, ўзлигига яқинлашади. Энг чиройли масканлар – одам қадами камроқ етган жойлардир. Чўққига чиқмагунча пастдаги гўзалликни кўриб, тоғларнинг салобатини теран ҳис қилиб бўлмайди. Қолаверса, неъматлар қадри сермашаққат сафарларда билинади. Табиат оҳанрабо каби ўзига тортаверади. Бирини кўрдим десангиз, кейин ундан-да чиройлиси, сирлиси чиқаверади. Хайриятки, руҳга таскин берадиган манзиллар бисёр.
– “Муваффақият” деб аталмиш тушунча борки, уни ҳамма ҳар хил талқин қилади. Кимдир унга етишиш йўлини меҳнатда деб билса, яна кимдир омад билан боғлайди. Сизнингча, мувафаққиятга эришишнинг асл сири нимада? Журналистика соҳасида муваффақиятга эришишни дилига тугган ёшларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
– Муваффақият – нисбий тушунча. Уни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Кимгадир муваффақият бўлиб кўринган жиҳат бошқалар учун сариқ чақага ҳам арзимаслиги мумкин. Дунёқараш, дид, ҳаётий тутумлар турфа бўлгач, муваффақият мезони ҳам ҳар хил бўлиши табиий-да.
Менимча, ҳар қандай муваффақиятнинг ортида меҳнат туради. Меҳнатсиз омад нолга тенг. Сизга кутилмаган бўлиб кўринган омад замирида ҳам меҳнат ётади. Муваффақиятга эришишнинг сир-асрори йўқ. Аввало хайрли ният қилинг, сўнг пухта режа тузиб, ҳаракатни бошланг, бировларнинг гап-сўзи, дийдиёларига парво қилманг, мақсад сари шаҳдам қадам ташланг, такомил йўлида оғир меҳнатдан қочманг – қарабсизки, омад ҳам, муваффақият ҳам ўз оёғи билан келади.
“Yoshlik” журнали, 2024 йил 2-сон