Бодоқ кўли ва Бодоқсой шаршараси

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Бодоқсой дарёси ҳавзасида бир қанча гўзал кўллар ва шаршаралар мавжуд. Кеч баҳор ва ёзнинг бошларида Бодоқсой дараси жуда яшнайди. Охирги йилларда бу жойларга келувчи сайёҳлар оқими анчагина кўпайди. Бу ерга келиш учун пиёда, йўл танламас автомобиль ва вертолёт маршрутлари мавжуд. Энг яхшиси – пиёда келиш. Энг бақувват автомобиль ҳам юқоридаги кўлгача боролмайди (2 км қолганда тўхтайди). Вертолёт саёҳати эса жуда қиммат.

Бодоқсой кўлларига келиш учун Чорвоқ сув омборининг юқори қисмидан Сижжак, Қорабулоқ, Полвонак, Тепар, Такаёнғоқ қишлоқларидан ўтилади. Урунғочга етмасдан ўнгга, Пском дарёси тарафга кирилади. Машинани шу ердаги ёнғоқ дарахтлари остидаги соя жойга қўйиш мумкин. Аввалига Пском дарёси устидаги кўприкдан ўтилади ва юқорига кўтарилиш бошланади. Сўқмоқ йўли бўйлаб кетаверсангиз, аввал мевали боғлардан, кейин кенг даладан ўтасиз. Баҳор пайтлари далада ўсадиган ўтлар одам бўйига етади ва кўм кўк бўлади. Улар орасидан юриш ҳам одамга бошқача завқ беради. Ҳозирда даладаги ўтлар бироз сарғайибди, лекин оппоққина карнайгуллар бор бўйи билан очилиб, ажиб манзара ҳосил қилган.

Дала тугаши билан пастга энилса, Бодоқсой дарасига тушилади. Сой бўйи билан юқорига кўтариламиз. Сувнинг шабадаси, атрофдаги кўм кўк дарахтларнинг сояси остида юриш жуда осон кечади. Бироз юқориланса, сой устидан ўтган темир кўприк келади. Кўприк сойнинг каскадланган жойига қурилган, у ердан сойни кузатсангиз, худди шаршарани кўргандек бўласиз. Бу кўприк билан Бодоқсойнинг ўнг қирғоғига ўтиб, юқоридаги чўққиларга кўтарилиш мумкин. Ўтган йили шу йўл билан Манкент чўққисига чиққан эдим.

Кўприкдан ўтмай, тошлоқ сўқмоқдан йўлни давом эттирамиз. 500 метрдан сўнг йўлдаги илк кўл – Чўпонкўл кўринади. Кўлнинг майдони тахминан 400 кв метр, чуқурлиги 5 7 метр. Суви жуда шаффоф, ости кўриниб туради. Шу ерда чўмилиб олишга қарор қилдик. Кўлнинг суви совуққина, кўпроқ қолиб кетсангиз, баданингизни «чақиб олади», 3 дақиқадан ортиқ туриш имконсиз. Кўлдан юқорига озгина юрилса, асосий сўқмоқ тугаб, сойдан кечиб ўтишга тўғри келади. Сойнинг нариги томонидаги салқин дарахтзорда енгил тамадди қилиб олдик.

Яна бир километр юрилса, Кичиккўл келади. Бу кўл майдони тахминан 250 кв метр, чуқурлиги 1-2 метр. Атрофдаги чўққилар фонида кўл жуда чиройли кўринади. Сув шу ерда озроқ тўпланиб, тоғ ости туннеллари орқали сизиб, пастроқдан яна сой бўлиб оқади. Шу ергача йўл унчалик тик эмас, оғир юк билан бўлмаса, бемалол келиш мумкин. 500 метрлар юрилгандан сўнг жиддий кўтарилиш бошланади. Чап томондаги қоялардан биридан ингичка бўлиб икки шохли шаршара оқмоқда.

Катта Бодоқ кўлигача охирги кўтарилиш бироз қийнади. Айниқса, 20 25 килолик юкларни елкада кўтариб, ҳам юқорилаш бироз машаққат талаб қилади. Ниҳоят, денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда Бодоқ кўли кўринди. Қачонлардир бўлган тектоник ўзгаришлар туфайли сой йўли тоғ жинслари билан тўсилиб, шу кўл вужудга келган. Кўлнинг узунлиги 1,5 километр, кенлиги 300 500 метрни ташкил этади. Чуқурлиги 23 метргача боради.

Кемпинг қилиш учун кўлнинг бошланиш қисмига бориш керак. Юқори қисмида текис ва салқин жойлар йўқ ҳисоби. Яна 1,5 километр юриб, Бодоқсой дельтасида чодир тикиш учун жой қидирдим. Узоқдан иккита чодир кўринди. Демак, ёлғиз эмас эканмиз. Узоқдаги дарахт таги салқин, ўтин мўл, кўлга ҳам, сойга ҳам яқин – айни кемпинг қиладиган жой. Шу ерга бориб, дарахт тагига юкларни қўйиб, озгина дам олдим. Шу ергача 11 км масофа босибмиз. Йўлда жуда кўп тўхтаб, дам олиш ва чўмилишлар билан 6 соатда етиб келибмиз.

Шериклар ҳам жуда чарчашибди. Сой сувидан олиб келиб, чой қўйдим. Тоғдан кийикўт териб тушдим, кўк чой билан қўшиб дамладим. Тоғ асалдан чойга қўшиб ичгандик, барча чарчоқлар йўқ бўлиб кетди. Бодоқ кўли манзарасида чодирни ўрнатдик. Кўлнинг туси ҳар доим ҳам бир хил турмас экан. Эрта тонгда яшил, тушга яқин кўк, шом арафасида кумуш рангда товланаркан. Дарвоқе, «Бодоқ» (бадоқ, байдоқ) сўзи эски туркийчада кенг, катта деган маъноларни англатади.

Ўт ёқиб, овқат пиширдик. Гулхан атрофида гурунглашдик. Кечаси унчалик совуқ бўлмади. 10-15 даража илиқ бўлди. Кечаси осмондаги юлдузларни кузатиш ажойиб завқ берди. Бомдоддан кейин шу қадар маза қилиб ухлабмизки, қуёш нурлари чодирни қизитмаганда яна давом этарканмиз.

Нонуштани қилиб, Бодоқсой бўйлаб, яна юқорига кўтарилдик. Даранинг бу қисми ҳам жуда гўзал, сердарахт экан. Икки тарафини баланд қоялар ўраб турган дарадан юриб, Бодоқсойнинг ўнг ирмоғи тарафга ўтдик. Кемпинг қилган жойимиздан 2 километр масофадаги Бодоқсой шаршарасигача 300 метр юқорига кўтарилдик. Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликдаги Шаршарани таърифлашга сўз ожиз. Икки тарафи муаззам тош-қасрлар билан ўралиб, атрофи гул-гиламлар билан тўшалган бокира табиат бағрида худди оппоқ кийинган келинчакдек.

Гўзал шаршаранинг чиройидан завқ олиб, орқага қайтдик. Кўл бўйига бориб, нарсаларимизни йиғиштирдик. Тушиш анча енгил ва тез кечди.

Тошкент – Чорвоқ – Такаёнғоқ – Бодоқ
2024 йил 13-14 июль

Расмлар:














Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *