XXI АСР ЁЗМА ОҒЗАКИ ТИЛИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР. “JANNATMAKON” 2009/08

XXI АСР ЁЗМА ОҒЗАКИ ТИЛИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ
www.ziyouz.com портали асосчиси ва бош муҳаррири

Интернет мақолалари эркинроқ ёзилиши табиий.
Бироқ адабий тил меъёрларини бузиб, шева ва жаргонлардан фойдаланиш кишини ранжитади. Баъзи Интернет саҳифаларидаги суҳбатлар ҳеч қандай таҳрирсиз ҳавола этиляпти, натижада, тушунарсиз, тўмтоқ услуб юзага келяпти. Бу, аввало, тилимизнинг бузилишига олиб келса, иккинчи томондан, ўқувчида интервью берувчи шахс ҳақида ёмон таассурот уйғотади. Барчаси сайт муҳаррирларининг ишига бўлган муносабатидан далолатдир.

www.ziyouz.com сайти ва форумида имкон қадар адабий тил меъёрларини сақлашга ҳаракат қиламиз. Сичқончанинг ўнг тугмаси ёрдамида саҳифаларимиздаги хато ҳақида сайт маъмуриятига хабар жўнатиш хизматини йўлга қўймоқчимиз. Форумимизда эса адабий тил қоидаларини қўпол равишда бузган юзерлар аввал огоҳлантирилади, бу ҳолат яна такрорланса, унга маълум муддат форумда қатнашмаслик жазоси берилади. Шунингдек, администратор, модераторлар томонидан хатолар имкон қадар тўғриланади.

Интернет тили учун энг катта муаммолардан бири имло қоидаларига риоя қилинмаслигидир. Кирилл алифбосидаги ў, қ, ғ, ҳ ҳарфлари билан боғлиқ техник муаммо аллақачон бартараф этилган бўлса-да, ҳамон бу ҳарфларга эътиборсиз мақолаларни учратамиз. Лотин алифбосидаги матнларда эса тутуқ белгиси ва апостроф билан боғлиқ чалкашликлар кўп учрайди.

Интернетдаги ютуқлар ҳақида гапирсак, янгилик тарқатувчи сайтлардан бири тилимиздаги интернационал сўзларнинг, назаримда, муқобилларини топишга муваффақ бўлган. Масалан, жамлоқ – лагерь, маҳкама – суд, бўлга – сектор, бўлгинчи – сепаратист, учоқ -самолёт, гуржи – грузин, можар – венгер ва ҳоказо.

Қисқа хабарлар хизматидан кўп фойдаланаман.
Одатда, инсоннинг юзига айтиш қийин бўлган мулоҳазаларни, табрик ва дил сўзларини, факт ва рақамлар ҳақидаги сўровни SMS орқали ёзиб юбориш осонроқ. Масалан, онамни яхши кўришимни ҳар доим ҳам у кишининг ўзларига айтолмаганим ҳолда, қисқа хабарлар хизмати орқали бу туйғумни мудом ифода этиб тураман. Унча яқин бўлмаган танишларимга, доимо банд дўстларимга, аёл ҳамкасбларимга SMS ёзишни афзал кўраман.

Чеховнинг «Қисқалик – истеъдоднинг синглиси» принципига амал қилган ҳолда SMS ёзаман. Сўзлар миқдорини камайтириб, қисқа ифодалар топишга ҳаракат қиламан. Жузъий қисқартиришлардан фойдаланмайман (масалан, ч ҳарфи ўрнига 4, ш ҳарфи ўрнига 4 дан фойдаланиш, б-н, к-к каби), стенографик элементларни ҳам қўлламайман. SMSнинг қисқа, тушунарли ва таъсирли бўлиши мен учун муҳим.

Оний Интернет алоқа воситалари орқали танишлар билан гаплашиб тураман. Вақтни тежаш мақсадида қуйидаги қисқартмалардан фойдаланаман: AA (ассалому алайкум), VAA (ваалайкум ассалом), MHK (мен  ҳозир  келаман),   MQB (менга қўнғироқ бўляпти), ? (тушунмадим, бу билан нима демоқчисиз?), !10m (10 минутга бандман), МSB (майли, соғ бўлинг),  krk (керак),  hoz (мен ҳозир), tskr (ташаккур), xbr (ахборот, янгиликлар) ва ҳоказо. «Смайл»лар орқали баъзи ҳиссиётларни ифода этиш мумкин (хурсандлик, кулги, ним кулги, хафалик, йиғи…). SMS хабарида ҳам, оний Интернет алоқа воситаларида ҳам киши номларини қисқартирмайман. Исмларни қисқартириш бошқаларга ҳурматсизлик.

Чат ҳеч қачон жонли мулоқот ўрнини босолмайди. Унда суҳбатдошингизнинг на асл юзини кўрасиз, на мақсадини биласиз. Нотаниш кимсанинг ўзини ҳар томонлама ақлли, одобли кўрсатиши, ўзида йўқ хусусиятларни виртуал оламда намоён этиши жуда осон. Шу боис ҳам ёшларнинг чатларга қизиқиши кундан-кун ўсиб бормоқда. Одатда, чатларнинг 80-90 фоиз мавзуси танишувдан иборат. Қизиқувчан ўсмирлар учун эса бу – кўнгил очиш маскани. Чат мен учун бекорчилар мажлисидир. Кимдир ундан ҳам қандайдир маърифий фойда олса бўлади, дейиши мумкин. Лекин мен бундай хулосага келганларни учратмадим. Чат – оний мулоқот тизими. Жиддий мулоҳазалар, фойдали суҳбатлар учун форумлар қўл келади.

Оригинал SMSларни хуш кўраман. Уларни бировга жўнатиш ҳам, бировдан олиш ҳам бирдай мароқли. Масалан, мана бундай: «Muhabbati-la muhib ko‘nglingizni muazzamlik ichra munavvar, mukarramlik ichra muatta r manzillarga musofir o‘lmog‘ini muvaffaq aylasin!»

Назокат АЗИМ

“JANNATMAKON” журнали, 2009 йил, октябрь сони.

[singlepic id=69 w=500 h=500 float=center]
[singlepic id=68 w=500 h=500 float=center]

One thought on “XXI АСР ЁЗМА ОҒЗАКИ ТИЛИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР. “JANNATMAKON” 2009/08

  1. Ushbu intervyuni eng birinchilardan bo’lib ko’rgan insonlardan biri men bo’laman. Ux-xu, ux-xu (tomoq qiqirb qo’ydim)…

    Ajoyib chiqibdi, bundayin muvaffaqiyatlardan juda ham xursandman. Marg’ilonda o’quvdim, xuddi o’zim jurnalga chiqqanday bo’ldim (“Muzeyga boruvdim, butun dunyoni ko’rganday bo’ldim” degan iboradan ko’chirma)

    Ijodingizga baraka…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *