Замонавий тарихшунослик, публицистика ва адабиётимизда темурийлар ва бобурийлар мавзуси кенг ёритилган. Лекин ўзбек миллати ва давлатчилигининг шаклланишида жуда катта ҳисса қўшган шайбонийлар масаласи негадир анча кемтикдир. “Nasim Kutub” нашриёти томонидан ўзбек тилига таржима қилинган, турк олими Абдулқодир Мажиднинг “Шайбонийлар давлати” китоби ана шу бўшлиқни тўлдиради, деган умиддаман. Ушбу китобни ўзини ўзбек деб атайдиган барча ўқиб чиқиши зарур, бунда ўқувчи ўз тарихи, келиб чиқиши, бугунги жамиятимиздаги муаммоларнинг туб илдизи ҳақида тасаввурга эга бўлиши шубҳасиз.
“Шайбонийлар давлати” китоби XVI асрнинг дастлабки йилларида Мовароуннаҳр, Туркистон ва Хуросон ҳудудларида кучли давлат қура олган, Дашти Қипчоқдан келган кўчманчи ўзбеклар томонидан асос солинган Шайбонийлар сулоласи ҳақида бўлиб, унинг бир асрлик (1500-1599) тарихини баён қилади. Бу даврда Эрон ҳудудида ташкил топган Сафавийлар давлати, шунингдек, Ҳиндистонда ташкил топган Бобурийлар давлати билан тинимсиз кураш олиб борган шайбонийлар минтақада қандай яшаб қолди? Уларнинг ўзбек давлатчилиги тарихидаги аҳамияти қандай? Мовароуннаҳр ва Хуросондаги мусулмон жамоалар (темурийлар, шайбонийлар, бобурийлар, сафавий шиалари, қозоқ хонлари) нима учун урушишди? Бобур ва Шайбонийхонинг орасидаги зиддиятнинг сабаблари нимада? Темурийлар давридаги иқтисодий, илмий маърифий ренессанс нега шайбонийлар даврида деградацияга учради? Бугунги Ўзбекистоннинг шаклланишида шайбонийларнинг ўрни қандай? Шу каби саволларга китобда батафсил жавоб топиш мумкин.
Китобнинг биринчи бобида шайбонийлар даври билан қиёслаш учун XVI асргача бўлган Мовароуннаҳрнинг қисқача тарихи, географик тузилиши, сиёсий, ҳарбий, маъмурий ва иқтисодий ҳолати тадқиқ этилган. Иккинчи бобда “Ўзбек тушунчаси ва улуси” умумий сарлавҳаси остида, аввало, ўзбек(лар) тушунчаси атрофида ҳозиргача баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган тортишувларга изоҳ берилган, шунингдек, шайбонийлар мансуб бўлган ўзбек миллатининг шаклланиши ва бу жараёнда муҳим ўрин тутган қабилалар ҳақида маълумот тақдим этилган. Учинчи боб Шайбонийлар давлатининг сиёсий тарихига бағишланган. Тўртинчи бобда Шайбонийлар давлатининг ҳарбий салоҳияти тадқиқ қилинган. Шайбонийлар давлатининг қўшини, унинг салоҳияти, қўшиндаги аскарлар сони, ҳарбий жиҳоз ва қурол-яроғлар, жангда қўлланилган стратегия ва жанг қилиш услублари атрофлича ўрганилган. “Маъмурий бошқарув” деб номланган бешинчи бобда дастлаб шайбонийларнинг маъмурий бошқаруви ва унинг асосий тамойиллари, ташкилий тузилмаси ҳақида сўз юритилган. Олтинчи бобда Шайбонийлар давлатининг иқтисодий аҳволи, еттинчи бобда диний ҳаёти, саккизинчи бобда илмий ва маданий ҳаёти, сўнгги тўққизинчи бобда ижтимоий ҳаёти тадқиқ қилинган.
Муаллиф мавзуни атрофлича ўрганганини тадқиқотда фойдаланилган адабиётлардан ҳам (1000 га яқин манба) билиб олса бўлади. Аввало шайбонийлар даври ҳақида ёзилган XVI асрга тегишли маҳаллий манбалар тадқиқ этилган, шунингдек, сафавийлар томонидан битилган форсий йилномалардан, бобурийлар тарихи ҳақидаги манбалардан ҳам фойдаланган. Китобда эски тарихий адабиётлар билан бир қаторда замонавий (рус, инглиз, немис, француз, араб тилларида) ва маҳаллий (турк) тадқиқотлари ҳам манба сифатида келтирилган. Ҳар бир келтирилган факт, фикр учун ҳавола берилган. Мен Абдулқодир Мажиднинг илмий омонатдорлигига тан бердим. Муаллиф ҳатто бакалаврлик диссертациясидан олинган маълумотларни ҳам манбалар қаторига киритган ва ҳавола берган. Китоб остидаги ҳавола-изоҳларни ўқиш ҳам жуда мароқли, кўп билимларга эга бўлдим.
Китобда Бобурнинг шиа мазҳабига мансуб Шоҳ Исмоил Сафавийнинг итоати остига кириши, унинг номидан танга зарб эттириб, хутба ўқитиши асосий қисми сунний мазҳабда бўлган Мовароуннаҳр халқи томонидан яхши қабул қилинмагани, XVI асрнинг иккинчи ярмида давлат мавомига эга бўлган Россиянинг сафавийларга қурол яроғ билан ёрдам кўрсатиб, шайбонийларнинг заифлашишига ҳаракат қилиши каби қизиқарли фактлар ҳам келтирилган.
“Шайбонийлар давлати” илмий китоб бўлса-да, жуда тушунарли тилда баён қилинган. Ундан нафақат тарихчи олимлар, балки, адабиёт, дин, маданият, санъат, ҳарб, сиёсат мавзуларида тадқиқот олиб бораётганлар ҳам муҳим манба сифатида фойдаланиши мумкин. Ушбу фундаментал, энциклопедик китобни халқимиз орасида кўпроқ ўқилишини умид қиламан.